Қаллиғим билан учрашсам бўладими?
Ливиялик Муҳаммад Усмон: Ҳурматли шайх, ўртамизда ҳали никоҳ ўқитилмаган бўлса ҳам, менга унаштирилган қиз билан кўришиб, гаплашсам бўладими?
Жавоб: Унаштирилган қиз ҳануз бегона ҳисобланади. У билан, никоҳ ўқилмагунича, унаштирилмаган бошқа қизлар ўртасида фарқ йўқ. Шунга кўра шариат рухсат берган миқдорча йигитнинг унаштирилган қизи билан кўришиши ёки гаплашиши мумкин. Шариат рухсат берган муддат эса, эркак бирон қиз ёки жувонга совчи қўйишни кўнглига туккан бўлса, ўша қиз (ёки жувон)нинг юзи, кафтлари, оёқлари ва бошига, эҳтиёждан ортиқча бирон сўз айтмай, қараши мумкин. Кўриш пайтида қизнинг биронта маҳрами ҳузурида зарурий нарсаларни гаплашиши мумкин. Масалан: Турмуш қурар эканмиз бирон шартингиз борми? Ундай ёки бундай шартларингиз борми?, деб сўраши мумкин.
Энди телефон орқали гаплашишга келсак, айрим одамлар борки, телефонда бир ёки икки соат гаплашадилар. Бундай қилиш ҳаромдир. Айрим унаштирилган йигит ёки қиз: Мен қарши тарафнинг ҳолатини, у эса менинг ҳолатимни ўрганиши учун гаплашаяпман!,– деб баҳона қиладилар. Бундай одамга: Модомики сиз совчи қўйибсиз, совчи қўйишдан илгари қизнинг ким эканини ўргангач қўйдингиз! У ҳам сизнинг ким эканингизни билгач рози бўлди. Энди, ҳадеб телефонда гаплашишга ўрин қолмади,– дейилади. Кўпинча, унаштирилган қиз билан бўлган телефон суҳбатлари жинсий шаҳват ва жинсий шаҳват билан лаззатланиш билан ўтади. Яъни, йигит унаштирилган қизга гапириш билан шаҳвоний лаззат олади. Ҳолбуки, қиз гаплашиши ёки лаззат олиши учун йигитга ҳануз ҳалол бўлмагандир.
Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн
Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.