Зул-ҳижжанинг ўн куни
Саъд ибн Саид ал-Ҳажарий
Ислом Нури таржимаси
Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан)
яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони)
вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)
!» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ)
ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70-71).
Аммо баъд...
Сўзларнинг энг тўғриси Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг энг ёмони (динда) кейин пайдо қилинганларидир. Ҳар бир кейин пайдо қилинган иш бидъат, ҳар бир бидъат залолат, ҳар бир залолат дўзахдадир.
Аллоҳ таоло ўзи истаганини яратади ва истаганини танлайди. Осмонларни яратди ва улар ичидан еттинчи осмонни танлади. Жаннатларни яратди ва улар ичидан Фирдавсни танлади. Малоикаларни яратди ва улар ичидан Жаброил, Мийкоил ва Исрофилни танлади. Башариятни яратди ва улар ичидан мўминларни танлади. Мўминлар ичидан набийларни танлади. Набийлар ичидан расулларни танлади. Расуллар ичидан улул-азмларни танлади. Улул-азмлар ичидан икки Ҳалилни танлади. Икки Ҳалилдан Муҳаммадни танлади – соллаллоҳу алайҳи ва саллама ва алал-анбияи ажмаийн – Ерни яратди ва ундан Маккани танлади. Кунларни яратди ва ойлари ичидан Рамазонни, кунлари ичидан Жумъани, тунлари ичидан Қадр кечасини, соатлари ичидан Жумъа соатини, ўн кунликлари ичидан Зул-ҳижжаниниг ўн кунини танлади.
Мусулмон киши иш-амалда ҳам, вақт-замонда ҳам баракотли ҳолда яшайди. Амалдаги энг катта барака тоатдир. Зеро, у ўз эгасига барака олиб келади. Аллоҳ таоло айтганидек:
«Ким бирон чиройли амал қилса, унга ўшанинг ўн баробарича (ажр-савоб берилади)
» (Анъом: 160).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигор таборака ва таолодан ривоят қилиб айтдилар:
«Аллоҳ азза ва жалла яхшилик ва ёмонликларни битиб, сўнг уларни баён қилиб қўйди. Ким бир яхшиликни мақсад қилса, бироқ уни қилмаса, Аллоҳ Ўз ҳузурида унга битта тўла ҳасана-ажр ёзади. Агар бир яхшиликни мақсад қилса, сўнг уни қилса, Аллоҳ Ўз ҳузурида унга ўнтадан етти юз баробаргача ва ундан ҳам бир неча баробар кўп ҳасана-ажр ёзади. Ким бир ёмонликни қасд қилса, бироқ уни қилмаса, Аллоҳ Ўз ҳузурида унга битта тўла ҳасана-ажр ёзади. Агар бир ёмонликни қасд қилса, сўнг уни қилса, Аллоҳ фақат битта саййиъа-гуноҳ ёзади» (Муттафақун алайҳ).
Демак, тоат сўзда бўлганда ҳам барака бўларкан. Яъни, биттагина сўзга Аллоҳ таоло ўнта ҳасана ёзаркан ва бу билан бандасидан рози бўлиб, уни жаннатига киритаркан. Жаннатида ҳам ундан рози бўлиб, ҳеч қачон унга ғазаб қилмас экан.
Тоат амалда бўлганда ҳам баракадир. Чунки, битта намозга ўнта намоз ажри, бир ой рўзага ўн ой рўза ажри, биргина садақага етти юз баробар ажр битилади, мабрур ҳажнинг жаннатдан бошқа мукофоти бўлмайди.
Тоат-ибодат гуноҳлардан тозаланишдир.
Намоз гуноҳлардан тозалайди. Ҳадисда келганидек: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Айтингизчи, агар бирортангизнинг эшиги олдида анҳор бўлиб, унда ҳар куни беш марта ювинса, нима дейсиз, бу унинг кирлигидан (бирор нарсани) қолдирадими?», деб сўрадилар. (Саҳобалар
«Бирорта ҳам кирлик қолдирмайди» деб жавоб беришди.
«Беш вақт намознинг мисоли шудир, Аллоҳ улар билан барча хатоларни ўчириб юборади» дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Рўза гуноҳу маъсиятлардан покланишдир. Садақа гуноҳни худди сув ўтни ўчиргандек ўчиради. Ким Аллоҳ учун ҳаж қилиб, ёмон сўзларни сўзламаса ва фосиқлик қилмаса, уйига онадан янги туғилгандек гуноҳсиз қайтади.
Тоат ўзаро муомалаларда ҳам баракага сабаб бўлади. Чунки, чиройли муомала билан инсон кундузи рўза тутувчи ва туни билан намозда қоим бўлувчининг ажрига эришади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ёнма-ён бўлади, жаннатнинг юқори қисмидан уйга эга бўлади.
Зул-ҳижжанинг ўн куни вақтлар ичида энг баракотлисидир. Зеро, Аллоҳ таолонинг наздида алоҳида эътибори бор. Бу эса У Зотнинг бу кунларни яхши кўриши ва уларни улуғ қилганига далолат қилади. Бу кунлар ҳасанотлари кўп, саййиотлари кам, даражалари баланд ҳамда бир қанча ибодаларни ўзига жамлаган кунлардир. Уларнинг фазилатларини санаб тугатиш қийин.
Энг катта фазилатларидан бири шуки, Аллоҳ таоло бу кунларга қасамёд қилган:
«Тонгга қасам, (Зул-ҳижжа ойидаги аввалги)
ўн кечага қасам» (Вал-фажр: 1, 2). Аллоҳ таоло фақат самовот, ер, қуёш, ой, юлдузлар, шамол каби Ўзининг буюк махлуқотларига, шунингдек тонг, аср, чошгоҳ, тун, кундуз ва ўн кунлик каби энг фазилатли вақтларга, Макка каби энг улуғ маконларга қасамёд қилган. Аллоҳ ўзи истаган махлуқоти билан қасамёд қилиши мумкин, аммо бандалар фақат Аллоҳ номигагина қасам ичишлари жоиз бўлади. Аллоҳ таоло улар билан қасамёд қилиши ўша махлуқотларининг буюклигига, Аллоҳ ҳузурида эътиборли эканига далолат қилади.
Аллоҳ таоло ушбу ўн кунликни фазилатли вақтларга боғлаб келтиргани ҳам уларнинг фазилатига далолат қилади. Зеро, бу кунларни тонгга, жуфтлик ва тоқликка, тунга боғлаб зикр қилди.
Уларни тонгга боғлаб зикр қилиниши фазли шундаки, тонг отиши билан баданларга ҳаёт қайтади, гўё ўлимдан сўнг тирилиш содир бўлади, зулмат ортидан нур, сукунат ортидан ҳаракат, заифлик ортидан куч-қувват қайтади. Тонг пайтида малоикалар жамланади. Тонг кечанинг охирги учдан бирида бўлиб ўтган илоҳий нузулга энг яқин вақтдир, у билан иймон аҳли нифоқ аҳлидан ажралади.
Уларни жуфтлик ва тоқликка боғланишидаги фазл шуки, жуфтлик ва тоқлик барча махлуқотларни ташкил қилувчи сонлардир. Тирик жонзот йўқки, жуфтлик ё тоқликдан холи бўлса. Ҳатто, мазкур ўн кунда ҳам жуфтлик, яъни қурбон ҳайити куни ҳамда тоқлик, яъни Арафа куни бордир.
Тунга боғлаб зикр қилинишидаги фазл шуки, тун кундуздан муқаддамдир. У Қуръонда кундуздан кўра кўпроқ, яъни 72 марта зикр қилинган, кундуз эса 57 марта зикр қилинган. Тун нафл намози учун энг афзал вақт, ихлосли бўлишга энг яқин пайт, у хилват ва ёлғизлик соатидир, Парвардигорга муножот қилишга энг қулай фурсат, чунки у пайтда бандани Аллоҳдан ўзгаси кўрмайди ва эшитмайди, унинг ҳоли ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига маълум бўлади. Тун дуолар ижобат бўлишига, сўровлар ато этилишига, гуноҳлар мағфират этилишига энг муносиб вақтдир. Зотан, кечанинг охирги учдан бири қолганида Аллоҳ таоло:
«Қани, дуо қилувчи борми, дуосини ижобат қилсам, сўровчи борми, тилагини берсам, истиғфор айтувчи борми, гуноҳини мағфират қилсам», деб туради. Аҳли жаннатлар ҳам шу билан ажраладилар:
«Улар кечадан озгина (фурсатгина)
кўз юмар эдилар» (Ваз-зарият: 17), Раҳмоннинг суюкли бандалари ҳам шу билан бошқалардан ажраладилар:
«Раҳмоннинг (суюкли)
бандалари ерда тавозе билан юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни)
хитоблар қилган вақтида ҳам «Омон бўлинглар», деб жавоб қиладиган кишилардир. Улар кечаларни Парвардигорга сажда қилиб ва (жойнамоз устида)
тик туриб — бедор ўтказадиган кишилардир» (Фурқон: 63, 64).
Ушбу ўн кунликнинг фазилатларидан яна бири – Аллоҳ таоло бу динни шу кунлар ичида комил қилди, уларда барча ибодатлар жамланади, диннинг камоли билан суннат нусратланиб, бидъат чекинади, иймон қувватланиб, нифоқ ўлади. Диннинг камоли билан инсон ўзининг ёмонликларга буюрувчи нафси устидан ғолиб келиб, уни Аллоҳга ибодат қиладиган, анбиёларга эргашадиган ва солиҳларга ҳамдам бўладиган, гўзал ахлоқлар билан хулқланадиган хотиржам нафсга айлантиради. Диннинг камоли билан инсон ўзини васваса қилиб, Тўғри Йўлдан чалғитадиган шайтони устидан ғолиб бўлади, ҳавои нафси ва шаҳватларидан ғолиб келади. Дин комил бўлди, ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни туни ҳам кундуздек ёруғ бўлган мунаввар йўл устида қолдирдилар, у йўлдан фақат бадбахт кимсаларгина адашиши мумкин. Динимиз камолига яҳудларнинг ҳасади келиб, яҳуд руҳонийларидан бири ҳазрат Умар розияллоҳу анҳуга:
«Китобларингизда бир оят борки, агар у биз яҳудлар жамоасига нозил бўлса эди, биз у нозил бўлган кунни байрам қилиб олган бўлардик», деб,
«Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат)
Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3) оятини ўқиб берганида Умар розияллоҳу анҳу:
«Мен бу оятнинг қачон ва қаерда нозил бўлганини аниқ биламан. У Арафа кунида, Жумъа куни нозил бўлган», деганлар.
Бу кунлар фазилатларидан яна бири, Аллоҳ таоло улар ичида неъматини тугал ва тўкис қилди. Зеро, бу кунларда мўминлар ҳам оғзаки, ҳам баданий, ҳам ўзаро муомалалар шаклидаги бир неча хил ибодатлар неъматидан баҳраманд бўлишади.
Неъматнинг тўла-тўкислиги кўринишларидан яна бири – Аллоҳ бандаларнинг қалбларини Исломга очди, одамлар Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кирдилар. Неъматнинг тўла-тўкис бўлгани эълон қилинган кунда уларнинг сони юз мингдан ортиб кетган эди.
Неъматнинг тўкислиги кўринишларидан яна бири – Аллоҳ таоло Исломни барча динлар устидан ғолиб қилди. Араб ярим оролида ўша даврда яҳудийлик, насронийлик, мажусийлик, бутпарастлик каби бир неча динлар бор бўлиб, ҳаммаси Ислом келгач йўқолди, Ислом ҳаммасига ғолиб бўлди. Аллоҳ таоло айтади:
«У (Аллоҳ)
Ўз пайғамбари (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)
ни ҳидоят ва Ҳақ дин (Ислом)
билан, у (дин)
ни барча (дин)
ларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир. Аллоҳнинг Ўзи (ушбу ваъдасининг рўёбга чиқишига)
етарли гувоҳдир» (Фатҳ: 28).
Неъматнинг тўкислиги кўринишларидан яна бири – кофирларнинг Ҳарам ҳудудига киришдан тўсилишлари ва уни мусулмонларгагина хосланиши бўлди. Шу билан мусулмонларнинг сафлари бирлашиб, гўё бир жисму-жонга айландилар, маъбудлари ягона, динлари бир, сўзлари бир жойдан чиққан, йўллари бирлашган ҳолатга келдилар. Иймон аҳлини ғолиб, куфр аҳлини мағлуб ҳолда кўриш нақадар улкан неъмат!
Ушбу ўн кунликнинг фазилатларидан яна бири шуки, ҳар турли кўринишдаги ибодатлар фақат шу кунларда йиғилади, бошқа кунларда ундай бўлмайди. Бу кунларда фарзу-нафл намозлардан ташқари, истаган кишилар учун садақа ибодати, нафл рўза тутишни истаган ёки қурбонлик қилиш имкони бўлмаган кишилар учун рўза тутиш ибодати, Байтуллоҳни ҳаж қилиш ибодати жамланади. Қолаверса, уларда кўпдан-кўп зикр, талбия, дуолар бор. Барча турдаги ибодатларнинг жамланиши бу кунлар учун алоҳида шарафдир.
Бу ўн кунликнинг фазилатларидан яна бири – улар ичидаги ҳар бир дақиқа, соат, кун ва ҳафталар дунё кунлари ичида мутлақо энг афзал вақтлардир. Улар Аллоҳ таолога энг суюмли кунлардир, уларда қилинган солиҳ амаллар Аллоҳ таолога энг марғуб амаллар саналади. Бу кунлар ажрларни жамлаб олиш мавсумидир, хайрия ишларида мусобақалашиш майдонидир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганларки:
«Ҳеч қайси кунда қилинган солиҳ амал ушбу ўн кунда қилинган солиҳ амалчалик Аллоҳга суюкли эмас».
«Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳамми?» - сўрашди, саҳобалар.
«Ҳа, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам! Фақат моли-ю жони билан (жиҳодга) чиқиб, бирор нарсаси билан қайтмаган киши (яъни моли ҳам, жони ҳам ўша ерда қолиб, ўзи шаҳид бўлган киши) бундан мустасно», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ушбу ўн кунликда қилинган солиҳ амал жон билан жиҳод қилишдан ҳам афзал, мол билан жиҳод қилишдан ҳам афзал, ҳар иккиси билан жиҳодга чиқиб, улар билан ёки улардан бири билан қайтишдан ҳам афзал экан. Фақатгина жони ва моли билан жиҳодга чиқиб, ҳам жонини, ҳам молини қурбон қилган кишининг амалигина унга тенглаша олар экан.
Ушбу кунларнинг фазилатларидан яна бири – улар ичида Арафа куни, яъни Зул-ҳижжанинг тўққизинчи куни бордир. Бу кун фазл билан, ажру-савобларнинг кўп бўлиши, гуноҳларнинг мағфират қилиниши билан маъруф ва машҳур кундир. Бу кун тавҳид аҳли таниладиган кундир, улар бу куни «ла илаҳа иллаллоҳ»ни баралла айтадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«Энг яхши дуо – Арафа куни қилинган дуодир. Мен ва мендан аввалги пайғамбарлар айтган сўзларнинг энг яхшиси: «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр»дир (Маъноси: Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ. У Ёлғиз, шериксиздир. Мулк ҳам, ҳамд ҳам Уники ва У барча нарсага Қодирдир)» (Имом Термизий ривояти). Инсон ўз нафсининг заифлигини билади ва Аллоҳга дуо-илтижоларни кўпайтиради, ер юзининг ҳар бурчагидан келган мусулмон биродарларини кўриб, иймони қувватланади, гуноҳларнинг мағфиратига сабаб бўлувчи таҳлилу такбирлар, зикру дуолар, жисмни гуноҳдан сақлаш, ҳаж қилмаётган кишининг рўза тутиши каби улкан амаллар билан Аллоҳнинг кўпдан-кўп мағфиратига гувоҳ бўлади. Бу кун ҳақиқатан улуғ ҳаж кунидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек:
«Ҳаж – Арафа (куни)дир». Бу кундаги нафл рўза икки йиллик – ўтган йилги ва келгуси йилдаги гуноҳларга каффорат бўлади.
Ушбу кунлар фазилатларидан яна бири – улар ичида наҳр, яъни қурбонлик куни бордир. У Зул-ҳижжанинг ўнинчи куни бўлиб, кунлар ичида энг афзали саналади. Ҳадисда келганидек:
«Кунларнинг энг афзали наҳр кунидир». Бу кунда тош отиш, соч олдириш, қурбонлик бўғизлаш, тавоф, саъй каби ҳаж ибодатларининг асосий кўпчилиги, ийд намози, мусулмонларнинг ҳайит қилиб, бир-бирларини муборакбод этишлари каби хайрли амаллар адо этилади.
Мусулмон киши бу кунларнинг беҳисоб фазилатларини зое қилмаслиги, балки уларни ғанимат билиши ва уларда яхшиликларга шошилиши, уларни солиҳ амаллар билан ўтказиши муносиб бўлади.
Бу кунларда кўп Қуръон ўқиш яхши бўлади. Чунки, Қуръон энг афзал зикрдир, унда ҳидоят, раҳмат, барака, улуғворлик, таъсир ва шифо бор. Мусулмон киши яхши билмоғи керакки, Аллоҳ таолога сўзларнинг энг суюмлиси зикрдир. Зикр дунё-ю охиратдаги нажот сабабидир. Зикр ўз эгасини шайтоннинг ёмонлигидан ва дўзах азобидан сақлайди. Банда Аллоҳ ҳузурида зикри сабабли ёд қилинади, зикр қилувчига Аллоҳ ва малоикалари саловот йўллайдилар. Зикр энг кучли қуролдир. У амаллар ичида энг яхшиси ва даражаларни юқсалтирувчисидир. Зикр инфоқ-эҳсондан ҳам яхшидир, у билан Аллоҳ таоло ажрларни бир неча баробарга зиёдалаштиради, гуноҳларни мағфират қилади. Зикрнинг фазилатлари кўп ва бисёрдир.
Аллоҳ таоло уни намоз билан бирга зикр қилди:
«Намозни адо қилиб бўлганингиздан кейин ҳам турган, ўтирган ва ёнбошлаган пайтларингизда доим Аллоҳни ёд этингиз!» (Нисо: 103).
Жумъа билан бирга зикр қилди:
«Энди қачон намоз адо қилингач, Ерга тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз)
истайверинглар. Аллоҳни кўп зикр қилингларки, шояд нажот топурсизлар» (Жумъа: 10).
Рўза билан бирга зикр қилди:
«Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир» (Бақара: 185).
Ҳаж билан бирга зикр қилди:
«Энди, маросимларингизни адо қилиб бўлгач, Аллоҳни аждодларингизни эслагандек, балки ундан-да қаттиқроқ эсланг!» (Бақара: 200).
Жиҳод билан бирга зикр қилди:
«Эй мўминлар, (кофир)
жамоатга рўбарў бўлганингизда саботли бўлингиз ва доимо Аллоҳни ёд этингиз» (Анфол: 45).
Демак, зикр бирон вақтга ва бирон ҳолатга чекланмайди, Аллоҳ таоло ҳамма ҳолатларда зикр қилишга буюрган:
«Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар» (Оли Имрон: 191),
«Намозни адо қилиб бўлганингиздан кейин ҳам турган, ўтирган ва ёнбошлаган пайтларингизда доим Аллоҳни ёд этингиз!» (Нисо: 103).
Мусулмон биродарлар! Ушбу ўн кунлигингизни солиҳ амаллар билан ғанимат билинг ва албатта энг аввал Аллоҳга тавба қилишга, У ёмон кўрадиган зоҳирий ва ботиний амаллардан тийилиб, У яхши кўрадиган зоҳирий ва ботиний амалларни қилишга шошилинг, ўтган гуноҳларингизга надомат қилинг, олдингизда турганларидан юз ўгиринг ва уларга яна қайтмасликка азм қилинг!
Эй Аллоҳнинг бандаси, фарзларни тарк қилишдан ва ҳаром ишларга қўл уришдан тавба қилинг! Тавба – билиб-билмай маъсиятга қадам қўйган ҳар бир мусулмонга вожибдир. Чунки, ҳеч ким ўлим унга қачон етишини билмайди. Қолаверса, гуноҳлар гуноҳларни тортиб келади. Замон ва маконнинг фазилатига қараб, гуноҳлар ҳам қаттиқроқ ва жазоси ҳам ортиқроқ бўлади. Аллоҳ таоло айтади:
«Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар» (Таҳрим: 8).
Ушбу ўн кунликда машруъ бўлган амаллардан бири зикрдир. Аллоҳ таоло айтади:
«Улар ўзлари учун бўлган (диний ва дунёвий)
манфаатларга шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (яъни Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ)
уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш)
устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар)
» (Ҳаж: 28).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«Ҳеч бир кунларда қилинган амал ушбу кунлардаги амалдан улуғроқ ва суюмлироқ бўлмайди. Шундай экан, у кунларда таҳлил, такбир ва таҳмидни кўпайтиринглар» (Имом Аҳмад ривояти).
Мусулмон биродарим! Бу кунларда нафл намозларни кўпайтиринг, фарз намозлардан аввалги ва кейинги суннат намозларга эътиборсиз бўлманг.
Бу кунларда имкон қадар садақани кўпайтиринг. Чунки, бу кунларда қилинган садақа Рамазонда қилинган садақадан ҳам афзалдир. Бу кунларда одамларнинг ҳажга ва ийдга ҳозирлик кўриш, қурбонлик ва бошқа важлардан садақага эҳтиёжлари ортади. Садақа билан инсон яхшиликка етишади, ажри зиёда қилинади, Аллоҳ уни қиёмат куни Ўз сояси билан соялантиради, садақа сабабли Аллоҳ яхшилик эшикларини очади, ёмонлик эшикларини ёпади, садақа қилувчилар учун жаннатдан бир эшик очилади, садақа қилувчини Аллоҳ ҳам, бандалар ҳам яхши кўради, садақа билан киши нафсини ва молини поклайди, гуноҳи кечирилади, мол-дунёга қулликдан қутулади, Аллоҳ таоло унинг жонини, молини, бола-чақасини, дунёси ва охиратини асрайди.
Эй Аллоҳнинг бандаси! Ушбу ўн кунликда рўзани кўпайтиринг. Агар тўққиз кун рўза тутсангиз, бу қандай яхши. Чунки, рўза солиҳ амалдир.
Ўн кунликда ҳар қандай солиҳ амалга шошилинг, дуо ва истиғфорни кўпайтиринг, ҳар қандай ибодат билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилиб олинг. Шояд, нажотга эришсангиз.
Солиҳ амал ҳар қандай маъруфни, ҳар қандай яхши сўзу амални ўз ичига олади. Қаерда бўлмасин, мусулмонларни йўқлаш, аҳволларидан хабар олиш, улар ҳақида қайғуриш, мусибатларини енгиллатиш, ҳожатларини бароридан келтириш, ҳақларига дуо қилиш ҳам энг катта солиҳ амал саналади.
Солиҳ амал ҳамма замон ва ҳамма маконда Аллоҳга маҳбуб бўлса-да, хусусан шу муборак кунларда маҳбублиги яна ҳам ортади. Ҳаж қилишга имкони бўлмаган киши бу кунларда вақтини намоз, Қуръон ўқиш, зикр, дуо, садақа, ота-онага яхшилик қилиш, силаи раҳм, амри маъруф, наҳий мункар ва бошқа яхши ишлар билан ўтказиши муносиб бўлади.
Шуни ҳам билиб қўйган яхшики, қурбонлик қилиш нияти бор бўлган киши ушбу ўн кунлик кирганидан сўнг то қурбонлигини бўғизламагунича сочини, тирноғи ва баданининг бошқа жойларидаги тукларини олишдан тийилиб туриши керак бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«Ўн кунлик кирса ва сизлардан бирон киши қурбонлик қилмоқчи бўлса, сочи ва баданидан (тук, тирноқ каби) бирон нарсани олмасин» (Имом Муслим ривояти).
Бир ривоятда:
«Сочи ва тирноқларини олишдан тийилсин» (Имом Муслим ривояти).
Бу қайтариқ фақат қурбонлик қилиш ниятидаги кишига хос бўлиб, оиласи номидан қурбонлик қилмоқчи бўлса, оила аъзолари гарчи қурбонликда шерик бўлсалар ҳам, бу қайтариқнинг уларга дахли йўқдир.
Шоядки бунинг сабаби ҳарамга ҳадясини ҳайдаб бораётган эҳромдаги кишига ўхшаши учундир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан тақво қилинглар, У белгилаб берган шаъираларни (яъни ибодат турларини) улуғланглар, шунда нажот топасизлар ва дунё-ю охират саодатига эришасизлар.
12/11/2009