60-боб:
Тақдирни инкор қилувчилар борасида келган (ҳужжат)лар ҳақидаги боб
Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо): “Ибн Умарнинг жони Унинг Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар улардан бирортасини Уҳуд (тоғи)чалик тиллоси бўлса, сўнг уни Аллоҳ йўлида инфоқ қилса, то қадарга иймон келтирмагунича Аллоҳ ундан буни қабул қилмайди”, дея пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қавлларини далил сифатида ёдга олдилар: “Иймон – Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, элчиларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг ҳамда тақдирнинг яхши ва ёмонига иймон келтирмоғингдир”. Муслим ривояти. (Муслим (4/2197)).
Ушбу бобни шайх раҳимаҳуллоҳ тақдирга иймон келтириш Аллоҳнинг рубубиятига иймон келтириш экани ҳамда кимки тақдирни инкор этса, дарҳақиқат, рубубият тавҳидида ширк келтирган эканини баён қилишлик учун битдилар. Демак, тақдирга иймон келтириш рубубиятга иймон келтиришлик жумласидандир. Унга (қадарга) иймон келтирмайдиган кимса, батаҳқиқ, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг рубубиятига иймон келтирмайди. Чунки у, У Зотнинг тақдири ва илмини ҳамда ушбу борлиқда юз бераётган нарсалар Аллоҳнинг тақдири ва хоҳиши билан бўлишини инкор этди. Ҳамда Аллоҳ таолони билмаслик, ожизлик ва бундан бошқа нарсалар билан сифатлади.
Тақдир – Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча нарсаларни қамраб олиши, у вужудга келишидан олдин уни билиши сўнг уни Лавҳул Маҳфузда ёзиб қўйишидир. Ушбу борлиқда юз бераётган барча нарса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг азалий илми ҳамда Лавҳул Маҳфузда ёзган нарсалари остига дохилдир:
“На ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур”. (Ҳадид: 22).
“(Бирон кимсага) бирон мусибат етмас, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (етур). Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини (тўғри йўлга) ҳидоят қилур”. (Тағобун: 11). Ҳар бир нарса Аллоҳнинг қазо-и қадари, хоҳиши ва иродаси билан (бўлади). Бундан бирор бир нарса ташқарида қолмайди. Ҳамда у яна Лавҳул Маҳфузда ёзиб қўйилгандир.
Пайғамбар суннатида саҳиҳ (ҳадислар тўплами) ва бошқаларда ҳам (бу борадаги) ҳадислар мавжуд бўлиб, муаллиф (раҳимаҳуллоҳ) ушҳбу бобда улардан бир қанчасини келтирадилар.
Мусулмонлар бунга ижмо қилишган. Адашган фирқалардан иборат салаф манҳажидан оғган ва залолатга кетганлар мустасно. Улар Китоб, суннат ва уммат ижмоси далиллари олдида мағлубдир.
“Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)”. Ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо.
“Ибн Умарнинг жони Унинг Қўлида бўлган Зотга қасамки”. Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) ушбу ишнинг таъкидли ва аҳамиятли экани боис Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло номи билан онт ичдилар.
“Агар улардан бирортасини Уҳуд (тоғи)чалик тиллоси бўлса, сўнг уни Аллоҳ йўлида инфоқ қилса, то қадарга иймон келтирмагунича Аллоҳ ундан буни қабул қилмайди”. Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)нинг ушбу сўзни айтишларига сабаб, у киши (розияллоҳу анҳумо)нинг ҳаётлари сўнгида тақдирни инкор қилувчилар вужудга келган ва шу ҳақда сўралган кезлари шундай жавоб бердилар.
Тўғри йўлдаги халифалар замонидан кейин, Муовия ибн абу Суфён розияллоҳу анҳу халифаликлари замонидан кейин, Ибн Умар, Ибн Аббос ва улардан бошқа саҳобалар ҳаёти охирида Басрада тақдирни инкор этадиган Маъбад ал-Жуҳаний исмли нусха пайдо бўлди. Яҳё ибн Умар ва Ҳумайд ибн Абдурраҳмон ал-Ҳимярий (раҳимаҳумаллоҳ) Басрада ушбу сўз тарқалгач Ҳаж ёки Умра зиёратини қасд қилган ҳолда Ҳижоз сари отландилар ва:
“Саҳобалардан аввалги учратган кишимиздан сўраймиз”-дедилар. Аввалда ва ҳозирда мусулмонлар ана шундай (йўл тутадилар). Агар уларга бирор нарса тушунарсиз бўлса уламоларига мурожат қиладилар ва улардан сўрайдилар. Ишни мустақил (ҳал қилмайдилар) ёки ҳар бирлари ўз раъйига эга бўлмайди ёҳуд ҳар бири ўз сўзига эга жамоат ва ҳизбларга бўлиниб олмайдилар. Улар Басрадан Маккаи Мукаррама сафар ва узоқ масофа машаққатига қарамай бир масала мақсадида келдилар. Чунки иш улкан бўлиб, бу борада илм аҳлига мурожат қилиш вожиб бўлади. Аввалги учратган кишилари Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу таоло анҳумо бўлдилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ у иккиларини ушбу саҳобий, буюк олимга муваффақ қилди. У кишини, Масжид ал-Ҳаромга кириб кетаётганларида учратдилар. У кишининг елкаларидан тутиб:
“Эй Абу Абдурраҳмон! Биз (томонлар)да Басрада шундай-шундай деяётган кимса чиқди”-дедилар.
Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)нинг жавоблари эса Аллоҳга онт ичиш билан бўлди:
“Агар улардан бирортасини…”. Яъни, анави тақдирни инкор қилаётганларни.
“Уҳуд (тоғи)чалик тиллоси бўлса…”. Бу, энг кўп ва етук миқдордир.
“Сўнг уни Аллоҳ йўлида инфоқ қилса…”. Аллоҳнинг йўлидаги жиҳодга инфоқ қилишлик ажри энг улкан нафақалардандир. У, улкан сарф қилинадиган ўринга сарфланажак катта маблағ. Унинг соҳибига катта ажр умид қилинади. Бироқ анавилар тақдирни инкор этган ҳолда ушбу маблағни ана шу улкан сарф ўрнига инфоқ қилсалар, батаҳқиқ, Аллоҳ уни улардан қабул қилмайди. Чунки улар Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтирмадилар. Аллоҳ эса фақат мўминлардан қабул қилади:
“То қадарга иймон келтирмагунича Аллоҳ ундан буни қабул қилмайди”. Бу, уларнинг кофир эканига далолат қилади. Чунки улар қазо-и қадарга иймон келтирмадилар.
“Дея … далил сифатида ёдга олдилар”. Яъни, бу сўзни ўзларидан айтмадилар. Балки ушбу улкан сўзни айтганларида, унинг Аллоҳнинг Китоби ёки Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидаги далилини ҳам зикр қилдилар. Чунки унинг далили бўлмаса, батаҳқиқ, у у кишига мардуддир.
Шунинг учун Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) ушбу сўз ва жавобни ёдга олгач унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидаги далилини ҳам зикр қилдилар:
“Отам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу менга шундай ҳадис айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирган вақтимизда, тўсатдан кийимлари оппоқ, сочи қоп-қора, сафар асорати йўқ бўлган ва биздан бирор киши уни танимайдиган бир одам кириб келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларигача бориб, ўтириб, икки тиззасини у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг икки тиззаларига суяди,…”. Яъни, икки тиззасини Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки тиззаларига илм олувчи муаллимга нисбатан ўтириши каби у кишига юзма-юз бўлган ҳолда суяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан одоб сақлаган ҳолда:
“Икки кафтини икки сонлари устига қўйиб…”. “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар беринг», деди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, деб гувоҳлик беришинг, намозни тўкис адо этишинг, закотни ўташинг, Рамазон рўзасини тутишинг ва йўлга қодир бўлсанг Байтуллоҳни ҳаж қилишинг», дедилар. У: «Рост сўзладингиз», деди. Биз ундан таажжубландик. Ўзи савол бериб, яна ўзи тасдиқлаб ҳам қўярди”. Чунки одатда савол йўлловчида илм бўлмайди. Унинг:
“Рост сўзладингиз”- дейиши, жавобни билган эканига далилдир.
Сўнг деди:
“(Бегона киши): «Менга Иймон ҳақида хабар беринг», деди. (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳга, Унинг малоикаларига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, ҳамда тақдирнинг яхшиси ва ёмонига иймон келтирмоғинг», дедилар. (Бегона киши): «Рост сўзладингиз», деди. (Бегона киши): «Менга Эҳсон ҳақида хабар беринг», деди. (Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳга, сен Уни кўриб турганингдек ибодат қилишинг. Агар уни кўрмасанг-да, албатта, У сени кўриб туради», дедилар. (Бегона киши): «Менга Қиёмат ҳақида хабар беринг», деди. (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «У (Қиёмат) ҳақида сўралгувчи савол берувчидан билувчироқ эмас», дедилар”. Яъни, қиёмат қачон қоим бўлишини мен ҳам, сен ҳам билмайсан. Чунки бу, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзига хос бўлган илмидан. Уни бирор киши билмайди. На яқин фаришта ва на юборилган пайғамбар. На фаришталарнинг афзали бўлмиш Жаброил ва на инсониятнинг афзали бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
“(Бегона киши): «Менга унинг аломатлари ҳақида хабар беринг», деди”. Яъни, қиёмат яқин қолганда юз берадиган аломатлари.
“У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Чўри ўз бекасини туғиши ва яланг оёқ, яланғоч, камбағал қўйчивонларни кимўзарга уй қуришаётганини кўришинг», дедилар». (Умар розияллоҳу анҳу): «(Бегона киши) чиқиб кетди. Биз эса бир муддат ўтириб қолдик», дедилар. Сўнг Расул (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Савол берувчини қидиринглар”-дедилар”. Уни қидириб чиқиб, топа олмадилар. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу Жаброил бўлиб, динингизни таълим бергани келди”-дедилар. (Муслим (8), Термизий (2610), Насоий (4990), Абу Довуд (4695), Ибн Можа (63) ва Аҳмад (1/52)). Инсон суратида гавдаланди. Ҳамда савол ва жавоб тариқасида саҳобаларга динларини таълим бергани келди. Улар (саҳобалар) қулоқ солган ҳолларида у (Жаброил) ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни (динни) баён қилиб бердилар.
Ушбу ҳадисдан шоҳид ўрни мана бу қавлидир:
“Менга Иймон ҳақида хабар беринг”. Охирида эса:
“Ҳамда тақдирнинг яхшиси ва ёмонига иймон келтирмоғинг”-дея зикр қилдилар. Иймоннинг олти, исломнинг беш ҳамда эҳсоннинг бир рукнини зикр қилдилар.
Иймон рукнлари – Аллоҳга иймон келтириш… У, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг якка-ю ягоналиги, шериксиз Унинг ёлғиз Ўзи ибодатга лойиқ эканини қатъий тасдиқлашликдир. Бу эса тавҳиднинг уч турини ўз ичига олади: рубубият тавҳидига иймон келтириш, улуҳият тавҳидига иймон келтириш ҳамда исм ва сифатлардаги тавҳидга иймон келтириш.
Кимки ушбу турлардан бирортасини инкор қилса Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтирувчи бўлмайди.
Тақдирга иймон келтириш ҳам шунинг остига дохил бўлади. Чунки у, рубубият тавҳиди ҳамда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг феъллари жумласидандир. Демак, у рубубият тавҳиди остига дохил бўлади. Бироқ у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни таъкидлаб ўтиш учун алоҳида зикр қилдилар.
“Фаришталарига”. Аллоҳнинг фаришталари бор эканига иймон келтирасиз. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларни нурдан, Ўзига ибодат қилишлари учун яратди.
“Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Аллоҳни) поклайдилар”. (Анбиё: 20). Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг буйруқларини Унинг мулкида ижро этадилар. Фаришталарнинг ҳар бир турини ушбу борлиқда Аллоҳ таоло амр қилган ўзига хос амали бор. Улардан ваҳийга вакил қилингани бор. У Жаброил алайҳиссалоту вассалам. Улар ичида ёмғир ва набототларга вакил қилингани бўлиб, у Микоилдир. Улар орасида сурни пуфлаш учун вакил қилингани бўлиб, у Исрофилдир. Улар ичида яна қорин-(бачадон)даги ҳомилаларга вакил қилингани бор. У шундай фариштаки, онасининг қорнидаги ҳомилага тўла тўрт ой бўлганида келиб, унга руҳ пуфлайди. Сўнг тўрт сўзни ёзишга буюрилади: ризқи, ажали, амали ҳамда бахтсиз ёки бахтли экани.
Улардан яна одам болаларининг яхши ва ёмон амалларини сақлаб, ёзиб боришга вакил қилингани бор.
“Ҳолбуки, шак-шубҳасиз сизларнинг устингизда (қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб, ёзиб тургувчи улуғ (фаришта)лар бордир. Улар сизлар қилаётган ишларни билурлар”. (Инфитор: 10-12).
Улардан яна одам болаларини азиятлар етишидан сақлаб боришга вакил қилингани бор.
“Унинг (яъни ҳар инсоннинг) олдида ҳам, ортида хам таъқиб қилгувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар”. (Раъд: 11). Ва бундан бошқа Аллоҳ субҳанаҳу ва таологина биладиган амаллар.
Фаришталарга иймон келтириш ғайбга иймон келтиришликдандир. Чунки биз уларни кўрмаймиз. Бироқ Аллоҳ ва Унинг Расули бизларга улар ҳақида хабар берди. Демак, биз уларга иймон келтирамиз.
Кимда-ким фаришталарга ёки уларнинг баъзиларига иймон келтирмаса, батаҳқиқ, Аллоҳ азза ва жаллага куфр келтирибди.
“Китобларига”. Улар, Аллоҳ таоло Ўз элчиларига ваҳий қилган Китоблар. Таврот, Инжил, Қуръон, Забур, Иброҳим (алайҳиссалоту вассалам)нинг саҳифалари ҳамда Аллоҳ Жаброил алайҳиссалоту вассалам воситасида элчиларига нозил қилган бундан бошқа Китоблар. Унда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг буйруқ ва қайтариқлари ҳамда башарият ислоҳоти бор.
Ким аввалдан охиригача бўлган Китобларга иймон келтирмаса, батаҳқиқ, у кофирдир.
“Айтингиз (эй мўминлар), Аллоҳга ва бизга нозил қилинган китобга ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқубга ва ўша уруғ-авлодга нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Ийсога берилган нарсаларга ва барча пайғамбарларга Парвардигор тарафидан берилган нарсаларга ишондик. Биз улардан бирортасини ажратиб қўймаймиз ва биз у зотга (Аллоҳ таолога) бўйинсунувчилармиз”. (Бақара: 136). Барча Китобларга иймон келтиришлидан ўзга чора йўқ.
Ким Китобларга аслида иймон келтирмаса, улар даҳрий ва бутпарастлар, бас, у махлуқотларнинг энг кофиридир.
Ким яҳуд ва насоролар каби Китобларнинг баъзисига иймон келтириб, баъзисига куфр келтирса, бас, у ҳам кофирдир.
Балки иймон – Китобларнинг аввалидан охиригача бўлган барчасига иймон келтиришликдир.
“Ё китобнинг (Тавротнинг) бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизми? Ораларингдан ким бу ишни қилса, унинг жазоси бу дунёда расво бўлиш…”. (Бақара: 85).
Аллоҳнинг Китобларидан бирор Китобга куфр келтирган кимса барчасига кофир бўлади.
“Пайғамбарларига”. Шунингдек, пайғамбарларнинг аввалидан охирагача, Аллоҳ номини айтган ва айтмаганларининг барчасига иймон келтиришлик вожиб бўлади. Пайғамбарлар алайҳимуссалоту вассаламнинг барчаларига иймон келтирамиз.
Ким уларнинг баъзиларига иймон келтириб, баъзиларига куфр келтирса, бас, у барчаларига кофирдир. Ҳудди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга куфр келтирадиган яҳуд ва насоролар ҳамда Ийсо ва Муҳаммад алайҳимассалоту вассаламга куфр келтирадиган яҳудларнинг ҳолати каби.
Шунингдек, кимки бутпараст, даҳрий ва мулҳидлар каби аслида пайғамбарларга иймон келтирмаса, бас, у бўғизигача куфрга ботган ва куфрда йироқлашиб кетган кимсадир, Аллоҳ сақласин!
“Охират кунига”. Қиёмат куни. Охират кунига иймон келтириш вожиб бўлади. У, Аллоҳ таоло ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган барзах ҳолатлари сўнг қайта тирилиш ва тўпланиш, қабрдан туриш, сўнг маҳшаргоҳда туриш, сўнг сарҳисоб қилиниш, сўнг тарози, сўнг саҳифалар учиб келиши, мўмин ўз китобини ўнг қўли билан олади, мўминдан ўзгаси эса ўз китобини чап қўли билан олади, сўнг кўприкдан ўтиш, сўнг эса жаннат ёки дўзахда қарор топишдан иборат ўлимдан кейинги ишлар. Охиратга иймон келтириш шуларнинг барини ўз ичига олади.
Ким охират кунига иймон келтирмаса, батаҳқиқ, у Аллоҳга, фаришталарига, Китобларига ва элчиларига иймон келтирса-да, қайта тирилиш ва охират кунини инкор қилса, барчасига кофир бўлади.
“Ҳамда тақдир…га иймон келтирмоғинг”. Ана шу, шоҳид ўрнидир. У ҳам бўлса Аллоҳнинг қазо-и қадари ҳамда ушбу борлиқда бирор нарса юз берса, албатта, Аллоҳ уни азалда билгани, Лавҳул Маҳфузда ёзиб қўйгани, У субҳанаҳу ва таоло уни хоҳлаб, ирода қилгани сўнг уни яратиб, йўқдан бор қилганига иймон келтиришингиз.
Қазо-и қадарга иймон келтириш тўрт даражани ўз ичига олади:
Биринчи даража: Аллоҳ таоло азалдаёқ барча нарсани билган эканига иймон келтириш. У субҳанаҳу ва таоло бўлган ва бўладиган нарсаларни ҳамда ҳали бўлмаган нарса агар бўлса, қандай бўлишини билишига иймон келтириш. Аллоҳ субҳанаҳу буларнинг барини билади. Унга бирор нарса махфий эмас.
“Аллоҳ осмонлардаги ва ердаги бор нарсани аниқ билишини кўрмадингиз — билмадингизми!”. (Мужодала: 7).
“Ва Аллоҳ барча нарсани (Ўз) билими билан иҳота қилиб олгани…”. (Талоқ: 12). Аллоҳ жалла ва аълага ер ва осмонда бирор нарса махфий қолмайди.
“Албатта Аллоҳга на ердаги ва на кўкдаги бирон нарса махфий эмасдир”. (Оли Имрон: 5).
“Аввал ҳам, охир ҳам, зоҳир ҳам, ботин ҳам Унинг Ўзидир. У барча нарсани билгувчидир”. (Ҳадид: 3). Демак, Аллоҳ барча нарсани билгувчи эканига иймон келтиришлик шарт. Ким Аллоҳнинг илмини-(билишини) инкор этса, бас, у кофирдир.
Иккинчи даражада: Аллоҳ Лавҳул Маҳфузда барча нарсани ёзиб қўйди. Лавҳул Маҳфуздаги китоботни инкор этган кимса Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳамда тақдирга иймон келтуривчи бўлмайди.
Учинчи даража: Аллоҳ (мавжуд) барча нарсани ирода қилгани ва хоҳлагани. Барча нарса Аллоҳнинг иродаси билан юз беради ва вужудга келади.
Тўртинчи даража: Барча нарсаларни яратишлик. Ушбу борлиқдаги барча нарса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг махлуқотларидандир.
“Ҳолбуки сизларни ҳам, қилаётган амалларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку”. (Соффат: 96).
“Аллоҳ барча нарсанинг Яратгувчисидир. У барча нарсанинг устида вакил-ҳомийдир”. (Зумар: 62). Ушбу борлиқдаги ҳар бир яхши ёки ёмон, куфр ва иймон, тоат ва маъсият, бойлик ёки камбағаллик, касал ёки саломатлик, ҳаёт ёки ўлим ва бундан бошқа нарсалар У субҳанаҳу ва таолонинг махлуқотларидандир.
Бироқ ёмонлик У Зотга нисбат берилганда ёмонлик бўлмайди. Чунки У, уни бир ҳикмат учун яратди ва уни ўзининг ўрнига қўйди. Демак, у (нарса) Унга нисбат берилганда ёмонлик бўлмайди. Балки у (нарса) унинг бошига тушган кишига нисбатан ёмонлик бўлади. Кимга ўз гуноҳ ва маъсиятлари сабабли (ушбу нарса) тақдир қилинган бўлса, батаҳқиқ, у (нарса) юз берган ўринга нисбатан ёмонликдир. Аммо Аллоҳга нисбатан эса у яхшилик. Чунки у, У субҳанаҳу томонидан адолатдир.
Хулоса шуки, ушбу борлиқда юз бераётган ҳар бир нарса Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан адолат, раҳмат ва хайрдир. Гарчи ушбу нарса унинг бошига тушаётган кишига нисбатан зарар, уқубат ва ёмонлик бўлса-да.
Ана шулар, тақдирга иймон келтириш даражаларидир. Аҳли сунна вал жамоа буларнинг барига иймон келтиради.
Инкор қилувчи қадарийларга келсак, улар икки қисмдир, Аллоҳ сақласин!
Биринчи қисм: Улар аввал ўтганлари. Улар ичида қадарийларнинг ҳаддан ошганлари деб аталадиганлари бўлиб, улар Аллоҳнинг илмини инкор қиладилар.
“Аллоҳ нарсаларни, юз беришидан олдин билмайди. Балки улар юз бериб, воқеъ бўлганда билади”-дейдилар. Аллоҳ барча нарсани вужудга келишидан олдин азалий (илми билан) билганини инкор қиладилар.
Шу сабабли улар кофир ва ислом миллатидан чиқиб кетадилар. Чунки улар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг илмини инкор қилдилар. Кимки Аллоҳнинг илмини инкор қилса, бас, у кофирдир.
Иккинчи қисм: Аллоҳнинг азалий илмини тан олади. Бироқ:
“Аллоҳ ушбу нарсаларни тақдир қилмаган. Балки одамлар уни ўзлари қиладилар ва уни йўқдан бор қилиш ва яратишда мустақилдирлар. Ҳар бир киши ўз феълини ўзи яратади”-дейди. Булар аввалгилардан енгилроқ. Бироқ улар адашганлардир. Чунки улар Аллоҳнинг яратишини инкор қилдилар. Улар қадарийларнинг кейингилари. Шунинг учун
“Ушбу умматнинг мажусийлари” деб аталадилар. Чунки мажусийлар:
“Борлиқни икки яратувчиси бор: яхшилик ва ёмонлик яратувчиси”-дейдилар.
“Аллоҳ бандаларнинг феълларини яратмаган. Балки уни ўзлари яратадилар”-дейдиган мўътазилалар эса кўплаб яратувчиларни исбот қилдилар. Ва мажусийлардан ҳам ёмонроқ бўлиб қолдилар. Чунки мажусийлар икки яратувчини исбот қилдилар. Анавилар эса кўплаб яратувчиларни исбот қилдилар.
Мусулмонга тақдир тафсилотларига кириши ҳамда ўзига шак-шубҳа ва ўй-гумонлар эшигини очиши жоиз эмас. Балки унга барча нарса Аллоҳнинг қазо-и қадари билан бўлади деб Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганидек тақдирга иймон келтириши етарлидир. Нима учун ундай? Нима учун бундай?, дея тафсилот ва саволларга кирмайди. Чунки у, ҳаргиз бирор натижага эришмайди. Чунки бу иш, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганларидекдир:
“Тақдир сир бўлиб, уни фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билади”.
Бизга эса унга иймон келтиришимиз, унинг тафсилотларига кирмаслигимиз, балки Аллоҳнинг Китоби ва Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатидаги далилда келганига биноан иймон келтириш билан кифояланишимиз вожибдир.
Бизга Аллоҳнинг тоатига амал қилиш, буйруғига бўйсуниш, қайтариғидан четлашиш вожиб бўлади. Ана шу, бизга юклатилганидир. Аллоҳ бизга тақдир ҳақида изланиб, амални ташлашимиз ва: бизга нима тақдир қилинган бўлса, шу бўлади, дейишимизни юкламади.
Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир кишининг жаннат ёки дўзахдаги ўрни муқаррардир дея хабар берганларида:
“Эй Расулуллоҳ! Ёзилган нарсамизга таянмаймизми?”-дедилар. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса:
“Амал қилинглар! Ҳар ким нима учун яратилган бўлса, шунга муяссар қилингандир”-дедилар.
(Бухорий (4666), Муслим (2647), Термизий (2136), Абу Довуд (4694), Ибн Можа (78) ва Аҳмад (1/157)). Шунда Аллоҳ оят нозил қилди:
“Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. Бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида хайр-саховат кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Бас, Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!”. (Лайл: 5-10).
Сиздан талаб қилингани: амал қилиш ва қазо-и қадарга иймон келтиришлик. Амал қилишга қодир ва имкониятга эга экансиз, бас, сизга яхшиликни қилиб, ёмонликни ташлаш, гуноҳлардан тавба қилиш, ҳасанотларни кўпайтириш вожиб бўлади. Ана шу сиздан талаб этилганидир. Аммо Аллоҳ субҳанаҳу ва таологина биладиган ишлар борасида изланишлик ва ушбу хусуматлашишликларга келсак, бас, бу залолат ва йўлдан озишга олиб боради. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло биздан бу нарсаларни талаб қилмади. Балки бизга амал қилишни буюрди. Ана шу, Аллоҳ бизга буюрганидир. Бизни иймон ва амалга амр қилди. Ана шу, мусулмондан талаб қилингани.