Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш
Қасам – муаззам (улуғланувчи, таъзим қилинувчи) нинг номини зикр қилиш билан сўзни муайян кўринишда таъкидлаш демакдир. Таъзим (улуғлаш) – ёлғиз Аллоҳ таолонинг ҳаққидир, Унигина улуғланади, Ундан бошқаси билан қасам ичиш асло жоиз эмас. Уламолар қасам фақатгина Аллоҳ билан ёки Унинг исмлари ёки сифатлари билан бўлишига иттифоқ қилганлар, У зотдан бошқаси билан қасам ичишдан ман қилинишига ижмоъ қилганлар.
Quote:Ҳошияту ибн Қосим ала китабит-тавҳид (303-б).
Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичиш ширкдир. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«Ким Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичса у кофир ёки мушрик бўлибди» (Аҳмад, Термизий, Ҳоким ривоятлари). У кичик куфр ва кичик ширк саналади, бироқ унинг номига қасам ичилаётган шахс қасам ичувчининг наздида сиғиниш даражасигача улуғланса, унда бу катта ширкка айланади. Бугунги кунда қабрларга сиғинувчиларнинг ҳолига ўхшашки, улар қабрда ётган улуғларидан Аллоҳдан кўра кўпроқ қўрқадилар. Масалан, улардан бировидан ўзи улуғ санайдиган азиз-авлиё номига қасам ичиш талаб қилинса, ёлғон қасам ичишдан қўрқади, фақат гапи рост бўлсагина қасам ичади. Аммо Аллоҳ номи билан қасам ичиш талаб қилинса, ёлғон қасам ичишдан ҳам тоймайди.
Қасам ичиш – унинг номига қасам ичилаётганни улуғлаш бўлиб, у Алоҳдан бошқа ҳеч кимга муносиб эмас. Қасамнинг ҳурматини сақлаш ва кўп қасам ичмаслик лозим. Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад)
, яна сиз ҳар бир тубан қасамхўр... кимсага итоат этманг!» (Қалам: 10).
«Қасамларингизни (бузишдан)
сақланингиз» (Моида: 89).
Яъни фақат зарурат юзасидан, ростлик ва яхшилик ҳолатида қасам ичингиз! Чунки, кўп қасам ичиш ёки ёлғон қасам ичиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳурматсизлик ва У зотни улуғламасликка далолат қилади. Бу эса тавҳидни нуқсонли қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Уч тоифа одам борки, Аллоҳ уларга гапирмайди, уларни покламайди, уларга аламли азоб бордир» дедилар ва жумладан:
«Бир кишики, Аллоҳни ўз матосига айлантириб олган, сотишда ҳам қасам ичади, олишда ҳам қасам ичади» дедилар (Табароний ривояти). Шу қадар қаттиқ огоҳлантиришларидан маълум бўлмоқдаки, кўп қасам ичиш Аллоҳнинг номини беҳурмат қилишдан сақлаш мақсадида ҳаром қилинган. Шунингдек, Аллоҳ номи билан ёлғон қасам ичиш ҳам ҳаромдир. Аллоҳ таоло мунофиқларни улар билатуриб ёлғон қасам ичишади, деб сифатлаган.
Хулоса:
1) Аллоҳдан бошқа билан – масалан, омонатга ё Каъбага ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларига – қасам ичиш ҳаром ва ширкдир.
2) Аллоҳ номига қасддан ёлғон қасам ичиш ҳаромдир.
3) Рост бўлса-да, бирор заруратсиз Аллоҳ номига кўп қасам ичиш ҳаром, зеро бу Аллоҳ субҳанаҳу номини беҳурмат қилишдир.
4) Зарурат тушганда ва айтаётган сўзи рост бўлса Аллоҳнинг номига қасам ичиш жоиз.