Pages (13):    1 8 9 10 11 12 13   
Admin   09-24-2010, 10:36 PM
#91
Мавлидлардан ҳазир бўлинг!

Хатиб: Шайх Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Басрий

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий


Асл сарлавҳа: التَّحْذِيرُ مِنْ بِدْعَةِ الْمَوْلِدِ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир... Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.
«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).
Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир.
Сўнг ...
Ҳой одамлар, мен сизларга ва ўзимга Аллоҳдан тақво қилишни тавсия этаман:
«Эй (Ийсога) иймон келтирган зотлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва Унинг пайғамбари (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳам иймон келтиринглар, (шунда) У зот сизларга Ўз раҳматидан икки ҳисса ато этур ва сизлар учун (Қиёмат Кунида олдиларингизда) юрадиган нур (пайдо) қилур ҳамда сизларни мағфират қилур. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Ҳадид: 28).
Ҳой мусулмонлар, бандалар зиммасидаги буюк ҳақлардан бири Аллоҳ таолонинг ўзигагина шериксиз ибодат қилиш бўлса, Аллоҳнинг ҳаққидан кейин итоат этиш, тасдиқлаш ва издош бўлиш билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаққи туради. Бунга Қуръон ва ҳадисда ёрқин ва кўплаб ҳужжатлар бор. Аллоҳ таоло айтди:
«Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!» (Нисо: 36);
«Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Парвардигорингизга ибодат қилингиз» (Бақара: 21);
«Эй мўминлар, рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Парвардигорингизга ибодат қилиб, яхшилик қилингиз, шоядки нажот топсангизлар» (Ҳаж: 77).
Муоз разияллоҳу анҳу ҳадис ривоят қилар экан шундай деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга уловга мингашган эдим. Ўртамизда эгарнинг орқа учигина бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳой, Муоз!» – дедилар. Мен: «Лаббай, амрингизга мунтазирман!» – деб жавоб бердим. Бир оз юргач (яна): «Ҳой, Муоз!» – дедилар. Мен (яна): «Лаббай, амрингизга мунтазирман!» – дедим. Бир оз юргач (яна): «Ҳой, Муоз!» – дедилар. Мен (яна): «Лаббай, амрингизга мунтазирман!» – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бандалар зиммасидаги Аллоҳнинг ҳаққи нима эканини биласанми?» – дедилар. Мен: «Аллоҳ ва Расули мендан кўра яхшироқ билади!» – деб жавоб бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бандалар зиммасидаги Аллоҳнинг ҳаққи Унга ибодат қилишлари ва Унга бирон нарсани шерик қилмасликларидир» – дедилар. Сўнгра бир оз юргач (яна): «Ҳой, Муоз!» – дедилар. Мен (яна): «Лаббай, амрингизга мунтазирман!» – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У ҳақни адо этганларида Аллоҳ зимммасидаги бандалар ҳаққи нима эканини биласанми?» – деб савол бердилар. Мен: «Аллоҳ ва Расули мендан кўра яхшироқ билади!» – деб жавоб бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уларни азобламаслик Аллоҳнинг зиммасидаги бандаларнинг ҳаққидир» – дедилар» (Имом Бухорий 5510, 6019; Имом Аҳмад 21082, 22096).
Аллоҳ таоло Ўзига ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилишга буюрган экан биз ибодат бўлган, Аллоҳга итоат этиш билан амру таъқиқларга итоат этиш, хабарларни тасдиқлаш, суннатга эргашиш, мақомига қараб ҳурматлаш, ғулув ёки лоқайдлик қилишдан тажовуз қилиб ўтмайдиган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш ўртасини айиришимиз керак.
Қуръон Карим ҳақида тафаккур қилган одам, алҳамдулиллаҳ, бу икки итоат ўртасидаги фарқни аниқ кўради ва фарқ борлигини тан олади. Уни, Аллоҳ қалбини ғафлатда қўйган ва нафсу ҳавосига эргашган кимсаларгина кўра олмайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
«Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйинсунса ва Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилса, бас ана ўшаларгина (бахт-саодатга) эришгувчилардир» (Нур: 52).
Аллоҳ таолонинг Ўзи ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилишни қандай айиргани ҳамда қўрқув ва тақвонинг Ўзигагина бўлиши шартлигини қандай ифодалаганини кўринг. Аллоҳ таоло айтди:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Биз сизни (Қиёмат Кунида барча умматлар устида) гувоҳлик бергувчи, (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи ва (у кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи қилиб юборгандирмиз. (Эй инсонлар, Биз бу пайғамбарни) сизлар Аллоҳга ва унинг пайғамбарига иймон келтиришларингиз учун ва У зотни улуғлаб, эҳтиром қилишларингиз ҳамда эртаю кеч уни поклаб, тасбеҳ айтишларингиз учун (юбордик)» (Фатҳ: 8, 9).
Аллоҳ таоло Ўзи ва расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтиришни, Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламни эса фақатгина ҳурматлашни баён қилди. Ибодат – эртаю кеч поклашни эса, Ўзи учунгина эканини таъкидлади.
Аллоҳ таоло айтди:
«Раҳматим — меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Мен уни (раҳматимни) тақво қиладиган, закотни берадиган зотларга ва Бизнинг оятларимизга иймон келтиргувчи бўлган кишиларга ёзурман. Улар шундай кишилардирки, уммий (саводсиз) пайғамбарга — номини ўз олдиларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолда топишадиган — элчимизга эргашадилар. У пайғамбар уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни улар учун ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда улардан юкларини ва устларидаги кишанларини олиб ташлайди (яъни ислом динидан аввалги динларда бўлган оғир, машаққатли ибодатларни олиб ташлаб, уларнинг ўрнига осон ва енгилларини келтиради). Бас, унга иймон келтирган, уни улуғлаб, унга ёрдам қилган ҳамда унинг (келиши) билан нозил қилинган нурга (яъни Қуръонга) эргашган зотлар — ана ўшаларгина нажот топгувчилардир» (Аъроф: 156);
«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир»» (Оли Имрон: 31);
«Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56);
«Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари сизларни абадий ҳаёт берадиган нарсага (яъни, динга) даъват қилар экан, уни қабул қилинглар» (Анфол: 24);
«Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича - бўйинсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65);
«(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур: 63).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бировингиз Мен унга фарзанди, ота-онаси ва барча одамлардан кўра севимлироқ бўлмагунимча (комил) мўъмин бўла олмайди» – дедилар (Имом Муслим 63; Имом Аҳмад 13402, 13911; Насоий 4927; Ибн Можа 66).
Хуллас, эй мусулмонлар, юқоридаги ва бошқа насслар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаққи – унга иймон келтириш, эргашиш, итоат этиш ва низоли нарсаларда ҳукм қилиши учун унга мурожаат этиш, унинг ҳукмига рози бўлиш, уни ҳурмат қилиш, севиш, жон, оила ва молу мулкдан устун кўриш, унга ёрдам бериш ва салавоту саломлар айтиш эканини кўрсатмоқда.
Ушбу ҳақларнинг энг муҳими ва каттаси, аслида эса шу ҳақларнинг самараси, мағзи, уни тасдиқлашнинг далили ва ҳужжати – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат этиш ва буйруқларига бўйинсунишдир. Ҳолбуки бу, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссолату вассаломдан то Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламгача юборган пайғамбарларнинг энг катта ҳақларидандир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу ҳақда шундай дейди:
«Биз қай бир пайғамбарни юборган бўлсак, фақат Аллоҳнинг изни-иродаси билан унга итоат қилинсин, деб юборганмиз» (Нисо: 64).
Шунингдек, пайғамбарларнинг кўплари ўз халқларига:
«Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!» – дер эдилар (Шуаро: 108, 110, 126, 131, 144, 150, 163, 179).
Пайғамбарлар Аллоҳдан қўрқишга, ўзларига эса итоат этишга чорлар эдилар.
Ҳой мусулмонлар, шунинг учун ҳам юзини Аллоҳга яхшилик билан бўйинсундирган одамнинг, Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган мўъминнинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда бундан ортиқ бирон нарса борлигини, «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севаман ва улуғлайман!» – деган иддао билан хаёл қилиши мумкин эмас. Ҳолбуки, шу кунларда «Мавлидхонлик» маросимини қилаётган одамлар бидъатларни жонлантириб, суннатларни «ўлдирмоқдалар». Чунки улар ширк маъноларини ўзида мужассам қилган қасида ва шеърлар айтиб, куфр мадҳияларини куйламоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мадад сўраб, ҳожатларини бароридан келтиришини тиламоқдалар. Ёхуд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан касалларига шифо, мусибатларига кушойишни умид қилмоқдалар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрига юзланиб, шафоат сўраб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни (мушриклар сингари) восита қилмоқдалар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёти соф тавҳид таълимотларининг амалий татбиқи, соф эътиқод таълими, соғлом мақсад учун чорлаш, ширк ва куфрни таъқиқлаш, Ўзи ҳақидаги ғулувдан огоҳлантириш билан ўтган. Шунинг учун ҳам, Муоз разияллоҳу анҳу Шом ва Ямандан қайтгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сажда қилди. Буни кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни бундан қайтардилар ва: «Агар бировни бировга сажда қилишга буюрмоқчи бўлсам, хотинни эрига сажда қилишга буюрар эдим» – дедилар (Термизий 1079; Имом Аҳмад 18591, 23331; Ибн Можа 1842, 1843).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам салом берар экан, эгилишни ҳам таъқиқладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни ўтириб ўқир экан, саҳобаларнинг орқаларида тик туриб намоз ўқишларига ижозат бермадилар. Биров: «Аллоҳ ва сиз хоҳласангиз!» деганида: «Мени Аллоҳга тенгдош қилдингми? Балки, Аллоҳ хоҳласагина!» (– деб айт)» – дедилар (Имом Аҳмад 1742).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Мозоримни сайилгоҳ қилиб олманглар! Қаерда бўлсангизлар ҳам менга салавот айтаверинглар, салавотингиз етиб келаверади!» (Ибн Абу Шайба 11940);
«Аллоҳим, мозоримни сиғиниладиган бутга айлантирма! Пайғамбарларининг мозорларини саждагоҳ қилиб олан қавмга Аллоҳнинг ғазаби қаттиқ бўлди» (Ибн Молик «Муваттоъ» 376, 593);
«Сизлардан илгари яшаганлар пайғамбарлари ва солиҳ кишиларининг мозорларини саждагоҳ қилиб олар эдилар. Бас, мозорларни саждагоҳ қилиб олманглар. Мен сизларга буни таъқиқлайман!» (Имом Муслим 532);
«Мени насоролар Ибн Марямни улуғлаганидек улуғламанглар! Чунки, Мен – Аллоҳнинг бандасиман. Шу боис: «Аллоҳнинг бандаси ва Расули» – деб айтинглар!» (Имом Бухорий 3189).
Ҳой мусулмонлар, пайғамбар ва солиҳ кишилар ҳақида ғулув кетиш ва уларни Аллоҳ қўйган мақомларидан юқорига кўтариш, Аллоҳ тарафидан ғазаб қилинган ва залолатга юз тутган – яҳудий ва насоролар умматида содир бўлди. Улар Аллоҳ таоло бизни нотўғри йўлларидан сақлаши учун намозимизнинг ҳар бир ракаатида дуо қилишимизга буюрган, бахтиқаро инсонлардир. Аллоҳ таоло айтди:
«Айтинг: Эй аҳли китоб, динингизда нотўғри томонга тажовуз қилманг ва (Ислом келишидан) илгари йўлдан озган ва кўпларни йўлдан оздирган ҳамда тўғри йўлдан чиқиб кетган қавмнинг нафси ҳаволарига эргашманг!»[1] (Моида: 77);
Quote:[1]Изоҳ: Яҳудийлар Ийсони отасиз туғилгани учун «валади зино», яъни «ҳаромдан бўлган бола», деб ҳақорат туҳмат қилар эдилар. Насронийлар эса «Ийсо — худонинг ўғли» дейишар эди. Шунинг учун бу оятда ҳар икки тоифага: «Динингизда нотўғри томонга тажовуз қилманг», деб хитоб этилади.
«Эй аҳли Китоб, (Ийсони худо дейиш билан) динингизда ҳаддингиздан ошмангиз! Аллоҳ шаънига эса фақат ҳақ гапни айтингиз! Албатта, ал-Масиҳ Ийсо бинни Марям фақат Аллоҳнинг пайғамбари ва Унинг Марямга етказган сўзи ҳамда унинг томонидан бўлган руҳ (соҳибидир), холос» (Нисо: 171);
«Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғли», дедилар. Насронийлар: «(Ийсо) Масиҳ Аллоҳнинг ўғли», дедилар. Бу уларнинг оғизларидаги (ҳужжат-далилсиз) гапларидир. Уларнинг бу гаплари худди аввалги кофир бўлган кимсаларнинг гапига ўхшайди. Уларни Аллоҳ лаънатлагай! Қандай адашмоқдалар-а! Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ бинни Марямни Парвардигор деб билдилар. Ҳолбуки, фақат ягона Аллоҳга бандалик килишга маъмур (буюрилган) эдилар. Ҳеч илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У зот уларнинг ширкларидан покдир» (Тавба: 30, 31).
Аллоҳ таоло бизни ҳар намозда Аллоҳ инъомлар ато этган пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ҳамда насоро ва яҳудийларга зид ишларни қиладиган солиҳ инсонлар йўли – Сиротум Мустақиймга ҳидоят қилишини сўрашга буюриши, банда учун шу икки салбий йўлларга кириб кетиш хавфи борлигини ифодаламоқда. Бу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, ҳақиқатан Ислом уммати ичида содир бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўзингиздан илгари яшаб ўтган халқлар изидан бирма-бир юрасизлар. Агар (дабб) калтакесак инига кирган бўлсалар, у ерга ҳам кирасизлар!» – дедилар. Саҳобалар: «Яҳудий ва насоролар (изидан)ми?» – деб савол беришганида: «(Улар бўлмаса) кимлар?!» – деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад 7990).
Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳдан тақво қилинглар ва унутмангларки, рофизий шиалар ва залолатдаги тасаввуф аҳлидан айримлари қилишаётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадон аҳли ҳақида умумий, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳақида эса хусусий ғулувлар – дин ниқоби остида ўйлаб топилган бидъатлардир. Унга на Аллоҳ рухсат берган ва на Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рози бўлгандир. Биз издош бўлишга буюрилган тўғри йўлдаги халифалар, саҳобалар, биринчи энг афзал уч аср мобайнида яшаб ўтган имомларнинг биронтаси ҳам қилмаган! Бу бидъатни илк бор ўзларини «Фотимийлар» дея ифтиро ва туҳмат билан аташган, аслида эса Убайдийлар дея аталган давлат (раҳбарлари) томонидан ўйлаб топилди. Бу бидъатдан эҳтиёт бўлиб, ўзингиз ва эътиқодингизни ҳимоя қилинглар! Яккахудолик ишончингиз ва қасдингизни Аллоҳ учун холис қилингиз!
Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм
«Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр. Шояд тақво қилсангиз, деб сизларни мана шу нарсаларга буюрди» (Анъом: 153).

Иккинчи хутба

Аллоҳга ҳамдлар, Муҳаммад ибн Абдуллоҳга саалвоту саломлар бўлсин.
Сўнг ...
(Ҳой одамлар), Аллоҳдан қўрқингиз ва Аллоҳнинг Расулига иймон келтирингиз! Унутмангларки, гапларнинг рости – Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳидояти, ишларнинг ёмони – дин ниқоби остида янги пайдо бўлганларидир.
Ҳой мусулмонлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
«Бизнинг ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилган қилган кишининг иши (ўзига) қайтарилгандир!» (Имом Бухорий 2499; Имом Муслим 3242);
«Бизнинг ишимиздан бўлмаган ишни қилган одамнинг бу иши (ўзига) қайтарилгандир» (Имом Муслим 3243).
Айрим жоҳиллар тарафидан ҳар йили рабиъулаввал ойининг ўн иккинчи кунида қилинаётган ва «Мавлидун набий» номи берилган йиғинларнинг барчаси ўзларига қайтарилган ва (дин ниқоби остида янги пайдо қилинган) бидъатлардир. Агар бирон яхшилик бўлса эди, Умматнинг салафи унга биздан илгари шошар эди. Бироқ, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳурмати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш, итоат этиш ҳамда ташқи ва ички кўринишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини жонлантириш, У билан бирга юборилган таълимотларни ёйиш бунинг учун қалб, тил ва қўл билан жиҳод қилиш эканини тушундилар ва бунга амал қилиб, ўша йўлдан юрдилар.
Мавлид йиғинларининг бидъат ва хурофот бўлиши билан бирга, ишончли тарихий асоси ҳам йўқдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша кунда туғилганлари аниқ эмас. Муаррихлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган кун ҳақида етти хил фикр айтдилар. Замондошимиз бўлган айрим муаррихларнинг гапига қараганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рабиъулаввал ойининг тўққизинчи кунида таваллуд топганлар. Қайси куни туғилган бўлсалар ҳам, у куни бирон йиғин ёки маросим ўтказиш жоиз эмас!
Ҳой мусулмонлар, биз бу бидъат ҳақида узоқ тўхталмаймиз. Чунки, алҳамдулиллаҳ, мамлакатимизнинг кўп бурчакларида бу бидъатни билмайдилар ва унга амал қилмайдилар. Бироқ, бошимизга сунъий йўлдошлар орқали узатилаётган тўғри йўдан оғдирувчи ва фитналарга сабабчи бўлган телеканаллар бало бўлди. Мазкур каналлар Ислом Оламининг турли бурчакларида бу бидъатни «исломий маросим» улароқ намойиш этмоқда. Натижада, билимсиз ва онгсиз инсонлар, буни ҳақиқат деб ўйлаб қолмоқда. Аслида эса, у – ҳақиқат эмасдир.
Ҳой мусулмонлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва бундан огоҳ бўлинглар! Суннатга амал қилиб, бидъатлардан йироқ туринглар! Шаръий билим олишга тиришиб, динда фақиҳ – билимдон бўлинглар! Чунки, Аллоҳ ким учун яхшиликни хоҳласа, уни динда билимдон қилиб қўяди. Ҳолбуки Аллоҳ бу ҳақда шундай деган:
«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» [2](Мужодала: 11).
Quote:[2] Изоҳ: Бу оятда илмнинг фазилати алоҳида таъкидлаб ўтилдики, бу борада пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан ҳам кўпдап-кўп ҳадислар ривоят қилинган бўлиб, улардан бири мана бу ҳадиси шарифдир: «Олимнинг обид устидаги фазилати худди тўлин ойнинг бошқа юлдузлар устидаги фазилати кабидир». Ҳукамолардан бирининг қуйидаги сўзлари ҳам ибратлидир: «Мен илм топа олмаган одам нима топганини, илм топган одам эса нима йўқотганини билсам эди».

Admin   09-29-2010, 10:09 PM
#92
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлидларида (туғилган кунларида) йиғилишнинг ҳукми

Савол: Индонезиядаги каби Исломий даъват ва Ислом шиори мақсадида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мавлидларида, Исро ва Меърож кечаларида йиғилишнинг ҳукми нима?
Жавоб: Дарҳақиқат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўз, амал ва Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш билан одамларни Исломга даъват қилдилар, ҳолбуки улар Исломга даъват қилиш, даъватни ёйиш ва унинг шиорларини намойиш этиш йўлини бошқалардан яхшироқ билар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлидларида, Исро ва Меърож кечаларида йиғилиш у кишининг даъватдаги ва Ислом шиорларини намойиш этишдаги йўлларидан эмас. Ваҳоланки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам бу кунларнинг қадрини бошқалардан кўра яхшироқ биладиган ва уни қадрини жойига қўядиган зот эдилар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум у кишининг йўлини тутдилар. Исломга даъват қилишда ва уни ер юзига тарқатишда у кишининг йўлларига эргашдилар. Мана шундай кечаларда ва шунга ўхшаш катта воқеалар бўлган кунларда йиғилиб тўпланмаганлар. Аҳли сунна вал жамоанинг мўътабар имомлари раҳимаҳумуллоҳлардан ҳам бундай ишларни қилганликлари эшитилмаган. Бундай бидъат ишларни динда бидъат пайдо қиладиган, динга ғулув кетадиган Рофиза ва Шийъа каби пок шариатдан билимлари кам бўлган кимсалар қилганлар.
Юқорида зикр қилинган кунларда йиғилиб тўпланиш мункар бидъатдир. Чунки у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам, тўғри йўлда бўлган халифалар ва улуғ уч асрда ўтган салафи солиҳ имомларининг йўлларига зид ишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
1. “Ким бизниг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у номақбулдир” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
2. [b]“Ким биз буюрмаган ишни қилса, у номақбулдир” [/b](Муслим ривояти).
3. “Сизлар янги пайдо бўлган ишлардан эҳтиёт бўлинглар, чунки ҳар бир янги пайдо бўлган иш бидъатдир ва ҳар-бир бидъат залолатдир” (Муслим ривояти).
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Admin   10-03-2010, 09:43 PM
#93
Ҳажнинг фазилати

Хатиб: Алий Абдурраҳмон Ҳузайфий, Масжидун Набавий имоми ва хатиби

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий


Асл сарлавҳа: البدع في الدين وفضل الحج
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Иккинчи хутба

Азиз, Ҳаким, Раҳмон ва Раҳийм Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Роббимга ҳамду санолар айтиб, унинг буюк марҳамати учун шукроналар келтираман ҳамда «Ягона ва шериксиз, барча нарсага қодир ва барча нарсани билгувчи Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ эканига» ва «Саййидимиз ва пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Аллоҳнинг бандаси ва расули бўлиб, Аллоҳ уни барча оламга раҳмат қилиб юборган эканига» гувоҳлик бераман. Аллоҳим, банданг ва расулинг бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи, саҳобалар ва тобиинларга салавоту саломлар йўлла.
Сўнг ...
(Эй одамлар), Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва Исломни мустаҳкам арқон билан ушланглар!
Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳ таоло ҳажни балоғат ёшига етган, оқил, (йўлига) қодир бўлган бандага умрида бир мартагина бажо келтиришни фарз қилди. Бошқа қилган ҳажлари – нафлдир. Аллоҳ таоло ҳажнинг мукофотини жаннат билан белгилади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умра, кейинги умрагача ўртадаги гуноҳларга каффоротдир. Тўкис ҳажнинг савоби, фақатгина, жаннатдир» – дедилар» (Имом Бухорий 1650; Насоий 2582).
Тўкис ҳаж – сарфланган маблағи ҳалол, арконлари, вожиблари ва суннатлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига мувофиқ тарзда ихлос билан, ҳаром нарсалардан йироқ туриб ва итоат-ла қилинган ҳаждир.
Ҳажнинг асосий амаллари, Аллоҳ таборака ва таоло «Ҳажжул Акбар» деб атаган Ҳайит куни қилинади. У амаллар: Ақаба тошини отиш, жонлиқ сўйиш, Каъбани тавоф қилиш ва саъйдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳаж амалларининг биридан иккинчисини олдин ёки кейин қилиш ҳақида саволлар берилганида: «Қилаверинг, зарари йўқ!» – деб жавоб бердилар (Имом Бухорий 81, 121, 1621, 1622, 6172; Имом Муслим 2301, 2303; Имом Аҳмад 6196, 6509, 6593, 6663, 6484). Аллоҳ таоло айтди:
«Сўнгра (қурбонлик қилганларидан кейин) улар кирларини кетказсинлар (яъни эҳромдан чиқиб, сочларини олдириб, тоза либосларини кийсинлар), назрларини (яъни зиммаларидаги ҳаж мажбуриятларини) тўла адо қилсинлар ва «Эски Уй»ни тавоф қилсинлар!» (Ҳаж: 29).
Ҳожи, ҳажи тўкис ва саъйи миннатдорчиликка лойиқ бўлиши учун, билмаган нарсасини илм аҳлидан сўраши ва ҳажини чиройли қилишга ҳаракат қилиши лозим.
Аллоҳнинг бандалари:
«Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга салавот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: «Ким менга битта салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот айтади» – дедилар (Имом Муслим 55; Термизий 446, 447, 3547; Абу Довуд 439; Имом Аҳмад 6280, 6568). Бас, сизлар ҳам аввалгию охиргиларнинг саййиди ва пайғамбарлар имомига салавоту саломлар айтингиз!
Аллоҳим, Муҳаммад ва Муҳаммаднинг оиласига, Иброҳим ва Иброҳимнинг оиласига салавот йўллаганингдек, салавот йўлла! Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг оиласига, Иброҳимга ва Иброҳимнинг оиласига барака ёғдирганингдек, барака ёғдир ва кўп саломлар йўлла! Дарҳақиқат, Сен – мақтовларга лойиқ, улуғ Зотсан!
Аллоҳим, тўғри йўлдаги халифалар ва ҳидоятланган имомлар: Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алийдан ҳамда пайғамбарингнинг барча саҳобларидан ҳамда тобиинлардан Ўзинг рози бўл!
Аллоҳим, эй раҳимлилар Раҳмлиси, улар билан бирга биздан ҳам Ўз лутфинг, караминг ва раҳматинг ила рози бўл!
Аллоҳим, Ислом ва муслмонларни азиз, куфр ва кофирларни хор қил!
Эй Кучли ва Азиз Аллоҳим, дининг, Китобинг ва Пайғамбаринг соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатига зафар бер!
Аллоҳим, мусулмонлар қалбини бирлаштир ва ўрталарини ислоҳ қил!
Аллоҳим, эй оламлар Робби, бизни ва мусулмонларни динингда фақиҳ айла ҳамда тоатингга муваффақ ва гуноҳларингдан йироқ қил!
Аллоҳим, эй оламлар Робби, бизга ҳақиқатни ҳақ қилиб кўрсат ва унга эргашишни насиб эт! Ботилни эса ноҳақ қилиб кўрсат ва ундан йироқ тулишни насиб эт!
Аллоҳим, эй оламлар Робби, бизни нафсимизнинг шумлиги, ёмон амалларимиз ҳамда ёмон бўлган нарсаларнинг ёмонлигидан сақла!
Аллоҳим, барча ишлардаги оқибатимизни чиройли қил ва бизга дунёнинг хорлиги ва охират азобларидан паноҳ бер! Аллоҳим, бутун мусулмонларни мағфират қил!
Аллоҳим, эй оламлар Робби, маййитларимиз ва мусулмонларнинг маййитларининг гуноҳларини мағфират, қабрларини ёруғ, ҳасанотларини мўл қил ва хатоларини кечир!
Аллоҳим, Фаластиндаги дўстларимизга ёрдам бер! Эй оламлар Робби, уларга ёрдамчи бўл, душман бўлма! Эй раҳмлилар Раҳимлиси, уларниг ожизликларига меҳрибон бўлиб, ишларини осонлаштир!
Аллоҳим, эй оламлар Робби, қайғуга тушган мусулмонларнинг қайғуларини, мусибатларини кушойиш айла! Қарздор мусулмонларнинг қарзини уз, беморларига шифо бер, эй раҳимлилар Раҳмлиси!
Аллоҳим, эй оламлар Робби, бизни ва зурриётимизни Иблисдан, Иблиснинг зурриётидан. Шайтонларидан ва лашкарларидан ҳимоя қил!
Аллоҳим, раҳбаримизни Ўзинг суйган ва рози бўлган ишларга муваффақ айла! Уни ҳидоят қил! Сенинг розилигинг учун ишлар қилишга йўлла! (Агар шундай бўлса), унинг дунё ва охират ишларига мададкор бўл ва ҳимоянгдан паноҳ бер! Дарҳақиқат, Сен барча нарсага қодирсан. Унинг ўринбосарларини ҳам Ўзинг рози бўлган ва суйган нарсаларга муваффақ айла! Аллоҳим, Сен барча нарсага қодирсан! Аллоҳим, бутун мусулмонларнинг раҳбарларини халқлари ва ватанларининг фаровонлиги учун ҳаракат қилишга ундади!
Аллоҳим, эй раҳмлилар Раҳмлиси, ҳожилар, мусофирлар ва умрачиларни раҳматинг билан ўз юртларига саломат ва савоблар билан қайтар!
«Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато қилгин, охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизни дўзах азобидан асрагин» (Бақара: 201).
Аллоҳнинг бандалари!
«Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтарур. У зот шояд ибрат-эслатма оларсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилур. Аҳд-паймон берган вақтларингизда, Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Аллоҳни кафил қилиб ичган қасамларингизни (Аллоҳ номини зикр этиш билан) мустаҳкам қилганингиздан кейин бузмангиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур» (Наҳл: 90, 91).
Бас, Буюк ва Улуғ Аллоҳни зикр қилингиз, У ҳам сизларни ёд қилади. Унинг неъматларига шукр қилингиз, неъматларини зиёда қилади. Аллоҳнинг зикри улуғдир ва Аллоҳ сизлар қилаётган нарсаларни билиб туради.

Admin   10-11-2010, 10:46 PM
#94
(01-27-2011, 01:27 PM)Муслим Wrote:
Илмни ҳақни айтган ҳар қандай кимсадан олинаверади!

Барча Оламлар Робби бўлган Аллоҳга ҳамду санолар, Аллоҳнинг изни билан икки дунё саодати сари чорлаган пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салавоту саломлар бўлсин.
Илм шундай нарсаки, уни ҳар бир ҳақни айтган кимсадан олинаверади. Маълумки, имом Бухорий баъзи ҳадисларни ҳатто ҳаворижлардан ҳам ривоят қилган эканлар.
Шунингдек кўпгина атоқли имомлар Аллоҳнинг исм-сифатлари масаласида ашъарийлар эътиқодида бўлишган. Булардан Ибн ал-Жавзий, Нававий ва Ибн Ҳажарларни ушбу синф уламоларига киритиш мумкин. Бироқ, шу сабабдангина ҳеч ким уларнинг бошқа меҳнат ва асарларини инкор этмаган. Масалан, Ибн Ҳажарнинг «Фатҳул Борий» китоби Ислом қомуси ҳисобланади. Ушбу китобдаги хатолар таҳминан узоғи 80 бетни ташкил қилади холос. Шунга қарамай Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси кўпгина кибор уламолари ушбу китобни чоп этишга ижозат беришган. Ваҳоланки ушбу китоб 16 жилддан ташкил топган.
Имом Шавконий шиа-зайдийлардан бўлган бўлсада, шу билан бирга фиқҳий масалаларда ниҳоятда кучли олим ва тадқиқотчи бўлганлар.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтганидек: «Ҳақни ҳар кимдан қабул қилавер, ҳатто у сенга узоқ ва ёқимсиз бўлса ҳам. Ботилни ҳеч кимдан қабул қилма, ҳатто у сенга яқин ва суюкли бўлса ҳам!»
Бироқ, масала шундаки, ҳар ким ҳам ўзида ҳақни ҳам, ботилни ҳам жамлаган асарларни ўқишга ҳақли бўла олмайди.
Масалан, имом Ғаззолийнинг китоблари, уларда аҳли-сунна эътиқодига зид кўпгина нарсаларни учратиш мумкин. Шунга қарамай, кўпгина имомлар ушбу китобларни шарҳлашган ва ҳақ билан бидъатни орасини ажратишган. Бошқа кўпгина имомларнинг асарлари ҳам шундай қилинган.
Бугунги кунда машҳур бўлган китоблардан Саййид Собиқнинг «Фиқҳус-сунна» китобини мисол қилишимиз мумкин. Саййид Собиқ ўзи ихвоний бўлгани маълум. Унинг «Фиқҳус-Сунна» китоби эса фиқҳий масалаларга бағишланган. Шайх Албоний ушбу китобни таҳқиқ қилганлар. У киши ҳадис ва баъзи фиқҳий масалаларнинг тўғри эканига кўрсатма бериб ўтганлар. Бироқ шайх Албоний бу китобни умуман ўқиш керак эмас деб айтмаганлар.
Валлоҳу аълам.
Admin   10-12-2010, 10:06 PM
#95
Ислом учун нима қилдик?!

Хатиб: Шайх Мушаббаб Қаҳтоний

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий


Асл сарлавҳа: ماذا قدمنا للإسلام ؟؟

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба


Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир... Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.
«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).
Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир).
Сўнг ...
Ҳой, мусулмонлар!
Одамлар ҳар куни эрталаб ишлари ва мактабларига бориб, пешиндан кейингина хонадонларига қайтадилар. Сўнгра қоринларини тўйғизиб, уйқуга кетадилар. Аср ёки шомдан кейин ғафлат уйқуларидан уйғониб, бозорлар, ошхоналар ёки истироҳат боғларининг йўлини тутадилар. Шаҳватлар ва исроф бўлган вақтлар билан тўлган бир кунни ўтказиб, яна уйқуга кетадилар... Вақтлари ва молларини дунё ва дунёнинг шаҳватлари учун сарф этадилар ...
Агар улардан биронтасига: «Бугун Ислом учун нима қила олдингиз?!» – деб савол берсангиз, жавоб: «Ҳеч нарса!», бўлади. Ҳа, «Ҳеч нарса!»!! У ўзининг қорнини тўйдириш ва шаҳватини қондириш учун кўп нарсани сарф қилади. Балки, билвосита ёки бевосита Исломни ҳам вайрон қилади, Ислом таълимотларига қарши чиқиб, Шайтон ва шайтон гумашталарига ёрдамчи бўлди ҳам!!
Аллоҳ йўлидаги дўстларим!
Аллоҳнинг бизга берган неъматларининг адоғи йўқ. Аллоҳ бизни йўқдан бор қилди, кичик эдик катта қилди, жоҳил эдик билим берди, залолатда эдик ҳидоят қилди, яланғоч эдик кийинтирди, камбағал эдик боён қилди, Ер юзида осуда одим отишга имкон берди. Биз Аллоҳнинг неъматларини имтеъмол қилмоқдамиз, икромларидан фойдаланмоқдамиз. Аллоҳ бизни ҳавода учган қуш ёки сувда сузадиган балиқ ёхуд «алиф» билан «бе»нинг фарқига бормайдиган ҳайвон қилиб яратмади. Балки, бизга қулоқ, кўз ва қалбларни ато этди ва яратган кўплаб махлуқотларидан устун қилди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
«Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда — қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик» (Исроъ: 70);
«(Эй инсонлар), Аллоҳ осмонлар ва ердаги барча нарсаларни сизларга бўйсундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (яъни моддий-маънавий) неъматларини комил қилиб берганини кўрмадингларми?! Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар ўзлари билмаган, ҳидоят топмаган ва ёрқин китоб-ҳужжатга эга бўлмаган ҳолларида Аллоҳ хусусида мужодала қилурлар» (Луқмон: 20);
«Аллоҳ осмонлар ва Ерни яратган ва осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўладиган меваларни чиқарган зотдир. У Ўз амри билан денгизда сузиб юриши учун кемаларни сизларга бўйинсундирди. Яна дарёларни ҳам сизларга бўйинсундирди. У доимо айланиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизлар учун бўйинсундирди (яъни, сизлар яхши яшашингиз учун тартиб-интизомга солиб қўйди). Яна кеча ва кундузни сизлар учун бўйинсундирди. Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар. Ҳақиқатан, инсон зоти ўта золим ва жуда ношукрдир» (Иброҳим: 32, 34).
Ушбу буюк неъматлардан сўнг бизнинг ҳар биримиз, хусусан, Исломга қарши «террорчи» номи билан очиқ ҳужумлар эълон қилинган ушбу кунда, Ислом учун нима қилдик?!
«Динимиз учун нима қилдик?!» Ҳар биримиз ўзига шу саволни бериб, жавоб олишга ҳаракат қилсин. Ҳа, бир оз бўлса ҳам ҳар биримиз ўзимизга қарши ҳам даъвогар ва ҳам ҳимоячи бўлайлик! Келинг, ҳар биримиз ўз ҳаётимизга бир назар ташлаб, динимиз ва умматимиз учун нималар қила олганимизга қарайлик!
Масалан, эркак ўз уйида:
Оила аъзолари ўртасида Ислом динини ёйиш учун қайси воситалардан фойдаланмоқда?
Уларга лойиқ бўлганидек Аллоҳнинг динини намойиш этдими?
Ўзи ёки бошқалар ёрдамида, оила аъзолари эҳтиёж ҳис этган диний таълимотларни бердими?
Ҳаётларининг барча жабҳаларида оила аъзоларини диний таълимотларни татбиқ этишга ундадими? Ёки кофирларга ўхшаб, кофирларнинг ролларини бажариб, оиласи учун ўз динлари – Исломдан тўсадиган ёки узоқлаштирадиган ойнаи жаҳон, сунъий йўлдошлардан узатиладиган каналлар, мусиқа ўйнатадиган жиҳозлар каби фасод нарсаларни муҳайё қилдими?! Кейин эса, Аллоҳ таоло:
«Кофирлар молларини Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган нарсаларга сарф этадилар» (Анфол: 36) деганидек иш қилдими?
Эркак ўз вазифаси – ишида Аллоҳ учун нима қилди? Агар раҳбар бўлса ўз мулозимлари, қўл остидагилари ва доирасига мурожаат қилганлар учун қандай яхшиликлар қилмоқда? Қўлга киритган бўлсада тез кунда айриладиган мансабига ўтиргач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қайси суннатларини ҳаётга татбиқ қила олди? Ўз муассасаси ва иш доирасидаги хизматчилар ўртасида диний ҳамкорлик ва муҳаббат туйғуларини ёя олдими? Унинг ўзи исломий ҳамкорликка ҳисса қўшиб, исломий имтиёзли кўринишга сазовор бўлдими? У ихлосли, ижодкор ва истеъдодли ишчиларни ўз ёнига чақириб, уларни олқишлаб, бошқаларга ўрнак қилиб рағбатлантирдими? Ёки мутакаббирлик отига миниб: «Мен шу мансабнинг эгасиман ва гўдак ўйинчоғини ўйнаганидек, хоҳлаган ишимни қилавераман!» қабилида иш юритиб, ўзидан бошқанинг манфаати қизиқтирмай, омма манфаатлари ҳақида фикр юритмаяптими? Ёки шахсий ва бошқарув зулмини мулозимларига тоттириб, уларнинг устларига миниб, уларнинг маошларини ўмариб, истеъдодлари ва лаёқатларини сўндириб, уларни Ислом оламидаги минглаб ишсизлар қаторига қўшиб қўяяптими?!
Энди, мулозимнинг ўзидан ишлаётган муассасаси ва доираси учун нима қилгани ҳақида сўрайлик: ҳамкасбларингизга исломий муносабатда бўлаяпсизми? Уларга яхши йўлларни кўрсатиб, ишдаги жиддийлик ва ҳамкорликка чақирдингизми? Ҳаётнинг исломий шаклини кўрсатдингизми? Ҳамкасбларингиз, идорангизга мурожаат қилганлар ёки қўл остингиздаги бошқа мулозимлар ўртасида дуо, ширинсуханлик, олий ахлоқ ва садоқатли муносабатлар қилиш билан, ёхуд магнит тасмалар, китоб ва фойдали ойномалар тарқатиш билан Аллоҳ йўлига чорладингизми?!
Ёки сиз давлат ёки хусусий муассасадаги фаол ва муҳим аъзодан ишчилар бирлигини бузадиган, раҳбарга ҳамкасбларининг зиёнига хушомад қиладиган, ҳатто, дўстлари ва ҳамкасблари ўртасида фасод ва фаҳш нарсаларни ёйиш билан кофирлар ролини ижро этиб, диний вазифасини адо этмаётган пассив инсонмисиз?!
Эркак, маҳалласида қўшнилари учун нималарни тақдим этмоқда? Уларни Аллоҳ учун зиёрат қилдими ёки аҳволларидан хабар олдими? Уларни эзгу ишларга йўллаб, рағбатлантирдими ёки қилаётган хатоларидан огоҳлантирдими? Уларга гўдаклари учун ота, кексалари учун ўғил, тенгдошлари учун биродар ўлароқ муносабатда бўлдими? Ёки уйининг ичида дарвиш мисоли ўтириб, қўшниларининг ўлиши, бетоблиги ёки фалокатга учрагани билан қизиқмаяптими? Ёхуд аҳён-аҳён ўзининг ҳаёсиз бақир-чақирлари ёки болаларини дарвозаси олдига қўйиб ўтган-кетганга озор бериб, сигарет чекиб, жамоат намозларига бутунлай қатнашмай ёки қатнашса ҳам айрим фарзларга етиша олмай ёхуд намозларни ҳеч ўқимай маҳалланинг баттоли бўлган ҳолда қўйиб қўймоқдами?
Савдогар, тижоратида Ислом дини учун нима қилди?
Молининг шубҳали ва ҳаром нарсалардан пок бўлишига қизиқдими ёки дунё, муомалаларини диққатли қилишига кўзини кўр қилдими? У, мусулмон савдогарлар билан муомала қилишга ҳаракат қилаяптими ёки яҳудий, насоро ва бошқа ғайри динлар билан муомала қилиб, уларни мусулмонлардан афзал кўраяптими? Молларини сотар экан қаллоблик қилаяптими ёки тақлид қилинган, ҳаром ва қалбаки молларни сотаяптими? У ер, бу ерда олиб борилаётган харийя ишларга ҳисса қўшаяптими ёки хайрия ишларга қўл урмай, бойлигини Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга сарф этаяптими?!
Келинг, энди Аллоҳ таоло миллионлаб инсонлар ҳавас қиладиган нафақахўрлар ҳаётига назар ташлайлик.
Эй нафақахўр, сиз Ислом дини учун нима қилдингиз? Аллоҳга шукр этиб, Унга ибодатни холис қилдингизми? Намозларни масжидда жамоат билан адо этаяпсизми? Қуръонни ўқиш ёки ёд олиш, тунлари таҳажжудга уйғониб, мусулмонлар учун зафар, қувват, кофирлар учун эса мағлубият ва кучсизлик сўраб дуо қилишга рағбатингиз борми? Ёки сиз нафақахўрликни масъулиятлардан қутилиш, Аллоҳнинг зикри ва намозларни тўкис ўқишдан воз кечиб, у ёқ, бу ёқларга сафар қилиш деб ўйлаяпсизми? Сиз умрингизнинг қолган қисмини Исломга хизмат қилиш йўлида илмингизга яраша китоб, мақола ва нутқлар тайёрлаб ўтказаяпсизми ёки ўзингизга ўхшаш нафақахўрлар билан бирга девон ва суҳбатларда жамланиб, миш-мишлар билан бировларнинг гўштларини еяпсизми? Хайрия жамиятлари ва исломий муассасаларнинг тадбирларида иштирок этаяпсизми? Ёки қимматбаҳо вақтларингизни олди-сотди дўконлари ва ойнаи жаҳон олдида биржалардаги ҳиссалар таннархининг кўтарилиб, пасаяётганини кўриш билан ўтказаяпсизми? Эй нафақхўр, сизнинг ушбу олтин вақтларингиз ҳақида Аллоҳ сарҳисоб қилади. Қиёмат куни жавоб бериш пайтида пушаймон бўлиб қолмаслик учун, Аллоҳдан қўрқинг!
Нафақахўрдан сўнгра аёл кишига ўтайлик. У фарзандлари, умр йўлдоши, қўшнилари ва дугоналарига қандай яхшилик, таълим, даъват ва йўлланмалар қилди?! Аллоҳ таоло берган имконидан дини учун хизмат қилишда қандай фойдаланди? Ахир Аллоҳ ота, ўғил ва умр йўлдошни унинг хизматига қўйди ва уларнинг барчасини хотинга яхшилик қилиш, уни риоя қилиш ва унга хизмат этишга ҳаракат қилиш учун буйруқ берди. Хўш, аёл киши бу фурсатни ғанимат билдими? Фарзандларини иймон асосида, динга боғланган фарзандлар қилиб тарбияладими? Қўшнилари ва дугоналари ўртасида эзгу ишларни ёйишга интилдими? Ёки бу имкониятларни Аллоҳга осий бўлиш учун ғанимат билиб, асоссиз баҳоналар билан хонадонига гуноҳ ишларни олиб келишга эрини зўрлаб, фарзандлар тарбиясини зое қилиб, уларга гуноҳ қилиш йўлларини осонлаштирдими? Ёки кунларини бозор ва ўтиришларда бекор ўтказиб, истироҳат боғларида дини ва вақтини зое қилаяптими?
Дўстлар, Аллоҳ раҳм қилган бандалардан бошқалардан ижобий жавоб олишимиз қийин бўлган саволлар шодаси ниҳоятда кўп... Одамларнинг кўпи бу мавзуда зиёнга кирганлар ва Аллоҳ ҳамда Аллоҳнинг динига хизмат қилишдан жуда ҳам узоқда қолиб кетганлар. Аллоҳ таолодан бундай ишлардан сақлашини сўраймиз!!
Мўмин биродарлар, келинглар, ўзимизни сарҳисоб қилиш учун вақт айирайлик ва динимизга хизмат қилиш учун вақтларимизни белгилайлик. Агар бирон вақт топа олсак, Аллоҳга ҳамдлар айтиб, уни кўпайтиришга интилайлик. Агар бу борадаги камчиликларимизни кўрсак, умримизнинг қолган қисмида уларни йўқотишга бел боғлайлик.
Аузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг ўз жонларига (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир. Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари (яъни Аллоҳнинг бирон бало-қазосига дучор бўлмай туриб), Парвардигорларингизга қайтинглар – Унга бўйинсунинглар! Сизларга, ўзларингиз сезмаган ҳолингизда тўсатдан азоб келиб қолишидан илгари Парвардигорларингиз томонидан сизларга нозил қилинган энг гўзал нарса — Қуръонга эргашинглар! Бирон жон: «Аллоҳ ҳақида (яъни У зотга тоат-ибодат қилишда) сусткашлик қилганимга надомат бўлгай! Ростдан ҳам мен (Унинг динини ва Қуръонини) масхара қилгувчилардан бўлган эдим», деб қолмаслиги учун; «Агар Аллоҳ мени ҳидоят қилганида, албатта тақводорлардан бўлур эдим», деб қолмаслиги учун; Ёки азобни кўрган чоғида: «Қани энди мен учун яна бир карра (яшашнинг имкони) бўлса-ю, мен ҳам чиройли амал қилгувчилардан бўлсам», деб қолмаслиги учун (Қуръонга эргашинглар!). (Акс ҳолда унга Аллоҳ томонидан айтилур): «Йўқ, (Мен сенга) ҳидоят йўлини кўрсатган эдим, аниқки сенга Менинг оятларим келганида, сен уларни ёлғон деган эдинг ва кибр-ҳаво қилиб, кофирлардан бўлган эдинг». Қиёмат Кунида Аллоҳ шаънига ёлғон сўзлаган кимсаларни юзлари қора ҳолда кўрурсиз. Ё жаҳаннамда мутакаббир кимсалар учун жой йўқми?! Аллоҳ, тақво қилган зотларни (жаннатга) эришганлари сабабли (жаҳаннам азобидан) қутқарур ва уларга бирон ёмонлик ҳам етмас ва улар ғамгин ҳам бўлмаслар» (Зумар: 53 – 61).
Аллоҳ менга ва сизларга Қуръон Каримни, ичидаги оятлари ва пурмаъно зикрлари билан баракали қилсин!

Иккинчи хутба

Тонгни оттирган ва тунларни осуда қилиб, бандаларини ибодат қилишлари учун яратган ҳамда ибодатни уларнинг Қиёмат кунидаги нажотлари учун восита қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳ таоло қудсий ҳадисда шундай деган: «Бандаларим, сизларнинг амалларингизни ҳисоблаб, сўнгра унга кўра тақдирлайман: ичингиздан ким яхши нарса (мукофот)ни топса Аллоҳга ҳамд айтсин. Бошқа нарса (жазо)ни топса эса, ўзидан бошқасини маломат қилмасин!» (Имом Муслим 4674).
Мен «Шериксиз, ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бандаси ва расули» эканига гувоҳлик бераман.
Сўнг ...
Мусулмонлар!
Башарият ҳаётига назар ташлаган одам, ҳайратомуз нарсаларнинг гувоҳи бўлади. Мусулмонлар ёки Ислом динига мансуб бўлишни иддао этаётган кимсаларнинг шу динга хизмат ва даъват қилишда сусткаш эканликларини, ҳатто мусулмонлар ёки мусулмонликни иддао этаётган ота-оналар фарзандларининг Исломга қарши курашаётганини билади.
Бунинг акси ўлароқ, ботил аҳлининг ўз ботилликларини ёйиш ва унга чақиришга, бу иш улардан бойликлари ҳамда вақтларини ва ҳатто жонларини фидо этишни талаб қилса ҳам, тинмай ҳаракат қилаётганларини кўриб, эшитмоқдамиз. Америка ва унинг иттифоқчиларининг Исломга қарши олиб бораётган урушлари, сўзимизнинг яққол далилидир.
Американинг террорга қарши олиб бораётган курашида самимий эканини, ким ҳам айта олади. Лекин, Қуръон Карим тарих давомида олиб борилган бундай урушларнинг ҳақиқати ва моҳияти ҳамда Исломга тўғаноқ бўлиш учун зарур бўлган барча кўмак ҳажмини очиб берган. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
«Албатта, кофир бўлган кимсалар мол-дунёларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун ишлатурлар. Бас, уни сарфлайдилар-у, сўнгра ўша (моллари) ўзларига ҳасрат бўлур, сўнгра мағлуб бўлурлар. Кофир бўлган кимсалар Аллоҳ нопокни покдан (кофирни мўминдан) ажратиши ва нопок кимсаларнинг ҳаммаларини устма-уст тахлаб, жаҳаннамга солиши учун тўпланурлар» (Анфол: 36);
«Улар (кофирлар) қўлларидан келса то динингиздан қайтаргунларича сизлар билан уришаверадилар. Сизлардан ким ўз динидан қайтиб, динсиз ҳолда ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари дунёю охиратда беҳуда кетур» (Бақара: 217);
«Аҳли китобларнинг кўпчилиги сизларни, иймонли бўлганингиздан кейин (яъни ҳозир), уларнинг ўзларига ҳам ҳақиқат очиқ равшан бўлганидан кейин ҳасад қилганлари сабабли куфрга қайтаришни истайди. Бас, Аллоҳнинг фармони келгунича уларни афв қилинг ва кечиринг. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир» (Бақара: 109).
Мўмин биродарлар, хутбамнинг сўнггида ботилни ёйиш учун чексиз ёрдамлар берилаётганини таъкидлаш учун, «ал-Баён» ойномаси ўзининг 1421 ҳижрий йилнинг жумодул аввал ойи сонида «Халқаро Америка тадқиқотлари ва осорлари ойномаси»дан иқтибос қилиб келтирган миссионерлик ҳақидаги ҳисоботни иқтибос қилмоқчиман. Унда шундай дейилган:
1990 йилга келиб миссионер ташкилотларнинг сони 21 000 (йигирма бир мингта) бўлган бўлса, бу сон 1996 йилга келиб 45 000 (қирқ беш минг)тага етди.
Миссионерларнинг ўз мамлакатларидаги сони 1990 йилда 3 923 000 (уч миллион тўққиз юз йигирма уч минг)та бўлган бўлса, 1996 йилга келиб 4 635 500 (тўрт миллион олти юз ўттиз беш минг беш юз)тага етган.
Ўз ўлкаларининг хорижида фаолият олиб бораётган миссионерларнинг сони 1990 йилда 285250 (икки юз саксон беш минг икки юз эллик)та бўлган бўлса, 1996 йилга келиб уларнинг сони 398 000 (уч юз тўқсон саккиз минг)тага етган.
Агар 1990 йилда 23 800 (йигирма уч минг саккиз юз)та ойнома ва бюллетенлар нашр қилинган бўлса, 1996 йилга келиб уларнинг сони 30 100 (ўттиз минг юз)тага етган.
Миссионерлик дастурлари узатилган радио ва телеканаллар сони 1990 йилда 2 160 (икки минг бир юз олтмиш)та бўлган бўлса, 1996 йилга келиб 3 200 (уч минг икки юз)тага кўпайган.
Миссионерлик фаолиятлари учун черков тарафидан 193 000 000 (бир юз тўқсон уч миллион) доллар пул иона ўлароқ берилган. Миссионерлик фаолияти учун 206 000 000 (икки юз олти миллион)та компьютер хизмат қилмоқда.
Агар бошқа ҳисоботларга ҳам қизиқмоқчи бўлсангиз, ойноманинг мазкур сонига мурожаат қилишингиз мумкин.
Мўъмин биродарлар, келинглар, ўзимизга қайтиб савол берайлик: Ислом учун биз нима қилдик?! Динимиз ва умматимиз учун нима иш қилдик?!!
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат Куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. Сизлар Аллоҳни унутиб қўйган (яъни, У зотнинг амр-фармонларига итоат этмаган), бас (шундан кейин Аллоҳ) уларга ўзларини ҳам унуттириб қўйган (яъни, ўзларига охиратда фойда берадиган амаллар қилишдан юз ўгиртириб қўйган) кимсалар каби бўлмангиз! Ана ўшалар фосиқ-итоатсиз кимсалардир! Дўзах эгалари билан жаннат эгалари баробар бўлмас. Жаннат эгалари (бахт-саодатга) эришгувчи зотлардир» (Ҳашр: 18 – 20).
Аллоҳ таолодан ғафлат уйқусидаги кўзларимизни очиши, хатоларимизни мағфират қилиши ҳамда нафсимиз ва шайтонга қарши бизга ёрдамчи бўлишини тилаб қоламиз.

Admin   11-04-2010, 09:44 PM
#96
Зул-ҳижжанинг ўн кунидаги амаллар

Хатиб: Шайх доктор Холид ибн Абдуллоҳ Муслиҳ

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

(Аллоҳга ҳамдлар ва Унинг суюкли пайғамбари Муҳаммадга салавоту саломлар бўлсин).
Сўнг ...
Ҳой мўъминлар, бир неча кундан кейин эзгуликларнинг баракали мавсуми – зул-ҳижжа ойининг ўн кунини кутиб оласизлар. Аллоҳ таоло бу кунларни кўп инъом ва баракалар пайти қилдики, у кунлар эзгуликлар мавсумига айландилар. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ учун ушбу кунлардан кўра солиҳ амаллар қилинадиган бошқа суюкли кун йўқдир» – дедилар. Саҳобалар: «Ҳатто Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам-ми?!» – деб савол берганларида: «Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам! Бироқ, жони ва моли билан чиққан ва улардан бирон нарсани олиб қайтмаган одам бундан мустасно» – деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий «Саҳиҳ», ҳадис № 969; Термизий «Сунан», ҳадис № 757. Лафз Термизийники).
Бу ўн кун – йилнинг энг афзал кунларидир. Ҳатто, уламолар бу кунларни рамазон ойининг охирги даҳасидан ҳам афзал кўрдилар. Бу кунларнинг тунлари – кечаларнинг энг афзалидир. Бу тунларга фахр, шараф ва фазилат нуқтаи назаридан Аллоҳнинг у кечаларга қасам ичиши етарлидир:
«Тонгга ва ўн кечага қасамки ...» (Фажр: 1, 2).
Аллоҳ таоло бу кунларда солиҳ амалларни барча турларини қилишга бизни рағбатлантирди. Шундай экан, ҳой Аллоҳнинг бандалари, бу кунларда солиҳ амалларни кўп қилингиз! Қиёмат куни мўл савобларни олиб келадиган ушбу кунларни солиҳ амалларни қилиш учун ғанимат билингиз! Вақти бор, умрингиз давом этар экан солиҳ амал қилишга шошилингиз!
Ҳой мўъминлар, бу кунларда банданинг Аллоҳга яқин қиладиган энг афзал амал – Аллоҳнинг зикрини кўп қилишдир. Аллоҳ таоло:
«маълум кунларда Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келадилар)» (Ҳаж: 28) – деди.
Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳу): «Маълум кунлар – (зул- ҳижжа ойининг) ўн кунидир» – деди. Бу – муфассирлар гуруҳининг ҳам сўзидир.
Абдуллоҳ ибн Умар (разияллоҳу анҳу) айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳнинг наздида бу ўн кунлардан кўра муаззам кун ва (солиҳ) амал қилинган суюкли кун йўқдир. Шунинг учун бу кунларда таҳлил, такбир ва ҳамду санони кўп айтинглар!» (Имом Аҳмад «Муснад», ҳадис № 5423. Ҳадиснинг санади жуда яхшидир).
Севимли дўстлар, у ўн куннинг ҳар вақтида ва ҳамма ерда Аллоҳни кўп зикр қилингиз, Қуръонни кўп тиловат қилиб,
اللهُ أَكْبَرُ اللهُ أَكْبَرُ اللهُ أَكْبَرُ لاَ إِلَهَ إِلاّ اللهُ وَاللهُ أَكْبَرُ اللهُ أَكْبَرُ وَللهِ الْحَمْدُ
«Аллоҳу акбар! Аллоҳу Акбар! Аллоҳу Акбар! Ла илааҳа илаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ва лиллаҳил-ҳамд!» ни такрор-такрор айтингиз. Чунки Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) «Саҳиҳ»ида Абуллоҳ ибн Умар ва Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳумолар бозорга чиқиб такбир айтганлари ва одамлар ҳам уларнинг табирларига жўр бўлганларини ривоят қилди (Ибн Асир «Жомиъул-усул мин аҳаадисир-расуул», ҳадис № 1754). Унутмангларки, бу кунлардаги зикр – ўша куни қилинаётган амалларнинг энг афзалидир. Балки у, тайинланмаган жиҳодлардан кўра афзал бўлган амалдир.
Зул-ҳижжа ойининг ўн кунида қилиш таъкидланган амаллардан бири, Арафа куни тутилган рўзадир.
Имом Муслим (раҳимаҳуллоҳ) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисини ривоят қилди: «Арафа куни рўза тутиш. Мен Аллоҳ таолодан (бу рўза билан) ўзидан аввалги ва кейинги бир йилнинг (гуноҳларига) каффорот қилишини умид қиламан» (Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 1162).
У кунларда машруъ бўлган амаллардан бири, жонлиқ сўйиш учун тайёргарлик кўришдир.
Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сўйиш учун қурбонлиги бўлган одам зул-ҳижжа ойи кириши билан соч ва тирноқларини олмасин!» – дедилар (Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 1977; Насоий «Сунан», ҳадис № 2791). Бошқа бир ҳадисда эса: «Зул-ҳижжанинг ҳилоли кўринса қурбонлигини бўғизламагунича соч ва баданига тегмасин!» – дедилар (Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 1348).
Бу ҳукм қурбонлик сўймоқчи бўлган одамнинг ўзигагина тегишлидир. Унинг рафиқалари ёки фарзандлари бу ҳукмдан мустаснодирлар.
Ҳой мусулмонлар, савоблар мавсумида шошилинглар! Чунки, бу мавсум тезда тугаб қолади!
Бу фурсат бир зумда ўтиб кетади,
Амал қилган бандалар қолар қувониб...
Бу кунларда солиҳ амалларни кўп қилиб, Аллоҳнинг лутфу карамларига сазовор бўлинглар. Бировингиз солиҳ амал қила олмаса, ҳеч бўлмаса ёмонлик ва гуноҳ ишларни қилмасин. Чунки бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан савобли ишларнинг энг афзали ҳақида сўраганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга айрим ишларни санаб ўтдилар. Бироқ у одам: «Мен уларни қила олмасам-чи?!» – деб яна савол берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Иш қилаётган ёки бирон ишни билмайдиган одамга ёрдам берасан» – дедилар. У одам: «Ё Расулуллоҳ, айрим ишларни қилишдан ожиз бўлсам-чи?!» – деб савол берганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамларга ёмонлик қилмайсан ва бу сенга ўзингдан садақа бўлади!» – деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ: Имом Бухорий «Саҳиҳ», ҳадис № 2518, Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 84).
Дўстлар, шуни яхши билингларки, зул-ҳижжа ойининг у ўн кунлари энг фазилатли кунлардан ҳисобланади. Шунинг учун у кунларда қилинган амалларга мўл-мўл савоблар берилиб, гуноҳ ишлар қаттиқ нафрат билан қаршиланади. Шундай экан, Роббингизнинг мағфирати ва раҳмати сари шошилингиз!

Admin   11-04-2010, 10:03 PM
#97
Зул-ҳижжанинг ўн куни

Саъд ибн Саид ал-Ҳажарий

Ислом Нури таржимаси

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз) (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70-71).
Аммо баъд...
Сўзларнинг энг тўғриси Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг энг ёмони (динда) кейин пайдо қилинганларидир. Ҳар бир кейин пайдо қилинган иш бидъат, ҳар бир бидъат залолат, ҳар бир залолат дўзахдадир.
Аллоҳ таоло ўзи истаганини яратади ва истаганини танлайди. Осмонларни яратди ва улар ичидан еттинчи осмонни танлади. Жаннатларни яратди ва улар ичидан Фирдавсни танлади. Малоикаларни яратди ва улар ичидан Жаброил, Мийкоил ва Исрофилни танлади. Башариятни яратди ва улар ичидан мўминларни танлади. Мўминлар ичидан набийларни танлади. Набийлар ичидан расулларни танлади. Расуллар ичидан улул-азмларни танлади. Улул-азмлар ичидан икки Ҳалилни танлади. Икки Ҳалилдан Муҳаммадни танлади – соллаллоҳу алайҳи ва саллама ва алал-анбияи ажмаийн – Ерни яратди ва ундан Маккани танлади. Кунларни яратди ва ойлари ичидан Рамазонни, кунлари ичидан Жумъани, тунлари ичидан Қадр кечасини, соатлари ичидан Жумъа соатини, ўн кунликлари ичидан Зул-ҳижжаниниг ўн кунини танлади.
Мусулмон киши иш-амалда ҳам, вақт-замонда ҳам баракотли ҳолда яшайди. Амалдаги энг катта барака тоатдир. Зеро, у ўз эгасига барака олиб келади. Аллоҳ таоло айтганидек:
«Ким бирон чиройли амал қилса, унга ўшанинг ўн баробарича (ажр-савоб берилади)» (Анъом: 160).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигор таборака ва таолодан ривоят қилиб айтдилар: «Аллоҳ азза ва жалла яхшилик ва ёмонликларни битиб, сўнг уларни баён қилиб қўйди. Ким бир яхшиликни мақсад қилса, бироқ уни қилмаса, Аллоҳ Ўз ҳузурида унга битта тўла ҳасана-ажр ёзади. Агар бир яхшиликни мақсад қилса, сўнг уни қилса, Аллоҳ Ўз ҳузурида унга ўнтадан етти юз баробаргача ва ундан ҳам бир неча баробар кўп ҳасана-ажр ёзади. Ким бир ёмонликни қасд қилса, бироқ уни қилмаса, Аллоҳ Ўз ҳузурида унга битта тўла ҳасана-ажр ёзади. Агар бир ёмонликни қасд қилса, сўнг уни қилса, Аллоҳ фақат битта саййиъа-гуноҳ ёзади» (Муттафақун алайҳ).
Демак, тоат сўзда бўлганда ҳам барака бўларкан. Яъни, биттагина сўзга Аллоҳ таоло ўнта ҳасана ёзаркан ва бу билан бандасидан рози бўлиб, уни жаннатига киритаркан. Жаннатида ҳам ундан рози бўлиб, ҳеч қачон унга ғазаб қилмас экан.
Тоат амалда бўлганда ҳам баракадир. Чунки, битта намозга ўнта намоз ажри, бир ой рўзага ўн ой рўза ажри, биргина садақага етти юз баробар ажр битилади, мабрур ҳажнинг жаннатдан бошқа мукофоти бўлмайди.
Тоат-ибодат гуноҳлардан тозаланишдир.
Намоз гуноҳлардан тозалайди. Ҳадисда келганидек: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Айтингизчи, агар бирортангизнинг эшиги олдида анҳор бўлиб, унда ҳар куни беш марта ювинса, нима дейсиз, бу унинг кирлигидан (бирор нарсани) қолдирадими?», деб сўрадилар. (СаҳобаларSmile «Бирорта ҳам кирлик қолдирмайди» деб жавоб беришди. «Беш вақт намознинг мисоли шудир, Аллоҳ улар билан барча хатоларни ўчириб юборади» дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Рўза гуноҳу маъсиятлардан покланишдир. Садақа гуноҳни худди сув ўтни ўчиргандек ўчиради. Ким Аллоҳ учун ҳаж қилиб, ёмон сўзларни сўзламаса ва фосиқлик қилмаса, уйига онадан янги туғилгандек гуноҳсиз қайтади.
Тоат ўзаро муомалаларда ҳам баракага сабаб бўлади. Чунки, чиройли муомала билан инсон кундузи рўза тутувчи ва туни билан намозда қоим бўлувчининг ажрига эришади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ёнма-ён бўлади, жаннатнинг юқори қисмидан уйга эга бўлади.
Зул-ҳижжанинг ўн куни вақтлар ичида энг баракотлисидир. Зеро, Аллоҳ таолонинг наздида алоҳида эътибори бор. Бу эса У Зотнинг бу кунларни яхши кўриши ва уларни улуғ қилганига далолат қилади. Бу кунлар ҳасанотлари кўп, саййиотлари кам, даражалари баланд ҳамда бир қанча ибодаларни ўзига жамлаган кунлардир. Уларнинг фазилатларини санаб тугатиш қийин.
Энг катта фазилатларидан бири шуки, Аллоҳ таоло бу кунларга қасамёд қилган:
«Тонгга қасам, (Зул-ҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам» (Вал-фажр: 1, 2). Аллоҳ таоло фақат самовот, ер, қуёш, ой, юлдузлар, шамол каби Ўзининг буюк махлуқотларига, шунингдек тонг, аср, чошгоҳ, тун, кундуз ва ўн кунлик каби энг фазилатли вақтларга, Макка каби энг улуғ маконларга қасамёд қилган. Аллоҳ ўзи истаган махлуқоти билан қасамёд қилиши мумкин, аммо бандалар фақат Аллоҳ номигагина қасам ичишлари жоиз бўлади. Аллоҳ таоло улар билан қасамёд қилиши ўша махлуқотларининг буюклигига, Аллоҳ ҳузурида эътиборли эканига далолат қилади.
Аллоҳ таоло ушбу ўн кунликни фазилатли вақтларга боғлаб келтиргани ҳам уларнинг фазилатига далолат қилади. Зеро, бу кунларни тонгга, жуфтлик ва тоқликка, тунга боғлаб зикр қилди.
Уларни тонгга боғлаб зикр қилиниши фазли шундаки, тонг отиши билан баданларга ҳаёт қайтади, гўё ўлимдан сўнг тирилиш содир бўлади, зулмат ортидан нур, сукунат ортидан ҳаракат, заифлик ортидан куч-қувват қайтади. Тонг пайтида малоикалар жамланади. Тонг кечанинг охирги учдан бирида бўлиб ўтган илоҳий нузулга энг яқин вақтдир, у билан иймон аҳли нифоқ аҳлидан ажралади.
Уларни жуфтлик ва тоқликка боғланишидаги фазл шуки, жуфтлик ва тоқлик барча махлуқотларни ташкил қилувчи сонлардир. Тирик жонзот йўқки, жуфтлик ё тоқликдан холи бўлса. Ҳатто, мазкур ўн кунда ҳам жуфтлик, яъни қурбон ҳайити куни ҳамда тоқлик, яъни Арафа куни бордир.
Тунга боғлаб зикр қилинишидаги фазл шуки, тун кундуздан муқаддамдир. У Қуръонда кундуздан кўра кўпроқ, яъни 72 марта зикр қилинган, кундуз эса 57 марта зикр қилинган. Тун нафл намози учун энг афзал вақт, ихлосли бўлишга энг яқин пайт, у хилват ва ёлғизлик соатидир, Парвардигорга муножот қилишга энг қулай фурсат, чунки у пайтда бандани Аллоҳдан ўзгаси кўрмайди ва эшитмайди, унинг ҳоли ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига маълум бўлади. Тун дуолар ижобат бўлишига, сўровлар ато этилишига, гуноҳлар мағфират этилишига энг муносиб вақтдир. Зотан, кечанинг охирги учдан бири қолганида Аллоҳ таоло: «Қани, дуо қилувчи борми, дуосини ижобат қилсам, сўровчи борми, тилагини берсам, истиғфор айтувчи борми, гуноҳини мағфират қилсам», деб туради. Аҳли жаннатлар ҳам шу билан ажраладилар:
«Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар» (Ваз-зарият: 17), Раҳмоннинг суюкли бандалари ҳам шу билан бошқалардан ажраладилар:
«Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда тавозе билан юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) хитоблар қилган вақтида ҳам «Омон бўлинглар», деб жавоб қиладиган кишилардир. Улар кечаларни Парвардигорга сажда қилиб ва (жойнамоз устида) тик туриб — бедор ўтказадиган кишилардир» (Фурқон: 63, 64).
Ушбу ўн кунликнинг фазилатларидан яна бири – Аллоҳ таоло бу динни шу кунлар ичида комил қилди, уларда барча ибодатлар жамланади, диннинг камоли билан суннат нусратланиб, бидъат чекинади, иймон қувватланиб, нифоқ ўлади. Диннинг камоли билан инсон ўзининг ёмонликларга буюрувчи нафси устидан ғолиб келиб, уни Аллоҳга ибодат қиладиган, анбиёларга эргашадиган ва солиҳларга ҳамдам бўладиган, гўзал ахлоқлар билан хулқланадиган хотиржам нафсга айлантиради. Диннинг камоли билан инсон ўзини васваса қилиб, Тўғри Йўлдан чалғитадиган шайтони устидан ғолиб бўлади, ҳавои нафси ва шаҳватларидан ғолиб келади. Дин комил бўлди, ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни туни ҳам кундуздек ёруғ бўлган мунаввар йўл устида қолдирдилар, у йўлдан фақат бадбахт кимсаларгина адашиши мумкин. Динимиз камолига яҳудларнинг ҳасади келиб, яҳуд руҳонийларидан бири ҳазрат Умар розияллоҳу анҳуга: «Китобларингизда бир оят борки, агар у биз яҳудлар жамоасига нозил бўлса эди, биз у нозил бўлган кунни байрам қилиб олган бўлардик», деб,
«Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3) оятини ўқиб берганида Умар розияллоҳу анҳу: «Мен бу оятнинг қачон ва қаерда нозил бўлганини аниқ биламан. У Арафа кунида, Жумъа куни нозил бўлган», деганлар.
Бу кунлар фазилатларидан яна бири, Аллоҳ таоло улар ичида неъматини тугал ва тўкис қилди. Зеро, бу кунларда мўминлар ҳам оғзаки, ҳам баданий, ҳам ўзаро муомалалар шаклидаги бир неча хил ибодатлар неъматидан баҳраманд бўлишади.
Неъматнинг тўла-тўкислиги кўринишларидан яна бири – Аллоҳ бандаларнинг қалбларини Исломга очди, одамлар Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кирдилар. Неъматнинг тўла-тўкис бўлгани эълон қилинган кунда уларнинг сони юз мингдан ортиб кетган эди.
Неъматнинг тўкислиги кўринишларидан яна бири – Аллоҳ таоло Исломни барча динлар устидан ғолиб қилди. Араб ярим оролида ўша даврда яҳудийлик, насронийлик, мажусийлик, бутпарастлик каби бир неча динлар бор бўлиб, ҳаммаси Ислом келгач йўқолди, Ислом ҳаммасига ғолиб бўлди. Аллоҳ таоло айтади:
«У (Аллоҳ) Ўз пайғамбари (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ҳидоят ва Ҳақ дин (Ислом) билан, у (дин)ни барча (дин)ларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир. Аллоҳнинг Ўзи (ушбу ваъдасининг рўёбга чиқишига) етарли гувоҳдир» (Фатҳ: 28).
Неъматнинг тўкислиги кўринишларидан яна бири – кофирларнинг Ҳарам ҳудудига киришдан тўсилишлари ва уни мусулмонларгагина хосланиши бўлди. Шу билан мусулмонларнинг сафлари бирлашиб, гўё бир жисму-жонга айландилар, маъбудлари ягона, динлари бир, сўзлари бир жойдан чиққан, йўллари бирлашган ҳолатга келдилар. Иймон аҳлини ғолиб, куфр аҳлини мағлуб ҳолда кўриш нақадар улкан неъмат!
Ушбу ўн кунликнинг фазилатларидан яна бири шуки, ҳар турли кўринишдаги ибодатлар фақат шу кунларда йиғилади, бошқа кунларда ундай бўлмайди. Бу кунларда фарзу-нафл намозлардан ташқари, истаган кишилар учун садақа ибодати, нафл рўза тутишни истаган ёки қурбонлик қилиш имкони бўлмаган кишилар учун рўза тутиш ибодати, Байтуллоҳни ҳаж қилиш ибодати жамланади. Қолаверса, уларда кўпдан-кўп зикр, талбия, дуолар бор. Барча турдаги ибодатларнинг жамланиши бу кунлар учун алоҳида шарафдир.
Бу ўн кунликнинг фазилатларидан яна бири – улар ичидаги ҳар бир дақиқа, соат, кун ва ҳафталар дунё кунлари ичида мутлақо энг афзал вақтлардир. Улар Аллоҳ таолога энг суюмли кунлардир, уларда қилинган солиҳ амаллар Аллоҳ таолога энг марғуб амаллар саналади. Бу кунлар ажрларни жамлаб олиш мавсумидир, хайрия ишларида мусобақалашиш майдонидир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганларки: «Ҳеч қайси кунда қилинган солиҳ амал ушбу ўн кунда қилинган солиҳ амалчалик Аллоҳга суюкли эмас». «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳамми?» - сўрашди, саҳобалар. «Ҳа, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам! Фақат моли-ю жони билан (жиҳодга) чиқиб, бирор нарсаси билан қайтмаган киши (яъни моли ҳам, жони ҳам ўша ерда қолиб, ўзи шаҳид бўлган киши) бундан мустасно», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ушбу ўн кунликда қилинган солиҳ амал жон билан жиҳод қилишдан ҳам афзал, мол билан жиҳод қилишдан ҳам афзал, ҳар иккиси билан жиҳодга чиқиб, улар билан ёки улардан бири билан қайтишдан ҳам афзал экан. Фақатгина жони ва моли билан жиҳодга чиқиб, ҳам жонини, ҳам молини қурбон қилган кишининг амалигина унга тенглаша олар экан.
Ушбу кунларнинг фазилатларидан яна бири – улар ичида Арафа куни, яъни Зул-ҳижжанинг тўққизинчи куни бордир. Бу кун фазл билан, ажру-савобларнинг кўп бўлиши, гуноҳларнинг мағфират қилиниши билан маъруф ва машҳур кундир. Бу кун тавҳид аҳли таниладиган кундир, улар бу куни «ла илаҳа иллаллоҳ»ни баралла айтадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Энг яхши дуо – Арафа куни қилинган дуодир. Мен ва мендан аввалги пайғамбарлар айтган сўзларнинг энг яхшиси: «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр»дир (Маъноси: Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ. У Ёлғиз, шериксиздир. Мулк ҳам, ҳамд ҳам Уники ва У барча нарсага Қодирдир)» (Имом Термизий ривояти). Инсон ўз нафсининг заифлигини билади ва Аллоҳга дуо-илтижоларни кўпайтиради, ер юзининг ҳар бурчагидан келган мусулмон биродарларини кўриб, иймони қувватланади, гуноҳларнинг мағфиратига сабаб бўлувчи таҳлилу такбирлар, зикру дуолар, жисмни гуноҳдан сақлаш, ҳаж қилмаётган кишининг рўза тутиши каби улкан амаллар билан Аллоҳнинг кўпдан-кўп мағфиратига гувоҳ бўлади. Бу кун ҳақиқатан улуғ ҳаж кунидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Ҳаж – Арафа (куни)дир». Бу кундаги нафл рўза икки йиллик – ўтган йилги ва келгуси йилдаги гуноҳларга каффорат бўлади.
Ушбу кунлар фазилатларидан яна бири – улар ичида наҳр, яъни қурбонлик куни бордир. У Зул-ҳижжанинг ўнинчи куни бўлиб, кунлар ичида энг афзали саналади. Ҳадисда келганидек: «Кунларнинг энг афзали наҳр кунидир». Бу кунда тош отиш, соч олдириш, қурбонлик бўғизлаш, тавоф, саъй каби ҳаж ибодатларининг асосий кўпчилиги, ийд намози, мусулмонларнинг ҳайит қилиб, бир-бирларини муборакбод этишлари каби хайрли амаллар адо этилади.
Мусулмон киши бу кунларнинг беҳисоб фазилатларини зое қилмаслиги, балки уларни ғанимат билиши ва уларда яхшиликларга шошилиши, уларни солиҳ амаллар билан ўтказиши муносиб бўлади.
Бу кунларда кўп Қуръон ўқиш яхши бўлади. Чунки, Қуръон энг афзал зикрдир, унда ҳидоят, раҳмат, барака, улуғворлик, таъсир ва шифо бор. Мусулмон киши яхши билмоғи керакки, Аллоҳ таолога сўзларнинг энг суюмлиси зикрдир. Зикр дунё-ю охиратдаги нажот сабабидир. Зикр ўз эгасини шайтоннинг ёмонлигидан ва дўзах азобидан сақлайди. Банда Аллоҳ ҳузурида зикри сабабли ёд қилинади, зикр қилувчига Аллоҳ ва малоикалари саловот йўллайдилар. Зикр энг кучли қуролдир. У амаллар ичида энг яхшиси ва даражаларни юқсалтирувчисидир. Зикр инфоқ-эҳсондан ҳам яхшидир, у билан Аллоҳ таоло ажрларни бир неча баробарга зиёдалаштиради, гуноҳларни мағфират қилади. Зикрнинг фазилатлари кўп ва бисёрдир.
Аллоҳ таоло уни намоз билан бирга зикр қилди:
«Намозни адо қилиб бўлганингиздан кейин ҳам турган, ўтирган ва ёнбошлаган пайтларингизда доим Аллоҳни ёд этингиз!» (Нисо: 103).
Жумъа билан бирга зикр қилди:
«Энди қачон намоз адо қилингач, Ерга тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар. Аллоҳни кўп зикр қилингларки, шояд нажот топурсизлар» (Жумъа: 10).
Рўза билан бирга зикр қилди:
«Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир» (Бақара: 185).
Ҳаж билан бирга зикр қилди:
«Энди, маросимларингизни адо қилиб бўлгач, Аллоҳни аждодларингизни эслагандек, балки ундан-да қаттиқроқ эсланг!» (Бақара: 200).
Жиҳод билан бирга зикр қилди:
«Эй мўминлар, (кофир) жамоатга рўбарў бўлганингизда саботли бўлингиз ва доимо Аллоҳни ёд этингиз» (Анфол: 45).
Демак, зикр бирон вақтга ва бирон ҳолатга чекланмайди, Аллоҳ таоло ҳамма ҳолатларда зикр қилишга буюрган:
«Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар» (Оли Имрон: 191),
«Намозни адо қилиб бўлганингиздан кейин ҳам турган, ўтирган ва ёнбошлаган пайтларингизда доим Аллоҳни ёд этингиз!» (Нисо: 103).
Мусулмон биродарлар! Ушбу ўн кунлигингизни солиҳ амаллар билан ғанимат билинг ва албатта энг аввал Аллоҳга тавба қилишга, У ёмон кўрадиган зоҳирий ва ботиний амаллардан тийилиб, У яхши кўрадиган зоҳирий ва ботиний амалларни қилишга шошилинг, ўтган гуноҳларингизга надомат қилинг, олдингизда турганларидан юз ўгиринг ва уларга яна қайтмасликка азм қилинг!
Эй Аллоҳнинг бандаси, фарзларни тарк қилишдан ва ҳаром ишларга қўл уришдан тавба қилинг! Тавба – билиб-билмай маъсиятга қадам қўйган ҳар бир мусулмонга вожибдир. Чунки, ҳеч ким ўлим унга қачон етишини билмайди. Қолаверса, гуноҳлар гуноҳларни тортиб келади. Замон ва маконнинг фазилатига қараб, гуноҳлар ҳам қаттиқроқ ва жазоси ҳам ортиқроқ бўлади. Аллоҳ таоло айтади:
«Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар» (Таҳрим: 8).
Ушбу ўн кунликда машруъ бўлган амаллардан бири зикрдир. Аллоҳ таоло айтади:
«Улар ўзлари учун бўлган (диний ва дунёвий) манфаатларга шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (яъни Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар)» (Ҳаж: 28).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳеч бир кунларда қилинган амал ушбу кунлардаги амалдан улуғроқ ва суюмлироқ бўлмайди. Шундай экан, у кунларда таҳлил, такбир ва таҳмидни кўпайтиринглар» (Имом Аҳмад ривояти).
Мусулмон биродарим! Бу кунларда нафл намозларни кўпайтиринг, фарз намозлардан аввалги ва кейинги суннат намозларга эътиборсиз бўлманг.
Бу кунларда имкон қадар садақани кўпайтиринг. Чунки, бу кунларда қилинган садақа Рамазонда қилинган садақадан ҳам афзалдир. Бу кунларда одамларнинг ҳажга ва ийдга ҳозирлик кўриш, қурбонлик ва бошқа важлардан садақага эҳтиёжлари ортади. Садақа билан инсон яхшиликка етишади, ажри зиёда қилинади, Аллоҳ уни қиёмат куни Ўз сояси билан соялантиради, садақа сабабли Аллоҳ яхшилик эшикларини очади, ёмонлик эшикларини ёпади, садақа қилувчилар учун жаннатдан бир эшик очилади, садақа қилувчини Аллоҳ ҳам, бандалар ҳам яхши кўради, садақа билан киши нафсини ва молини поклайди, гуноҳи кечирилади, мол-дунёга қулликдан қутулади, Аллоҳ таоло унинг жонини, молини, бола-чақасини, дунёси ва охиратини асрайди.
Эй Аллоҳнинг бандаси! Ушбу ўн кунликда рўзани кўпайтиринг. Агар тўққиз кун рўза тутсангиз, бу қандай яхши. Чунки, рўза солиҳ амалдир.
Ўн кунликда ҳар қандай солиҳ амалга шошилинг, дуо ва истиғфорни кўпайтиринг, ҳар қандай ибодат билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилиб олинг. Шояд, нажотга эришсангиз.
Солиҳ амал ҳар қандай маъруфни, ҳар қандай яхши сўзу амални ўз ичига олади. Қаерда бўлмасин, мусулмонларни йўқлаш, аҳволларидан хабар олиш, улар ҳақида қайғуриш, мусибатларини енгиллатиш, ҳожатларини бароридан келтириш, ҳақларига дуо қилиш ҳам энг катта солиҳ амал саналади.
Солиҳ амал ҳамма замон ва ҳамма маконда Аллоҳга маҳбуб бўлса-да, хусусан шу муборак кунларда маҳбублиги яна ҳам ортади. Ҳаж қилишга имкони бўлмаган киши бу кунларда вақтини намоз, Қуръон ўқиш, зикр, дуо, садақа, ота-онага яхшилик қилиш, силаи раҳм, амри маъруф, наҳий мункар ва бошқа яхши ишлар билан ўтказиши муносиб бўлади.
Шуни ҳам билиб қўйган яхшики, қурбонлик қилиш нияти бор бўлган киши ушбу ўн кунлик кирганидан сўнг то қурбонлигини бўғизламагунича сочини, тирноғи ва баданининг бошқа жойларидаги тукларини олишдан тийилиб туриши керак бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ўн кунлик кирса ва сизлардан бирон киши қурбонлик қилмоқчи бўлса, сочи ва баданидан (тук, тирноқ каби) бирон нарсани олмасин» (Имом Муслим ривояти).
Бир ривоятда: «Сочи ва тирноқларини олишдан тийилсин» (Имом Муслим ривояти).
Бу қайтариқ фақат қурбонлик қилиш ниятидаги кишига хос бўлиб, оиласи номидан қурбонлик қилмоқчи бўлса, оила аъзолари гарчи қурбонликда шерик бўлсалар ҳам, бу қайтариқнинг уларга дахли йўқдир.
Шоядки бунинг сабаби ҳарамга ҳадясини ҳайдаб бораётган эҳромдаги кишига ўхшаши учундир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан тақво қилинглар, У белгилаб берган шаъираларни (яъни ибодат турларини) улуғланглар, шунда нажот топасизлар ва дунё-ю охират саодатига эришасизлар.

12/11/2009
Admin   11-06-2010, 07:40 AM
#98
Даҳанинг режалари

Муаллиф: Шайх Муҳаммад Ҳусайн Яъқуб

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий


Асл сарлавҳа: مشاريع العشر

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

(Аллоҳга ҳамдлар, Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг ...).
Зулҳижжа ойининг биринчи даҳаси учун режалар ...
«Тонгга қасам. (Зул-ҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам. Жуфт ва тоқ (ракаатли намозлар)га қасам. Ўтиб бораётган кечага қасамки, (албатта кофирлар азобга гирифтор бўлурлар)! Мана шу (қасам ичилган нарсаларда) ақл эгаси учун (етарли) қасам бордир?!» (Фажр: 1 – 5).
Аллоҳнинг энг яхши кунларида Аллоҳ билан бирга янги саҳифалар очинг ...
Азиз дўстим, унутмангки, бу кунлар ҳаётингиздаги энг катта фурсатдир ...
Бу кунлар Аллоҳнинг энг афзал кунларидир ...
Ўйлаб кўринг, ахир бу кунлар рамазон ойининг охирги даҳасидан яхши айёмлардир!! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Солиҳ амал кунлари ичида шу кунлардан кўра Аллоҳ учун суюклироқ бошқа кунлар йўқдир!» – дедилар ва зулҳижжа ойининг биринчи даҳасига ишора қилдилар. Саҳобалар: «Ҳатто Аллоҳ йўлидаги жиҳоддан ҳамми?!», – деб сўраганларида: «Ҳатто Аллоҳ йўлидаги жиҳоддан ҳам. Фақатгина ўз жони ва моли билан жиҳодга чиққан ва уларнинг биронтаси билан қайтмаган одам(нинг амали бундан кўра яхшироқ)», – деб жавоб бердилар (Абу Довуд 2082).
Қаранг, саҳобалар ҳам ҳайратланиб: «Жиҳоддан ҳамми?!» – дея сўрамоқдалар!!
Ҳа, бу кунлар бир фурсатдир ... Аллоҳ билан янги саҳифаларни очиш фурсатидир ...
Қилинган гуноҳларга эваз бўла оладиган даража мисли кўрилмаган яхшиликларни қўлга киритиш фурсати ...
Жиҳод учун моли, жони ва руҳини фидо қилган кишининг инфоқига бадал бўладиган савобларга эга бўлиш фурсати ...
Қалбингизда иймон озуқасини янгилаш фурсати ...
Сиз бу кунлар учун нимани тайёрладингиз ва нималар қилмоқчисиз?
Агар иш мен айтганимдек муҳим экан, бу даҳанинг охиридан муваффақиятлар билан чиқишингиз учун муайян вазифаларни режлаштиришингиз керак ...
Келинг, иккиланиш ёки танбалликни бир тарафга қўйиб, мақсадингизни белгиланг ...
Келинг, мен сизга айрим режаларни айтиб берай! Тўғриси, уларни сизга баён қилай, йўқ, уларни қилишга сизни ундай! Уларнинг барчасини, ҳаётингизда бир марта бўлса ҳам қилинг!

Қуръон Каримни хатм қилиш режаси

«Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим-кофир кимсаларга фақат зиённи зиёда қилур» (Исроъ: 82).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарфни ўқиса ўнга битта савоб ва унинг ўн бараваридаги савоб берилади. Мен: «Алиф. Лом. Мим» бир ҳарф демаяпман. «Алиф» – бир ҳарф, «Лом» – бир ҳарф ва «Мим» – бир ҳарфдир» – дедилар (Термизий 2835)...
Бу даҳада камида бир хатм, тўхтамай тугалланиши керак ...
Сиз хатм қилар экан ҳар бир оят, ҳар бир сўз ва ҳар бир ҳарф ҳақида тафаккур қилинг ...
Қалбингизга Қуръон оятларини дори қилинг ...
Қуръон ичидан қалбингизга даво изланг ...
Ҳар бир оят, ҳар бир калима ва ҳар бир ҳарф ҳақида ўйланинг ...
Бу даҳада Қуръонни хатм қилишингиз учун ҳар куни уч порадан ўқинг ... Агар ҳар куни уч порадан ўқисангиз битта ҳарфга ўнта савоб берилиши билан ҳисобланса, бу ҳар куни 500 000 (ярим миллион)та савоб дегани!!
Қани, бошланг! Бир кунда сизга Қуръондан келган соф даромад – ярим миллионта савоб!!
Бундан ташқари бу кунлардаги савоблар ўн баравар қилиб берилади ... Эҳҳе, унда Қуръон ўқиш савоби қанча бўлади?! ...

Ҳар намоздаги зиёфат режаси

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Масжидга бориб қайтган одамга Аллоҳ таоло ҳар бориб, қайтганида жаннатда қўнимгоҳлар тайёрлаб қўяди», – дедилар (Имом Муслим 1073; Ибн Ҳиббон 2037).
Қўнимгоҳ – меҳмон учун тайёрланган жойдир... Келинг, сизга зиёфатга бориш режасини берай!... Уйингизда таҳоратни олгач, азон айтилишидан беш дақиқа илгари масжидга боринг ва азон калималарини масжидда муаззин билан такрорланг. Сўнгра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиб, У зот учун васила ва фазилатларни тиланг. Сўнгра хотиржамлик билан фарз намозидан аввалги суннатни ўқинг. Кейин Аллоҳга дуо қилинг. Чунки азон билан иқомат (такбир) ўртасидаги дуо рад қилинмайди. Шояд Аллоҳ сизни кўз ёшларингиз билан қилган дуоларингизни қабул қилишга лойиқ кўрган бўлса, ажаб эмас! Кейин биринчи сафда, имомнинг ўнг тарафида туриб намоз ўқинг. Бу намозни ўқиш билан қувонгач, чин юракдан Аллоҳга истиғфорлар айтсангиз, берган неъматларига шукроналар келтирсангиз ва бу неъматларни ёдга олсангиз, бу ишингизнинг меваларини оласиз: таҳорат олиш асносида гуноҳларингиз тўкилади. Масжид сари ташлаган одимларингиз билан битта гуноҳ ювилиб, мақомингиз бир даража кўтарилади. Азон калималарини такрорлаш ҳам, гуноҳларга мағфиратдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш, Унинг шафоатига эришишдир. Фарз намозидан аввалги суннат намозининг, намоздан кейинги намозни кутиш – худди намозда тургандек туришингизнинг, фарз намозидан кейинги суннат намозининг, масжидда туришнинг ва ... ва ... нинг савоби!! Аллоҳ номига онт ичиб айтингчи, ахир бу зиёфат эмасми?!!
Айтингчи, бу зиёфатни қўлидан кела туриб қилмайдиган одам борми?! Агар бўлса сиз уни ким деб атайсиз?!

Зикр қилиш режаси

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳнинг даргоҳида Аллоҳга ўн кунликдан кўра амал қилиш суюкли бўлган бошқа кунлар йўқдир. У кунларда тасбиҳ, ҳамд, таҳлил ва такбирни кўп айтинглар!» –дедилар (Табароний 11116).
Бу кунлардаги энг буюк зикр калималари: «Субҳоналлоҳ, вал-ҳамдулиллаҳ, ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар!» (Аллоҳни мушриклар сифатлаётган нолойиқ сифатлардан поклайман. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир. Аллоҳ Буюкдир!)дир. Улар қолгувчи солиҳ амаллардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу калималарниг ҳар бири учун жаннатда битта кўчат экалишидан дарак бердилар (Ибн Можа 3797). Ушбу калималарнинг Аллоҳ ҳузуридаги савоби Уҳуд тоғичадир ...
Биродарлар, рамазон ойи Қуръон ҳақида катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлса, (зулҳижжа ойининг) биринчи даҳаси зикр қилиш бобида катта тарбиявий аҳамиятга эгадир. Сиз мендан: «Бу калималар – зикрларни қачон айтаман?» – деб сўрашингиз мумкин. Мен сизга шундай дейман: «Ўзингизни бирон иш учун йўлда кетаётганингизда ёки ухлашдан илгари диванга узанганингизда одатлантиринг! ... Ўзингизни одатлантиринг! ... Гаплашаётган ёки овқатланаётган пайтингизда гапингизни тўхтатинг ва калималарни зикр қилинг! Масжидга эрта бориб, намозга иқомат (такбир) айтилгунича бу зикрларни такрорланг! Агар мен айтган нарсаларни қилишга одатлансангиз ва тинмай минг марта қилсангиз, менинг фикримча, жаннатга ҳар куни 4 000 (тўрт мингта) кўчат «ўтқазган» бўласиз!!
Сиз бу зикрларни (зулҳижжанинг) биринчи даҳасида давомий тарзда айтсангиз, жаннатдаги бўстонингизда нечта ниҳол бўлади? Ўн кун ичида 100 000 (юз мингта) кўчат «ўтқазиш»ни тасаввур қила оласизми?! Ахир, бу қўлдан чиқариладиган фурсатми?! Айтингчи, уни ким қўлдан бой бериши мумкин?!».

Рўза тутиш режаси

Ҳунайда ибн Холид (раҳимаҳуллоҳ) хотинидан, хотини эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳтарама рафиқаларидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зулҳижжанинг тўққиз кунида, ошуро кунида ва ҳар ойнинг уч куни: ойнинг биринчи икки куни ва пайшанба кунлари рўза тутар эдилар» (Саҳиҳу Аби Довуд 2129).
Бу тўққиз кун давомида рўза тутинг. Бирон кунни рўзасиз ўтказманг. Айрим баттоллар сизни йўлдан уриш учун: «Айтилган ҳадис заифдир!» десалар, мана бу умумий ҳадис ҳам бор: «Аллоҳ, Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутган одамнинг юзини жаҳаннамда қирқ йил йироқ қилади» (Имом Бухорий 2628). Ушбу кунлар фазилати билан катта даромадларни қўлга киритишингизда ҳеч шубҳа йўқдир!!

Ҳаж ва умра қилиш режаси

Эллик минг жунайҳ (Миср пул бирлиги) тайёрланг ва эллик минг ҳасанот сотиб олинг! ... Балки, офтоб нури тушган барча нарсадан ҳам кўпроқ нарсани сотиб олинг! ... Масжидда бамдод намозидан сўнгра то қуёш чиққунича ўтиринг ва икки ракаат намоз ўқинг ... Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бамдод намозини жамоат билан ўқиган, сўнгра, қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирган ва икки ракаат намоз ўқиган одамга тўкис, тўкис ҳаж ва умра савоби берилади» – дедилар («Миръатул мафатииҳ шарҳу мишкатил масобииҳ», 3/328, 643). Бу ўтиришда Қуръон тиловати, тонг зикрлари, тавбанинг янгиланиши, хуфёна дуо, қилинган зулмларни афв этиш, Аллоҳдан афв тилаш ва янги ибодатлар бор.

Фирдавснинг туганмас неъматларини қўлга киритиш режаси

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким ўн оят ўқи(б тунларни бедор ўтказ)са ғофиллардан бўлмас. Юз оят ўқи(б тунларни бедор ўтказ)са обидлар қаторида ёзилур. Минг оят ўқи(б тунларни бедор ўтказ)са (жаннатнинг) битмас-туганмас неъматларини қўлга киритганлардан бўлади» (Абу Довуд 1190). Демак, тунларни минг оят ўқиб бедор ўтказсангиз, сизга ҳар кеча учун жаннатдан битмас-туганмас янги неъматлар берилади. Агар бунга кучингиз етмай юз оят ўқиган бўлсангиз, обидлар қаторида ёзиласиз.

Аллоҳ йўлида дўстлашиш режаси

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳнинг бандалари ичида шундай одамлар борки, улар на пайғамбар ва на шаҳиддирлар. Бироқ, уларга Қиёмат кунида пайғамбарлар ҳам, шаҳидлар ҳам Аллоҳга нисбатан мақомлари сабабли ҳавас қилишади» – дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, улар кимлар?!» – деб савол берганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар ўрталарида қариндошлик ришталари ва тижорий молу мулклари бўлмаган ҳолда бир-бирларини Аллоҳнинг руҳи билан суйган қавмлардир. Аллоҳга қасамки, уларнинг юзлари нурдир ва улар нур узра турадилар. Одамлар қўрққанида улар қўрқмайдилар. Одамлар маҳзун бўлганларида, улар қайғуга ботмайдилар» – деб жавоб бердилар-да, Аллоҳ таолонинг:
«Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар» (Юнус: 62) оятини ўқидилар (Абу Довуд 2060).
Сиз ўн кун ичида ҳеч бўлмаса дўстларингизни бир кун ифторга чақиринг. Шом намозидан ярим соатча илгари бирга зикр ва дуолар қилинг. Ифтордан ярим соат ўтгач дўстларингизга (диний вазифаларни) эслатинг, улар билан бирга Қуръон тиловатини тингланг ёки Аллоҳни эслатадиган CDлар томоша қилинг. Кейин эса уларга, агар бўлса, китоб ва аудио тасмалар совға қилинг. Хуллас, берилган ифтор, Аллоҳ йўлига чақириқ, амру маъруф ва наҳий мункар, яхшиликка кўмакчилик ва иккиланган одамларнинг (Исломда) устивор қолишларига сабабчилик савобларини қўлдан чиқарманг!

Қариндошлар билан алоқа қилиш режаси

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Ҳой одамлар, саломни ошкор берингиз, таом едирингиз, қариндошлар билан борди-келди қилингиз ва одамлар уйқуда экан тунлари намоз ўқингиз, жаннатга хотиржам киражаксиз» (Доримий 1460; Ибн Можа 1324, 3242);
«Бачадон (қариндошлик) Аршга осилиб: Мени (узилганимдан кейин) ким боғласа Аллоҳ уни боғлайди. Мени ким узса, Аллоҳ ҳам уни узади» – дейди» (Имом Муслим 4635).
Сиз ҳар куни ярим соатни ёки имконингизда бўлган вақтни, ота-онангизга яхшилик қилиш, қариндошлардан биронтасини кўриш, қўшниларга бирон икромда бўлиш, мусулмоннинг қалбига қувонч киритиш учун айиринг!

Арафа кунининг режаси

Суюкли дўстим, аввало, Арафа кунининг нақадар муҳим эканини биласизми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги ва кейинги йилларнинг гуноҳларига каффорот бўлишини, Аллоҳдан умид қиламан» – деганлар (Термизий 680; Ибн Ҳиббон 3632; Ибн Можа 1720). Ундай бўлса, мен билан ҳисобланг: 12 соатлик рўза = 24 ойлик мағфират. Яна мен билан ҳисобланг: бир кун = 24 соат. Бир кундаги ҳар бир соат = бир ойнинг мағфирати ёки ҳар 60 дақиқа = 60 кун. Демак, ҳар бир дақиқа = бир кун. Айтингчи, бу куннинг бирон дақиқасини зое қиладиган бирорта оқил инсон борми?! Хўш, сиз нима қиласиз?! Масжидга бамдоддан ярим соат илгари бориб, Аллоҳ таолога ўша кунда сизни (гуноҳлардан) сақлаши учун ялиниб ёлборасиз, рўза ва эътикоф нияти қиласиз: масжиддан қуёш ботганидан сўнграгина чиқиб, дуо ва зикр қилишга тиришасиз.

Ҳайит кунининг режаси

Ҳайит куни йилнинг энг афзал куни эканини унутманг. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳнинг наздидаги энг афзал кунлар Ҳайит ва (ҳожиларнинг Минода) ўрнашган (зулҳижжанинг ўн биринчи) кунидир» – дедилар (Ибн Ҳиббон 2811).
Сизнинг у кунги режангиз қуйидагича бўлсин: кунингизни Ҳайит намозидан бошланг. Одамлар юзига масрур ва очиқ юзлик билан боқинг. Ота-она, қариндош ва ёру биродарларни бориб кўринг. Қурбонлик сўйинг. – Қиммат!, – дедингизми?! Моддий имкониятингизга қараб, ҳеч бўлмаса, дўстларингиз билан бирга битта қўй сўйинг!
Ушбу олтин фурсатни ҳам қўлдан чиқарманг! Агар банда ҳар куни фарз намозлардан ташқари 12 (ўн икки) ракаат нафл (суннат) намози ўқир экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Қайси мусулмон банда ҳар куни фарздан бошқа нафл ўлароқ ўн икки ракаат намоз ўқир экан, Аллоҳ унга жаннатда бир қаср қуради» (Имом Муслим 1199). 10 кунда = жаннатдаги 10 та қаср.
Ҳар куни 10 мартадан Ихлос сурасини ўқинг ва сизга Аллоҳ таоло жаннатда қаср қуради! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн марта ўқиса, унга жаннатда қаср қурилади» – дедилар (Доримий 3429). Шу билан сизга боғларни тайёрлаб, кошоналарни қурган бўламиз!!
Ҳайит куни фақир оилаларга қувончу сурур киритишни ва уларнинг олдига ҳайитдан илгари боришни, пул, кийим ва гўштлар беришни унутманг!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир кунда рўза, жанозага эргашиш, беморни кўриш ва садақага берган ваъдаси – олдингизда жаннат дарвозаларининг барчаси очилишини унутманг!!
Иш билан банд бўлган дўстим, мен шунча фурсатларни эслатгандан кейин, ўзининг жуда ҳам машғул, бу ишларга кучи етмаслигини, шу билан бирга бу қадар савоблардан маҳрум қолиш истагида бўлмаганини айтиб, баҳона изламасин. Масалан, ярим йиллик ўқув имтиҳонларига кирмоқчи бўлганлар. Мен сиздан кўп эмас, масжидда ҳар намоздан илгари ва кейин бир соат ва бамдод намозидан илгари эса бир соат қолишингизни талаб қилаяпман, холос. У вақт ичида шундай қилинг: ҳар намоздан ярим соат илгари Қуръон тиловати ва зикр билан, кун бўйи рўза тутиш билан машғул бўлинг, ҳар ифтор пайтида эса чақирилганингиз ифтор ерига боринг. Субҳи содиқдан илгари эса таҳажжуд намози ўқинг. Ўзингизни яхшиликдан маҳрум айламанг! Йўқ! ... Йўўқ! ... Йўўўқ! ... Бу кунларнинг ҳар бир соатида, ҳар бир дақиқаси ва ҳар бир онида Аллоҳ ҳузурида сарҳисоб қилинажагингизни ёддан чиқарманг! Ҳақиқатан, ҳар бир дақиқа банда аввалидан то охиригача гуноҳ билан ўтказган куннинг осийлигига мағфиратдир! Шундай экан, мўъминнинг ҳаётидаги Аллоҳнинг энг афзал кунларидаги энг бебаҳо дамларнинг дақиқасини ҳам зое қилманг! ...
Аллоҳ таоло муаллифни, унинг ота-онасини, суюкли дўстлари ва барча мусулмонларни мағфират қилсин!

Admin   11-06-2010, 07:43 AM
#99
Арафа кунининг режаси

Суюкли дўстим, аввало, Арафа кунининг нақадар муҳим эканини биласизми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги ва кейинги йилларнинг гуноҳларига каффорот бўлишини, Аллоҳдан умид қиламан» – деганлар (Термизий 680; Ибн Ҳиббон 3632; Ибн Можа 1720). Ундай бўлса, мен билан ҳисобланг: 12 соатлик рўза = 24 ойлик мағфират. Яна мен билан ҳисобланг: бир кун = 24 соат. Бир кундаги ҳар бир соат = бир ойнинг мағфирати ёки ҳар 60 дақиқа = 60 кун. Демак, ҳар бир дақиқа = бир кун. Айтингчи, бу куннинг бирон дақиқасини зое қиладиган бирорта оқил инсон борми?! Хўш, сиз нима қиласиз?! Масжидга бамдоддан ярим соат илгари бориб, Аллоҳ таолога ўша кунда сизни (гуноҳлардан) сақлаши учун ялиниб ёлборасиз, рўза ва эътикоф нияти қиласиз: масжиддан қуёш ботганидан сўнграгина чиқиб, дуо ва зикр қилишга тиришасиз.

Admin   11-06-2010, 07:46 AM
Ҳайит кунининг режаси

Ҳайит куни йилнинг энг афзал куни эканини унутманг. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳнинг наздидаги энг афзал кунлар Ҳайит ва (ҳожиларнинг Минода) ўрнашган (зулҳижжанинг ўн биринчи) кунидир» – дедилар (Ибн Ҳиббон 2811).
Сизнинг у кунги режангиз қуйидагича бўлсин: кунингизни Ҳайит намозидан бошланг. Одамлар юзига масрур ва очиқ юзлик билан боқинг. Ота-она, қариндош ва ёру биродарларни бориб кўринг. Қурбонлик сўйинг. – Қиммат!, – дедингизми?! Моддий имкониятингизга қараб, ҳеч бўлмаса, дўстларингиз билан бирга битта қўй сўйинг!
Ҳайит куни фақир оилаларга қувончу сурур киритишни ва уларнинг олдига ҳайитдан илгари боришни, пул, кийим ва гўштлар беришни унутманг!

Pages (13):    1 8 9 10 11 12 13   
  
Users browsing this thread: 21 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.