Уламолар ўртасидаги ихтилоф:
сабаблари ва уларга муносабатимиз
Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир... Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ Унга, Унинг оиласи, саҳобалари ва уларга Қиёмат кунигача яхшилик билан эргашган издошларга салавоту саломлар йўлласин.
«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан)
яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони)
вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)
! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ)
ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).
Сўнг ...
Бу мавзу кўпчиликда саволлар туғдириши мумкин. Ҳатто баъзилар: «Нега бу мавзу ва нега бу сарлавҳа? Ахир диннинг бундан кўра муҳимроқ масъалалари бор-ку?!» – дейиши мумкин.
Шундай бўлсада, бу мавзу ва бу сарлавҳа ҳозирда жуда кўп одамларнинг, ҳатто толиби илмларнинг ҳам оромини бузмоқда. Сабаби, оммавий ахборот воситаларида оммага (ислом) аҳкомлари ёйилмоқда ва узатилмоқда. У ёки бу кишиларнинг гапларидаги фарқлилик, одамлар ўртасида тушунмовчилик, ҳатто ихтилоф манбаъларидан хабарсиз оммада шубҳаланиш манбаига айланди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳдан ёрдам сўраб, талайгина мусулмонларнинг фикрларига ўрнашиб қолган ушбу мавзу ҳақида сўз юритмоқчиман.
Ихтилофнинг дин асослари ва асосий манбаъларида бўлмаслиги, Аллоҳ таолонинг Ислом Умматига берган неъматлардан бири бўлиб, ихтилоф – мусулмонларнинг зарурий яхлитлигини бузмайдиган нарсалардадир. Камина, сўз юритмоқчи бўлган моддаларни, қуйидагича соддалаштирдим:
Биринчи: Барча мусулмонлар Қуръон Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан (қуйидаги нарсаларни) жуда яхши биладилар: Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳидоят ва ҳақ дин билан юборган. Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ислом динини етарлича, бошқа изоҳга ўрин қўймай тушунтирган эканликларига кафолатдир. Чунки, ҳидоят – ўзининг маънолари билан, залолатнинг барча маъноларига зиддир. Ҳақ дин (Ислом) – ўзининг барча маънолари билан Аллоҳ рози бўлмаган барча ботил динларга зиддир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳидоят ва ҳақ дин билан юборилган. Замондошлари ихтилофли масъалаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилишар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳоҳ Аллоҳнинг сўзлари ва ҳоҳ ҳануз нозил бўлмаган Аллоҳнинг ҳукми ҳақида бўлсин, ҳукм қилар ва тушунтирар эдилар. Сўнгра бу масъалаларга изоҳ бўлиб оят нозил бўлар эди. Биз Қуръон Каримда:
«Сиздан ... ҳақида сўрайдилар» оятини кўп учратамиз ва бу оятдан сўнгра Аллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга етарли ва қониқарли жавоб бергани ва бу жавобни одамларга етказишга буюрганини кўрамиз:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мўминлар)
Сиздан ўзлари учун нималар ҳалол қилинганини сўрайдилар. Айтинг: «Сизлар учун барча покиза нарсалар ва яна сизларнинг таълимингизни олган жониворларнинг — Аллоҳ сизларга билдирган нарсалардан билдириб қўлга ўргатган жониворларнинг (тутиб келтирган овлари)
ҳалол қилинди. Бас, улар сизлар учун ушлаб келтирган нарсаларни еяверинглар ва (уларни овга қўйиб юбораётганларингда)
Аллоҳнинг номини зикр қилинглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчи зотдир» (Моида: 4);
«Ва Сиздан (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)
нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар. (Ўзингиздан)
ортганини, деб жавоб қилинг! Шундай қилиб, дунё ва охират ҳақида тафаккур қилишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини баён этади» (Бақара: 219);
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)
, Сиздан ўлжалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Ўлжалар Аллоҳ ва пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ўз ораларингизни ўнглангиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйсунингиз!» (Анфол: 1);
«Сиздан ойлар ҳақида сўрашади. Айтинг: у (ойлар)
одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир. Уйларингизга орқа томонидан киришингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳдан қўрққан киши яхшилик қилгувчидир. Уйларга эшикларидан кирингиз! Ва Аллоҳдан қўрқинг! Шояд нажот топсангиз» (Бақара: 189);
«Сиздан «шаҳри ҳаром» — уруш ҳаром бўлган ойда жанг қилиш ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У ойда жанг қилиш катта гуноҳдир. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга ишонмаслик ва Масжид-ал-Ҳаромдан (яъни Маккадан)
тўсиш ва ундан аҳлларини қувиб чиқариш, Аллоҳ наздида улуғроқ гуноҳдир. Фитна (алдаш)
ўлдиришдан-да каттароқ гуноҳдир. Улар (кофирлар)
қўлларидан келса то динингиздан қайтаргунларича сизлар билан уришаверадилар. Сизлардан ким ўз динидан қайтиб, динсиз ҳолда ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари дунёю охиратда беҳуда кетади. Улар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар» (Бақара: 217).
Ва ҳоказо ...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгач, Уммат, шариат тамойиллари ва манбаъ асосларига зарар бермайдиган нарсаларда фарқли қарашларни ўртага ташлади. Биз, иншааллоҳ, бу фарқли қараш-ихтилофнинг баъзи сабабларини айтиб ўтамиз.
Ҳар биримиз билими, омонатдорлиги ва диндорлигига ишонилган биронта олимнинг Қуръон Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари далолат қилган ҳукмга қасддан хилоф қилмаганини жуда яхши биламиз. Чунки, билим ва диндорлик билан тавсифланган одамнинг йўлбошчиси – ҳақиқат бўлади. Аллоҳ эса, йўлбошчиси ҳақиқат бўлган одамнинг ишларини енгил қилади. Аллоҳнинг ушбу оятларига қулоқ солинг:
«Қасамки, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми?» (Қамар: 17, 22, 32, 40);
«Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни)
ато этса ва (Аллоҳдан)
қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини)
тасдиқ этса, бас, Биз уни осон йўлга муяссар қиламиз» (Лайл: 5-7).
Бироқ, бу имомлардан ҳам биз юқорида ишора қилиб ўтган асосларда эмас, балки, Аллоҳнинг аҳкомларида хатолар содир бўлиши мумкин. Бу хатоларнинг содир бўлиши ҳам муқаррардир. Чунки, инсон, Аллоҳ таоло айтганидек:
«(Зотан)
, инсон ожиз қилиб яратилгандир» (Нисо: 28).
Ҳа, инсон билими ва идрокида ожиздир. У шомиллиги ва бир нарсани тўлақонли қамраб олишда ожиздир. Шунинг учун ҳам, ундан айрим ишларда хатолар содир бўлиши муқаррардир. Биз илм аҳлларидан содир бўлаётган хатоларнинг, аслида соҳилсиз денгиз каби сабаблари кўп бўлсада, қуйидаги еттита сабабини қисқача айтиб ўтмоқчимиз. Илм аҳлларининг сўзларини тушуна оладиган ҳушёр одамгина, тарқалган ихтилоф сабабларини идрок эта олади.
Биринчи сабаб: Далил, ҳукм қилишда хато қилган мухолифга етиб келмаган.
Бу сабаб – саҳобалардан кейинги мусулмонларга хос эмас. Балки, саҳобаларда ҳам, улардан кейингиларда ҳам мавжуд бўлган. Бунга мисол ўлароқ саҳобалар ҳаётида бўлган икки ҳолатни келтирамиз.
Биринчи мисол: Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»и ва бошқа китоблардан ўрганганимизга кўра, амирул мўъминийн Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Шомга сафарга чиқдилар. Сафар асносида Шомда вабо касаллиги тарқалгани ҳақидаги хабар келди. Умар разияллоҳу анҳу у ерга бориш ёки бормаслик ҳақида саҳобалар билан маслаҳат қилдилар. Муҳожир ва ансорлар бир-бирига фарқли фикрларни айтишган бўлсада, қайтиш фикри қувватлироқ чиқди. Маслаҳат асносида, даврада баъзи эҳтиёжлари учун чиққанлигидан иштирок эта олмаган Абдурраҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳу кириб келди ва:
«Камина бу ҳақда биламан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Бир ерда вафо борлиги ҳақида эшитган бўлсангиз, у ерга бормангиз! Сизлар турган жойда вабо тарқалса, у ердан қочиб чиқмангиз!» – деганларини эшитганман» – деди.
Бу ҳукмни ансор ва муҳожирлар ичидаги мўътабар саҳобалар ҳам билмас эдилар. Уларга бу ҳадисни Абдурраҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳу айтиб берди.
Иккинчи мисол: Алий ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумолар ҳомиладор аёлнинг эри вафот этса икки муддат: кўзи ёриши ва тўрт ою ўн кунлик идданинг энг узунини идда ўлароқ ўтиради, – деб ўйлашар эди. Яъни, тўрт ою ўн кун ўтмай туриб кўзи ёриса, тўрт ою ўн кун, тўрт ою ўн кун ўтгунича кўзи ёримаса, кўзи ёригунича идда ўтириши керак, деб ўйлашар эди. Чунки Аллоҳ таоло:
«Ҳомиладор (аёл)
ларнинг (идда)
муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (яъни кўз ёришларидир)
» (Талоқ: 4);
«Сизлардан (мусулмонлардан)
вафот қилган кишилар хотинларини қолдирган бўлсалар, улар тўрт ою ўн кун ўзларига қараб (идда сақлаб)
турадилар» (Бақара: 234) – деган эди.
Бу икки оят ўртасида умумий ва хусусий жиҳатлар бор. Икки оят ўртасини бирлаштирадиган суратда жамлаш йўлининг ҳам, хусусий ва умумий жиҳатлари бор.
Бу – Алий ва Ибн Аббос разияллоҳу анҳумолар тутган йўлдир. Бироқ, суннат бундан кўра устунроқдир. Субайъа Асламийя разияллоҳу анҳо эрининг вафотидан бир неча кун ўтгач фарзанд кўргани ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга турмуш қуришга рухсат берганлари ҳақида ҳадис ворид бўлган. Бунинг маъноси шуки, биз Кичик Нисо сураси деб аталадиган Талоқ сурасидаги:
«Ҳомиладор (аёл)
ларнинг (идда)
муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (яъни кўз ёришларидир)
» (Талоқ: 4) оятини оламиз ва унинг умумий маъноларига қарайверамиз..
Бироқ, мен шуни қатъият билан айта оламанки, агар Алий ва Ибн Аббос разияллоҳу анҳумоларга ушбу ҳадис етиб келганида эди, улар бу ҳадисни қабул қилиб олишлари аниқ эди ва бошқа фикрларга аҳамият бермас эдилар.
Иккинчи сабаб: Олимга ҳадис етиб келган, бироқ етказган одамга ишонмаган ҳамда ўзининг қувватли деб ўйлаган далили билан мухолиф бўлган ва қувватлироқ далилини ушлаган.
Бунга ҳам саҳобалардан кейинги даврдагилардан эмас, балки, саҳобаларнинг ўзларидан мисол келтирамиз. Фотима Қайс қизи разияллоҳу анҳони турмуш ўртоғи уч талоқ қўйди. Эри идда давомидаги нафақаси ўлароқ, вакили орқали арпа жўнатди. Фотима разияллоҳу анҳонинг бу оз нарсага жаҳли чиқиб, арпани қабул қилмади. (Собиқ) эр ва хотин ҳар иккиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига даъвогар бўлиб бордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима разияллоҳу анҳога на нафақа ва на турар-жой берилишини тушунтирдилар. Чунки, эри уни бойин талоқ қўйган эди. Бойин талоқ қўйилганида, талоқ қўйилган хотин учун турар-жой ва нафақа эрнинг зиммасида бўлмайди. Фақат, хотин ҳомиладор бўлсагина, унинг нафақаси ва турар-жойи эрнинг зиммасида бўлади:
«Агар улар ҳомиладор бўлсалар, у ҳолда то ҳомилаларини қўйгунларича (кўзлари ёригунича)
уларга нафақа бериб туринглар!» (Талоқ: 6).
Билиму фазилатида шубҳа бўлмаган Умар разияллоҳу анҳу бу суннатни билмас ва (бойин) талоқ қўйилган хотинга ҳам нафақа ва турар-жой эр тарафидан берилиши тарафдори эди. Шунинг учун Фотима Қайс қизи разияллоҳу анҳонинг ҳадисини «унутган бўлиши мумкин» деган эҳтимол билан рад этди ва:
«Роббимизнинг сўзини эсида турган ёки унутган бир хотиннинг сўзини деб рад этамизми?!» – деди. Яъни, Умар разияллоҳу анҳу Фотима Қайс қизи раҳимаҳаллоҳнинг далилига қониқмаган эди.
Бу қониқмаслик Умар разияллоҳу анҳу ва ундан бошқа саҳобалар ҳамда улардан кейинги тобиинлар ҳаётида рўй берган бўлса, улардан кейинги тобиинлар издошлари ҳаётида бизнинг кунларимизга қадар ва ҳатто Қиёмат кунигача содир бўлиши эҳтимолдан холи эмасдир. Яъни, инсон, далилнинг соғломлигига қониқмаслиги мумкин. Биз талайгина илм аҳлларининг ҳадисларни саҳиҳ-соғлом дея истеъмол қилган сўзларини кўрдикки, бошқа илм аҳллари у ҳадисларни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилиниш йўли – санадлари ишончсиз бўлган, дея заиф деганлар.
Учинчи сабаб: Ҳадис олимга етиб келган, бироқ у, бу ҳадисни унутган.
Унутмайдиган одамлар жуда ҳам оздир. Бир ҳадис ёки оятни унутган одамлар сони, саноқсиздир. Ҳатто, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кунларнинг бирида саҳобалар билан намоз ўқир эканлар, бир оятни тушириб қолдирдилар. Намозни тугатгач, саҳобалар ичидаги Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳуга: «Эслатиб қўймайсанми?!» – дедилар. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга оятлар нозил бўлар ва У ҳақида Аллоҳ таоло:
«Биз сизни (Жаброил алайҳиссалом воситасида Қуръон)
қироат қилдирамиз. Бас, сиз Аллоҳнинг Ўзи (унутишингизни)
хоҳлаган оятлардан бошқа (бирон оят)
ни унутмассиз. Албатта У зот ошкора (сўз ва ишлар)
ни ҳам, яширин нарсаларни ҳам билиб туради» (Аъло: 6, 7) – деган эди.
Ҳадис олимга етиб келгани, бироқ олимнинг у ҳадисни унутганига мисол, Умар ибн Хаттоб ва Аммор ибн Ёсир разияллоҳу анҳумолар ўртасида бўлиб ўтган воқеъадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у иккисини бир иш учун жўнатдилар. (Йўлда) иккиси ҳам жунуб бўлдилар. Аммор разияллоҳу анҳу ижтиҳод қилиб, тупроқнинг поклигини сувнинг поклигига ўхшатди ва сув бутун баданига тегиши зарур бўлганидек тупроқ ҳам тегиши учун ҳайвонлар думалаганидек тупроққа думалаб беланди ва намоз ўқиди. Умар разияллоҳу анҳу эса намоз ўқимади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга тўғри йўлни кўрсатдилар ва Аммор разияллоҳу анҳуга:
«Сиз қўлларингиз билан шундай қилишингиз етарли эди» – дедилар ва икки қўлларини ерга бир марта уриб, ўнгини чапига, кафтларининг устлари ва юзларига сурдилар. Аммор разияллоҳу анҳу бу ҳадисни Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг халифалик даврида ҳам, ундан илгари ҳам айтиб юрар эди.
Бир куни Умар разияллоҳу анҳу уни ҳузурига чорлади ва:
«Сен айтаётган ҳадис қандай ҳадис?» – деб сўраб қолди. Аммор разияллоҳу анҳу унга бўлган воқеъани айтиб берди:
«Эсингиздами, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни бир иш учун жўнатган эдилар. Ўшанда жунуб бўлган эдик. Сиз намоз ўқимаган, мен эса тупроққа думалаб беланган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизнинг шундай, шундай қилишингиз етарли эди» – деган эдилар». Умар разияллоҳу анҳу бу воқеъани эслай олмади ва:
«Ҳой Аммор, Аллоҳдан қўрқ!» – деди. Аммор разияллоҳу анҳу:
«Агар хоҳласангиз, Аллоҳнинг зиммамга юклаган сизга бўлган итоатим ўлароқ, буни ҳеч ҳам айтмай!» – деди. Умар разияллоҳу анҳу:
«Эга бўлган нарсангга сени раҳбар қиламиз!», яъни,
«Одамларга у воқеъани айтавер!» – деди.
Хуллас, Умар разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратсизлик пайтида бўлганидек, жунублик пайтида ҳам таяммум қилишга тавсия қилганини унутган ва бу бобда Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг фикрига эргашган эди. Чунки, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳумолар ўртасида бу мавзуда мунозара бўлди. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу Аммор разияллоҳу анҳунинг Умар разияллоҳу анҳуга айтган сўзларини ҳужжат қилиб келтирди:
«Умар разияллоҳу анҳу Аммор разияллоҳу анҳунинг гапларига қонқимаганини кўрмадингизми?!» – деди. Абу Мусо разияллоҳу анҳу эса:
«Амморнинг гапини қўйинг. Сиз ушбу оят – Моида сурасининг оятини назарда тутмоқда – ҳақида нима дейсиз?» – деди. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу бирон нарса демади. Чунки, (ҳукмнинг) тўғриси – «Таҳоратсиз одам каби жунуб ҳам таяммум қила олади» – деб айтган жамоатники эди. Хуллас, гоҳо унутиб шаръий ҳукмларни билмаслиги ва узрли бўла туриб баъзи гапларни айтиши мумкин. Бироқ далил илми – узрли эмасдир. Шу билан учта сабаб айтиб ўтилди.
Тўртинчи сабаб: Ҳадис олимга етиб келган, бироқ у, ҳадисдан назарда тутилган мақсаднинг аксини тушунган.
Биз бунга икки мисолни, бирисини Аллоҳнинг китоби – Қуръон Каримдан, иккинчисини эса суннатдан келтирамиз.
1. Қуръон Каримдан мисол: Аллоҳ таоло айтди
«Агар бетоб ё сафарда бўлсангизлар, ёки сизлардан бирон киши ҳожатхонадан чиққан бўлса, ёхуд хотинларингиз билан яқинлашган бўлсангиз ва (мазкур ҳолатларда)
сув топа олмасангиз покиза тупроқ билан таяммум қилиб, юз ва қўлларингизга суртинглар» (Нисо: 43).
Уламолар: «ёхуд хотинларингиз билан яқинлашган бўлсангиз» жумласи ҳақида фарқли фикрлар айтдилар. Айримлар: «Бундан мақсад – (аёлнинг баданига) мутлақ тегишдир» – деса, бошқалар: «Бундан мақсад, шаҳватни қўзғовчи тегишдир» – дедилар. Учинчи гуруҳ эса: «Бундан мақсад – жинсий алоқадир» – дедилар. Бу – Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг фикри эди.
Оят ҳақида бир оз фикр юритиб кўрсангиз, «Ундан мақсад – жинсий алоқадир» – деган гуруҳ ҳақли эканини биласиз. Чунки, Аллоҳ таоло сув билан покланиш ҳақида икки нарсани – катта ва кичик таҳоратни зикр қилган (катта таҳорат – ғусл, кичик таҳорат – оддий таҳоратдир). Аллоҳ таоло таҳорат ҳақида:
«... юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз (яъни нам қўлларингиз билан силангиз)
ва оёқларингизни ошиқларигача ювингиз!» (Моида: 6), ғусл ҳақида эса:
«Агар жунуб бўлсаларингиз, чўмилингиз!» (Моида: 6) – деган.
Таяммум билан покланишда, ҳар икки покланишга сабаб бўлган нарсаларни ҳам эсга олиш – балоғат ва изоҳ тақозо этган нарсалардандир. Аллоҳ таолонинг:
«... ёки сизлардан бирон киши ҳожатхонадан чиққан бўлса» (Нисо: 43) ояти кичик таҳорат – таҳоратнинг сабабчисидир... Аллоҳ таолонинг:
«ёхуд хотинларингиз билан яқинлашган бўлсангиз» (Нисо: 43) ояти катта таҳорат – ғуслнинг сабабчисидир.
Агар «яқинлашиш»дан мақсад «ушлаш-тегишдир» деб айтсак, оятда катта таҳорат- ғуслнинг зикри эмас, кичик таҳорат-таҳоратнинг сабабчиларидан иккитасининг зикри келган бўлади. Бу эса Қуръон балоғати тақозо этган нарсанинг зиддидир.
Ушбу оятдан мақсад мутлақ ушлаш эканини тушунган одамлар: «Агар эркак киши хотин кишининг баданини ушласа таҳорати бузилади, ёки шаҳват билан ушласа таҳорати бузилади, ёхуд шаҳватсиз ушласа таҳорати бузилмайди» – дедилар. Аслида эса, бу икки ҳолатда ҳам таҳорат бузилмайди. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рафиқаларининг биридан бўса олар ва таҳорат қилмай намозга чиқиб кетар эдилар. Бу ҳадис, бир-бирини қувватлайдиган йўллардан ривоят қилинди.
2. Суннатдан мисол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аҳзоб жангидан қайтгач, уруш анжомларини қўйганларида Жибрил алайҳиссалом келиб:
«Биз ҳали қуролларни қўймадик. Бас, Қурайза қабиласига (уруш қилиш учун) чиқинг!» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни урушга отланишга буюрдилар ва:
«Ҳар бирингиз аср намозини Қурайза қабиласида ўқисин!» – дедилар. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу сўзларини бир-бирларидан фарқли тушундилар. Баъзилари: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сафарга чиқишга шошилишларидан мақсад – аср вақтида Қурайза қабиласида бўлишимиздир»,– деб тушундилар. Шунинг учун ҳам аср вақти бўлгач, ҳали йўлда бўлишларига қарамай, вақтидан кечиктирмай намозни ўқидилар.
Бошқа саҳобалар эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:
«Намозни Қурайза қабиласига етиб боргач ўқинглар!» – деб айтган сўзларини Қурайза қабиласига боргандагина ўқишни тушундилар ва намозни кечиктириб Қурайза қабиласида, намозни вақти чиққанидан кейингина ўқидилар.
Намозни ўз вақтида ўқиганларнинг тўғри иш қилгани, шубҳасиздир. Чунки, намознинг вақтида ўқилишининг фарзлиги ҳақидаги насслар – муҳкам-аниқ-равшандир. Бу эса муштабиҳ – мақсади ноаниқ нассдир. Илм йўли эса ҳукми ноаниқ бўлган нассларни муҳкам – ҳукми аниқ бўлган насслар ҳукмига жорий қилишдир...
Демак, хилоф сабабларидан бири – далилдан Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақсадини билмасликдир. Бу – тўртинчи сабабдир.
Бешинчи сабаб: Олимга ҳадис етиб келган, бироқ, бу ҳадис носих билан исқот қилинмаган мансухдир.
Ҳадис саҳиҳ ва тушунарли бўлиши мумкин, бироқ у мансух бўлиб, олим унинг мансухлигини билмайди. Бу пайтда уни узрли ҳисобланади. Чунки асос – носихни билмагунича насснинг мансух эмаслигидир.
Quote:Мансух – ҳукми бекор қилинган, носих – бошқа бир насснинг ҳукмини бекор қилиш учун юборилган насс-ваҳий.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу шундай қилган эди... Рукуъ пайтида одам қўлларини қаерга қўйиши керак? Исломнинг аввалги даврларида намозхон рукуъ қилар экан қўлларини юмиб, тиззалари орасига қўяр эди. Кейинчалик бу ҳукм бекор қилинди ва қўлларни тиззаларга қўйиш машруълашди. Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»и ва бошқа китобларда бу ҳукмнинг мансух бўлгани ҳақида далилар бор. Бироқ, Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу бу ҳукмнинг мансух бўлганини билмас ва қўлларини юмиб, тиззалари орасига қўяр эди. Унинг ёнида Алқама ва Асвад разияллоҳу анҳумолар намоз ўқиб, қўлларини тиззалари устига қўйдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу уларга буни таъқиқлади ва тиззалари орасига икки қўлни юмиб қўйишга буюрди... Нега?! Чунки у, бу ҳукмнинг мансух бўлганини билмас эди.
Инсонни кучи етган нарсаларнигина қилишга таклиф қилинади... Аллоҳ таоло айтди:
«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. (Ҳар кимнинг) қилган (яхши) амали ўзи учундир ва (ёмон) амали ҳам ўзининг бўйнигадир. Роббимиз, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор айлама! Роббимиз, бизларнинг зиммамизга биздан илгари ўтганларнинг буйинларига қўйган юкингни юклама! Роббимиз, бизларни тоқатимиз етмайдиган нарсага зўрлама! Бизларни афв эт, (гуноҳларимизни) мағфират қил, (ҳолимизга) раҳм айла! Ўзинг хожамизсан! Бас, бу кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил!» (Бақара: 286).
Олтинчи сабаб: Олим ўзига етиб келган далилга насс ва ижмоъга кучлироқ бўлган нарса билан қарши эканини тушунади.
Яъни, ҳужжат, далил сўраган одамга етиб келди. Бироқ у, етиб келган насс ва ижмоъга: «Ундан кўра кучлироқ далилларим бор» – деб қарши туради. Бу – талайгина уламоларнинг ихтилофидаги сабабдир. Кўплаб одамларнинг ижмоъ дея келтирган ҳужжатларини эшитамиз, аммо, бир оз ўйлаб кўрилса, уларнинг ижмоъ эмаслиги маълум бўлиб қолади.
Ижмоъ ҳақида нақл қилинган ҳукмларнинг энг ғаройибларидан бири шуки, баъзилар: «Қулнинг гувоҳлигини инобатга олишга ижмоъ қилинган!» – дейишса, бошқалар: «Қулнинг гувоҳлиги инобатга олинмайди» – дедилар. Бу – энг ғаройиб нақл эди. Чунки айрим одамларнинг атрофида бир фикрга келган одамлар бўлса, гўё уларнинг мухолифи йўқдек туюлади ва: «Насслар тақозоси шугинадир» деган эътиқодда бўлади. Натижада, унинг зеҳнида насс ва ижмоъ далиллари тўпланади. У, нассларни соғлом қиёс ва соғлом қараш тақозоси деб ўйлайди ва: «Мендаги соғлом насс билан ўзимдаги соғлом қиёс ўртасида ихтилоф ҳам йўқ, уларга қарши насс ва ижмоълар ҳам йўқ» – деб гумон қилади. Аслида эса, аксинчадир.
(Яна) бунга мисол ўлароқ Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг ортиқча ўсим-рибо (риба ал-фазл) ҳақидаги фикрини келтирамиз.
Quote:Ортиқча ўсим – бир жинсдаги икки эваздан бирининг бошқасига ортиқчаси билан сотиш. Масалан, бир дирҳамни икки дирҳамга сотишдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:
«Дарҳақиқат, рибо-ўсим – насияда бўлади» деганлари ҳам, Убода ибн Сомит ва бошқалар разияллоҳу анҳумнинг ривоятларида: «Ўсим – насияда ҳам, ортиқ беришда ҳам бўлади» – деганлари ҳам ворид бўлгандир.
Уламолар Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан кейин ўсимнинг икки турли: ортиқча ва насия бўлишига ижмоъ қилдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо эса ўсимнинг насиядагина бўлишини айтар, ортиқча ўсимни инкор қилар эди. Масалан, бир кило буғдойни икки кило буғдойга нақд сотишнинг, Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумонинг фикрича зарари йўқ эди. Чунки у, ўсим – насиядагина бўлади, деб ўйлар эди. (Яна ҳам ойдинлатмоқчи бўлсак), масалан, бир мисқол тиллони икки мисқол тиллога нақд сотсангиз (алиштирсангиз), Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумонинг фикрича рибо эмас, бироқ, менга бир мисқол тиллони берсангиз ва мен сизга бир-биримиздан айрилганимиздан сўнгра бадалини (икки мисқол тиллони) берсам, бу – ўсим-рибодир. Чунки, Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо: «Бу ҳаср ўсимнинг бошқа шаклда содир бўлишига монеъдир.
Quote:Юқоридаги ҳадисда ўтган «дарҳақиқат» сўзи ўзидан кейин келган сўзнинг бир ҳолатдагина истеъмол қилишини тақозо этиши.
Маълумки, «иннамаа-дарҳақиқат» сўзи чекланишни ифодалайди ва ўсим ундан бошқасида бўлмаслигига далолат қилмоқда. Аслида эса Убода разияллоҳу анҳунинг ҳадиси «(Бир жинсдан бўлган икки нарсанинг) бир-биридан ортиқчага сотилиши-алиштирилиши» ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:
«Ортиқча бўлган ёки орттирилишини талаб қилган одам – рибо қилибди» – деб айтган ҳадисларига биноан, ўсим эканини кўрсатмоқда.
Хўш, биз Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо далил қилган ҳадисга қандай муносабатда бўлишимиз керак?
Бизнинг муносабатимиз шуки, ушбу ҳадисни рибонинг ортиқчада ҳам бўлишига далолат қилган бошқа ҳадис билан бир хил бўлиши мумкин бўлган усулга қайтарамиз ва шундай деймиз: «Жоҳилият аҳли суянган ва Аллоҳ таолонинг:
«Эй мўминлар, (берган қарзларингизни)
бир неча баробар қилиб олиш билан судхўрлик қилмангиз!» (Оли Имрон: 130) оятидаги оғир рибо – насия ўсимдир. Аммо ортиқча ўсим (рибо ал-фазл) ўта оғир рибо эмас. Шунинг учун ҳам ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ «Эъломул-муваққиъийн» китобида ортиқча ўсимнинг ҳаромлиги мақсадларни эмас, воситаларни ҳаром қилиш бобидан эканини қайд қилган».
Еттинчи сабаб: Олим заиф ҳадисни олган ёки заиф далил келтирган.
Бу ҳолат жуда ҳам кўп содир бўлади. Унинг, яъни, заиф ҳадисни далил қилишнинг мисолларидан бири, айрим уламоларнинг тасбиҳ намозини «мустаҳаб» деб ҳисоблашларидир. Бу намоз икки ракаат бўлиб, унда Фотиҳа сураси ўқилади ҳамда ўн беш марта тасбиҳ айтилади. Рукуъда ҳам, саждада ҳам ва мен билмаган бошқа сифатларида ҳам шунча тасбиҳ айтилади. Чунки мен, у намознинг шаръан борлигига ишонмайман. Бошқа олимлар эса тасбиҳ намозининг макруҳ бидъат экани, у ҳақда келган ҳадиснинг саҳиҳ эмаслигини айтадилар. У олимлардан бири – Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ бўлиб:
«Бу намознинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлгани саҳиҳ эмас» – деган бўлса, шайхулислом ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ эса:
«Тасбиҳ намози ҳақидаги ҳадис – ёлғон (сохта) ҳадисдир» – деган.
Ҳақиқатан ҳам, бу ҳадиснинг санади ҳақида фикр юритган одам, унинг ҳатто шариатга нисбатан ҳам тутуруқсиз эканини кўради. Чунки ибодат қалбга фойдали бўлиши керак-ки, қалб ундан фойда олиши учун бу ибодат ҳар вақт ва ҳар жойда машруъ бўлиши керак. Ёки фақатгина фойдали бўлиб, машруъ бўлмаслиги керак. Ривоят қилинган ҳадисга кўра ушбу намозни одам бир йилда бир марта ёки бир ойда бир марта ёхуд умри давомида бир марта ўқиши керак. Бунинг шариатда ҳеч ўхшаши йўқдир. Бу – ушбу ҳадиснинг матн ва санад нуқтаи назаридан тутуруқсиз эканига далолат қилади. Тасбиҳ намози ҳақидаги ҳадиснинг ёлғон эканини айтган шайхулислом ибн Таймийя каби олимлар тўғри айтишган (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин!). Шунинг учун ҳам, шайхулислом ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ:
«Бу намозни ҳеч бир имом мустаҳаб демаган» – деб айтган.
Менинг буни мисол келтиришимдан мақсад, кўпгина эркак ва аёллар бу ҳақда сўрайдилар. Мен бу бидъатнинг машруъ ишга айланиб қолишидан қўрқаман ва у намозни, баъзи кимсаларга оғир бўлсада, «бидъат» деб атайман. Чунки биз, Аллоҳ Ўз Китоби – Қуръон Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида нозил қилмаган барча нарсани бидъат деб эътиқод қиламиз.
Шунингдек далил нуқтаи назаридан заиф бўлган далилни олган одамнинг ҳам далили кучли, бироқ, уни бу ерда далил қилиши заиф бўлиши мумкин. Масалан, уламолар «Боланинг «бисмиллаҳ»и, онасининг «бисмиллаҳ»идир» ҳадисидан олган ҳукм.
Илм аҳлларига кўра ҳадиснинг маъноси: «Она ҳайвон бўғизлангач, унга айтилган «бисмиллаҳ» боласи учун ҳамдир. Яъни, онаси бўғизлангач боласи қорнидан чиқарилган бўлса, бу бола учун «бисмиллаҳ»ни айтишга ҳожат йўқ. Чунки, ўлган нарсага «бисмиллаҳ» айтишнинг фойдаси йўқ»дир. Уламоларнинг баъзилари «(Она ҳайвон қорнидаги) болага айтилган «бисмиллаҳ», онасига айтилган айтилган «бисмиллаҳ» кабидир» ҳадисидан мақсад, икки жон томирни кесиб, қонни оқизишдир, – дедилар. Бу – мақсаддан йироқ фикрдир. Унинг йироқлигини қоннинг ўлгандан кейин оқмаслиги очиқ кўрсатмоқда.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса:
«Қони оқизилган ва Аллоҳнинг исми айтилган гўшт бўлса е!» – дедилар. Маълумки, қонни ўлгандан сўнг оқизиш имкони йўқдир.
Мен огоҳлантирмоқчи бўлганим мазкур сабаблар саноқсиз сабаблардан айримларигина, холос. Хўш, биз нима қилишимиз керак?
Мавзуга киришар экан шуни эслатган эдим: «Одамлар эшитиладиган, кўриладиган ва ўқиладиган оммавий ахборот воситалари, уламоларнинг фарқли қарашлари ёки бу воситаларда гапираётганларнинг ихтилофлари сабабли шубҳаниб, «Биз кимга эргашайлик?!» – демоқдалар.
Овчига кийиклар сурувси кўпайиб келса,
Уларнинг қайси бирини овлашга ҳайрон бўлиб қолади...
Бундай пайтда биз шундай деймиз: «Биз «уламоларнинг ихтилофи» деб айтган жумламиздаги уламолардан – билими ва диндорлигига ишонганимиз олимларни назарда тутаяпмиз. «Билимли» деб ҳисоблансаларда илм аҳлидан бўлмаган «билимдонларни» эмас. Чунки биз, уларни олим, айтган гапларини эса илм аҳлларининг ёдда сақланган сўзлари, деб ҳисобламаймиз.
Биз «уламолар» сўзидан Умматга насиҳат қилиш, мусулмончилиги ва билими билан машҳур бўлган уламоларни назарда тутмоқдамиз. Бу уламоларнинг фарқли қарашларига бўлган муносабатимиз икки жиҳатдандир:
1 – Бу имомлар Аллоҳнинг Қуръони ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати тақозо қилган нарсаларда бир-бирларига қандай фарқли қарашлар билдирдилар?
Бунга юқорида ихтилоф сабаблари ҳақида айтиб ўтган гапларимиздан жавоблар олиниши мумкин. Ҳолбуки, ихтилофнинг биз айтмаган ва билими чуқур бўлмасада толиби илмлар ҳам била оладиган сабаблари кўпдир.
2 – Уламоларга эргашишга қандай муносабат билдирамиз?
Одам, худди мазҳабга таассуб қилганлардек, тўғрилик бошқаларда бўлса ҳам битта имомнинг сўзидан чиқмай, унга эргашиб кетаверадими? Ёки ўзи мансуб бўлган имомларга мухолиф бўлсада, ўзидаги кучли деб ҳисоблагани далилга эргашадими?
Жавоб – иккинчисидир. Яъни, далилни билган одам, модомики ижмоъга зид эмас экан, имомлардан бирига хилоф бўлсада, далилга эргашиши керак. Агар бирон киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқасининг сўзини ҳар бир замон ва маконда қилиш ёки тарк этиш нуқтаи назаридан олиш керак, деб эътиқод қилса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқасида пайғамбарлик хусусияти борлигига гувоҳ бўлган бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларининг ҳукмигина шундай бўлиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа бировнинг сўзларини олиш ёки олмаслик мумкиндир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламники эса фақат олинади ва асло рад қилинмайди!
Бу ерда ўйлаб кўришимиз керак бўлган бир иш бор. Биз ҳануз «Далиллардан ҳукмларни ким чиқара олади?» – деган саволга жавоб изламоқдамиз. Бу – муаммога айланди. Чунки, ҳар бир одам: «Мен – бу ишга лойиқман!» – демоқда. Бу, аслида, яхши эмас. Албатта, Қуръон Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати одамнинг йўлбошчиси бўлиши, мақсад ва асос нуқтаи назаридан тўғри. Бироқ, маъно ва моҳиятини билмасада, далилни айтган одамга дарвозаларни ланг очиб: «Сиз хоҳлаган нарсасини айта оладиган мужтаҳидсиз!» дейишимиз, шариат, шахс ва жамиятнинг бузилишига олиб келади.
Одамлар бу бобда уч қисмга бўлинадилар:
1 – Аллоҳ билим ва тушунча берган олим;
2 – Билим савияси етук олимлик даражасига етмаган илм толиби;
3 – Ҳеч нарсани билмайдиган саводсиз оми.
Буларнинг биринчиси – ижтиҳод ва гапириш ҳаққи бўлган одамдир. Ҳатто у, унга мухолифлар нақадар кўп бўлмасин, далиллар тақозо қилган ҳукмларни айта олади. Чунки у, буларни айтишга мажбур. Аллоҳ таоло:
«Агар (улар ўзларига келган хабарни ҳар кимга ёйиб юрмасдан) пайғамбарга ва ўзларидан бўлган бошлиқларгагина етказганларида эди, уни (яъни мана шу хабарнинг ҳақиқатини) билмоқчи бўлган кишилар ўшалардан билган бўлар эдилар» (Нисо: 83), деган. Бу одамлар – Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари далолат қилган маънолардан ҳукм чиқаришга лойиқ олимлардир.
Иккинчи қисм одамлар, Аллоҳ билим берган, бироқ, билимлари аввалги қисмдаги одамлар даражасига етмаган одамлардир.
Уларнинг умумий, мутлақ ва ўзига етиб келган ҳукмларни олишининг зарари бўлмасада, у ҳукмларни айтар экан эҳтиёт бўлиши, ўзидан билим савияси баланд одамлардан сўрашни канда қилмаслиги керак. Чунки, у хато қилиши, умумий бўлган ҳукмларни хос қилиб изоҳлаши ёки мутлақ ҳукмларни чеклаб қўйиши ёхуд муҳкам – ҳукми аниқ бўлган ҳукмларни, билмасдан, насх-бекор қилиб юбориши мумкин.
Учинчи қисмдаги одамлар – илми бўлмаган саводсиз оми одамлардир.
Бу одамларнинг, Аллоҳнинг қуйидаги сўзларига кўра, илм аҳлидан сўрашлари фарздир:
«Агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмларидан сўранглар!» (Наҳл: 43).
Ҳа, бу одамлар сўрашлари керак. Хўш, кимдан сўрайдилар? Шаҳарда уламолар кўп бўлиб, уларнинг ҳар бирини «олим» деб аталади. Уларнинг қайси биридан сўралади? Сиз уларнинг тўғриликка яқин бўлганини қасд қиласиз ва ундан сўраб, сўзларини қабул қиласиз. Ёки: «Ўзингиз илм аҳли дея билганингиз одамдан сўрайверинг. Чунки танланган одам гоҳида муайян масъалада тўғри жавоб беришга муваффақ бўлсада, ундан кўра афзалроқ одам бу масъалани ечишга муваффақ бўлмаслиги мумкин» – деймиз. Бироқ, бу масъалада уламолар ихтилоф қилдилар.
Айримлари шундай дедилар: «Саводсиз омининг она шаҳрида яшаётган ва билими кучли деб ишонган ҳар бир олимдан сўраши вожибдир. Чунки, бемор даволаниш учун касаллигини жуда яхши билган малакали докторни излаганидек, қалб давоси учун ҳам билим савияси кучли деб ўйлаганингиз олимни танлашингиз керак. Чунки илм, қалб касалликларининг давосидир».
Бошқалари эса бунинг вожиб эмаслигини айтдилар. Чунки билими кучли бўлган одам ҳар бир масъалада ҳам ўта билимдон бўла олмайди. Бу гапни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонидаги одамларнинг, олимлари бўлишига қарамай, оддий саҳобалардан ҳам сўраганлари, қувватлайди. Менинг бу масъаладаги фикрим шуки, саводсиз оми одам дини ва билимида афзалроқ деб кўрган олимдан сўрайверади. Бироқ, унинг сўраши вожиб эмас. Чунки, афзал бўлган одам ҳам бирон бир муайян масъалада хато қилиши мумкин. Ундан кўра билим савияси озроқ бўлгани эса тўғри ечимни топиши мумкин. Бу – бирламчи фикрдир. Аслида, билими, тақвоси ва диндорлиги тўғриликка яқинроқ бўлган олимдан сўраши афзалдир.