Pages (13):    1 2 3 4 5 13   
Admin   10-15-2009, 08:12 AM
#21
Ўн иккинчи: Чумолилар сифатидан бири – улар тинимсиз тасбеҳ айтувчи жониворлар

Чумолилар – тасбеҳ айтадиган жониворлар. Имом Муслим «Саҳиҳ» тўпламида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ушбу ҳадисни ривоят қилди. У айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Пайғамбарлардан бирини чумоли чақди. У амр қилди, чумолилар қишлоғи (ини) ёқиб ташланди. Аллоҳ таъоло Унга: «Битта чумоли чаққани учун тасбеҳ айтадиган бир умматни йўқ қилдингми?! Битта чумоли кифоя эмасмиди?!» - дея ваҳий қилди».
Quote:Имом Бухорий: «ал-Жиҳод вас-сияр», ҳадис № 3019; имом Муслим: «ас-Салом», ҳадис № 2241; Насаий: «ас-Сойд ваз-забаиҳ», ҳадис № 4358; Абу Довуд, «ал-Адаб», ҳадис № 5266; ибн Можжа: «ас-Сойд», ҳадис № 3225; имом Аҳмад 2/402.
Аллоҳу акбар! Бир чумоли чаққани учун чумолилар инини ёқиб ташлаган пайғамбарга -унга ва пайғамбаримизга салавоту саломлар бўлсин - Аллоҳ таоло дашном берди ва: «Битта чумоли чаққани учун тасбеҳ айтадиган бир умматни йўқ қилдингми?! Битта чумоли кифоя эмасмиди?!» - деди.
«Мавжуд бўлган ҳар бир нарса ҳамду сано айтиш билан У зот (Аллоҳ)ни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳ айтишларини — поклашларини англамассизлар» (Исро сураси: 44).
Ҳурматли дўстлар, мен буни нега айтаяпман? Чунки Қуръон ва суннатда барча жониворнинг Аллоҳга тасбеҳ айтишини исботловчи:
«Момақалдироқ ҳам У зотга (Аллоҳга) ҳамду сано билан тасбеҳ айтар» (Раъд: 13) ва
«Мавжуд бўлган барча нарса ҳамду сано айтиш билан У зот (Аллоҳ)ни поклар» (Исроъ: 44), каби кўп далилларга биноан чумолилар ҳам тасбеҳ айтишини, энг оз тасбеҳ айтадиган жониворлар – инсон ва жинлар эканини қайсидир йиғинда айтиб ўтган эдим. Бунинг илмий мисолини айтиб берайинми?
Сиз ўзингизга бир қаранг. Мен сизни яхши ва эзгу ишларни қиладиган диндор одам деб ўйлайман, ичингизни Аллоҳ билади. Агар яхши одам бўлмаганингизда ушбу мажлисга келмаган бўлардингиз. Айтингчи, ичимиздаги энг яхши одам бир кунда неча марта тасбеҳ айтади? Аллоҳ тавфиқ бергани намоздан кейинги тасбеҳларни айтади, эрталабки ва оқшом зикрларини қилади. Кўпчилигимиз эса намоздан кейинги тасбеҳларни ҳам, эрталабки ва оқшом зикрларни ҳам тамомига етказмаймиз. Аммо бирортамиз салаф солиҳлар каби бир кунда йигирма мингтагача тасбеҳ айтишни тушида ҳам кўрмайди!
Мен Риёз шаҳрида бир одамни кўрганман. Бир неча йил аввал ёши юздан ўтганидан сўнг вафот этди. У ҳаётининг охирги лаҳзасига қадар равон кўриб, равон эшитар ва ақли жойида эди. Бунинг мен билган сабаб ва сирлари мана булар эди: Аввало унинг фарзандлари яхши инсонлар бўлиб етишган. Доимо ҳалол ризқни излайдилар. Шундай бўлишига қарамай отахон уларнинг таомларидан оз ер, қишлоғидан келадиган ўз касб-корининг даромадидан еб-ичар эди. У ҳалол луқмани истеъмол қилишга интиларди.
Иккинчи сабаб, мисолнинг мавзуимизга тегишли жойи мана шу бўлиб, биз уни доимо тасбеҳ айтаётганини кўрар эдик. Баъзи устозларнинг айтишига қараганда, у бир кунда ўн беш мингга яқин тасбеҳ, таҳлил ва ҳамд айтар экан. Аллоҳга қасамки, салом берганимизда ҳам тасбеҳ айтиб турар эди. Масжидда ухлаб ётганида ҳам тасбеҳ айтаётганига гувоҳ бўлганмиз. Бу – Аллоҳ тарафидан берилган каромат эди! Ўн беш минг тасбеҳ! Сиз нечта тасбеҳ айтасиз?!
Чумолилар – тасбеҳ айтадиган жамиятдир. Битта чумоли чаққани учун тасбеҳ айтадиган бир умматни йўқ қилдингми?! «Битта чумоли кифоя эмасмиди?!»
Admin   10-15-2009, 08:23 AM
#22
Ўн учинчи: Чумолиларнинг иккинчи тури термитлар ва уларнинг мунофиқ ва илмонийларга ўхшашлиги

Дўстлар, энди фақатгина бир нуқтамиз қолди. Бу нуқтани дарсимизнинг охирига қўйган эдик. Одамларнинг турлари бўлганидек, чумолилар ҳам турлидир. Чумолининг бир тури «термит» деб аталади.
Quote:Асосан иссиқ мамлакатларда катта уяларда жуда кўп миқдорда гуруҳ-гуруҳ бўлиб яшайдиган парда қанотли ҳашарот, ёғоч ва қоғоз маҳсулотлари зараркунандаси. Уни қирчумоли, ваҳма чумоли ҳам деб аталади.
Таъкидлаб қўймоқчиман, юқорида эслатиб ўтилган ўндан ортиқ ростгўй, ҳамкор, тасбеҳ айтувчи, матонатли, тиришқоқ, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган сифатлар қизил ва қора рангли чумолиларга хосдир.
Энди термит деб аталадиган, Қуръон Каримда ҳам зикри келган чумолилар ҳақида сўз юритамиз.
Қизиғи шундаки, жамиятимизда яшаётган мунофиқ ва илмонийлар айни шу чумолига ўхшаб кетадилар ва кўп сифатларда у билан муштаракдирлар:
Аввало, бу чумолиларнинг кўринишлари оқ рангдадир. Мунофиқлар ҳам иймонни ошкор қиладилар:
«Қачон сиз уларга боқсангиз уларнинг жисмлари (кўринишлари, кийган кийимлари) сизни ҳайратга солади, сўзлаганларида эса сўзларига (оҳангдор, фасоҳатли бўлгани учун берилиб) қулоқ соласиз» (Мунофиқун: 4). Кўриниши оқ, вазифаси-чи? Термитлар доимо «хуфёна» иш қиладилар. Илмонийлар ҳам пинҳона иш қиладилар. Термитларнинг хуфёналиги шу даражадаки, ер остига бир неча метр тушганларидан кейингина инларини қурадилар. Қора чумолилар эса ер остида икки сантиметрдан эллик сантиметргача пастга тушиб ин қурадилар. Фарқни қаранглар! Мусулмон жамият ошкора ҳаракат қилади. Термитлар эса ер остига ўнлаб метр тушиб, режа ва услубларини хуфёна қиладилар. Илмоний ва мунофиқлар ҳам шундай ҳаракат қиладилар.
Дўстлар, термитлар – бузғунчи жамиятдир. Мен бунга мисол ўлароқ биология китобларининг биридан ушбу сатрларни ўқимоқчиман: «Кейинги пайтларда талайгина давлатлар бу офатнинг хатарини тушуниб етдилар. Франция, Ғарбий Олмония, Америка Қўшма Штатлари, Австралия ва бошқа давлатларда бу чумолини йўқ қилиш учун махсус марказлар очилди. ... Ҳиндистон Ҳайвонларни Ҳисоблаш Жамияти етакчилигида 1960 йили Нюделҳи шаҳрида Халқаро ЮНЕСКО ташкилоти билан ҳамкорликда очилган конференция қатнашчилари бу мавзуга диққатни тортди ва: «ЮНЕСКО ташкилотини термитларга қарши курашувчи халқаро ваколатхонасини тузишга даъват» қарорини ҳам қарорлар ичида тасдиқладилар».
Сўзимизнинг ёрқин далили Қуръон Каримдаги Сабаъ сурасининг ушбу оятидир:
«Энди қачонки Биз (Сулаймонга) ўлимни ҳукм қилгач, унинг ўлимига фақат асоини еяётган (ёғоч) кемирувчи чумолигина далолат қилди. Бас қачонки у қулаб тушгач, жинларга аниқ бўлдики, агар улар ғайбни билгувчи бўлганларида бу хор қилувчи азобда-меҳнатда қолмаган бўлар эдилар» (Сабаъ: 14).
Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломнинг жонини олди. Сулаймон алайҳиссалом (узоқ муддат) асосига суяниб қолди. Бу сўзларга диққат қилинг, шайтонлар ва жинлар Сулаймон алайҳиссаломнинг ўлганини пайқамадилар. Мамлакат ишлари бир йил давомида аввалги салобати билан давом этди. Термитлар эса бу аснода, асони ғовак қилиб кемирардилар. Кўринишидан бут-бутун асонинг пўстлоғи қолганди, холос. Қуруқ пўстлоқ Сулаймон алайҳиссаломни қандай тутиб турсин! Юқорида айтганимдек, бу термитлар ўз «иши»ни хуфёна қиладилар. Бир йил мобайнида шайтон ва жинлар ҳамма иш жойида деб ўйлардилар. Бироқ, бирданига Сулаймон алайҳиссалом қулаб тушди!
Қаранглар! Қанча давлатлар Аллоҳнинг шариатини ижро этар эди. Бироқ бирдан илмонийлар қўлига тушиб қолди. Чунки улар пинҳона, турли режалар тайёрлашар ва макру ҳийлалар қилишар, бироқ одамлар буни пайқамас, фақат зоҳиринигина кўришар эди. Бирданига аҳволлар ўзгарди, иш ўзгача тус олди. Демак, улар мусулмонларга зиён келтиришда термитдан ҳам хатарлироқ эканлар!
Муҳтарам дўстлар! Бу – термитлар қилган бузғунчилик ва зараркунандалик кўринишлари эди. Юқорида айтиб ўтганимдек, улар бус-бутун қишлоқларни йўқ қилиб юборади. Менимча, ҳар бир толиби илм ҳам бунинг аламини чеккан бўлса керак. Кўпларимиз Саҳиҳ Бухорий, Саҳиҳ Муслим ё бошқа илмий китобларини токчага териб, бир муддатдан сўнг қўлга олганида уни термитлар еганига гувоҳ бўлган. Баъзиларнинг кийимларини термитлар кемириб тугатган. Чунки термитлар хуфёна иш қилади. Биз билган пайтимизда эса бўлар иш бўлган бўлади.
Мунофиқ ва илмонийлар ҳам термитга ўхшайди, тиллари болдан ширин, қалблари – қашқирлар қалби, мақсадлари – Умматни бузуқликларга гирифтор қилиш. Аллоҳ таоло айтади:
«Қачон сиз уларга боқсангиз уларнинг жисмлари (кўринишлари, кийган кийимлари) сизни ҳайратга солади, сўзлаганларида эса сўзларига (оҳангдор, фасоҳатли бўлгани учун берилиб) қулоқ соласиз» (Мунофиқун: 4);
«Улар душмандирлар. Бас, улардан эҳтиёт бўлинг! Уларни Аллоҳ лаънатлагай! Қандай адашмоқдалар-а!» (Мунофиқун: 4).
Биз термитлардан сақланиш учун уйларимиз ва кутубхоналаримизда қанчалар эҳтиёт чораларини кўраётган бўлсак, жамиятимизда вақти-вақти билан дуч келаётганимиз мунофиқ ва илмонийлардан ҳам шунчалар ҳушёр бўлишимиз керак.
Кейинги асрларда Ислом Уммати бошига келган энг катта хатар - коммунизм хатари экани айтилади. Тўғри, мен ҳам бу балонинг нақадар улкан зарар келтирганини тан оламан. Бироқ, менимча, мунофиқ ва илмонийларнинг хатари бундан ҳам каттароқ. Зеро, улар мусулмонлар яшаётган ўлкаларда ижро, таълим-тарбия ва оммавий ахборот воситаларига кўпроқ ўз таъсирларини ўтказмоқдалар.
Шунинг учун ҳам, улардан термитлардан кўра ҳам эҳтиёт бўлайлик. Чунки уларнинг хатари оммавийдир ва ғишт қолипидан кўчганидан кейин афсус фойда бермайди.
Хуллас, биз сиз билан бирга чумолилар ҳаёти билан танишиб чиқдик. Илк танишганимиз биринчи чумоли, оиласининг ғамини ейиш билан бирга ўзини ҳам таҳқирламайди. Бундан ташқари чумолилар оиласи ҳамкор, ростгўй, фидокор ва ишларида жиддий эканини ҳам билиб олдик.
Биолог олимларнинг айтишларича, чумолиларнинг Шарқий Осиёда яшайдиган бир туригина дангасадир. Бу турдаги чумолилар сони жуда ҳам оз бўлиб, уларга қараб чумолиларга баҳо бериш тўғри бўлмайди. Аслида, чумолиларнинг аксари фаол, жиддий, матонатли ва фидокордир. Айтинглар-чи, бизда бу сифатлар борми? Биродар, агар бу бобда заиф бўлсангиз, Аллоҳдан қўрқинг ва Унинг махлуқотларидан ибрат олинг!
Рамазон ойи ҳам эшик қоқмоқда. Аллоҳ таолодан бизни ушбу муборак ойга етказишини, унинг рўзасини тутишга, кечаларини ибодатлар билан бедор ўтказишга муяссар қилишини ҳамда биздан ибодатларимизни қабул қилишини сўрайман. Дўстлар, Рамазонни уйқу, беҳуда гаплар билан, кечаларини ўйин-кулгу билан бедор ўтказмайлик. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойининг охирги ўн куни кириши билан: «Белларини боғлар (яъни, аёллардан йироқ бўлар), кечани бедор ўтказар ва аҳлларини уйғотар эдилар».
Quote:Имом Бухорий, имом Муслим, имом Насоий, имом Абу Довуд, имом Ибн Можа, имом Аҳмад ривоятлари.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари жиддийлик, фаоллик ва сабот билан тўлиб-тошгандир.
Чумолилар оиласи - тасбеҳ айтувчи оила эканини ҳам айтиб ўтдик. Улар Аллоҳнинг ҳамди билан тасбеҳ айтадилар:
«Барча нарса уни мақтаб тасбеҳ айтади» (Исро: 44).
Эй мусулмон ёшлар! Эй толиби илмлар! Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Уммати, келинг қўлни қўлга берайлик! Илмоний ва мунофиқлар ўзаро муросасиз бўлишига қарамай, биз – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Умматига душманлик қилишда бирлашдилар. Хусусан, бу диёр (Араб ярим ороли назарда тутилмоқда)да ўзларининг манфур режаларини амалга ошириш учун бел боғладилар. Чунки улар бу диёрни йўқ қилсалар, режаларининг кўп қисми амалга ошишини жуда яхши биладилар. Аллоҳ уларни ниятларига етказмасин! Аллоҳим, режаларини ўзларининг ҳалокатига сабаб қил!
Дўстлар, тарқоқлик ва ихтилофларга барҳам берайлик! Бирлашайлик! Қалбларимиз тарқоқ бўлса, қўлларимиздан нима ҳам келарди?!
«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида: 2).
«Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!» (Оли Имрон: 103);
«Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз!» (Оли Имрон: 105).
Дўстларим, Аллоҳдан қўрқайлик, ушбу дарсда айтиб ўтилганлардан ибрат олайлик. Зеро, ўтганларнинг ҳикояларида биз учун ибратлар бор. Аллоҳ таолодан мени ва сизларни сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни нажотга элтгувчи рост Сўзга) эргашадиган кишилар қаторида қилишини сўрайман. Аллоҳим, ҳикматни бизга йўлбошчи қилгайсан! Ушбу сўзларни зараримизга эмас, фойдамизга ҳужжат қилгайсан!
Аллоҳ таоло устингизга баракаларини ёғдирсин!
Аллоҳ таоло пайғамбаримизга салавоту саломлар йўлласин.
Вассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Мақолани арабчадан ўзбекчага ўгириш
ҳижрий 1427 йил Жумодул-охир ойининг 22 куни
(18 / 07 / 2006)да ниҳоясига етди.

Admin   10-21-2009, 10:20 PM
#23
Исломга қандай хизмат қиламан?

Абдулмалик Қосим

Муҳаммаджон Собиржон ўғли таржимаси


Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳга ҳамд бўлсин ва Муҳаммад мустафога салавоту салом бўлсин.

Исломга хизмат қилишни истайман. Аммо айнан нима қилсам динимга фойда келтиришим мумкинлигини билмайман…

Ушбу савол бугун кўпгина биродарларимизни қийнаётган бўлса ажаб эмас. Қуйида баҳоли қудрат шу борада сўз юритамиз.

Исломга хизмат қилиш учун албатта катта бир ишни қойилмақом қилиб бажариш талаб этилмайди. Балки баъзи бир оддий туюлган ишларни қилишингиз ҳам қай маънодадир динга хизмат бўлади. Ушбу сўзимизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Исломда арзимас иш бўлмаслигини ифода этувчи бир неча ҳадиси шарифлари қўллаб қувватлайди:

عَنْ أَبِي ذَرٍّ قَالَ قَالَ لِيَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لا تَحْقِرَنَّ مِنْ الْمَعْرُوفِ شَيْئًا وَلَوْ أَنْ تَلْقَى أَخَاكَ بِوَجْهٍ طَلْقٍ (رواه مسلم)

«Яхшиликдан озгина нарсани ҳам арзимас санамагин. Ҳатто биродарингга очиқ чеҳра билан рўбарў бўлишинг ҳам яхшиликдир» (Муслим ривояти).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِنَّ الشَّيْطَانَ قَدْ أَيِسَ أَنْ يُعْبَدَ بِأَرْضِكُمْ هَذِهِ وَلَكِنَّهُ قَدْ رَضِيَ مِنْكُمْ بِمَا تَحْقِرُونَ (رواه أحمد)

«Шайтон бу ерингизда унинг ўзига сиғиниб ибодат қилишингиздан умидини узган. Аммо энди у сизлар тарафингиздан сизлар арзимас деб ўйлаб, эътибор бермайдиган ишларга ҳам рози бўлади» (Аҳмад ривояти).

Яъни бирон яхшилик қилмоқчи бўлсангиз: «Шу арзимас ишни қилиб нима қиласан? Бир йўла каттароғини қиларсан!» деб шайтон васваса қилади ва натижада ози ҳам қолади, кўпини ҳам қилмайсиз. Ёки аксинча, бирон ёмонлик қилишдан тийилмоқчи бўлсангиз: «Нима қилибди шу кичкина нарсани қилсанг?! Катта бир ёмонлик қилаётганинг йўқ-ку!» деб васваса қилади. Натижада бу кичкина ёмонликни бир марта қиласиз, икки марта қиласиз, кейин унга одат қиласиз, сал нарироққа бориб эса каттароғидан ҳам қайтмайдиган даражага бориб қоласиз.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, динга нима хизмат қилишни билмай, ўйланиб юрган биродарларимизга қуйида бир неча фойдали маслаҳатлар бермоқчимиз:

1. Агар динга хизмат қилишга азму қарор қилган бўлсангиз ва шу ниятингизда содиқ бўлсангиз - шунинг ўзи ҳам динга хизматдир. Зеро Аллоҳ таоло Ўзи учун холис бажарилган ишга, унинг қанчалик кичик бўлишидан қатъий назар баракот ато этади.

Бандага бирон хайрли амал кичкина бўлиб кўринса-да, аммо уни ихлос билан адо этса, шу сабабдан Парвардигори олам унинг улкан-улкан гуноҳларини мағфират этиб юбориши мумкин. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадислар собит бўлган. Масалан:

عَن عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ رضي الله عنه يَقُولُ «قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ اللَّهَ سَيُخَلِّصُ رَجُلاً مِنْ أُمَّتِي عَلَى رُءُوسِ الْخَلائِقِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَيَنْشُرُ عَلَيْهِ تِسْعَةً وَتِسْعِينَ سِجِلاًّ كُلُّ سِجِلٍّ مِثْلُ مَدِّ الْبَصَرِ ثُمَّ يَقُولُ أَتُنْكِرُ مِنْ هَذَا شَيْئاً أَظَلَمَكَ كَتَبَتِي الْحَافِظُونَ فَيَقُولُ لا يَا رَبِّ، فَيَقُولُ أَفَلَكَ عُذْرٌ فَيَقُولُ لا يَا رَبِّ، فَيَقُولُ بَلَى إِنَّ لَكَ عِنْدَنَا حَسَنَةً فَإِنَّهُ لا ظُلْمَ عَلَيْكَ الْيَوْمَ فَيُخْرِجُ بِطَاقَةً فِيهَا «أَشْهَدُ أَنْ لا إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ»، فَيَقُولُ احْضُرْ وَزْنَكَ فَيَقُولُ يَا رَبِّ مَا هَذِهِ الْبِطَاقَةُ مَعَ هَذِهِ السِّجِلاَّتِ فَقَالَ إِنَّكَ لا تُظْلَمُ قَالَ فَتُوضَعُ السِّجِلاَّتُ فِي كَفَّةٍ وَالْبِطَاقَةُ فِي كَفَّةٍ فَطَاشَتْ السِّجِلاَّتُ وَثَقُلَتْ الْبِطَاقَةُ فَلا يَثْقُلُ مَعَ اسْمِ اللَّهِ شَيْءٌ». (رواه الترمذي)

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат куни Аллоҳ таоло бутун халқлар олдида менинг умматимдан бир кишини танлаб олади. Унинг олдига тўқсон тўққизта амал дафтарларини қўяди. Уларнинг ҳар бири кўз зўрға илғайдиган даражада улкан бўлади. Сўнгра Аллоҳ азза ва жалла айтади: «Мана шу нарсалардан биронтасини инкор этасанми? Сенга менинг Кироман Котибийнларим зулм қилишибдими?» Банда: «Йўқ, эй роббим», дейди. Аллоҳ айтади: «Сенинг бирон узринг борми»? - «Йўқ, эй роббим». Шунда Аллоҳ таоло: «Ундай эмас, Бизнинг ҳузуримизда сенинг бир ҳасананг бор, бугун сенга зулм қилинмайди», дейди ва бир парча қоғозни чиқаради, унга «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳу» деб ёзилган бўлади. Аллоҳ бандага «Тарозингга бор», дейди. Банда: «Эй Роббим шунча китоблар олдида бу бир парча қоғоз нима ҳам қила оларди», дейди. Аллоҳ айтади: «Сен зулмланмайсан». Ҳамма китоблар бир паллага қўйилади, ҳалиги қоғозча иккинчи паллага қўйилади ва у китобларни босиб кетади. Ўша қоғозча оғир келди, чунки бирон нарса Аллоҳнинг исмидан оғир келмайди» (Термизий ривояти).

2. Агар ҳақ йўлни танисангиз ва шу йўлда юришни ихтиёр этсангиз - дин учун хизмат қилган бўласиз. Ҳақ йўл эса - Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъват йўлларидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ислом даъватини қандай бошлаганлар, қай услубларни қўллаганлар, қай тарзда иш олиб борганлар, одамларга қандай муомала қилганлар, уларнинг озорларига нечоғлик сабр қилганлар, уларга қанчалик меҳрибон ва ғамхўр бўлганлар - шуларнинг барини ўрганишимиз лозим. Чунки булар Исломга даъват йўлида хатога йўл қўймаслик омилларидир.

3. Сизни ўраб турган шарт-шароитлардан, мавжуд имкониятлардан даъват йўлида унумли фойдалансангиз - динга хизмат қилган бўласиз. Бизнинг олдимизда битмас туганмас имкониятлар турибди, зеро Аллоҳ таоло ҳаром қилган услублардан бошқа ҳаммаси биз учун ҳалолдир. Фақат уларни топиб, даъват йўлида ишлата олсак бўлгани. Шунинг учун шариат қоидаларига ва одобларига риоя этган ҳолда барча ҳалол йўллардан фойдаланишимиз керак.

4. Шахсий манфаатларингиз ва орзу-умидларингиздан кўра Ислом ишини муқаддам қўйсангиз - исломга хизмат қилган бўласиз. Зеро динга хизмат қилишнинг асл маъноси мол-дунё, вақт, куч-ғайрат, ақлий тоқатлар каби ўзингизда мавжуд имкониятларни оз ёҳуд кўп бўлишидан қатъий назар дин йўлида сарф этишингиздир.

5. Ислом уламолари, даъватчилари ва бошқа солиҳ мўминларга эргашсангиз - динга хизмат қилган бўласиз. Албатта улар йўлини тутиш осон кечмайди. Зеро минглаб анбиёлар босиб ўтган муборак Ислом йўли машаққатлар билан тўлиб тошгандир. Бу йўлдан юриш кишидан ҳар қандай машаққатни матонат билан қарши олишни, улкан сабрни ва бошқа шу каби жиддий сифатларни талаб этади. Негаки анбиёлар олиб келган динга эътиқод қилган, унга даъват этган ҳар бир инсонга барча замонларда дин душманлари қарши чиққанлар, уларни зиндонга тиқишга, қатл этишга ва ватанидан қувиб чиқаришга уринганлар.

Сиз ҳам модомики шу йўлни танлаган экансиз, аввало ушбу муборак йўл сизга муборак бўлсин. Лекин, аввалги лаҳзалардан бошлаб шу сифатларни ўзингизда ҳосил қилишга интилинг, хотиржамлик ва оромни йўқотишга ҳар лаҳзада тайёр бўлинг.

6. Дангасалик, бўшашиш ва ғайратсизлик каби иллатлардан ўзингизни покласангиз - Исломга хизмат қилган бўласиз. Зеро Ислом - қатъият, ҳиммат, ғайрат ва жасорат динидир. Қўрқоқ ва ҳимматсиз кишиларнинг бу йўлдан адашмай ва оғишмай боришлари жуда қийин бўлади.

Мусулмонлар бошига келган фалокат ва мағлубиятлар ҳам асосан икки тарафдан: қизиққон ва шошқалоқ жоҳилларнинг хатолари сабабидан ё эса совуққон ва дангаса мусулмонларнинг масъулиятсизлиги туфайли бўлган.

7. Қалбингизни Парвардигори оламга боғласангиз, Аллоҳга кўпроқ дуо қилиб истиғфор айтсангиз, Қуръони Каримни кўпроқ тиловат қилсангиз - Исломга хизмат қилган бўласиз. Зеро Аллоҳ азза ва жалла зикридан, фарз ва нафл ибодатлар билан Унга яқинлашишдан кўра мўмин қалбини ғайратлантирадиган, ўзини амалга чорлайдиган нарса йўқдир.

Зикру тиловатдан эринган қалб албатта дангаса бўлади ва дин учун озгина ҳатти-ҳаракат ҳам унга малол келадиган бўлиб қолади.

8. Дин иши учун ҳаётини тиккан, борини Ислом даъватига фидо этган ҳақиқий олимлар билан боғлансангиз - дин учун хизмат қилган бўласиз. Зеро пайғамбарларнинг шундай чин меросхўрлари байроғи остида ҳаракат қилиш, олиб бораётган курашларида улар билан елкама-елка туриш, уларнинг барча кўрсатмаларига амал қилиш биз мусулмонларни ғалаба ва иззат-шараф сари етаклайди.

9. Кундалик, хафталик, ойлик ишларингизни чиройли тартиб-интизомга солиб, режа билан иш қилишга одатлансангиз - Исломга хизмат қиласиз. Зеро мўмин одам олдида ундан ҳар куни талаб этиладиган ишлар ҳам, ҳар хафта ёки ҳар ой такрорланадиган ишлар ҳам, йилда бир марта қилиниши лозим амаллар ҳам бордир. Агар буларнинг ҳаммасини пухта режалаштирилмаса, бири иккинчисига халақит бериши ёки бирини қилиш билан бошқаси эсдан чиқиши ё вақтга сиғмаслиги мумкин бўлиб қолади.

Кундалик ишларга мисол - ҳар куни даъват этишингиз лозим бўлган одамлар, масалан хотин, бола-чақа тарбияси билан машғул бўлиш.

Хафталик ишларга мисол - ўз жамоангиз билан тўпланиб улар билан иймонлашиш ёки устозингиз билан кўришиб дарс олиш.

Ойлик ишларга мисол - бирон муҳтож оилани зиёрат қилиб уларнинг ҳолидан хабар олиш ва ёрдам бериш ёки қўшни шаҳар ё қишлоқдаги биродарларингизни зиёрат қилиш.

Йиллик ишларга мисол қилиб - узоқроқ шаҳардаги биродарларингизни зиёрат қилиш, ҳаж ё умра каби сафарларни уюштиришни киритса бўлади.

10. Ғайратингиз, вақтингиз, ақлингиз, фикрингиз ва мол-дунёингиздан бир қисмини доимий ва мунтазам равишда ислом иши учун ажратадиган бўлсангиз - динга хизмат қилган бўласиз. Тоинки ғамингиз ҳам, дарду фикрингиз ҳам фақат Ислом бўлсин. Турсангиз Ислом дарди билан туринг, ўтирсангиз Ислом ғами билан ўтиринг, юрсангиз фақат Ислом иши учун юринг, ўйласангиз фақат Ислом равнақи ҳақида ўйланг, мол-дунё сарфласангиз фақат Ислом ривожи учун сарфланг.

11. Яхшиликнинг бирон янги турини топишингиз билан дарҳол ўшанга шошилсангиз, унга ўз ҳиссангизни қўшишга интилсангиз - Исломга хизмат қилган бўласиз. Дини Ислом учун бирон хизматингизни тақдим қилиш имкони бор экан - ҳеч ҳам иккиланманг ва зинҳор пайсалга солманг! Зеро эртага бу ишни қилишга имкон бўладими йўқми - билмайсиз.

Ундан ташқари, ҳеч биримизни Аллоҳ таоло бу дунёга боғлаб қўймаган ва ажалимиз қачон битилгани бизга номаълум. Хайрли ишни кейинга қолдирган киши мўлжаллаган пайти келмай туриб тилдан, ҳаракатдан қолиши ё эса мутлақо ҳаётдан кўз юмиб кетишидан хотиржам бўлолмайди ва албатта кечга қолдирган ишига пушаймон ейди.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўз калимасини олий қилиш йўлида молию жонини аямайдиган фидойи инсонлардан қилсин. Омийн!

Admin   10-25-2009, 07:54 AM
#24
Ҳажнинг фазилатлари

Хатиб: Шайх доктор Холид ибн Абдуллоҳ Муслиҳ

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

Биринчи хутба

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

(Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир... Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган бандани адаштирувчи, адаштирган банданини ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.
«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).
Сўнг ...
(Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир).
Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан тақво қилинглар ва зиммангиздаги Аллоҳнинг фарзи – Каъбатуллоҳни ҳаж қилинглар! Чунки ҳаж, Исломнинг рукнлари ва улкан биноларидан биридир. Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг «Саҳиҳ»ларида Абдуллоҳ ибн Усмар разияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадиси келтирилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом беш нарса устига асосланган: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг расули эканига гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закотни бериш, Уй (Каъбатуллоҳ)ни ҳаж қилиш ва рамазон (ойи) рўзасини тутиш» – дедилар» (Имом Бухорий «Саҳиҳ», ҳадис № 8; Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 16).
Ҳой Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳ умр давомида бир мартагина ҳаж қилишни фарз қилди. Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу) шундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга хутба қилиб: «Ҳой одамлар! Аллоҳ сизларга ҳажни фарз қилди ва сизлар ҳаж қилингиз!» – дедилар. Бир киши: «Ҳар йилими?» – деб савол берганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жим қолдилар. Саволни уч марта такрорлагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар «ҳа» деганимда фарз бўлар ва сизларнинг бунга кучингиз етмас эди» – деб жавоб бердилар» (Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 1337).
Ҳой мўъминлар, ҳажнинг фарзлиги Қуръон, суннат ва мусулмонларнинг қатъий ижмоъси билан собитдир!
Ҳой мўъминлар, Аллоҳ таоло оқил, балоғат ёшига етган, ҳур, маблағи ва бадани билан қодир бўлган ҳар бир мусулмонга Каъбатуллоҳни ҳаж қилишини фарз қилди! Маблағи етмаган одамнинг зиммасида ҳаж қилиш масъулияти йўқдир. Аллоҳ таоло айтди:
«Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу Уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир» (Оли Имрон: 97).
Ҳой мўъминлар, агар биров моддий маблағи билан ҳаж қилишга қодир, бироқ шахсий ожизлиги мудом ва умидсиз, масалан, шифо умиди бўлмаган бемор, ёхуд ёши улғайиб қолган қария бўлса, ҳаж фарзини адо этиши учун ўз номидан бир кишини тайинласин. Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳу) айтди: «Бир хотин: «Ё Расулуллоҳ, отам қариб қолган пайтида ҳаж қилиши фарз бўлди. Бироқ у, улов устида ўтира олмайди. Шунинг учун унинг номидан ҳаж қилсам бўладими?» – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа», – деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий «Саҳиҳ», ҳадис № 1513).
Ҳой Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳдан қўрқинглар ва шартлари пайдо бўлгач, ушбу буюк ибодатни тўкис адо этинглар!
Ҳой мусулмонлар, сизларни тўсадиган монеъликлар чиқишидан илгари Аллоҳнинг Каъбасини ҳаж қилишга шошилинглар! Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳаж қилиш учун шошилинглар! Чунки, бировингиз ўзига нима монеъ бўлиб қолишини билмайди» – дедилар» (Имом Аҳмад «Муснад», ҳадис № 2864).
Умар ибн Хаттоб (разияллоҳу анҳу) шартлари тўкис бўлганидан кейин ҳам ҳаж ибодатини кечиктиришни аччиқланиб қоралади. Саид ибн Мансур (раҳимаҳуллоҳ) «Сунан»ида саҳиҳ-соғлом санад билан шундай ривоят қилди: «Умар ибн Хатттоб разияллоҳу анҳу айтди: «Мен шу шаҳарларга одамларни юбориб, боён яшаётган ҳолида ҳаж қилмаган одамларни топишни ва уларга ҳам жизъя-солиқ жорий қилишни қасд қилдим. Чунки улар мусулмон эмаслар! Чунки улар мусулмон эмаслар!» (Жалолуддин Суютий «Жаамиъул-аҳаадиис», ҳадис № 31221).
Алий разияллоҳу анҳу айтди: «Ҳаж қилишга қодир бўла туриб ҳаж қилмаган одам, яҳудий ва насроний бўлиб ўлаверсин!» (Жалолуддин Суютий «Жамъул-жаваамиъ ав ал-Жомиъул-Кабир», ҳадис № 2299).
Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган одамнинг қодир ва бу нассларни эшита туриб ҳаж қилмасликка ва Аллоҳ фарз қилган нарсани адо этишга шошилмасликка кўнгли қандай хотиржам бўлар экан?!
Ҳой, мўъминлар!
Каъбатуллоҳни ҳаж қилиш, Аллоҳга яқин қиладиган тоат-ибодатларнинг энг буюгидир. Бу ҳақда ҳажнинг буюк ўрни ва улкан фазилатлари ҳақида хабарлар келган.
Улардан бири, ҳаж – гуноҳ, хато ва камчиликларнинг каффоротидир.
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким ҳаж қилса ва (ҳажи давомида) сўкинмаса ва фисқу-фужур ишлар билан шуғулланмаса, онасидан туғилган кунидагидек (гуноҳсиз ҳолатига) қайтади» – дедилар» (Муттафақун алайҳ: Имом Бухорий «Саҳиҳ», ҳадис № 1521; Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 1350).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу отасининг Исломни қабул қилиши ҳақидаги ҳикоясида, отасининг гуноҳларини кечирилишини сўраган пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини айтиб берди: «Ислом, ҳижрат ва ҳаж ўзларидан аввалги (гуноҳ)ларни йўқ қилишини билмайсизми?!» (Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 121).
Ҳой мўъминлар, ҳажнинг фазилатларидан бири, унинг жаннатга киришга сабаб бўлишидир!
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Аллоҳ ҳузурида) мақбул ҳажнинг мукофоти – жаннатдан бошқа нарса эмасдир!» – дедилар» (Муттафақун алайҳ: Имом Бухорий «Саҳиҳ», ҳадис № 1773; Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 1349).
Ҳой Аллоҳнинг бандалари, ҳажнинг фазилатларидан бири, Аллоҳ таоло Арафа кунида мавқиф (Арафот тоғи)да турган одамларга яқинлашади ва улар билан фаришталарга мақтанади!
Оиша разияллоҳу анҳо айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таолонинг Арафа кунидек жаҳаннамдан кўп қулларни озод қиладиган бошқа кун йўқдир. Аллоҳ (Арафот тоғида тўпланган ҳожиларга) яқинлашади ва фаришталарга мақтаниб: «Улар нима хоҳлашаяпти?» – деб сўрайди» – дедилар» (Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 1348).
Аллома ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ Арафот кунидаги фазилатларни мадҳ этиб ушбу байтларни ёзган:
Аллоҳ у кунда бандаларга яқинлашиб,
Нуроний малакларга дейди мақтаниб:
Бандаларим келмишлар муҳаббат-ла,
Мен ҳам очдим қўлларимни саховат-ла.
Гувоҳ бўлинг, кечирдим гуноҳларин
Ато этдим уларга дилдаги орзуларин!
Суюнчи бўлсин у кун Арафотда бўлганларга,
Ки, Аллоҳ мағфирати тегар унга келганларга!
Аллоҳнинг бандалари, ушбу фазилат ва марҳаматлардан қуруқ қолманглар! Яхшиликлар сари беллашиб, савоблар учун шошилинглар! Озиқ олинглар, озиқларнинг энг яхшиси – тақводир. Унутмангларки, сафарнинг охири кўриниб қолди. Зеро, сафар тез тугамоқда.
Бугунги ишинг эртага ҳеч қолмасин,
Эртага билмаганинг – ажал етиб келмасин!
Ҳой, мўъминлар!
Ҳой, сиз Аллоҳнинг Ҳурматли Уйини ҳаж қилишни қасд қилган бандалар!
Сиз Аллоҳнинг Уйини ҳаж қилиш билан бирга фазилатларни қўлга киритишда катта таъсирлари бўлган ушбу муҳим ишларни лозим тутингиз!
Биринчиси: Амални Аллоҳ учун холис қилиш.
Чунки ҳаж – ботил диндан ҳақ динга ўтиш хусусиятларидандир. Сизнинг ҳаждаги шиорингиз эса «Лаббайкал-лоҳумма лаббайк! Лаббайка ла шарика лака лаббайк» (Аллоҳим, амрингга мунтазирман! Амрингга мунтазирман! Амрингга мунтазирман! Сенинг шеригинг йўқдир!)дир.
Абу Умома разияллоҳу анҳу айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ, амаллардан холис бўлгани ва Ўзининг Юзигина қасд қилинганларини қабул қилади» – дедилар» (Насоий «Сунан», ҳадис № 3153. Бу ҳадисни Абу Довуд ҳам ривоят қилди).
Иккинчиси: Гапларингиз, ҳаракатларингиз ҳамда зоҳирий ва ботиний ҳолатларингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан намуна олиш.
Ҳолбуки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни Ўзларидан намуна ва ўрнак олишга рағбатлантириб, Видолашув ҳажи – Ҳажжатул-вадоъда: «Мендан (ҳаж) ибодатларингизни олинглар!» – дедилар (Имом Аҳмад «Муснад», ҳадис № 14010. Имом Муслим Жобир ибн Абдуллоҳ (разияллоҳу анҳу)нинг: «Ибодатларинигизни олишингиз учун» лафзи билан нақл қилди. Ҳадис № 1297).
Учинчиси: Ҳаж ибодатларини онгли ва тўкис қилиш учун, ҳаж аҳкомларини ўрганишга ҳарислик.
Ҳаж ибодатларини тўкис адо этиш учун унинг аҳкомларини ўрганингиз! Аллоҳ уларни ўрганишни енгил қилиб қўйди. Улар баён қилинган китоблар, дарслар ва магнит тасмаларининг саноғи йўқ. У китобларни ўқиш ва ўрганишга ҳаракат қилингиз! Бирон чигал масъала чиқса ва уни билмасангиз, биладиган илм аҳлидан сўрангиз!
Тўртинчиси: Ҳаж сафарида йўлдошлик учун яхши одамларни танлангиз-ки, улар сизга яхши ишларни кўрсатиб, яхши ишларни қилишда ёрдамчи бўлсинлар. Дарҳақиқат, йўлдош – ёрдамчидир. Аждодлар шундай деганлар:
Одам ҳақида сўрма, сўра дўсти ҳақида
Дўст дўсти билан битта йўлда кетади.
Бешинчиси: Ҳажингиз асносида, Аллоҳ таоло айтганидек, ҳақоратли сўзлар, фисқу-фужур ва жанжаллашишдан нари туринг.
Аллоҳ таоло айтди:
«Бас, ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди» (Бақара: 197).
Аллоҳ таоло ҳажга аралашмаслигини таъқиқлаган «рафас» сўзининг маъноси: жинсий алоқа, жинсий алоқага олиб борадиган сабаблар, уятсиз сўзлар, демакдир. «Фусуқ» сўзининг маъноси эса, умуман, гуноҳлардир. «Жидол» сўзининг маъноси эса, жанжал, тўполондир. Бу ишлар савобларни озайтириб, фазилатларни йўққа чиқаради.
Олтинчиси: Машаққатларни кўтариш ва уларнинг мукофотини Аллоҳдангина олишга нафсингизни чиниқтиринг.
Чунки ҳаж, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек, жанги бўлмаган жиҳоддир (Ибн Можжа «Сунан», ҳадис № 2901; Имом Аҳмад «Муснад», ҳадис № 24794).

Admin   10-25-2009, 08:28 AM
#25
Уламоларнинг даража ва фазилатлари

Аллоҳ таоло айтади:
“Айтинг: Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладими?!” (Зумар: 9);
“Дарҳақиқат, Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқадилар” (Фотир: 28);
“Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) раҳбарларга бўйсунинглар!” (Нисо: 59).
Илм аҳлларининг айтишларича, “раҳбарлар” уламолардир. Айрим муфассирлар эса уни амирлар ва уламолар, дея изоҳлаганлар.
Аллоҳ таоло айтади:
“Аллоҳ сизларнинг ичларингиздан иймон келтирган ва илм ато этилган кишиларнинг мақомларини юксалтиради. Аллоҳ сизлар қилаётган ишлардан огоҳдир” (Мужодала: 11).
Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Аллоҳ кимга яхшиликини раво кўрса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди” ҳадисини ривоят қилганлар.
Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Росулуллоҳ соллаллҳоу алайҳи ва саллам: “Олимнинг обиддан афзаллиги тўлин ойнинг бошқа юлдузларга нисбатан афзаллигига ўхшайди. Уламолар пайғамбарларнинг ворисларидир. Пайғамбарлар тилло ё кумуш мерос қилиб қолдирмадилар, балки илм қолдирдилар. Ким уни олган бўлса катта насибани қўлга киритибди” деганлар (Абу Довуд, Термизий, Доримий ривоятлари).
Шайх Абдурраҳмон Саъдий таъкидлаганларидек: “Мусулмонларнинг тўғри йўлдаги уламоларини ҳурмат қилиш билан Аллоҳ таолога қурбат-яқинлик ҳосил қилишади” аҳли суннат ва жамоат эътиқодидан ҳисобланади.
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: “Салафлар: Олимнинг ўлими Исломдаги кемтик бўлиб, уни замонлар ўтиши тўлдира олмайди, дер эдилар” – деганлар.
Авзоъий роҳимаҳуллоҳ: “Биз одамлар деганда аҳли илмларни тушунамиз. Улардан бошқалар ҳеч ким эмас” – деганлар.
Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ: “Агар биргина фақиҳ тоғнинг чўққисида бўлса-да, унинг ўзи жамоатдир” – деганлар.
Шу маънода шоир айтади:
Одамзот шаклда баробар яралмиш,
Барчаси Одаму Ҳавводан таралмиш.
Мақтанмоқ на ҳожат “Мен фалоний” деб,
Асли насли обу тупроқдан тўралмиш.
Афзаллик олимлар шаънига ярашар,
Уларнинг нурила зулматлар ёришар.
Инсоннинг қиймати илмла ўлчанар,
Жоҳиллар “Зўрман” деб беҳуда кучанар.
Мазкур оят, ҳадис ва ҳикматли сўзлардан уммат уламолари эга бўлган олий мақом ва даражалар намоён бўлмоқда. Шунинг учун одамлар уларни тақдирлашлари, ҳурматларини ўрнига келтиришлари, шараф ва обрў каби ҳақларини тўла қилиб беришлари лозим бўлади. Аллоҳ таоло айтади:
“Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳурмат (риоя) қилса, бас, бу Роббиси ҳузурида ўзи учун яхшидир” (Ҳаж: 30);
“Ким Аллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлади” (Ҳаж: 32).
Ушбу оятдаги “шаира” сўзи, уламолар таъкидлаганидек, Аллоҳ таоло изн берган, ҳурмат ва фазилатини сездирган нарсадир.
Уламолар, шубҳасиз, юқоридаги оятларда Аллоҳ изн берган ҳамда ҳурмат ва фазилатини сездирган нарсалар қаторига биринчи бўлиб қўшиладилар.
Демак, уламоларга озор бериб, уларни айблаш Аллоҳга бўлган тоат-ибодатдан юз ўгириш ва уни камситишдир. Баъзи олимларнинг: “Уламоларнинг обрўлари жаҳаннам чуқурларидан бирининг лаби олдидадир” - деган сўзлари ушбу маънони чуқур ифодалайди.
Ислом умматининг мунаввар чироқлари бўлмиш уламоларга озор беришнинг нақадар хатарли экани Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадисда ҳам таъкидланмоқда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: ”Аллоҳ таоло Ҳадиси Қудсийда шундай деган: Ким Менинг дўстимга душманлик қилса, Мен унга қарши уруш эълон қиламан” (Имом Бухорий ривояти).
Муҳтарам китобхон, судхўрлик билан шуғулланган одам шу ишини ташлаб, тавба қилмагунича Аллоҳ унга уруш эълон қилганини ҳаммамиз жуда яхши биламиз. Бироқ, юқоридаги ҳадисда баён қилинганидек, Аллоҳнинг дўстларига адоват қилган кимсага қарши Аллоҳ уруш эълон қилганини ҳаммамиз ҳам биламизми?! Бирон олим ҳақида сўз кетар экан, мазкур таҳдидларни хаёлимизга келтирамизми?!
Хатиб Бағдодий роҳимаҳуллоҳ имом Абу Ҳанифа ва имом Шофеий роҳимаҳумаллоҳларнинг: “Агар фақиҳлар Аллоҳнинг дўстлари бўлмаса, демак, Аллоҳнинг дўсти йўқ экан” деб айтганларини, имом Шофеийнинг эса: “Фуқаҳолар – илмларига амал қилган олимлардир” деб айтганини нақл қилади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтдилар: “Бир фақиҳ (олим)га озор берган одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор берибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор берган одам эса Аллоҳ таолога озор берибди”.
Шояд бу хабарлар уламоларнинг фазилатини ифодалаш ҳамда уларга нисбатан адо этилиши керак бўлган ҳуқуқларни эслатишга кифоя қилса.

Admin   10-25-2009, 08:51 AM
#26
Тилнинг ўрни ва хатари

Тилнинг хатари ҳақида ҳам бир оз тўхталиб ўтишимиз зарур. Чунки биз тилларимизга эрк бериб, уни тойилишдан қутқариб қолишда сустлик қилмоқдамиз. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло бизга лутф қилган аъзо – тил неъматининг фазилатларига ишора қилмоқчимиз. Тилнинг нақадар буюк неъмат эканини Мусо алайҳиссаломнинг ушбу сўзлари ифодаламоқда:
“Тилимдан тугунни - дудуқликни ечиб юборгин” (Тоҳа: 27);
«.... ва тилим бурро эмасдир» (Шуаро: 13);
“Оғам Ҳорун мендан кўра тили гўёроқдир” (Қасас: 34).
Аллоҳ таоло бандасига миннат қилиб шундай деди:
“Биз унга икки кўз, тил ва икки лаб қилмадикми (яратмадикми)?!” (Балад: 8-9).
Агар бу неъматдан маҳрум бўлган инсон – соқовнинг ҳолини бир тафаккур қилиб кўрсак, тил неъматининг қадрини чуқурроқ идрок этамиз:
“Соқов одам ўзининг ички туйғуларини тўла ифода эта оладими?!”.
У бирон бир нарсани ифода этмоқчи бўлса, анчагина аъзоларини ҳаракатга келтиради. Бироқ у на ўзини қондира олади ва на бошқаларга тўлақонли тушунтира олади. Тушунтирганда ҳам, кўп қийналиб тушунтиради.
Демак, тил – Аллоҳ ато этган ва лутф қилган буюк неъматлардан бири экан. Шундай экан, биз уни сақлай олдикми?! Уни яхшиликларга ишлатдикми, ёлғондан, уламоларнинг ва бошқаларнинг шаънларига доғ туширадиган сўзлардан сақлай олдикми?!
Илоҳий хабарлар бу аъзо ишининг муҳимлиги ва уни сақлашда қилинган сустликнинг аянчли оқибатларига ишора қилмоқда. Аллоҳ таоло туҳмат ҳақида шундай деди:
“Ўшанда сизлар уни тилдан тилга олиб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўйлар ва буни енгил иш деб ўйлар эдингизлар. Ҳолбуки у, Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳдир) (Нур: 15).
Мунофиқлар ҳақида шундай деди:
“Энди қачон хавф кетса, улар яхшилик (яъни ўлжалар) устида очкўзлик қилиб сизларни ўткир тиллар билан ранжитадилар” (Аҳзоб: 19);
“Улар тилларида дилларида бўлмаган нарсани - ёлғонни айтурлар” (Фатҳ: 11).
Шунинг учун ҳам, тилни эҳтиёт қилиш ва унга эрк бермаслик ҳақида буйруқ келган. Аллоҳ таоло айтади:
“Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар!” (Аҳзоб: 70);
“У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур) (Қоф: 18);
(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил - буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган, ишонган ҳар бир нарсаси учун киши Қиёмат кунида жавоб беради) (Исро: 36).
Термизий роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда: “Одамларни жаҳаннамга улоқтираётган нарса уларнинг тилларининг ҳосиласи эмасми ахир?!”, муттафақун алайҳ бўлган ушбу ҳадисда эса: ”Ким менга икки жағи ва икки оёғи ўртасидаги нарсага (яъни тили ва жинсий аъзосини сақлашга) кафил бўлса, мен унга жаннатга (киришига) кафил бўламан” дейилган (Имом Бухорий ривояти).
Кўпчилик, хусусан мухлис инсонлар, оёқлари ўртасини ҳаромдан сақлашга кафил бўладилар. Бу ҳам катта неъмат, аслида. Аллоҳ уларга доимо тавфиқ ато этсин. Бироқ биз тилларимизни кафолатга ола биляпмизми? Бирор кунимиз олим ёки бошқаси бўлсин, бирон бир мусулмоннинг обрўсига тил теккизмасдан ўтаяптими?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Мусулмон – унинг тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган кишидир” (Муттафақун алайҳ) деб айтган сўзларига амал қилиб ҳамда “Банда ўйламасдан шундай бир сўзни айтадики, шу сабабли жаҳаннам ичра машриқ ва мағриб ўртасидан ҳам узоқроқ ўринга тойилиб кетади” деб айтилган ҳадисдаги огоҳлантиришга риоя қилиб, ҳамма ўзини сарҳисоб қилиб кўрсин. Бу хатарли мавзуда фикр юритсин.
Шоирнинг ушбу сатрлари қандай доноларча битилган-а:
Кишига ҳар офат тилидан келар,
Бу сўзим ҳақлигин ҳар оқил билар.
Гар қадам тойилса, тизза шилинар
Тил тойилса-чи, бош дорга илинар.
Бошқа шоир деди:
Тилингни сақлагин, эй азиз инсон!
Ўзингни чақмасин, у ғаддор илон.
Не-не кураклари ерга тегмаган
Полвонларни тили гўрга киритган.
Яна бир шоир шундай деди:
Хомушлик зийнату, сукут шижоат.
Лақмалик сен учун бўлмасин одат.
Сукутга бир бора қилсанг сен афсус,
Минг бора қиларсан Сўзга надомат!
Ҳотим Асам роҳимаҳуллоҳ айтади: “Хабарчи сўзларингни ёзиш учун ёнингга ўтирса сўзларингни диққат билан талаффуз қиласан-у, Аллоҳга кўндаланг қилинадиган сўзларингни айтишда эҳтиёт бўлмайсан!”
Бу ерда баён қилиш керак бўлган яна бир муҳим мавзу бор. Уламоларни ғийбат қилиш ёмон ва ғийбатнинг энг хунук турларидан эканини билдик, бироқ, бу - улардан бошқаларнинг “гўшти” ҳалол эканига далолат қилмайди. Балки у ҳам ҳаром. Аллоҳ таоло айтади:
“Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана, ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, меҳрибондир” (Ҳужурот: 12);
“Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари боис озор берадиган кимсалар бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар” (Аҳзоб: 58).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни баён қилиб дедилар: “Мусулмонга мусулмоннинг қони, обрўси ва моли ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти).
Ҳажжатул-вадоъда шундай дедилар: ”Сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз сизларга шу шаҳрингиз ва шу ойингиздаги шу кунингиз каби ҳаромдир. Огоҳ бўлинглар, етказдимми?!” (Муттафақун алайҳ).
Бошқа бир ҳадисда ушбу сўзлар бор:
– “Ғийбат нима эканини биласизларми?
Саҳобалар:
“Аллоҳ ва расули билувчироқ!” - дедилар.
– Биродарингизни у ёқтирмайдиган нарса билан тилга олишингиздир.
– Агар биродаримда мен айтаётган нарса бўлса-чи?
– Агар сиз айтаётган нарса дўстингизда бўлса уни ғийбат қилган, агар унда ўша нарса бўлмаса унга туҳмат қилган бўласиз” (Имом Муслим ривояти).
Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ “Сунан”ида Анас розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилган ушбу ривоятини келтирган: «Мен (Меърожга) олиб чиқилганимда тирноқлари мисдан бўлган одамлар ёнидан ўтдим, улар юзлари ва кўксиларини тирнаётган эдилар.
– Ё Жибрил, булар кимлар? - деб сўрадим. У:
– Улар одамларнинг “гўштлари”ни еган ва уларнинг обрўларини поймол қилганлар - деди.

Агар оддий одамларга тил теккизган, уларнинг обрўларини поймол қилганларнинг ҳоли шу бўлса, уламоларга тил теккизганларнинг ҳоли не кечаркин?!.
Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳнинг бу маънода нафис ва зарҳал ҳарфлар билан ёзилишга сазовор иборалари бор. Чунки бу сўзлар кўплаб толиби илмларнинг ҳолатига айнан мос келади: “Кўплаб парҳезкор инсонларни кўрасизки, зулму бузуқликлардан сақланган бўлишади. Бироқ, айтаётган сўзларига аҳамият бермай, тиллари тириклар ва ўликлар обрўсига чанг солади”.

Admin   10-26-2009, 08:18 AM
#27
و عن أبي هريرة، رضي الله عنه، قال: خطبنا رسول الله صلى الله عليه وسلم فقال: يا أيها الناس قد فرض الله عليكم الحج فحجوا فقال رجلٌ: أكل عامٍ يا رسول الله ؟ فسكت، حتى قالها ثلاثاً. فقال رسول الله، صلى الله عليه وسلم: لو قلت نعم لوجبت، ولما استطعتم ثم قال: ذروني ما تركتكم؛ فإنما هلك من كان قبلكم بكثرة سؤالهم، واختلافهم على أنبيائهم، فإذا أمرتكم بشيءٍ فأتوا منه ما استطعتم، وإذا نهيتكم عن شيءٍ فدعوه. رواه مسلمٌ.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилиб дейдилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга хутба қилиб: «Эй одамлар, Аллоҳ сизларга ҳаж қилишни фарз қилди, шундай экан ҳаж қилинглар» - деб айтдилар. Шунда бир киши: «Эй Расулуллоҳ, ҳар йилими?» - деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) индамадилар, ҳатто бу гапни уч марта айтди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар «Ҳа» - деганимда у вожиб бўлиб қолиб, унга кучларинг етмай қоларди» - дедиларда, сўнг: «Модомики мен (бу хусусда гапирмай) сизларни тинч қўйдимми, сизлар ҳам мени тинч қўйинглар. Сизлардан олдингиларни фақат уларнинг кўп сўрашлари ва пайғамбарларига ихтилоф қилишлари ҳалок қилган. Агар бирон нарсага буюрсам, уни қўлларингиздан келганича қилинглар, бирон нарсадан қайтарсам, уни тарк қилинглар» - дедилар» (Муслим ривояти).

Шарҳ:

Бошқа ривоятда бу саволни Ақраъ ибни Ҳобис (розияллоҳу анҳу) берганлиги баён қилинган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: «Модомики мен (бу хусусда гапирмай) сизларни тинч қўйдимми, сизлар ҳам мени тинч қўйинглар» - деган сўзлари аслида инсонга бирор ибодат вожиб бўлмаслиги ва шариат келмасдан олдин ҳеч қандай ҳукм йўқлигига далолат қилади. Тадқиқотчи усул уламолари Аллоҳ таъолонинг:

«Биз то бирон пайғамбар юбормагунча (у орқали Ўзимизнинг амру фармонларимизни юбориб, унга итоат қилишдан бош тортмагунларича, бирон кимсани) азоблагувчи эмасмиз» (Исро: 15), - деган оятини далил қилиб, ушбу фикрни тўғри деб топишган экан. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: «Агар бирон нарсага буюрсам уни қўлларингиздан келганича қилинглар» - деган сўзлари исломнинг муҳим қоидаларидан бўлиб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га берилган жавомеъул-калим (яъни сермазмун сўзлар)дан саналади. Бунга сон-саноқсиз аҳкомлар киради. Масалан: намознинг баъзи шарт ё рукнларини бажаришдан ожиз бўлган киши қолганларини бажаради. Агар ғусл ё таҳорат аъзоларидан баъзиларини ювишдан ожиз бўлса, ювиш имкони борларини ювади. Агар таҳорат учун ё нажосатни кетказиш учун етарли сувдан озроғини топса, имкони борини қилади. Агар авратининг баъзи қисмини беркитадиган нарса топса, ёки Фотиҳа сурасини баъзисини ёдласа, имкони борини қилади ва ҳоказо. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: «Агар бирон нарсага буюрсам уни қўлларингиздан келганича қилинглар» - деган сўзлари Аллоҳ таъолонинг: «Кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар» - (Тағобун: 16), деган оятига мувофиқ келади. Аммо Аллоҳ таъолонинг: «Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар» (Оли Имрон: 102), - деган ояти ҳақида икки хил фикр бор. Биринчиси: Ушбу оят Аллоҳ таъолонинг: «Кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар» - (Тағобун: 16), деган ояти билан мансух яъни бекор қилинган. Иккинчиси: Ушбу оят мансух эмас, балки Аллоҳ таъолонинг: «Кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар» - (Тағобун: 16), - деган ояти унинг: «Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар» (Оли Имрон: 102), - деган оятидан кўзланган мақсадни баён ва тафсир қилмоқда. Мана шу фикр тўғрироқ фикр бўлиб, буни тадқиқотчи уламолар қўллаб-қўвватлашган. Улар айтишларича: Аллоҳ таъолонинг: «Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар» (Оли Имрон: 102), деган оятининг маъноси Аллоҳнинг бўйруқларига бўйсуниш ва ман қилган нарсаларидан четланиш дегани. Ҳолбуки Аллоҳ фақат имкони бор нарсага буюради. Аллоҳ таъоло Бақара сурасида: «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди» (Бақара: 286), -деган бўлса, Ҳаж сурасида: «Ва бу динда сизларга бирон ҳараж-танглик қилмади» (Ҳаж: 78) - дейди. Валлоҳу аълам.
(Саҳиҳ Муслим шарҳи, Нававий, 4/499).

Admin   10-29-2009, 08:27 AM
#28
Намоз ва унинг Исломдаги ўрни

Абдулазиз қори ибн Абдулфаттоҳ

Ислом Нури таржимаси

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингизда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар, сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Аллоҳ устингиздан кузатувчи бўлган Зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг расулига итоат этса, у буюк саодатга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Дарҳақиқат, сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг энг ёмони (динда) янги пайдо қилинганидир. (Динда) янги пайдо қилинган ҳар бир иш бидъат, ҳар бир бидъат залолат, ҳар бир залолат дўзахдадир.
Аммо баъд...
Аллоҳ таоло иймон тармоқлари ва Исломнинг шаръий қонун-қоидалари ичида тавҳиддан кейин намоздан кўра улуғроқ бўлган бирон ишни фарз қилмади. Намоз – иймоннинг энг улуғ бўлаги, Исломнинг тавҳиддан кейинги иккинчи рукни ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек, диннинг устунидир. Аллоҳ таоло уни Ўзининг Китобида «иймон» деб номлади:
«Аллоҳ иймонларингизни (яъни, қибла ўзгаришидан аввал ўқиган намозларингизни) зое қилувчи эмас» (Бақара: 143).
Ушбу оятнинг нозил бўлиши сабабида айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қибла ояти (яъни, қиблани ўзгартирилиши ҳақидаги оят) нозил бўлган пайт аср намози вақти кирган пайт бўлиб, у зот ўз масжидларида асрни Каъба томонга қараб ўқидилар. Қибла ояти Қубо аҳлига фақат эртаси тонг пайтида, бамдод намози ўқиб турган пайтларида етиб келди ва улар намозда турган ҳолларида Каъба томонга қараб бурилдилар. Шундан сўнг айрим саҳобаларни ушбу оят келишидан олдинги ўқилган намозлари ва бу оят нозил бўлмасидан туриб вафот этиб кетган кишиларнинг намозлари ҳукми қандай бўларкин, деган савол қийнай бошлади. Шунда Аллоҳ таоло уларнинг ўтган даврда ўқиган намозлари ҳукмини баён қилиб:
«Аллоҳ иймонларингизни (яъни, қибла ўзгаришидан аввал ўқиган намозларингизни) зое қилувчи эмас» (Бақара: 143), оятини нозил қилди.
Quote:Имом Бухорий «Саҳиҳ»ида «Намоз иймондандир» деб номланган бобда (1/23, №40) ривоят қилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жон таслим қилар онидаги энг сўнгги васиятлари ҳам: «Намозга (маҳкам бўлинглар), намозга (маҳкам бўлинглар), қўлларингиз остидаги (қул-чўрилар) ҳаққида Аллоҳдан қўрқинглар!», деган сўзлар бўлган экан.
Quote:Аҳмад (3/117), Ибн Саъд «Табақот»да (2/253), Ибн Можа (2697) ривоятлари.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Умар розияллоҳу анҳуга тиғ уриб, жароҳат етказилгандан сўнг бир неча ансорийлар билан бирга у кишини кўтариб, уйларига олиб кирдик. У киши бехуш ётдилар. Бамдод вақти чиқиб кетишга яқин бўлди, биз: «Намоз ўқимайсизми?, эй амирал муъминийн», деган эдик, кўзларини очиб: «Одамлар намоз ўқиб бўлдиларми?», деб сўрадилар. Биз: «Ҳа», дедик. Шундан сўнг у киши: «Намозни тарк қилувчи кишининг Исломда улуши йўқ», дедилар ва таҳорат олиб жароҳатларидан қон оқиб турган ҳолда намоз ўқидилар.
Quote:Ибн Саъд «Табақот»да (3/350) ва бошқалар саҳиҳ санад билан келтирганлар.
Қаранг, жанобимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг оғир ҳолатларида, жон таслим қилар онларида умматларини намозга васият қилдилар, амирул муъминийн Умар ал-Форуқ розияллоҳу анҳу тиғ зарбидан ўзларини билмай ётган, жон чиқишга яқинлашиб қолган ҳолларида ҳам одамлар намоз ўқидиларми, деб сўрадилар ва уларни намозга маҳкам бўлишга васият қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча асҳобларининг ҳам одатлари ана шундай, намозни улуғлаш эди, улар намозга ғоят қаттиқ аҳамият беришарди, уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек диннинг устуни санашарди, улар наздида намозсиз дин йўқ ҳисоб эди.
Ахир қандай қилиб бу улуғ фарз ибодатига бу қадар эътибор берилмасин, у банда билан Парвардигори ўртасида ягона алоқа воситаси бўлса!? Банда намоз учун турган вақтида Робби азза ва жалла ҳузурида туради. Қиблага юзланганида Аллоҳ таоло унинг рўбарўсида туради. Банда намозда турганида Роббига тасбеҳ ва ҳамду-санолар билан, қироат, рукуъ, сужуд ва зикрлари билан муножот қилади. Намоз банда билан Парвардигори ўртасидаги алоқадир, шу билан бирга у банданинг Парвардигор азза ва жаллага таслим бўлиши ва бўйсуниши белгисидир. Намоз ўз ичига олган барча ҳаракатлар, барча амаллар билан, қироат, рукуъ, сужуд, тасбеҳ, таҳмид ва азкорлар билан Аллоҳ азза жаллага бўлган таслим ва бўйин эгишнинг ёрқин аломатидир. Кимда-ким намозни тарк қилиш билан Аллоҳ азза ва жаллага осий бўларкан, у кимса бу билан Аллоҳ таолога таслим бўлиш ва бўйсунишдан бош тортган бўлади. Ҳолбуки, таслим бўлиш ва бўйсунишсиз иймон ҳам, Ислом ҳам бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади:
«Ким чиройли амал қилувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга таслим қилса, бас у мустаҳкам халқани ушлабди» (Луқмон: 22). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом – қалбингни Аллоҳга таслим қилишинг (топширишинг)дир», деганлар.
Quote:Муснад Аҳмад: 4/114, 5/3.
Иблиси лаинни Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум қилган ва Унинг даргоҳидан абадул-абад қувилишга маҳкум этган нарса нима эди?!
У Аллоҳ таолонинг Одамга сажда қилиш ҳақидаги буйруғидан бўйин товлаши билан Аллоҳнинг амрига бўйсуниш ва таслим бўлишдан бош тортди. Бўлмасам, Иблиснинг Аллоҳ таолонинг рубубияти ва улуҳиятига бўлган иқрори бекаму-кўст эди, унда бу ҳақда на шак-шубҳа ва на тараддуд бор эди. Лекин, у Аллоҳни ягона деб билгани ва Уни танигани ҳолда, Унинг амрига бўйсунишдан бош тортди, Унинг Одамга сажда қилиш ҳақидаги фармонидан бўйин товлади. Шу билан кофир бўлди, шу билан иблисга айланди, шу билан Аллоҳнинг раҳматидан абадул-абад бадарға қилинди.
Ким намозни тарк қилиш билан Парвардигор азза ва жаллага осий бўлса, унинг ҳоли Иблиснинг ҳолидан яхши бўлмайди. Аксинча, у Иблисдан кўра ҳам ёмон аҳволга дучор бўлади. Иблис Одамга сажда қилишдан бўйин товлаши туфайли кофир бўлди. Намозни тарк қилган бу кимса эса Одамнинг Парвардигорига сажда қилишдан бўйин товлаган бўлди. Шунинг учун у Иблисдан кўра ҳам ёмонроқ бўлди. Шунинг учун ҳам саҳоба розияллоҳу анҳумлар маъсиятлардан ҳеч бирини куфр санамаганлари ҳолда, фақат намозни тарк қилишни куфр деб ҳисоблардилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан: «Қуръонда намозни кўп зикр қилинганини,
«Улар намозларида доим - барқарор бўлувчи зотлардир» (Маориж: 23),
«Улар намозларини (нг арконлари, фарзлари ва суннатларини мукаммал қилиб намозларини вақтида адо этиб, қазо бўлишдан) сақловчи бўлган зотлардир» (Маориж: 34), дейилганини кўрамиз?», деб сўраганларида ул зот: «Бу – намозларни ўз вақтида адо қилиш маъносида, улар намозларини вақтида адо қиладилар, деганидир», дедилар. «Эй Абу Абдурроҳман, биз намозни тарк қилиш маъносида, деб, яъни, намозларини адо қиладилар, уларни тарк қилмайдилар, деб тушунар эканмиз», дейишди. Шунда у киши: «Намозни тарк қилиш куфрдир», дедилар.
Quote:Лолакоий «Шарҳ усули эътиқоди аҳлис-сунна вал-жамоа»да (1532-1534) ва Ибн Абдил-Бар «Тамҳид»да (4/23) келтирганлар.
Абдуллоҳ ибн Шақиқ розияллоҳу анҳу айтадилар: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари бирон амални тарк қилишни куфр деб кўрмас, фақат намозни тарк қилишни куфр деб санар эдилар».
Quote:Термизий (5/14, №2622) ва бошқалар саҳиҳ санад билан ривоят қилганлар.
Уларнинг бундай тушунишларини тасдиқлайдиган саҳиҳ ҳадис ворид бўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта киши билан куфр ва ширкнинг ўртасида намозни тарк қилиш туради» деганлар.
Quote:Муслим «Саҳиҳ»ида (82) ривоят қилган.
Яна у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз билан улар (кофирлар) ўртасини ажратиб турувчи аҳд-паймон намоздир. Ким намозни тарк қилса, шубҳасиз кофир бўлибди», деганлар.
Quote:Аҳмад (5/346), Термизий (5/14, №2621) ва бошқалар ривоят қилган, саҳиҳ ҳадис.
Намозни тарк қилиш оқибатида ҳосил бўладиган куфр бошқа баъзи маъсиятлар билан ҳосил бўладиган куфр билан бир хил эмас. Ҳадисларда айрим гуноҳларни куфр деб айтилган. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«Мусулмонни сўкиш – фосиқлик, у билан жанг қилиш – куфрдир».
Quote:Бухорий «Саҳиҳ»ида (48) келтирган.
«Қуръон ҳақида талашиб-тортишиш куфрдир».
Quote:Аҳмад (2/286, 300, 478), Абу Довуд (4603), Насоий (118), Ибн Ҳиббон (1464), Ҳоким (2/243, №2883) ривоят қилганлар.
«Ким бир мусулмонни кофир деса, иккаласидан бири у (яъни, куфр) билан кетади».
Quote:Бухорий (5/2263, 2264, №6103, 6104) ривоят қилган.
«Ким ҳайзли аёлга яқинлик қилса, кофир бўлибди».
Quote:Термизий (135), Абу Довуд (3904), Ибн Можа (639) ва бошқалар ривоят қилганлар.
Намозни тарк қилган кимсанинг куфри ушбу ҳадисларда зикр қилинган маъсиятларни қилган кишининг куфри билан бир хил эмас. Чунки, бу маъсиятлар билан ҳосил бўлувчи куфр кишини диндан чиқармайдиган «куфрун дуна куфр» - яъни, кичик куфрдир.
Зеро, мусулмонга қарши жанг қилган, ё мусулмонни кофир деган, ё Қуръондаги баъзи масалалар хусусида талашиб-тортишган, ё ҳайзли аёлга яқинлик қилган киши гарчи, бу билан Аллоҳ таолога осий бўлган ва катта гуноҳни қилган бўлса-да, бу одам шу билан диндан чиқиб кетмайди, унинг куфри диндан чиқарувчи катта куфр эмас.
Quote:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг куфр деб аташлари унинг катта гуноҳлигига далил бўлади.
Аммо, намозни тарк қилган кишининг куфри диндан чиқарувчи катта куфрдир. Саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг тушунчалари ҳам шунга далолат қилади.
Улар куфр деб сифатланган юқорида айтилгани каби гуноҳларни диндан чиқариб юборувчи катта куфр деб санамаганлари ҳолда намозни тарк қилувчи кишининг куфрини диндан чиқарувчи катта куфр деб тушунганлар.
Уларнинг бу тушунчалари тўғри эканини Аллоҳ азза ва жалланинг Китоби ҳам тасдиқлайди. Зеро, Қуръони каримда намозни тўкис адо этиш ва закотни бериш Исломнинг ва тавбанинг саҳиҳ-яроқли бўлишига белги-аломат қилиб қўйилган. Аллоҳ таоло айтади:
«Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо этишиб, закотни (ҳақдорларга) ато қилсалар, у ҳолда диний биродарингиздирлар» (Тавба: 11). Бунинг маъноси шуки, ким намозни тўкис адо этса ва закотни чиқарса, унинг исломи саҳиҳдир, тавбаси саҳиҳдир. Аммо, ким шундай қилмаса, унинг исломи ҳам саҳиҳ эмас, тавбаси ҳам дуруст эмасдир.
Аллоҳ таолодан намозларимизни Ўз даргоҳида мақбул айлашини ва барчаларимизни ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган амалларга муваффақ қилишини сўраймиз.

Admin   10-30-2009, 10:55 PM
#29
Ҳаж… Аллоҳ Таоло моддий жиҳатдан ва жисмонан қодир бўлган ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга умри давомида бир марта ҳаж ибодатини адо этишни фарз қилган. Ҳаж Исломнинг беш устунларидан биридир. У ҳижратнинг, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага чиқиб кетганларининг олтинчи йилида фарз бўлган. Ҳажнинг фарзлигини инкор этадиган мусулмон кофирга айланади. Ҳаж қилишга имкони бўла туриб, уни адо этмаган киши Қиёмат куни жавобгар бўлади.
Аллоҳ Таоло марҳамат қиладики:
«Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир» (Оли Имрон сураси, 97-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
«Ислом беш устунга бино қилинган: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг элчиси», деб гувоҳлик бериш, намозни барпо қилиш, закотни ўташ, Маккага ҳаж қилиш ва Рамазон ойида рўза тутиш» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажни «ибодатнинг чўққиси» деб атаганлар. Аллоҳ Таоло Ҳажни гуноҳ ва зулм қилмаган ҳолда адо этган мусулмоннинг ўтган барча гуноҳлари ўчирилишини, натижада у худди янги туғилган гўдак каби бегуноҳ одамга айланишини ваъда қилган.
Admin   11-03-2009, 07:35 AM
#30
Чиройлироқ сўзлагувчи ким бор?!

Тайёрловчи: Носируддин Аҳмад
Ушбу рисола, доктор Носир бин Ҳаммод ал-Амморнинг
«Даъват» номли китоби асосида тайёрланди

Кириш

Даъватни диндаги муҳим амал қилган, уни амалга оширишни эса, тақводор бандаларига вожиб қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин! Даъватчиларнинг имоми, пайғамбарларнинг саййиди бўлган зотга салавотлар бўлсин!
Инcонларни Аллоҳнинг динига даъват қилиш, уларга унинг ҳақиқатларини баён этиш ва унинг кўрсатмаларига амал қилишга тайёрлаш - мана шулар билан исломий жамият барпо бўлиб, исломий ҳаёт юзага келади ва ниҳоят, инсоният адолат ҳавосидан нафас ола бошлайди.
Ер юзини турли жойларида яшаётган халқлар ўзларининг мусибатларидан ва уларнинг зарарли оқибатларидан шикоят қила, эртанги кун ҳақида даҳшатга тушиб, қайғура бошладилар. Бу ҳодисалар бугунги кунда етук олимларни ақлларини банд қилган, мана-ман деган сиёсатчилар ҳам бу муаммоларга ечим топа олмай лол қолаётган дамлардир. Инсонларга Ислом даъватини етказиш - бугунги кунга келиб, кечиктириш мумкин бўлмаган ва катта мусибатни олдини олиш учун зарур бўлган эҳтиёждир. Олам узра қулоч ёйган зулм билан кураш эндиликда зиммамиздаги бурчга айланди. Уммат бугун, Роббиларига холис бўлган, дину-диёнатга ўзларини бахшида қилган, Аллоҳ учун динда фаолият қиладиган даъватчиларга муҳтожлик сезмоқда. Менимча, ҳозир ер юзидаги бирорта жамият исломий жамият каби, эътиқодий бирлик ва тафаккурга муҳтожликда эмас. Даъват ниҳоли, токи у Қуръоннинг соф булоғидан суғорилмас ва унинг ҳаётбахш этувчи сувидан қонмас экан, у қаддини тутолмайди ва мева ҳам бермайди. У ўша булоқки, ундан Аллоҳнинг элчиси - соллаллоҳу алайҳи вассалам - ва у зотга эргашиб асҳоблари истифода этишган. Шундан сўнг, улар бутун қалблари билан ҳеч иккиланмасдан Аллоҳ сари интилишда ва пайғамбарга эргашишда давом этдилар, борган сари уларнинг онглари, фикрлари нур ила нурафшон бўла, ҳислари эса фақатгина у нурдан таралаётган ёруғликдангина таъсирлана бошлаган.
Қуйида келтирадиган баъзи бандларда даъватчи инсон учун лозим бўладиган исломий даъватнинг онгли, назарий жиҳатдан англашга ёрдам берадиган мавзуларни ёритишга ҳаракат қилдим. Токи даъватчи, амалий ишда дуч келадигани илмлар билан танишсин. Ушбу амал ёлғиз Аллоҳ учун бўладиган хизматнинг бир кўриниши бўлиб, уни ўқиган, ўрганган ва ундан фойдаланишни истаган ҳар бир киши учун манфаатли бўлишини Аллоҳдан сўраб қоламан.
Мен яна Аллоҳдан уммат учун қайғурадиган, дин ишига бел боғлайдиган, керак бўлса, бу йўлда жон фидо қиладиган содиқ даъватчиларни кўпайтиришини сўраб қоламан. Шу билан бирга, Аллоҳдан мусулмонларни олийлик, зафар ва нажот сари йўллаб, аҳволларини ўнглаб беришини cўрайман. Албатта, У зот бунга қодирдир!
Эй Аллоҳ, Сенга ҳамд бўлсин! Сенга мақтов бўлсин! Гувоҳлик бераманки, Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир! Мени мағфират қилишингни ўтинаман ва Сенга тавба қиламан!
Банданг ва элчинг, пайғамбаримиз Муҳаммадга Ўзингнинг салому, салавот ва баракотларингни ёғдир!
Инсонлар ҳамма замонларда ҳам уларнинг миллати, ирқи, ижтимоий келиб чиқиши ва шахсий хислатларга эгаликларидан қатъий назар, Ислом даъвати ва Аллоҳнинг ҳақ динига эҳтиёж сезадилар. Инсоннинг онги ва тафаккури ҳар ҳолда ўта етук эмас, шунинг учун ҳам унинг кўникма ва билимлари номукаммал ва чекланган ҳолатда қолаверади. Инсондаги бу муҳим нуқтани эътиборга олган ҳолда, Яратувчи Ўзининг пайғамбарларинини жўнатиб, инсониятни жаҳолат дунёсидан илм дунёсига, зулматдан нурга элтишлари учун Ўзининг Илоҳий Йўриқларини нозил этиб турган.
Кўпчилик мусулмонларни ўз динларининг муҳим нуқталари ва шариат таълимотларини билмасликлари сабабидан ва шунингдек, ғоявий бошқарув уларнинг қўлларидан бошқаларнинг қўлларига ўтиб қолгани боис, мусулмонларнинг ўз динлари тўғрисидаги тасаввурлари нотўғри ва диннинг асл моҳиятини бузуқ акс эттирган ҳолда шаклланиб қолди.
Унутмаслик керакки, Ислом – турмуш тарзидир. У ана шундай тушунилиши ва амалга ҳам ана шундай татбиқ этилиши керак. Ислом бу коинот, инсон ва ҳаёт тўғрисида тўғри тушунча берувчи ва инсонга унинг яратилиш сабабини англатувчи диндир. Мана шу таълимот асосида шариат ва ҳаётни бошқарув тузилмаси барпо қилинади.
Шу йўсинда Ислом бу бутун бир йўлдир. Инсонларнинг динга бўлган эҳтиёжи уларнинг ҳаётлари, мавжудликлари ва табиатларининг ажралмас бир қисмидир. Уларнинг динга бўлган эҳтиёжи ҳаво ва сувга бўлган эҳтиёжларидан устунроқдир, аслида.
Асримизга келиб, Яратувчи билан ўрнатилиши керак бўлган алоқа янада муҳим даражага чиқмоқда. Бунга сабаб қилиб айтиш мумкинки, инсоният тарафидан забт этилмиш ушбу тараққиёт, агар Аллоҳ ва унинг элчисининг кўрсатмаларига таянган ҳолда маънавий камолотга эга бўлмас экан, келажакда бу тараққиёт уни жар ёқасига олиб келиши мумкин. Олам Аллоҳни, У Қуръони каримда бандаларига Ўзини таърифлагани каби, ҳамда унинг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни таниши керак. Олам, шунингдек, диний вожиботлар тарзида амалга ошириладиган аҳлоқ нормаларига ва эътиқодга тааллуқли ҳақиқатлар тизимига ва ўзоро муносабатлардаги қоидаларни ўзлаштиришга муҳтождир.
Ушбу ҳақиқатлар - дунё учун манфаатли бўлган бошқарув бўлиб, уларни жамиятда амалий татбиқ қилиш эса, одамлар учун, улкан зафарларга эришиш ва кўпгина зарарлардан қутулиш гаровидир. Инсонлар, улар хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ ғайримусулмон бўлсин, Ислом даъватига муҳтождирлар. Мусулмон учун кераклиги шундаки, унинг қўшимча мувафаққиятларга эришишига ва камолот зиналарида янада юқорироқ кўтарилиши учун бир имкондир. Ғайримусулмон учун эса, даъват унга маърифат, муваффаққият, ҳидоятга йўлланмадир. Аллоҳ таоло айтганидек:
«Аллоҳ мўминларнинг дўстидир. Уларни қоронғу зулматлардан ёруғлик-нурга чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлардир. Улар кофирларни ёруғлик-нурдан қоронғу-зулматларга чиқарадилар. Улар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар» (Бақара: 257).
Ушбу мавзу ҳақида Ибнул Қоййим, раҳимаҳуллоҳ, шундай деганлар: «Инсонларни шариатга бўлган эҳтиёжи, овқат ва сувдан ҳам, уларни нафас олишга бўлган эҳтиёжидан-да тенглаб бўлмас улканроқдир. Чунки, агар ҳаво тўхтаса, жисм ҳалокатга юз тутади. Энди шариатсиз ҳаёт ҳақида гапирадиган бўлсак, бу руҳни-ю қалбнинг ҳалокати бўлиб, бу ўлим абадийдир. Жисмнинг ҳалок бўлиши билан руҳ ва қалбнинг ҳалокатида қандай ҳам улкан фарқ бор-а!!!»
Яна айтганларки: «Банда учун энг яхши ҳолат, бу Аллоҳ таолога чақирувчи, даъват қилувчи киши ҳолатида бўлишдир».
Бу ҳақда Ибнул Жавзий раҳимаҳуллоҳ ҳам шундай деган эканлар: «Аллоҳнинг бандаларига Аллоҳга элтувчи йўлни кўрсатгин. Бу иш билан пайғамбар алайҳимуссаломлар шуғулланишган. Ёки пайғамбарларнинг иши, Аллоҳнинг махлуқотларини эзгуликка чорлаш ва зулму-ёмонлик қилишдан тўсишдан бошқа иш эдими?»
Pages (13):    1 2 3 4 5 13   
  
Users browsing this thread: 6 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.