Ҳажнинг фазилатлари
Хатиб: Шайх доктор Холид ибн Абдуллоҳ Муслиҳ
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий
Биринчи хутба
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
(Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир... Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган бандани адаштирувчи, адаштирган банданини ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.
«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан)
яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони)
вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)
! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ)
ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).
Сўнг ...
(Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир).
Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан тақво қилинглар ва зиммангиздаги Аллоҳнинг фарзи – Каъбатуллоҳни ҳаж қилинглар! Чунки ҳаж, Исломнинг рукнлари ва улкан биноларидан биридир. Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг «Саҳиҳ»ларида Абдуллоҳ ибн Усмар разияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадиси келтирилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Ислом беш нарса устига асосланган: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг расули эканига гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закотни бериш, Уй (Каъбатуллоҳ)ни ҳаж қилиш ва рамазон (ойи) рўзасини тутиш» – дедилар» (Имом Бухорий «Саҳиҳ», ҳадис № 8; Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 16).
Ҳой Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳ умр давомида бир мартагина ҳаж қилишни фарз қилди. Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу) шундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга хутба қилиб:
«Ҳой одамлар! Аллоҳ сизларга ҳажни фарз қилди ва сизлар ҳаж қилингиз!» – дедилар. Бир киши:
«Ҳар йилими?» – деб савол берганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жим қолдилар. Саволни уч марта такрорлагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Агар «ҳа» деганимда фарз бўлар ва сизларнинг бунга кучингиз етмас эди» – деб жавоб бердилар» (Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 1337).
Ҳой мўъминлар, ҳажнинг фарзлиги Қуръон, суннат ва мусулмонларнинг қатъий ижмоъси билан собитдир!
Ҳой мўъминлар, Аллоҳ таоло оқил, балоғат ёшига етган, ҳур, маблағи ва бадани билан қодир бўлган ҳар бир мусулмонга Каъбатуллоҳни ҳаж қилишини фарз қилди! Маблағи етмаган одамнинг зиммасида ҳаж қилиш масъулияти йўқдир. Аллоҳ таоло айтди:
«Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу Уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир» (Оли Имрон: 97).
Ҳой мўъминлар, агар биров моддий маблағи билан ҳаж қилишга қодир, бироқ шахсий ожизлиги мудом ва умидсиз, масалан, шифо умиди бўлмаган бемор, ёхуд ёши улғайиб қолган қария бўлса, ҳаж фарзини адо этиши учун ўз номидан бир кишини тайинласин. Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳу) айтди: «Бир хотин:
«Ё Расулуллоҳ, отам қариб қолган пайтида ҳаж қилиши фарз бўлди. Бироқ у, улов устида ўтира олмайди. Шунинг учун унинг номидан ҳаж қилсам бўладими?» – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Ҳа», – деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий «Саҳиҳ», ҳадис № 1513).
Ҳой Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳдан қўрқинглар ва шартлари пайдо бўлгач, ушбу буюк ибодатни тўкис адо этинглар!
Ҳой мусулмонлар, сизларни тўсадиган монеъликлар чиқишидан илгари Аллоҳнинг Каъбасини ҳаж қилишга шошилинглар! Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Ҳаж қилиш учун шошилинглар! Чунки, бировингиз ўзига нима монеъ бўлиб қолишини билмайди» – дедилар» (Имом Аҳмад «Муснад», ҳадис № 2864).
Умар ибн Хаттоб (разияллоҳу анҳу) шартлари тўкис бўлганидан кейин ҳам ҳаж ибодатини кечиктиришни аччиқланиб қоралади. Саид ибн Мансур (раҳимаҳуллоҳ) «Сунан»ида саҳиҳ-соғлом санад билан шундай ривоят қилди: «Умар ибн Хатттоб разияллоҳу анҳу айтди:
«Мен шу шаҳарларга одамларни юбориб, боён яшаётган ҳолида ҳаж қилмаган одамларни топишни ва уларга ҳам жизъя-солиқ жорий қилишни қасд қилдим. Чунки улар мусулмон эмаслар! Чунки улар мусулмон эмаслар!» (Жалолуддин Суютий «Жаамиъул-аҳаадиис», ҳадис № 31221).
Алий разияллоҳу анҳу айтди:
«Ҳаж қилишга қодир бўла туриб ҳаж қилмаган одам, яҳудий ва насроний бўлиб ўлаверсин!» (Жалолуддин Суютий «Жамъул-жаваамиъ ав ал-Жомиъул-Кабир», ҳадис № 2299).
Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган одамнинг қодир ва бу нассларни эшита туриб ҳаж қилмасликка ва Аллоҳ фарз қилган нарсани адо этишга шошилмасликка кўнгли қандай хотиржам бўлар экан?!
Ҳой, мўъминлар!
Каъбатуллоҳни ҳаж қилиш, Аллоҳга яқин қиладиган тоат-ибодатларнинг энг буюгидир. Бу ҳақда ҳажнинг буюк ўрни ва улкан фазилатлари ҳақида хабарлар келган.
Улардан бири, ҳаж – гуноҳ, хато ва камчиликларнинг каффоротидир.
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Ким ҳаж қилса ва (ҳажи давомида) сўкинмаса ва фисқу-фужур ишлар билан шуғулланмаса, онасидан туғилган кунидагидек (гуноҳсиз ҳолатига) қайтади» – дедилар» (Муттафақун алайҳ: Имом Бухорий «Саҳиҳ», ҳадис № 1521; Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 1350).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу отасининг Исломни қабул қилиши ҳақидаги ҳикоясида, отасининг гуноҳларини кечирилишини сўраган пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини айтиб берди:
«Ислом, ҳижрат ва ҳаж ўзларидан аввалги (гуноҳ)ларни йўқ қилишини билмайсизми?!» (Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 121).
Ҳой мўъминлар, ҳажнинг фазилатларидан бири, унинг жаннатга киришга сабаб бўлишидир!
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«(Аллоҳ ҳузурида) мақбул ҳажнинг мукофоти – жаннатдан бошқа нарса эмасдир!» – дедилар» (Муттафақун алайҳ: Имом Бухорий «Саҳиҳ», ҳадис № 1773; Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 1349).
Ҳой Аллоҳнинг бандалари, ҳажнинг фазилатларидан бири, Аллоҳ таоло Арафа кунида мавқиф (Арафот тоғи)да турган одамларга яқинлашади ва улар билан фаришталарга мақтанади!
Оиша разияллоҳу анҳо айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Аллоҳ таолонинг Арафа кунидек жаҳаннамдан кўп қулларни озод қиладиган бошқа кун йўқдир. Аллоҳ (Арафот тоғида тўпланган ҳожиларга) яқинлашади ва фаришталарга мақтаниб: «Улар нима хоҳлашаяпти?» – деб сўрайди» – дедилар» (Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 1348).
Аллома ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ Арафот кунидаги фазилатларни мадҳ этиб ушбу байтларни ёзган:
Аллоҳ у кунда бандаларга яқинлашиб,
Нуроний малакларга дейди мақтаниб:
Бандаларим келмишлар муҳаббат-ла,
Мен ҳам очдим қўлларимни саховат-ла.
Гувоҳ бўлинг, кечирдим гуноҳларин
Ато этдим уларга дилдаги орзуларин!
Суюнчи бўлсин у кун Арафотда бўлганларга,
Ки, Аллоҳ мағфирати тегар унга келганларга!
Аллоҳнинг бандалари, ушбу фазилат ва марҳаматлардан қуруқ қолманглар! Яхшиликлар сари беллашиб, савоблар учун шошилинглар! Озиқ олинглар, озиқларнинг энг яхшиси – тақводир. Унутмангларки, сафарнинг охири кўриниб қолди. Зеро, сафар тез тугамоқда.
Бугунги ишинг эртага ҳеч қолмасин,
Эртага билмаганинг – ажал етиб келмасин!
Ҳой, мўъминлар!
Ҳой, сиз Аллоҳнинг Ҳурматли Уйини ҳаж қилишни қасд қилган бандалар!
Сиз Аллоҳнинг Уйини ҳаж қилиш билан бирга фазилатларни қўлга киритишда катта таъсирлари бўлган ушбу муҳим ишларни лозим тутингиз!
Биринчиси: Амални Аллоҳ учун холис қилиш.
Чунки ҳаж – ботил диндан ҳақ динга ўтиш хусусиятларидандир. Сизнинг ҳаждаги шиорингиз эса «Лаббайкал-лоҳумма лаббайк! Лаббайка ла шарика лака лаббайк» (Аллоҳим, амрингга мунтазирман! Амрингга мунтазирман! Амрингга мунтазирман! Сенинг шеригинг йўқдир!)дир.
Абу Умома разияллоҳу анҳу айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Аллоҳ, амаллардан холис бўлгани ва Ўзининг Юзигина қасд қилинганларини қабул қилади» – дедилар» (Насоий «Сунан», ҳадис № 3153. Бу ҳадисни Абу Довуд ҳам ривоят қилди).
Иккинчиси: Гапларингиз, ҳаракатларингиз ҳамда зоҳирий ва ботиний ҳолатларингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан намуна олиш.
Ҳолбуки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни Ўзларидан намуна ва ўрнак олишга рағбатлантириб, Видолашув ҳажи – Ҳажжатул-вадоъда:
«Мендан (ҳаж) ибодатларингизни олинглар!» – дедилар (Имом Аҳмад «Муснад», ҳадис № 14010. Имом Муслим Жобир ибн Абдуллоҳ (разияллоҳу анҳу)нинг:
«Ибодатларинигизни олишингиз учун» лафзи билан нақл қилди. Ҳадис № 1297).
Учинчиси: Ҳаж ибодатларини онгли ва тўкис қилиш учун, ҳаж аҳкомларини ўрганишга ҳарислик.
Ҳаж ибодатларини тўкис адо этиш учун унинг аҳкомларини ўрганингиз! Аллоҳ уларни ўрганишни енгил қилиб қўйди. Улар баён қилинган китоблар, дарслар ва магнит тасмаларининг саноғи йўқ. У китобларни ўқиш ва ўрганишга ҳаракат қилингиз! Бирон чигал масъала чиқса ва уни билмасангиз, биладиган илм аҳлидан сўрангиз!
Тўртинчиси: Ҳаж сафарида йўлдошлик учун яхши одамларни танлангиз-ки, улар сизга яхши ишларни кўрсатиб, яхши ишларни қилишда ёрдамчи бўлсинлар. Дарҳақиқат, йўлдош – ёрдамчидир. Аждодлар шундай деганлар:
Одам ҳақида сўрма, сўра дўсти ҳақида
Дўст дўсти билан битта йўлда кетади.
Бешинчиси: Ҳажингиз асносида, Аллоҳ таоло айтганидек, ҳақоратли сўзлар, фисқу-фужур ва жанжаллашишдан нари туринг.
Аллоҳ таоло айтди:
«Бас, ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди» (Бақара: 197).
Аллоҳ таоло ҳажга аралашмаслигини таъқиқлаган «рафас» сўзининг маъноси: жинсий алоқа, жинсий алоқага олиб борадиган сабаблар, уятсиз сўзлар, демакдир. «Фусуқ» сўзининг маъноси эса, умуман, гуноҳлардир. «Жидол» сўзининг маъноси эса, жанжал, тўполондир. Бу ишлар савобларни озайтириб, фазилатларни йўққа чиқаради.
Олтинчиси: Машаққатларни кўтариш ва уларнинг мукофотини Аллоҳдангина олишга нафсингизни чиниқтиринг.
Чунки ҳаж, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек, жанги бўлмаган жиҳоддир (Ибн Можжа «Сунан», ҳадис № 2901; Имом Аҳмад «Муснад», ҳадис № 24794).