Ошуро куни қандай ва нима учун?
Шамсиддин Дарғомий
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу ала ман ла набийя баъдаҳ
Оллоҳ таолонинг фазли ва карами ҳамда биз мўминларга бўлган раҳмати туфайли ҳозирда кўпчиликка Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари равшан бўлиб келмоқда. Ушбу суннатлардан бири Ошуро кунида рўза тутиш суннатидир. Оллоҳга ҳамдлар бўлсинки Ошуро кунининг суннатлиги ва унинг аҳамияти ҳамда бу кунда рўза тутиш ўтган бир йилга каффорот бўлиши кўпчилигимизга энди сир эмас. Бу суннатнинг муҳимлиги билингач, уни қандай йўл билан комил суратда амалга ошириш кераклигини билиш лозим бўлиб қолди.
Шундай экан ушбу сатрларда ошуро кунини қандай қилиб суннатга мувофиқ равишда бажариш ҳақида сўз юритсак.
Ошуро куни рўза тутишнинг ҳукми.
Ошуро кунида рўза тутиш барча олимлар назарида бир овоздан мустаҳаб амалдур. Баъзи олимлар қатъий суннат ҳам дейишган. Имом Бухорий ўзларининг саҳиҳларининг "Ошуро кунининг рўзаси" деб номланган бобида Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу ҳадисларини келтирадилар. Унда Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам "Ушбу Ошуро куни сизларга бу кунда рўза фарз қилинмади, мен эса бу кунда рўза тутдим, ким рўза тутишни ҳоҳласа тутсин, ҳоҳламаганлар тутмасин" деб марҳамат қиладилар. Бу ҳадисни имом Муслим ҳам ривоят қилганлар.
Шайхулислом ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ айтадилар. "Ошуро кунида рўза тутган киши унга қўшиб тўққизинчи кунида ҳам рўза тутиши суннат бўлади. Чунки Росулуллоҳнинг бу борада энг охирги амаллари шу тарзда бўлган"
Бу кунларда рўза тутишнинг ҳикмати.
Тўққизинчи кунда рўза тутишнинг ҳикмати: Ушбу кунда рўза тутиш Ошуро кунида рўза тутишга боғлиқ бўлиб, асосан бу амал яҳудларнинг амалига тўғри келиб қолмаслик учун қилинади. Яҳудлар фақат Ошуро кунида рўза тутадилар. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Ошуро кунини рўзасига буюрган кўп ҳадисларда "холифу ал-яҳуд" яҳудларга хилоф қилинглар деб буюрадилар. Яҳуд ва насронийларга қолаверса бошқа динда эгаларига мансуб бўлган амалларга мос амал қилишдан нафақат Ошуро кунида, балки бошқа амалларда ҳам бундан қайтарилганмиз.
Ўнинчи кунда рўза тутишнинг ҳикмати: Бу кунда буюк ҳодиса ва Оллоҳнинг энг катта мўжизаларидан бири денгиздан йўл очилиши содир бўлган экан. Ушбу кун Оллоҳнинг мўмин бандалари ва унинг буюк пайғамбарларидан бири Мусо алайҳиссалом ва унинг қовми нажот топиб, Оллоҳнинг душмани энг катта тоғут бўлмиш Фиръавн ва унинг қовми сувга чўкиб ҳалок бўлган кун. Биз бундай буюк тарихий ҳодисага хурсандчлик изҳор қилиб, Оллоҳ таолога шукр юзасидан, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бу куннинг рўзасини ўзлари бошлаб берганлари учун рўза тутамиз.
Ошуро куни рўзасининг мартабалари.
Ошуро кунини олимларнинг гаплари ва ҳолатни хулоса қилиб уч поғонага ёки мартабага бўлишимиз мумкин.
Биринчи мартаба: Мана шу уч мартабанинг энг афзали бўлиб, у ошуро кунинг олдидан бир кун ва оақасидан бир кун, яъни тўққизинчи, ўнинчи ҳамда ўн биринчи кунлари рўза тутишдур. Бу ихтиёрнинг афзаллиги шундаки, унда суннат ва унинг устига ортиқча нафл қўшилиб бир нечта фойдани қўлга киритилади. Чунки Ошуронинг суннати икки кун бўлганлиги саҳиҳ манбаларда собит бўлиб, учунчи кунда рўза тутиш Ошуро суннатиданми ёки ундан эмасми деган ихтилоф мавжуд. Бунга сабаб учинчи кун рўза тутиш кераклиги ҳақида ворид бўлган ҳадисни заифлиги бўлади. Имом Ибн Боз раҳматуллоҳи алайҳининг бу масалада қилган хулосаларини бунга жўр қилишимиз мумкин. Бунга қўшимча равишда ушбу сабабларни келтириш фойдадан холий эмас.
1- Унга бир ой рўзанинг ажри ёзилади. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Амр ибн Осдан ривоят қилинган муттафақун алайҳи ҳадисда "ҳар ойдан уч кун рўза тутиш бир умр тўлиқ рўза тутишга тенг" деб марҳамат қиладилар. Бунинг баёни ҳадисларда келшича Оллоҳ таоло битта савобга ўн баробар ажр марҳамат қилади. Демак бир ойда уч кун тутилган рўзанинг ажри ўша ойни тўлиқ тутганга ўхшайди. Банда шу тарзда ҳар ой уч кун рўза тутиб умрини охиригача давом этса, у бир умр рўза тутгандек бўлади.
2- Умумий равишда Муҳаррам ойида рўза тутишлик Рамазон ойидан кейин тутиладиган рўзаларнинг афзали ҳисобланади. Бу бобда жуда кўплаб ҳадислар келган бўлиб улардан бири. Абу Ҳурайра розиёллоҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам "Рамазон рўзасидан кейин энг афзал рўза Оллоҳнинг муҳаррам ойидаги рўза, фарз намозлардан кейнги энга афзал намоз тунги (таҳжжуд) намоз " деб марҳамат қиладилар.
Иккинчи мартаба: тўққизинчи ва ўнинчи кунлардагина рўза тутиш. Ибн Аббос розиёллоҳу анҳудан имом Муслим ривоят қиладилар, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам "Агар келаси йилгача тирик бўлсам тўққизинчи кунни ҳам тутаман" дедилар.
Яна иб Аббосдан ривоят қилинади. Айтадиларки "Тўққизинчи ва ўнинчи кунини тутинглар, яҳудларга хилоф қилинглар" .
Учинчи мартаба: Ошуро кунини фақат ўзидагина рўза тутиш. Ибн Аббос ва бошқа саҳобалардан ривят қилинади, айтадиларки "Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бизларини ошуро куни рўза тутишга буюрдилар". Ҳадисда бошқа Ошуро кунидан бошқа кунларнинг зикри келмагани учун фақат ошуро кунида рўза тутиб қўйса бўлди дейишади.
Ошуро кунида бошқа фазилатли ишлар зикр қилинмаган бўлиб, бу кунда бола-чақага кўпроқ нафақа қилиш керак, ҳайит кунига ўхшатиш керак ёки ундан бошқа нималардур қилинади деган гап келмаган.
Оллоҳ таоло барчамизни мана шу кунни рўзасини тутиб, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг "ўтган бир йилга каффорот бўлади" деган башоратларига мушарраф бўлишга муваффақ қилсин.
Ошуро қандай кун?
Ҳижрий тақвим бўйича Муҳаррам ойининг ҳилоли осмонда пайдо бўлиши билан мусулмон оламида янги йил бошланган бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратларини ҳамда даъват йўли кенг очилиб, илк Ислом давлати қад ростлаган даврни эсга соладиган мазкур ойда бир кун борки, у кунда Аллоҳнинг яна бир пайғамбари - Мусо алайҳиссалом Ислом душманлари устидан ғалабага эришган эдилар. Бу улуғ воқеа содир бўлган кунни Ошуро, яъни Муҳаррамнинг ўнинчи куни дейилади. Аллоҳ таоло бу кунга зиёда фазилатлар ато этиб, унга рўза ажрини ҳам қўшимча қилган. Мусо алайҳиссаломдан кейин замонлар ўтиши билан инсонлар бу куннинг фазилатини, ажру мукофотини унутдилар, боз устига ушбу кунда қилинадиган амаллар ичига турли-туман бидъат-фасодларни киритдилар. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларига келгандагина бу муборак кун яна ўзининг аввалги қадру қиммати ва иззату ҳурматига қайтадан сазовор бўлди. Бугун биз ҳам ана шу Ошуро кунида қилинадиган амаллар ва ибодатлар ҳақида муҳтарам ўқувчиларимиз билан суҳбатлашамиз.
Ошуро кунининг хусусияти ва у кунда тутиладиган рўзанинг фазилати
عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ مَا رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَتَحَرَّى صِيَامَ يَوْمٍ فَضَّلَهُ عَلَى غَيْرِهِ إِلَّا هَذَا الْيَوْمَ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَهَذَا الشَّهْرَ يَعْنِي شَهْرَ رَمَضَانَ
Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши дедилар: "Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳеч бир кунни ушбу Ошуро кунидек ва мана бу Рамазон ойидек афзал санаганларини ва бошқа бирор куннинг рўзасига бу кунларнинг рўзаси каби жиддий аҳамият берганларини кўрмадим". (Бухорий ривоятлари).
Бу ҳадиснинг шарҳида Ибн Ҳажар бундай ёзадилар: "Бу сўзлар рўза тутмоқчи бўлган одам учун Ошуро куни Рамазондан кейинги энг афзал кун бўлишини тақозо қилади. Лекин Ибн Аббос бу сўзларни ўзларининг билганларига биноан айтганлар. Бу жумлаларда у кишидан бошқанинг сўзини рад этадиган маъно йўқ. Муслим ривоятида келган Абу Қатоданинг марфуъ ҳадисида: "Ошуронинг рўзаси бир йиллик гуноҳларга каффорат, Арафа кунининг рўзаси эса икки йиллик гуноҳларга каффоратдир", дейилган. Бундан Арафанинг рўзаси Ошуронинг рўзасидан афзал экани маълум бўлади. Бунинг ҳикмати ҳақида айтиладики, Ошуро куни Мусо алайҳиссаломга нисбат берилади, Арафа куни эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат берилади. Шундан хам Арафа афзал кун бўлди". (Фатҳул-Борий).
Бухорий ривоят қилган ҳадисда келишича, Аллоҳ таоло Муҳаррам ойининг ўнинчи кунида Мусо алайҳиссалом ва у кишининг ёнларидаги мўминларга нажот бериб, Фиръавн ва унинг қўшинини сувга ғарқ қилган. Шунда Мусо алайҳиссалом шукрона тариқасида рўза тутганлар.
عن ابن عباس قال لما قدم النبي صلى الله عليه وسلم المدينة وجد اليهود يصومون عاشوراء فسئلوا عن ذلك فقالوا هذا اليوم الذي أظهر الله فيه موسى على فرعون ونحن نصومه تعظيما له فقال رسول الله صلى الله عليه وسلم نحن أولى بموسى منكم وأمر بصيامه. وأخرجه البخاري ومسلم.
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида яҳудийларнинг Ошуро кунида рўза тутаётганларини кўрдилар. Яҳудийлардан бу ҳақда сўрашганда улар дедилар: "Бу - Аллоҳ Мусони Фиръавннинг устидан ғолиб қилган кун. Биз бу кунни улуғлаб рўза тутамиз". Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Биз Мусога сизларга қараганда яқинроқмиз, - дедилар ва бу кунда рўза тутишга буюрдилар". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дейдилар:
"Аллоҳдан умид этаманки, У Ошуро кунининг рўзасини ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат қилади". (Ибн Можа ва Муслим ривоятлари).
Имом Байҳақий айтадилар: "Каффорат қилинадиган гуноҳлари бор кишига юқоридаги ҳадис айнан мос тушади. Агар Ошуро кунида рўза тутган кишининг гуноҳлари бошқа бир сабаб туфайли каффорат қилинган бўлса, рўза тутгани учун мукофот тарзида унинг даражотлари зиёда қилинади. Тавфиқ Аллоҳдандир".
Шу ўринда қўшимча қилиш жоизки, агар инсоннинг елкасида кечирилмаган ёки каффорат қилинмаган гуноҳлари бўла туриб, бу кунни бекор ўтказиб юборса, бу ниҳоятда ачинарлидир.
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ошуро кунининг рўзасига қаттиқ эътибор берган эканлар, бу куннинг фазилатини яхши билган салафи солиҳлар хам Ошуро кунининг рўзасини ўтказиб юбормасликка қаттиқ тиришганлар. Ибн Ражаб Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Исҳоқ Сабиий ва Зуҳрийлардан ривоят қилишларича, улар ҳатто сафарда ҳам Ошуро кунининг рўзасини тутишган: "Рамазон рўзасини бошқа кунларда тутиб бериш мумкин. Ошуро кунининг рўзасини бошқа кунда тутиб бериб бўлмайди".
Имом Аҳмад Ошуро кунининг рўзасини сафарда ҳам тутишни яхши иш деб таъкидлаганлар.
Ошуро рўзасининг ҳолатлари
Ошуро куни рўзаси тўрт ҳолатдан иборат:
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ошуро куни рўзасини Маккада ҳам тутардилар, бироқ бошқаларни бу нарсага буюрмасдилар.
2. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келиб яҳудийларнинг шу куни рўза тутаётганларини кўргач, рўза тутдилар ва бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар. Албатта бу ҳижратнинг иккинчи йилида бўлди. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага Рабиул-аввал ойида келганлар.
Набий алайҳиссалом ҳатто Ошуро куни бирон нарса еб олган кишиларга куннинг қолган қисмида рўза тутишга буюрган эдилар.
3. Ҳижратнинг иккинчи йили Рамазон рўзаси фарз қилингач, Ошуро кунининг рўзаси вожибликдан мустаҳаб амалга ўтди. Ошуро куни рўза тутиш ҳақидаги буйруқ фақат бир йил бўлди. Мазкур ҳолатларга қуйидаги ҳадислар ҳам далил бўлади:
عن عائشة رضي الله عنها قالت كان يوم عاشوراء يوما تصومه قريش في الجاهلية وكان رسول الله صلى الله عليه وسلم يصومه في الجاهلية فلما قدم رسول الله صلى الله عليه وسلم المدينة صامه وأمر بصيامه فلما فرض رمضان كان هو الفريضة وترك عاشوراء فمن شاء صامه ومن شاء تركه. أخرجه البخاري ومسلم.
Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: "Жоҳилият замонида Ошуро Қурайш рўза тутадиган кун эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам жоҳилият пайтида ўша куни рўза тутардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида бу куннинг рўзасини тутдилар ва бошқаларни ҳам шу кунда рўза тутишга буюрдилар. Рамазон рўзаси фарз қилингандан сўнг эса тутиш лозим бўлган рўза шу бўлди ва Ошуро тарк қилинди. Яъни хоҳлаган тутадиган, хоҳлаган тарк этадиган бўлди". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Рабиъ бинти Муаввиздан ривоят: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ошуро куни тонгда Мадина атрофидаги ансорлар қишлоқларига одам жўнатиб, қуйидаги хабарни тарқатдилар:
- Ким рўза тутган бўлса, рўзасини давом эттирсин. Рўза тутмаганлар куннинг қолган қисмида рўза тутсинлар.
Шундан кейин биз рўза тутардик. Кичкина болаларимизни ҳам рўза туттирардик. Уларни масжидга олиб борардик ва жундан ўйинчоқлар ясаб берардик. Ўйинчоқларни ўзимиз билан олиб юрардик. Агар кичкинтойларимиз овқат сўраб йиғласа, уларни чалғитиш учун ўша ўйинчоқларни берардик. Шундай қилиб кун ботгунча болаларимиз ҳам рўза тутарди". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Айримлар Ошуро рўзаси ҳеч қачон фарз бўлмаган дейишади. Бироқ бу заиф гап. Юқорида таъкидланганидек, Ошуро кунининг рўзаси Рамазон рўзаси фарз қилингандан кейин мустаҳаб мақомига туширилган. Олимлар бу куннинг рўзасини алоҳида таъкидланган мустаҳаб амал дейишади. Ибн Ҳажар Асқалоний Ошуро куни рўзаси таъкидланган мустаҳаб амаллардан эканига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафот этган йилларида айтган сўзларини ҳужжат қилиб келтирадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Келгуси йилда тўққизинчи кунида рўза тутаман".
4. Биз Ошуро кунининг рўзасида яҳудийларга ўхшамасликка буюрилганмиз. Аввалда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ томонидан буюрилмаган ишларда аҳли китобга мувофиқ юришни хуш кўрар эдилар. Сўнг у зот аҳли китобга ўхшамасликка буюрилдилар. Шунинг учун Пайғамбаримиз Ошуронинг ўзини ажратиб олиб алоҳида рўза тутмасликка қарор қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ошуронинг ёнига бир кун қўшиш билан аҳли китобларга хилоф бўлдилар. Қуйидаги ҳадислар бунга мисолдир:
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ошуро куни рўза тутиб, асҳобларни ҳам шунга буюрганларида улар бундай дейишди:
- Бу кунни яҳудий ва насронийлар улуғлашади-ку?!
- Унда келаси йил Аллоҳ хоҳласа, тўққизинчи куни рўза тутамиз, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келаси йилга етмасдан вафот топдилар".
Имом Нававий бу ҳадиснинг шарҳида айтадиларки, уламолар тўққизинчи ва ўнинчи куни кетма-кет рўза тутишни мустаҳаб санашади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнинчи куни рўза тутган ва тўққизинчисида ҳам тутишни ният қилган эдилар. Нававийнинг ёзишларича, бунинг сабаби аҳли китобларга ўхшаб қолмаслик учун эди.
Уламолар агар инсон тўққизинчи куни рўза тута олмаса, ўнинчи ва ўн биринчи кунлари тутади, дейишади. Шу тариқа Ошуронинг ёнига бир кунни қўшиб яҳудийларга хилоф иш тутган бўлади. Аммо Ошуродан бир кун аввал ҳам ва бир кун кейин ҳам рўза тутинглар деган ривоят заифдир.
Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят: "Ошуро кунини яҳудийлар улуғ деб билиб, уни байрам қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Сизлар шу куни рўза тутинглар"".
Ибн Ражаб айтадилар: "Мазкур ҳадис Ошуро кунини байрам қилишдан қайтаришга далилдир. Бинобарин, мушрикларнинг байрам кунларида рўза тутиш мустаҳаб. Чунки рўза ўша кунни байрам қилиб олишга зиддир. Мусулмонлар Ошуронинг ёнига бир кун қўшиб рўза тутиш билан яҳудийларга бутунлай хилоф бўладилар".
Хулоса
Юқоридаги ҳадислардан англашилишича, Ошуро рўзаси борасидаги энг афзал йўл Муҳаррамнинг тўққизинчи ва ўнинчи кунларида рўза тутмоқликдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам худди шу нарсани таъкидлаган эдилар. "Ошуродан бир кун олдин ёки бир кун кейин рўза тутинглар", ҳадисига биноан, тўққизинчи куни рўза тутолмаган киши ўн биринчи куни рўза тутиб, яҳудийларга ўхшаб қолишдан сақланади. Аҳли илмларнинг баъзилари фақат Ошуро кунининг ўзидагина рўза тутишни макруҳ санаганлар. Негаки, унда яҳудийларга ўхшашлик бор. Бунинг устига фақат ўнинчи куни рўза тутаман деб ўйлаган киши ўнинчи кунни ўтказиб юбориши ҳам мумкин.
Айримлар уч кун - тўққизинчи, ўнинчи ва ўн биринчи кунларда рўза тутишни афзал билишган. Улар ана шунда Ошуронинг ўнинчи куни ўтказиб юборилмайди ва яҳудийларга тўлиқ хилоф қилинади деб, "Ундан бир кун олдин ёки кейин тутинглар", деган ҳадисни ҳужжат қилиб келтиришган.
Амаллар қабул бўлмоғи учун улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига тўла мувофиқ бажарилиши шарт. Ошуро кунида айрим кишилар қиладиган турли-туман ишлар, одатлар ва тутиладиган мотамлар суннатга ёт бўлгани боис, бидъатдир. Бидъат кишини Аллоҳ таолога яқин эмас, билъакс узоқ қилади.
Ошуро кечасида қиёмул-лайл қилиш, ўша куни қабрларни зиёрат этиш, садақа қилиш, закотни Ошуро куни бериш учун олдинга ёки кейинга суриш ва Ошуро тонгида Мусо алайҳиссалом зикр қилинган сураларни ўқиш каби амаллар аслида шариатда буюрилмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айнан Ошуро куни шу амалларни бажаришга тавсия қилмаганлар. Агар ушбу амаллар Ошуро куни қилиниши шарт бўлганида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни албатта айтган бўлардилар. Шунингдек, Ошуро куни тўрт ракаат намоз ўқиш, у кунни байрам деб билиб ғусл килиш, кўзларга сурма қўйиш ва махсус тадориклар кўриб, хос таомлар тайёрлаш ҳам суннатда йўқ амаллардандир. Бундай хурсандчилик тадбирлари аслида Ҳусайн разияллоҳу анҳу ўлдирилгани учун Ошуро куни мотам тутувчи рофизийларга қаршилик сифатида бир замонлар пайдо бўлиб қолган. Бироқ уларнинг ҳар иккиси ҳам cуннатга номувофиқдир.
Ошуро кунида рўза тутишдан ўзга амаллар хусусида шариатда ҳеч нарса дейилмаган.
Ошуро фазли ҳақидаги ривоятларга жавобан шайхулислом Ибн Таймия шундай деганлар: "Бу ривоятларнинг барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан айтилган бўҳтондир. Ошуро хусусида фақат ўша куни рўза тутишнинг фазли айтилган, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соф суннатларига эргашмоқчи бўлганлар Ошуро куни фақат рўза тутиш билан кифояланмоқлари лозим".
"Cизлар учун, Аллоҳ ва Охират кунидан умидвор бўлган ва Аллоҳни кўп ёд этган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир". (Аҳзоб сураси, 21-оят).
Шиаларнинг Ҳусайн разияллоҳу анҳу ўлдирилгани учун мотам тутиб, ўзларини ҳар кўйга солишлари салаф уламолари томонидан қаттиқ танқид қилинган. Мусибат етган маҳалда мўминлар Ислом ҳукмига мувофиқ Аллоҳнинг тақдирига рози бўлиб, сабр қиладилар. Жоҳил кимсалар каби дод-вой кўтариб, ўзларини тилиб-тимдалаб ташламайдилар. Ахир ҳеч бир мўмин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр разияллоҳу анҳу вафот этган кунни ёки Умар, Али, Усмон разияллоҳу анҳумлар ўлдирилган кунни мотам қилиб олмаган-ку?!
Бу хусусда ибн Ражаб - Аллоҳ у кишидан рози бўлсин - жуда чиройли сўзларни айтганлар: "Ошуро куни Ҳусайн ибн Али разияллоҳу анҳу ўлдирилгани учун рофизийлар каби мотам тутмоқ ўзича яхши иш қилаяпман деб ўйлаб, умрини беҳуда ўтказган кимсанинг амалидандир. Ҳатто пайғамбарлар мусибат чеккан, вафот топган кун мотам қилинмайди. Яъни Аллоҳ ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бунга буюрмаган. Хўш, қандай қилиб улардан қуйида турувчи инсонларга мотам тутилади?!"
Жоҳилият ботқоғига ботиб яшовчи Қурайш ҳам, яҳудийлар ҳам Ошуро куни рўза тутишарди. Бироқ, уларнинг бу амаллари ёмон ҳолларини ўзгартириб қўймасди. Чунки дин ҳеч қандай бўлакларга бўлинмасдан, тўла-тўкис олиниши керак. Унинг бир қисмига иймон келтириб, бир қисмини инкор этувчилар охир-оқибат хасрат-надомат ичра қолиб кетадилар. Фақат қалбдан иймон келтириб, Аллоҳ ва расули буйруқларига тўлиқ бўйсуниб, амал қилиб яшаган мўминларгина ҳақ йўлни топган саналадилар.
"Мушриклар ўзларининг кофир эканликларига гувоҳ бўлган ҳолларида Аллоҳнинг масжидларини обод қилишлари жоиз эмас. Уларнинг қилган амаллари беҳуда кетар, ўзлари эса дўзахда абадий қолгувчилардир. Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни берган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотлар обод қилурлар. Шояд, ана ўшалар ҳидоят топгувчи инсонлардан бўлсалар". (Тавба сураси, 17-18-оятлар).