Pages (13):    1 5 6 7 8 9 13   
Admin   08-02-2010, 10:56 PM
#61
Эҳтимол бу сен учун охирги рамазондир

Шодий Саййид Аҳмад

Абу Закарийя ал-Маданий таржимаси


Тез кунларда кириб келадиган Рамазон ойини кутаётган Мусулмон юртларга назар ташлаган одам бизларнинг бугунги кундаги Рамазонни кутиб олишимиз билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳобларнинг кутиб олишлари ўртасида катта фарқни кўради.
Қалб бармоқларга афсус-надоматлар билан йўғрилган сўзларни имло қилади, бармоқлар эса уларни кўз ёшлари сиёҳи билан ёзади, қалб бугунги фитналардан эзилиб адо бўлади.
Салаф солиҳлар олти ой «Эй Аллоҳ, бизни Рамазонга етказгин» деб, дуо қилишар, Рамазонга етишсалар ибодатда қаттиқ тиришар, яна олти ой «Эй Аллоҳ, биздан Рамазондаги амалларимизни қабул эт», деб дуо қилишар эди.
Аммо бизнинг замонамиздаги телеканаллар ва баъзи радиодастурларнинг мутасаддилари рамазон келишидан олти ой аввал Рамазон учун тайёргарлик кўрадилар. Барча ахлоқсиз филмларни, хонандаларнинг ҳамма янги қўшиқларини жамлашда жонбозлик кўрсатадилар. Гоҳида кофирлар ишлаб чиқарган «Исломий» кинофилмларни ҳам эфирга узатиб, мана биз ҳам «Исломга хизмат қиляпмиз», дейдилар.
Уларнинг ҳоллари «Серияллар ва видеоклиплар нозил бўлган Рамазон ойи» демоқда.
Бу улуғ ойда жин-шайтонларнинг занжирбанд қилиниши, уларга бор имконларини ишга солиб ёрдам берадиган инс-шайтонларига оғир келгани боис, Аллоҳнинг динини ўзларига душман билиб, унга қарши Рамазон ойида уруш эълон қиладилар.
Рамазон ойи киришидан бир неча кун аввал бозорга ва катта савдо дўконларига борсангиз, одамларнинг турли-туман озиқ-овқат ва ичимликларни сотиб олаётганларининг гувоҳи бўласиз. Гўёки улар Рамазон ва тақво ойига эмас, уруш ва очарчиликка тайёргарлик кўришмоқда.
Улар дунёдаги миллионлаб оч-яланғоч мусулмонларнинг ҳолларини хаёлларига ҳам келтирмайдилар!
Оҳ! Азиз меҳмоннинг ғафлатдаги қавм олдидаги аламларига.
Қани энди улар унинг қадрига етсалар, ҳеч бўлмаса унинг қадрини билсалар!
Кечаларни бедор ўтказадиганлар қани?!
Рўза одобларига амал қиладиганлар қани?!
Тун зулматларида жонбозлик кўрсатадиганлар қани?!
Рамазон ойи собиқийн-ҳақиқий мусобақачилар майдони, содиқлар ўлжаси ва мўминлар хушнудлиги. Рамазоннинг кеча-кундузлари замон боши узра тождир, аҳли мўмин унинг хайротларини ғанимат билсин!
Ғафлатидан уйғонган, эҳтиёт чорасини кўрган, бугунидан эртасига захира олган бандага жаннат бўлсин!
Ҳой, Рамазон ойидан ғафлатда қолган, кўзингни оч!
Ҳой, беҳуда сўзлагувчи, тилингни тий!
Ҳой, телеканаллар, уятсиз саҳифалар (сайтлар) ботқоғига ботган одам, сенга нима бўлди?!
Рамазонга етиш неъматларнинг энг улуғи. Қанча-қанча дўстларни ўлим ўз домига тортди. Бир кун бўлсада рўза тутсам, бир кеча бўлсада қиём қилсам деб, қон йиғлаган, юраклари эзилган касаллар билан қанча-қанча каравотлар тўлиб тошди. Ва лекин...
«... улар билан ўзлари истайдиган нарсанинг ўртаси тўсиб қўйилди» (Сабаъ: 54)
Ҳозирги замондаги кўпчилик мусулмонлар рўзанинг ҳақиқатини англаб етмайдилар. Улар рўзадан мақсад, фақат саҳардан то шомгача емоқ-ичмоқ ва жимоъдан сақланишгина деб ўйлайдилар. Улар Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсалардан тийилиб, У ҳаром қилган нарсалар билан ифтор қиладилар. Мана бу - шом азонини эшитган пайтда «чанқоқ кетди, томирларга сув югурди ва инша Аллоҳ ажр собит бўлди» деб дуо қилиб, орқасидан сигарет тутатган одамнинг рўзасида нима маъно бор?!
Кундузи билан рўза тутиб, намоз ўқиб, садақа бериб, Қуръон ўқиб ҳасанотлар жамлаган, кейин эса туни билан шаҳватларининг қулига айланган, ётиб олиб телевизор томоша қилган ёки интернет саҳифаларининг энг расволарини варақлаган одамнинг қилмишларида тақво нима қилсин!
Қанча рўзадор бор, унинг рўзасидан ҳиссаси очлик ва чанқоқлик!
Қанча қоим (тунда намоз ўқувчи) бор, унинг қиёмидан улуши бедорлик, холос!
Ривоят қилинишича Ҳасан ибн Солиҳ – зоҳид ва тақводор киши бўлган – нинг чўриси бўлган экан. Уни кимлардир сотиб олибди. Тун ярим бўлгач чўри янги хожасининг ҳовлисида қичқира бошлабди: «Ҳой, одамлар, намоз! намоз!» Уй аҳли қўрқиб уйғонибдилар ва «Нима гап? бомдод бўлдими?», деб сўрашибди.
- Ие, сизлар фақат фарз намозларни ўқийсизларми? деб, ажабланибди. Тонг отгач чўри Ҳасан ибн Солиҳнинг ҳузурига бориб, сиз мени ёмон одамларга сотибсиз, улар фақат фарз намозларни ўқирканлар ва фақат фарз рўзани тутишар экан, илтимос, мени қайтариб олинг, деди. У чўрини қайтиб олди.
Мен мана шу сўзларни ёзар эканман ҳижолатдан ер ёрилсаю ерга кириб кетсам, чунки мусулмонлар ичида таровеҳ ва хатм Қуръонларни қўйинг, ҳаттоки фарз намозларни тарк қиладиганлар бор! Намоз ўқимасдан рўза тутган одамнинг рўзаси бир пул.
Ҳой, умрини иймонни кемирувчи ишлар билан зое қилувчи!
Ҳой, фойдалардан юз ўгириб, зиёнга юз тутувчи, тавба қилиш пайти келмадими?! Қайтиш ва зорланиш фурсати етмадими?!
«Иймон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган Ҳақ — Қуръонга мойил бўлиш (вақти) келмадими?» (Ҳадид: 16).
Тақводорларнинг қалблари бу ойга талпинади, ундан ажралиш аламидан инграйди... Ғафлатнинг чеки борми?!
Эй, шаҳватлар ва шубҳаларнинг қуллари!
Эй, ўйин-кулги ва форум-чатлар қуллари!
Эй, телевизор ва каналлар қуллари!
Нега сизлар Аллоҳни улуғлашни (яъни Унга ибодат қилишни) ўйламайсизлар?!
Нега сизлар Рамазон ойида ҳалол ва ҳаромни танимайсизлар?!
Эй, Рамазонга етиб келган, бироқ ундан юз ўгирган инсон... Ўзинг учун нажот ва кечирим кафолатини олдингми?!
Қуръон ойи ва дўзахлардан озод қилиш ойи кетиб қолишидан олдин, сен бу хорлик уйқусидан уйғонармикинсан?!
Эҳтимол бу сен учун ОХИРГИ РАМАЗОНДИР!
Эй, ўзига зулм қилган, нафсини ҳавосига эргаштирган ғўр банда, ана, Рамазон эшик қоқмоқда, сен унда иймонингни янгила ва унда гуноҳларингни юв.
Аллоҳга қасамки, бу бебаҳо фурсат ва улуғ неъмат. Агар сен, «ЙЎҚ!» десанг, таҳорат қил сўнг тўрт бор такбир айтиб ўзингга ўзинг жаноза ўқи. Ана энди сен ўликсан!
Эй Ражабда гуноҳларга тўймаган инсон
Шаъбонда ҳам роббисига тек қилган исён
Сенга кириб келди шаҳри Рамазон
Сен уни айлама шаҳри ғалаён
Эй яхшилар олға босинг! Эй ёмонлар доғда қолинг!
Эй Аллоҳим, бизларни йиллар давомида Рамазонга етказ ва бизларни унда Дўзахдан озод бўлган қулларинг қаторида қил!

Admin   08-02-2010, 11:07 PM
#62
Рамазонни кутиб олишнинг ўнта йўл-йўриғи

Холид ад-Дарвиш

Муҳаммад Исмоил

Бутун оламлар Робби бўлмиш Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбарлар саййиди Муҳаммад Мустафога, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар бўлсин. Аммо баъд...
Ушбу рисолани Рамазонга соғ-саломат етиб келган ҳар бир мўмин-мусулмонга йўллар эканман, у билан мўминнинг қалбида ушбу муборак ойда Аллоҳ таолонинг ибодатига ҳиммат ва азму қарор бахш этишни умид қиламан. Аллоҳ таолодан тавфиқ ва тўғрилик тилаган ҳолда ушбу амалимни Ўзининг розилигига мувофиқ қилишини сўрайман.
Рамазонни қандай кутиб олмоқ керак? Ушбу муборак ойни қандай қилиб тўғри суратда кутиб олиш мумкин?
Мусулмон киши тоат-ибодатлар мавсумида асло бўшашмаслиги, унда кимўзарга мусобақа қилиши, биринчиликни олишга тиришиши лозим. Аллоҳ таоло айтади:
«Бас, баҳслашувчи кишилар (мана шундай мангу неъматга етиш йўлида) баҳслашсинлар» (Мутаффифун: 26).
Қуйида Рамазонни тўғри суратда кутиб олиш йўл-йўриқлари кўрсатилади:
Биринчи йўл-йўриқ: Ушбу ойга саломат етказишини ва рўза, таровеҳ намози каби Ўзининг ибодатига муваффақ этишини Аллоҳдан сўраб дуолар қилиш.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Ражаб ойи кирганда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Парвардигор! Бизга Ражаб ва Шаъбонни муборакли қилгин ва бизни Рамазонга етказгин», деб дуо қилардилар (Аҳмад ва Табароний ривояти).
Салафи солиҳлар Рамазонга саломат етказишини сўраб Аллоҳга дуолар қилишар, кейин эса унда қилган ибодатларини улардан қабул қилишини сўраб дуою илтижолар қилишарди.
Рамазон ойининг ҳилоли кўринганида Аллоҳга қуйидагича дуо қилишни унутманг:
(اَللَّهُ أَكْبَرُ، اَللَّهُمَّ أَهِلَّهُ عَلَيْنَا بِالأَمْنِ وَالإِيمَانِ، وَالسَّلاَمَةِ وَالإِسْلاَمِ، وَالتَّوْفِيقِ لِمَا تُحِبُّ رَبَّنا وَتَرْضَى، رَبُّنا وَرَبُّكَ اللَّهُ).
Маъноси: «Аллоҳ улуғдир! Эй Аллоҳ! Бу ойни бизга омонлик, иймон, саломатлик, Ислом ва Ўзинг яхши кўрадиган, рози бўладиган (ишга) нарсага муяссар этиш билан келтиргин. (Эй ой!) Бизнинг ҳам, сенинг ҳам Парвардигоринг Аллоҳдир!» (Термизий ва Доримий ривояти, Ибн Ҳиббон саҳиҳ санаган).
Иккинчи йўл-йўриқ: Рамазонга саломат етказгани учун Аллоҳга ҳамду сано айтиб, шукроналик бажо келтириш.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ «Азкор» китобида ёзадилар: «Билингки, бирон зоҳирий неъматга эга бўлган ёки бирон зоҳирий балодан қутулиб қолган киши Аллоҳга шукр бажо келтириб сажда қилиши ёки Унга Ўзига лойиқ бўлган ҳамду санолар билан мақтовлар айтиши мустаҳабдир».
Бандани тоат-ибодатга муваффақ айлаши Аллоҳнинг энг улкан неъматларидан саналади. Мусулмон киши Рамазон ойига саломат етиб келишининг ўзи ҳам ушбу неъматга уни эриштирган Аллоҳ таолога ҳамду сано ва шукрлар айтишига лойиқ бўлган улкан неъматдир. Аллоҳ таолога Унинг буюклиги ва жалолатига муносиб ва лойиқ бўлган суратда кўпдан-кўп ҳамду санолар бўлсин!
Учинчи йўл-йўриқ: Чин дилдан қувонч ва шодлик изҳор айлаш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлганки, у зот асҳобларини Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан қутлаб, шундай дердилар: «Сизларга Рамазон ойи – муборакли ой келди. Аллоҳ унинг рўзасини сизларга фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилиб, жаҳаннам дарвозалари ёпилиб, шайтонлар занжирбанд қилинади. Бу ойда бир кеча борки, у минг ойдан кўра яхшироқдир. Ким у кечанинг хайрларидан маҳрум қолса, (кўп нарсадан) маҳрум бўлибди» (Имом Аҳмад ва имом Насоий ривоятлари).
Салафи солиҳлар, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ва уларга яхшилик билан эргашган тобиийнлар Рамазон ойига қаттиқ аҳамият беришар, унинг кириб келиши билан шодланишар эди. Яхшиликлар мавсуми ва раҳматлар ёғилиши ойи бўлмиш ушбу муборак ойнинг яқинлашаётгани билан бир-бирини муборакбод қилишдан кўра ҳам каттароқ шодлик борми?!
Тўртинчи йўл-йўриқ: Рамазондан имкон қадар кўпроқ фойдаланиб қолишга азму қарор қилиш ва бунга аввалдан режалар тузиб олиш.
Таассуфки, кўпчилик кишилар, ҳатто яхшигина диндор бўлганлари ҳам, дунё ишлари учун пишиқ-пухта режалар тузиб олишади. Бироқ, охират ишлари учун аввалдан режа тузиб оладиган кишиларни жуда кам учратасиз. Бу эса мўминнинг ушбу ҳаётдаги вазифасини яхши идрок эта билмаслигидан ва мусулмон кишига Аллоҳ билан бирга бўлиш ва ўз нафсини тарбиялаб олиш учун муҳим ва қулай фурсатлар борлигини унутиш ёки бепарво бўлишидан келиб чиқади.
Рамазонни тоат-ибодатлар билан ўтказишга аввалдан режа тузиш ҳам охират ишлари учун режа тузиш жумласига киради. Бунинг учун мусулмон киши ушбу ойнинг кунларини ҳам, тунларини ҳам Аллоҳ таолонинг тоатида ўтказишнинг амалий дастурини тузиб олиши лозим. Ушбу рисола сизга Рамазонни Аллоҳнинг тоати билан ўтказишингизга ёрдам беради, иншоаллоҳ.
Бешинчи йўл-йўриқ: Ушбу ойни ғанимат билиш ва вақтларни солиҳ амаллар билан обод қилишга содиқ азму қарор қилиш.
Ким чин кўнгилдан азм қилиб Аллоҳга аҳд берса, Аллоҳ унинг аҳдини албатта рўёбга чиқаради ва Ўзи унга ёрдам беради, яхшилик йўлларини унга муяссар қилиб қўяди. Аллоҳ таоло айтади:
«Агар улар Аллоҳга содиқ-ростгўй бўлганларида, албатта ўзлари учун яхшироқ бўлур эди» (Муҳаммад: 21).
Олтинчи йўл-йўриқ: Рамазонга оид ҳукмларни ўқиб-ўрганиш.
Мўмин киши Аллоҳга онгли равишда ибодат қилиши лозим. Аллоҳ таоло бандаларига фарз қилган нарсаларни билмасликда узр йўқ. Рамазон рўзаси ҳам шу жумладан бўлиб, мусулмон киши рўзага доир масала ва ҳукмларни Рамазон кириб келишидан аввалроқ ўқиб-ўрганишга киришмоғи лозим. Тоинки тутган рўзаси камчиликдан холи ва Аллоҳ ҳузурида мақбул бўлсин. Аллоҳ таоло айтади:
«Агар ўзларингиз билмайдиган бўлсангизлар аҳли илмлардан сўранглар!» (Анбиё: 7).
Еттинчи йўл-йўриқ: Рамазон ойини гуноҳлардан тийилиш ва барча гуноҳларга астойдил тавба қилиш, қайтиб уларни қилмасликка қаттиқ қарор қилиш билан кутиб олиш даркор. Зотан, Рамазон – тавба ойидир, ушбу ойда тавба қилмаган киши қачон тавба қилади?! Аллоҳ таоло айтади:
«Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар» (Нур: 31).
Саккизинчи йўл-йўриқ: Рўзанинг фазилатлари ва аҳкомларини баён қилиб берувчи китоб ва рисолалар мутолаа қилиш, шунингдек маъруза ва дарслар ёзилган аудиотасмалар эшитиш орқали Рамазонга руҳий-маънавий ҳозирлик кўриш ва нафсни Аллоҳнинг тоатига кўниктириш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларининг нафсларини ушбу ойдан фойдаланиб қолишга ҳозирлар эдилар, Шаъбоннинг охирги кунида айтардилар: «Сизларга Рамазон ойи – муборакли ой келди. Аллоҳ унинг рўзасини сизларга фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилиб, жаҳаннам дарвозалари ёпилиб, шайтонлар занжирбанд қилинади ...» (Имом Аҳмад ва имом Насоий ривоятлари).
Тўққизинчи йўл-йўриқ: Ушбу ойда имкон қадар Аллоҳ йўлига даъват қилишга пухта тайёргарлик кўриш. Бунинг учун:
1) Маҳалла масжидида таровеҳ намозига йиғилганларга сўзлаб бериш учун енгил маърузалар ва панд-насиҳатларни тайёрлаб олиш;
2) Намозхонларга ва маҳалла аҳлига Рамазонга тааллуқли китобчалар ва рисолалар тарқатиш;
3) Рамазон ҳадяси ҳозирлаш. Бунинг учун масалан, битта конверт ичига иккита диний кассета ва битта китобча солиб, устига «Рамазон ҳадяси» деб ёзиб қўйиш мумкин;
4) Камбағал ва мискинларни ёдга олиш ва уларга закот ва садақотлар етказиб бериш.
Ўнинчи йўл-йўриқ: Рамазонни ҳаётимиздан оппоқ, покиза саҳифа очиш билан кутиб олиш. Бунинг учун қуйидаги ишлар тавсия қилинади:
а) Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога содиқ тавба қилиш; Тавба фақат гуноҳкорлар учун эмас, Одам боласи каттаю кичик гуноҳдан холи бўлмайди.
б) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига кўпроқ амал қилиш, у зотнинг амру фармонларига итоат қилиб, қайтариқларидан тийилиш;
в) Ота-она, ака-ука, опа-сингил, қариндош-уруғ, аҳли-аёл ва бола-чақаларга меҳр-мурувват ва хайру-саховат кўрсатиш;
г) Ҳар бир киши ўзи яшаб турган жамият ва атрофидаги инсонларга мурувватли бўлиши ва шу билан ўзгаларга фойдаси тегувчи солиҳ банда бўлиши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Одамларнинг Аллоҳга суюмлироғи одамларга манфаати кўпроқ етадиганларидир» (Табароний ва бошқалар ривояти).
Мусулмон киши Рамазонни ана шундай – қақроқ ер ёмғирни кутганидек, бемор табибга интиқ бўлганидек, маҳбубининг дийдорига интизор ошиқ каби кутиб олади.
Эй Аллоҳим! Бизларни Рамазонга соғ-омон етказгин ва барчаларимиздан уни мақбул айлагин. Зеро, Сен Эшитувчи ва Билувчи зотсан.
Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар йўлласин. Омийн.

Admin   08-03-2010, 06:20 AM
#63
Рамазон рўзасини бошлашда ўз юртидаги мусулмонларга эргашадими ёки ой кўринишини эълон қилган давлатларга қарайдими?

Савол: Баъзи Исломий давлатларда ой кўрилиб биз турган давлатда Шаъбон ва Рамазон ойи 30 кунга тўғриланса биз қандай йўл тутмоғимиз лозим? Бундай ихтилофларнинг сабаби нимада?

Жавоб: Алҳамдулиллаҳ!
Сиз бундай ҳолатда ўз юртингиз мусулмонлари билан бирга бўлишингиз лозим. Агар рўза тутсалар тутинг, тутмасалар сиз ҳам тутманг. Бунга Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадислари далил бўлади: «Рўза сиз тутган кундадир, ифтор сизлар ифтор қилган кунингиздадур, қурбонлик ҳам сиз қилган кундадир». Чунки ихтилоф ёмонлик уясидир, сиз ўз аҳли юртингиздан ажралиб чиқмаслигингиз керак. Юртингизда мусулмонлар рўза тутсалар тутишингиз лозим.
Аммо бу борадаги ихтилофга келсак бунинг сабаби баъзилар ой чиққанига гувоҳ бўлади, баъзилар эса ойни кўрмайди. Бунинг устига баъзи вақт кўрганларнинг гувоҳлиги инобатга олиниб, кўнгиллар шунга таскин топиб, шунга яраша амал қилинса, баъзида бундай гувоҳликлар ишончсиз деб топилиб унга амал қилинмайди. Шундай қилиб ихтилоф вужудга келади. Баъзан бир давлатда ой кўрилиб унга амал қилинса, бошқа давлат буни қандайдир -сабабларга кўра, сиёсат бўлсин ёки бошқа сабаб билан ишончсиз деб топиб унга амал қилмайди.
Мусулмонларнинг барчасига Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадислари туфайли ой кўрилиши билан рўзани тутишлари ёки очишлари шарт. Айтадиларки: «Агар ойни кўрсангизлар рўза тутингиз, ойни кўрсангиз рўзани тугатингиз, агар булут қопланиб қолса (куннинг) саноғини ўттиз кунга тўлдирингиз». Агар ҳамма бир овоздан ой кўрилганлигига ишонса, бу ҳақиқатда собит бўлиб барча унга амал қилмоғи лозим. Аммо бунда ихтилоф юзага келиб кишилар бир-бирига ишонмаса, сиз юртингиз мусулмонларига эргашиб рўза тутишса тутиб, очишса очишингиз лозим бўлади. Шунда сиз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу «Рўза сиз тутган кундадир, ифтор сизлар ифтор қилган кунингиздадир, қурбонлик ҳам сиз қилган кундадир» ҳадисларига амал қилган бўласиз. Ибн Аббосдан собит бўлишича Курайб розияллоҳу анҳу у кишига «Шом (ҳозирги кунда Сурия, Урдун ва Фаластин томонлар) аҳли жума куни рўза тутишди» - деб хабар бердилар. Шунда Ибн Аббос «Биз шанба куни кўрдик, ойни кўрсак рўза тутамиз бўлмаса кунни ўттизга тўлдирамиз» - деб жавоб қилдилар. Шом аҳлининг ой кўришига Мадинадан узоқ бўлганлиги, ойнинг чиқиш ўринларида фарқли бўлганлиги сабаб амал қилмадилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу масала ижтиҳодли масала деб қарадилар. Сизга Ибн Аббосда ва рўзани тутиб очишда у кишининг сўзига эргашиб ҳамма ўз юртига қарайди деган олимларда яхши ўрнак бор.
Абдулазиз ибн Боз раҳматуллоҳи алайҳ «Фатво ва турли мақолалар тўплами» 15/ 100-102.

Admin   08-03-2010, 10:57 PM
#64
Эътикоф

Ҳозирловчи: «Ана муслим» (Мен мусулмонман) электрон саҳифаси

Мутаржим: Абу Абдуллох ал-Бухорий

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча оламлар Роббиси бўлган Аллоҳ таъолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз, Унинг оиласи барча саҳобаларига салавoту саломлар бўлсин.
Сўнг ...
Бу - шайх Холид ибн Алий Мушайқиъ - Аллоҳ уни ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин - таълиф этган «Фиқҳул-эътикоф» китобига асосланиб ёзганим эътикоф аҳкомлари ҳақидаги мухтасар рисоладир. Мен унинг кучли далилларга асосланган сўзларига баъзи қўшимчаларни қўшдим, холос. Аллоҳ таъолодан бу рисолани манфаатли қилишини сўрайман... Зеро, У саҳоватли зотдир..
Аввало: Эътикофнинг таърифи
Эътикофнинг луғавий маъноси: «Эътикоф» - (араб тилида اعتكاف) бир нарсага боғланиш ва берилиш маъносидаги « عَكَفَ يَعْكِفٌ عُكُوفٌ » «ъакафа, яъкифу, ъукуфун» феълининг «ифтиъолун افتعال» бобидаги шаклидир. Бу феъл мутааддий (ўтимли) бўлиб келганида масдари «ъакф عَكْفٌ», лозим (ўтимсиз) бўлиб келганда эса, масдари «ъукуфун عُكُوفٌ» бўлади.
«Ъакафа عَكَفَ» феъли ўтимли бўлиб келганида, «тўсиш» ва «ман килиш» маъноларида истеъмол қилинади. Масалан: (عكفته عن حاجته أي: منعته) маъноси: уни ҳожатидан тўсиб турдим яъни ман қилдим.
أي : محبوساً.
«Ҳадя (қурбонлик қилиш учун олган ҳайвонларингиз) ни эса маҳбус бўлган ҳолида, ўз жойига етишидан тўсган кимсалардир» (Фатҳ: 25). Маъкуф яъни маҳбус.
«Ъакафа عكف» феъли ўтимли бўлиб келганда, «бир нарсани лозим тутиш», «давомийлик», «иқбол қилиш», «яхши ёки ёмон бўлсин, бир нарсада сабот билан туриш» ни ифодалайди. Бунинг мисоли Аллоҳ таъолонинг қуйидаги сўзларидир:
«Сизлар масжидларда эътикофда бўлган чоғингизда, (кечалари ҳам) улар (хотинларингиз) билан қовушмангиз!» (Бақара: 187);
«Сизлар доимо чўқинадиган бу ҳайкаллар нимадир» (Анбиё: 56);
«... Устидан жилмай ибодат қилган илоҳингнинг ҳолига боқ!» (То-ҳа: 97).
«Эътикоф» нинг истилоҳий маъноси: Муайян шахс тарафидан муайян услубда Аллоҳ таъолога ибодат қилиш учун масжидни лозим тутиш.
Иккинчи: Эътикофнинг ҳикмати
Қалбнинг самимийлиги, Аллоҳ таъоло томон юриш асносида Аллоҳ таъолога иқбол қилиш, мубоҳ нарсаларнинг ортиқчаларини тарк қилиш, Аллоҳ таъолога бўлган унсиятни рўёбга чиқариш, Аллоҳ таъоло учунгина ишлаш ва Унинг розилигига эришиш йўлида тафаккур қилиш билан бирга собитқадам бўлишидир.
Шариатда мавжудлигининг далиллари:
Эътикофнинг шариатда мавжуд эканига Қуръон, суннат ва ижмоъ далолат қилади.
Куръонниннг далолати:
Аллоҳ таъоло деди:
«Биз Иброҳим ва Исмоилга: «Менинг Байтимни тавоф қилгувчилар, ўша ерда ибодат қилиб турувчилар, рукуъ - сужуд эгалари учун пок тутинг» - деб буюрдик» (Бақара: 125);
«Сизлар масжидларда эътикофда бўлган чоғингизда, (кечалари ҳам) улар (хотинларингиз) билан қовушмангиз!» (Бақара: 187).
Бу ерда масжидларга изофа қилишнинг Аллоҳга ибодат қилишга катта алоқаси бор. Рамазон ойининг кечаларида ҳам хотинлари билан қовушишни тарк қилиш - Аллоҳга яқин бўлишнинг бир кўринишидир.
Суннатнинг далолати:
Оиша разияллоҳу анҳо деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгунларига қадар рамазон ойининг охирги ўн кунида эътикоф қилдилар. Ундан сўнг рафиқалари ҳам (рамазон ойининг охирги ўн кунида) эътикоф қилар эдилар» (Имом Бухорий ривояти: 2026; Имом Муслим ривояти: 1172).
Бундан бошқа ҳадислар ҳам кўп.
Ижмоънинг далолати:
Эътикоф қилишга мусулмонларнинг ижмоъсини ибн Мунзир, ибн Ҳазм, Нававий, ибн Қудома, шайхулислом ибн Таймийя, Қуртубий, ибн Ҳубайра, Заркаший ва ибн Рушдлар нақл қилдилар.
Учинчи: Эътикофнинг ҳукмлари
Бунинг учта масаласи бор:
Биринчи масала: Эътикофнинг эркаклар учун ҳукми.
Эътикоф қилиш - хотин-қизлардан бошқалар учун суннатдир. Чунки эътикоф, юқорида зикри ўтган далилларга биноан, шариатда баён қилингандир. Бироқ, моликий мазҳабига мансуб баъзи олимлар имом Моликдан ривоят қилинган нақлга биноан, эътикоф қилишни макруҳ ҳисобладилар. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Мен бирон бир саҳобанинг эътикоф қилганини кўрмадим».
Quote:Имом Молик раҳимаҳуллоҳ фақатгина бир киши - Абу Бакр ибн Абдурраҳмоннинггина эътикоф қилганлик хабари етганини эслатади.
Менимча, бу - эътикофнинг оғирлигидан бўлса керак.
Quote:Баъзилар имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг эътикофни макруҳ хисоблаганининг сабаби, унинг раҳбонийликка (ибодат учун одамлардан узоқлашишга) ўхшатгани ёки эътикофнинг шартларини тўла адо этиш қийинлигини назарда тутган бўлса керак, деб изоҳладилар.
Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: «Балки у (имом Молик) эътикоф учун муайян бир шаклни тасаввур қилган бўлса керак. Бўлмаса, кўплаб саҳобанинг эътикоф қилганини нақл қилганмиз» - деди.
Иккинчи масала: Эътикофнинг хотин-қизларга нисбатан ҳукми.
Уламолар ўртасида хотин-қизларнинг эътикоф қилиш-қилмасликлари ўртасида ихтилофлар бўлсада, жумҳури уламо хотин-қизларнинг эътикоф қилишлари суннат эканига ҳукм қилган. Улар бунга қуйидаги ҳужжатларни далил қилганлар:
1. Эътикофнинг шаръий нарса эканига далолат қилган ҳужжатларнинг умумийлиги ва унда эркак ва хотин-қизлар ўртасини ажратмаслик.
2. Аллоҳ таъолонинг сўзлари:
«... Улардан беркиниб олган пайтда ...» (Маръям: 17);
«... Закариё у (Маръям) нинг олдига - ҳужрага кирганида ...» (Оли Имрон: 37).
Бу оятларда зикр қилинган ибодат - масжиддаги эътикоф ва одамлардан пардаланиш бўлиб, у биздан аввалгиларга ҳам шариатларида баён қилинган. Бизга эса, уни рад этган бирон бир ривоят ва нақл бўлмагани учун шаръийдир (яъни шариатда кўрсатилган ибодатдир).
3. Оиша разияллоҳу анҳонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг у ва Ҳафса онамиз разияллоҳу анҳумоларга эътикоф қилишларига рухсат берганлари зикр қилинган ҳадис (Имом Бухорий: 2414; Имом Муслим: 1173).
4. Оиша разияллоҳу анҳо дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қизил ва сариқ истиҳоза қони кўрган, намоз ўқир экан тагига тос қўйган баъзи рафиқалари ҳам эътикоф қилган эди» (Имом Бухорий: 309). Баъзи шарҳловчилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу рафиқалари Умму Салама разияллоҳу анҳо эканини ёздилар.
5. Оиша разияллоҳу анҳо дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф қилиш асносида ҳайз қони кўрган аёлларни масжиддан пок бўлгунларига қадар чиқариб юборар эдилар» (Ибн Қудома, «Муғний»: 4 / 487; ибн Мафоҳ «Фуруъ» китобида Абу Ҳафс Абкарийдан нақл қилди: 3 / 176; ибн Батта: «Бу ҳадиснинг исноди яхшидир» - деди).
Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари билан бирга эътикоф қилмоқчи бўлган рафиқаларининг чодирларини бузиб ташлашлари, уларнинг рақобатлашишларидан қўрққанликлари учун эди. Шунинг учун ҳам уларга: «Сизлар яхшиликни хоҳлайсизларми?!», деган эдилар.
Учунчи масала: Эътикофнинг рамазондан бошқа ойларда ва рамазоннинг охирги даҳаси - ўн кунлигидаги ҳукми.
Бу ҳақида олимлар ўртасида ихтилоф бўлса-да, қувватлироқ ҳукм - жумҳури уламо ҳукми, эътикофнинг суннат эканидир. Жумҳури уламо қуйидаги ҳужжатларни далил қилиб олдилар:
1. Эътикоф қилиш далилларининг умумийлиги. Бу ҳукм - рамазон ва бошқа ойларни, рамазоннинг охирги ўн куни ва бошқа кунларни ҳам ўз ичига олади.
2. Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилган ушбу ҳадис: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф қилмоқчи бўлсалар, бомдод намозини ўқиганларидан сўнг эътикоф қилинадиган ерга кирар эдилар... Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикофни тўхтатдилар ва шаввол ойининг охирги ўн кунида эътикоф қилдилар» (Имом Бухорий: 2040);
«... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаввол ойининг биринчи ўн кунида эътикоф қилдилар» (Имом Муслим: 1173).
Бу ҳадислардан эътикоф қилиш учун шариатда рухсат берилган пайт рамазон ва ўн кунликлар экани маълум бўлмоқда.
3. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу дедилар: «Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Мен жоҳилият пайтида Масжидул-Ҳаромда бир кеча эътикоф қилишни назр қилган эдим. (Нима қилай?)» - деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Назрингга) вафо қил!» - деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий: 2032; Имом Муслим: 1656).
Бу, рамазон ойи, рамазоннинг охирги ўн кунлари бошқа кунларнинг барча кечалари эътикоф қилиш учун муносиб вақт эканини кўрсатмоқда.
4. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар рамазон ойи ўн кун эътикоф қилар эдилар. Вафот этган йиллари эса йигирма кун эътикоф қилдилар» (Имом Бухорий: 2044). Бу ривоят эътикоф рамазоннинг охирги ўн кунидан бошқа кунлар ҳам эътикоф вақти бўлиши мумкин эканини кўрсатмоқда.
Бундан бошқа далиллар ҳам кўп.
* * *

Admin   08-03-2010, 11:08 PM
#65
Ислом олами Рамазон ойида гувоҳ бўладиган энг катта мусобақа

Азиз мусулмон дўстим!
Сизга бир хабар етказсам майлими?!
Эй, Мадинаи Мунавварада яшаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўшниси бўлган дўстим, мен сизга қандай хабар етказмоқчи ва нимани айтмоқчиман, биласизми?!
У - жуда ҳам севинчли ва қалбларни қамраб олгувчи хабар!
У – рамазоннинг илк кечасидан бошлаб, охирги кечасида тугайдиган улкан мусобақадир.
Эй, муҳожирлар фарзанди!...
Эй, ансорлар набираси!...
Йилингизнинг энг буюк фурсати ва санангизнинг энг катта мавсумига тайёр бўлинг!
Бу – Буюк Подшоҳ Ўз Китобида эълон қилган мусобақадир:
«(Эй инсонлар), Парвардигорингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва Ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз!» (Оли Имрон: 133).
Ушбу мусобақанинг мукофоти кенглиги Еру осмонча; кўнгил истайдиган, кўрганда кўзлар қувонадиган, кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсон ҳаёлига келмаган неъматлари, руҳий ва жисмоний роҳат-фароғатлари бўлган ЖАННАТдир.
Руҳ ва нафс камолотига эришмоқчи бўлган сиз каби ақли расо инсон учун, Жаннатга эришгандан кейин, Аллоҳнинг ризоси ва Унинг юзига боқишдан кўра каттароқ мукофот борми?!
У қандай мусобақа?
Келинг, мен сизга мусобақа майдони ва шартларини баён қилиб берай, токи сиз ҳам мусобақалашувчилар сафига қўшилинг ва мусобақада онгли равишда иштирок этинг.
Мусобақа майдони – жаннат дарвозалари очилиб, ҳеч бекилмайдиган рамазон ойидир.
Мусобақанинг шартлари:
Биринчи: Иштирокчи шу мусобақага қадар қилган барча ҳаром ва макруҳ ишларни ташлайди, у мана бундай бўлади: олган ҳақларни эгаларига қайтаради, ботил ва ёмон ишларнинг барча шакл ва кўринишларидан узоқ бўлади, қўшиқ ва мусиқани эшитмайди ва хонадони, дўкони ва иш ерида буларга рухсат бермайди. Ғийбат, чақимчилик, ёлғон ва бўҳтон сўзларни эшитиш ва айтишдан узоқ бўлади, шунингдек карта ўйини ва унинг мажлисларидан узоқ бўлади. Беҳаё сўзларни айтмайди ва эшитмайди. Оғзини ва ўтиришларини кайф берувчи тамаки ва чилим каби нарсалардан тозалайди.
Иккинчи: Қуйидаги нарсаларга қасд қилади:
А) Аллоҳ таъолога тавбасини мана бундай эълон қилади: «Аллоҳим, мен Сендан барча гуноҳларимни кечиришингни сўрайман! Мен Сенга ёқтирмаганинг ва рози бўлмаганинг барча эътиқод, амал ва сўзлардан тавба қилдим! Гуноҳларимни кечир, тавбаларимни қабул эт. Сен – тавбаларни қабул қилгувчи ва гуноҳларни кечиргувчи зотсан!»
Б) Қуйидаги солиҳ-эзгу амалларни қилади:
1) Беш вақт намозни жамоат билан, ҳеч бир ракаатини қолдирмай ўқиш;
2) Рамазон ойи мобайнида Қуръон Каримни кечаю-кундуз ўқиш;
3) Рамазон ойи мобайнида кечаю-кундуз нафл намозларни кўпроқ ўқиш;
4) Пул, озиқ-овқат ва кийим-кечаклардан имкониятга кўра садақа қилиш;
5) Ҳар кеча саҳар пайтида дуо ва истиғфорни кўп қилиш.
Мана шу, мусобақа ва унинг шартлари.
Эй паҳлавон, мусобақага тайёрмисиз?! Ҳурул айн мукофотини олишга рағбатингиз борми?! Умрингизга қўшимча умр, сармоянгизга катта фойда қўшишни хоҳлайсизми?! – у минг ой: 83 йилу 4 ойга тенг Лайлатулқадрни қўшишни хоҳлайсизми?! Гуноҳларингизга каффорот ва кечиримни умид қиласизми?! Буларнинг барчаси сизнинг бу мусобақага жиддий ва ихлос билан қўшилишингизга боғлиқдир.
Эй паҳлавон йигит ва доно киши, бу мусобақада иштирок этинг!
Қўшиқ, куй, ғийбат ва ҳаёсиз сўзларни тингламанг! Ҳаром қилинган нарсаларни ушламанг ҳамда ноҳақ ва беҳуда ерларга борманг! Ғийбат, ёлғон, туҳмат ва уятсиз сўзларни талаффуз этманг! Қалбингизни беҳуда, фойдасиз нарсалар ҳақида тафаккур қилишдан сақланг!
Эй паҳлавон, садақа қилинг! Бу он – садақа қилиш замонидир. Роббингиз уйи – масжидларда Аллоҳнинг савобларига умид ва жазоларидан хавфда эътикоф қилинг.
Ҳар бир намозда такбир таҳримадан кечикманг ва биринчи сафда намоз ўқинг! Аллоҳнинг Китобидан айрилманг! Аллоҳнинг Китобини тафаккур ва хушуъ, дуо ва кўз ёшлари билан бутунлай, қолдирмай ўқиб чиқинг! Рамазонингиз бир дам бўлсада Аллоҳнинг зикрисиз ўтмасин!
Сизга илғорлар сафида саломлар бўлсин ва ғолиблар сафида Аллоҳ баракалар ёғдирсин!

Дуоларингизда унутмаслигинигз умиди билан Абу Бакр ал-Жазоирий
Мадинаи Мунавварадаги Ҳарам Шарифда мударрис-устоз
Ўзбекчага Абу Жаъфар ал-Бухорий ўгирди.
Admin   08-03-2010, 11:21 PM
#66
Ёзнинг иссиғидан қийналдингизми?

Муаллиф: Шайх Холид ибн Усмон Сабт

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий


Мақоланинг арабча сарлавҳаси: إذا كان حر الصيف يؤذيك
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча Оламлар Робби бўлган Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбар ва расулларнинг энг шарафлиси Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва барча саҳобларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг ...
Аллоҳ таоло айтди:
«Йўқ, улар (Қуръон оятларига боқмайдилар, чунки улар қиёмат) соатини ёлғон деганлар. Биз эса у соатни ёлғон деган кимсалар учун жаҳаннам оташини тайёрлаб қўйгандирмиз. (Жаҳаннам) уларни узоқ жойдан кўрган вақтидаёқ унинг хайқириқ ва бўкиригини эшитадилар. Қачон улар кишанланган ҳолларида (жаҳаннамдан) тор бир жойга ташланганларида ўша жойда (ўзларига) ўлим тилаб қоладилар. (Шунда уларга): «Сизлар бугун бир ўлимни эмас, кўп ўлимларни тиланглар (чунки сизлар бутун умрларингизни куфру исёнда ўтказганларингиз учун кўпдан-кўп ўлим-ҳалокатларга дучор бўласизлар», дейилади)» (Фурқон: 11 – 14).
Ушбу оят бизга Аллоҳ таоло пайғамбарларни рад этган золим кофирлар учун тайёрлаб қўйган азобнинг бир тарафини тавсифлаб бермоқда. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Қуръон Каримнинг кўп жойларида душманларини кутаётган азоб, уқубат ва жаҳаннамни эслатиб ўтган.
Ушбу кунларида одамлар иссиқдан қийналмоқдалар ва қуёшнинг нурлари остида бир неча дақиқа туришга чидамлари йўқ. Шундай экан, уларнинг Аллоҳнинг азоби ва жаҳаннамга чидамлари борми?! Унга ким тоқат қила олади?! У азобларни ким кўтара олади?!
Агар куннинг ўртасида Қуёш нурлари сўнмас экан, одам гўё тандир олдида тургандек бўлади. Бу ҳолат унга Аллоҳ таоло пайғамбарларни рад этган кимсалар учун тайёрлаб қўйган азобларни эсга солади. Салафларимиз, Аллоҳ улардан рози бўлсин, бирон нарсани кўрсалар у билан, Аллоҳ таоло охират диёрида тайёрлаб қўйган шунга менгзаган бошқа бир нарсани эслар эдилар.
Салафлардан бири тўйга ўхшаш зиёфатда ўтирар, ёш йигитлар эса таом ва ичимликлар олиб келишар эди. У салаф йиғлай бошлади. Унинг йиғлаш сабаби ҳақида савол берилганида: Мен Аллоҳ таолонинг ушбу:
«Уларнинг устида мангу ёш (яъни ҳеч қаримайдиган) болалар (хизмат қилиб) айланиб турарларки, уларни кўрган вақтингизда (гўзалликлари, рангларининг тиниқлиги ва юзларининг нурлилигидан) сочиб юборилган марваридларми, деб ўйларсиз» (Инсон: 19) оятини эсладим, деган эди.
Ҳа, у, жаннат аҳлининг неъматларини шундай эслади.
Бунинг акси ўлароқ, салафлардан бирига ифтор пайтида оғзини очиши учун муздек сув узатилди. Бироқ у сувни ичмай, йиғлай бошлади. У йиғлайверди, йиғлайверди ... Ундан нега йиғлагани ҳақида сўралганида жаҳаннамдагиларнинг сувсаб сув сўраганларида, сув берилмай, жаннат аҳлига қарата:
«Жаҳаннам эгалари жаннат эгаларига: «Бизларга ҳам сувдан ё Аллоҳ сизларни баҳраманд қилган нарсалардан тўкинглар», деб нидо қилганларида, улар: «Аллоҳ бу неъматларини динларини ҳазил-мазах қилиб олган ва ҳаёти дунёга алданиб қолган кофирларга ҳаром қилгандир»» (Аъроф: 50) дейишларини тилга олди. Ҳа, улар жаҳаннамда бир қултум сувни умид қилиб қолишади!!
Аллоҳ таоло Фурқон сурасида ҳам жаҳаннамни эслатиб, унинг гулдурос ёнаётган оташ экани, у Аллоҳнинг ваҳийларини рад этган каззобларга тайёрлаб қўйилган ва ҳозир эканини баён қилди. Чунки Аллоҳ таолонинг «тайёрлаб қўйилган» (Оли Имрон: 131) ва «тайёрлаб қўйдик» (Каҳф: 102) сўзлари ва бундан бошқа буларга ўхшаш жумлалари, жаҳаннамнинг борлиги ва ҳозир мавжуд эканига далолат қилади. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаҳаннамни кўрдилар ва у ердаги алвон турли азобларнинг айримларини тавсифлаб ҳам бердилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаҳаннамда Иброҳим алайҳиссолату вассаломнинг динини илк бор бузган одам – Амр ибн Луҳай ибн Қумъа Хузоъийнинг ичак-чавоқларини судраб юрганини кўрган эдилар.
Хуллас, жаҳаннамнинг қандай махлуқ эканини ҳеч ким тасаввур қила олмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг берган хабарларига кўра, унинг етмиш мингта тизгини бўлиб, бир тизгинни етмиш мингта фаришта тортиб келади! Тасаввур қилиб кўринг, уни одамлар тортиб келишлари керак бўлса эди, қанчалар кўп одамлар тортиб келишар эди!! (Бир тизгин учун) етмиш мингта одам!! Бу сон нақадар кўп эканини тасаввур қила олаяпсизми?!
Энди бунча кўпсонли фаришталарни тасаввур қилиб кўринг!! Ҳолбуки, битта фариштанинг ўзи қанча катта бўлади! Ҳатто биз уни тасаввур қилишдан ҳам ожизмиз. Жаҳаннамнинг етмиш мингта тизгини бўлиб, унинг битта тизгинини етмиш мингта фаришта тортиб келади!! Шундай экан, жаҳаннамнинг катталиги қанча экан?!
Фалакиёт олимларининг тахминларига кўра Қуёш Ер куррасидан бир неча миллион марта катта эмиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса Қуёш ва Ойни бирга жаҳаннамга отилиши ҳақида хабар бердилар. Унда жаҳаннамнинг катталиги қанча экан?! Жаҳаннамдаги водийларнинг кенглиги, азобнинг нақадарлиги, у ерга ташланган кофирнинг катталиги қанча экан?!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга жаҳаннамдаги кофирнинг озиқ тиши Уҳуд тоғича бўлишини айтдилар. Уҳуд тоғини айланиб ўтмоқчи бўлсангиз, тизмалари билан бирга етти километрчадир.
Демак, жаҳаннамда азобланаётган кофирнинг озиқ тиши Уҳуд тоғича, кети Макка билан Мадина орасича, терисининг юзаси уч кунлик йўлча бўлади. Буларнинг барчаси, кофир турли азобларни тотиши ва қийноқлар унинг барча баданига етиб бориши учундир.
Мен шуни айтмоқчиман: Булар инсон фикр юритиши, Аллоҳ таоло Қуръон Каримда келтирган ибратлар ҳақида ўйлаб кўриши, ўзи ҳис этаётган қаттиқ иссиқлик ва унга ўхшаш оташлар ва бу оташларга таҳаммули бўлмаслиги ҳақида тушуниши керак. Чунки бу ҳароратлар, Аллоҳнинг азоби ва айрим бандалари учун тайёрлаб қўйган жаҳаннам олдида ҳеч нарса эмасдир.
Инсон, амаллари Аллоҳни рози қила олмагани учун бошига келиши мумкин бўлган бу хорлик, азоб ва тангликдан ўзини қутқариши керак.
Келинг, амалимиз мақбул бўлсин! Аллоҳга итоат қилар экан сабрли бўлайлик! Аллоҳни рози қилажагимиз рўзани тутар экан, Қуёшнинг иссиқ ҳароратига чидамли бўлайлик! Масжидларга чиқар экан, ҳаволар иссиқ бўлса ҳам, бардошли бўлайлик! Чунки Аллоҳ таоло:
«Бу иссиқда урушга чиқманглар» (Тавба: 81) – деган мунофиқларга:
«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар улар англай олсалар, жаҳаннам оташи янада иссиқроқир». Бас, ўзларининг касб қилган нарсалари (яъни, кофирликни танлаганлари) жазосига (бу дунёда) озгина кулсинлар, (сўнгра охиратда) кўп — абадий йиғласинлар!» (Тавба: 81, 82) – деб жавоб берди.
Хуллас, инсон бундай нарсаларга озгина сабр қилса, шу сабри боис қабридаги роҳат, лаззат ва кенгликка сазовор бўлади. Аллоҳга итоат қилиш йўлида танглик ва иссиқларга сабр қила олмаса, бу сабрсизлик уни мангу алам ва қийноқларга олиб боради.
Одамлар бошига ўлим ёки мусибат келсагина қайғуни ҳис этиб, йиғлайдилар. Кейин эса тасалли оладиган бирон нарсани топиб, қайғуларидан асар ҳам қолмаслиги мумкин. Бироқ, жаҳаннамда эса ундай бўлмай, бахтиқаролик мангудир:
«Қачон улар кишанланган ҳолларида (жаҳаннамдан) тор бир жойга ташланганларида ўша жойда (ўзларига) ўлим тилаб қоладилар» (Фурқон: 13).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу оят ҳақида қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, у (кофир)ларни жаҳаннамга худди қозиқни деворга мажбурлаб қоқилганидек мажбурлаб киритилади» (Ибн Абу Ҳотим тафсири 46/292).
Жиноятчи гуноҳкор бу ҳолатларга танглик, ҳарорат ва аламнинг қаттиқ азобини тотиш учун тушади ва ўзининг ўлимини: «Вой, бу кунларга тушгандан кўра ўлиб кетсайдим!» – дея фарёд чекиб чорлайди. Бироқ, бу чорловлар Аллоҳ ирода қилган йиллар тўлмагунича фойда бермайди. Балки у ерда миллион йил қолар, балки миллиард йил!! Шу йиллар давомида қийноқлар тинмайди. Аллоҳга итоат қилиш борасида кўрсатилган чидамлилик эса бизни, Аллоҳнинг изни билан, мангу туганмас неъматлар диёрига олиб боради.
Бахтиёр инсон – бугунги озгина вақтларини мангу неъматларга эришиш учун ғанимат билишга муваффақ бўлган инсондир. Олдимизда турган ўткинчи лаззатлар эса ҳамманинг ҳам бошида бордир. Бу лаззатлар, тугаши билан азоб, жазо ва мангу аламу изтиробга олиб боради.
Аллоҳ таолодан бизга Ўз раҳмати билан меҳрибонлик қилиши, лутф айлаши, маконимизни жаннат қилиб, ўликларимизга раҳмат, касалларимизга шифо, мусибатлиларга офият беришини, охиратимизни дунёмиздан хайрлироқ қилишини тилаймиз.
Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, Унинг оиласи ва барча саҳобаларига салавоту саломлар ёғдирсин.
Барча Оламлар Робби бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.

Admin   09-05-2010, 01:56 PM
#67
Охирги ўн кунлик ва қадр кечасининг фазилатлари

Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Мунажжид

Ислом Нури таржимаси


Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.
Аммо баъд...
Мўмин биродарлар! Мусулмонлар муборак ойларининг сўнгги кунларига етиб келдилар, мусобақа ниҳоясига етай деб қолди, охирги ўн кунлик кириши билан қадр кечасига етишиш иштиёқида иймон ҳарорати зиёдалашди. Бу кунлар астойдил ҳаракат қилиш ва имкон қадар тоат-ибодат қилиб олиш фурсатларидир. Шундай экан, имкони борича амал қилиб қолингиз. Улар яна қайтиб келмайдиган кунлар, ўрнини тўлдириб бўлмайдиган фурсатлардир. Келгуси Рамазонга яна қайтиб етишамизми, йўқми, ҳеч кимимиз билмаймиз. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг охирги ўн кунида бошқа пайтларга қараганда кўпроқ тоатга берилардилар, эътикоф қилардилар, шу кунлар ичида қадр кечасини талаб қилардилар. Охирги ўн кунлик киргач, тунларни бедор ўтказардилар, аҳли-оилаларини уйғотардилар, белларини ибодатга маҳкам боғлардилар, Аллоҳ таолонинг розилиги умидида одатдагидан кўпроқ ибодатга машғул бўлардилар, масжидда эътикоф ўтирардилар, аёлларидан узоқлашардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ўн кунликдаги йўллари ана шундай эди. Тунларни намоз ва бошқа ибодатлар билан ўтказардилар, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси тонг отгунча намозда бўлмасдилар, балки кўп вақтларини намозга бағишласалар ҳам, қолган пайтларини истиғфор, зикр, дуо, тафаккур, тадаббур билан ўтказардилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли-оилаларига ҳам аҳамият қаратар, аёлларини тунги намозга уйғотардилар. Йилнинг бошқа кунларида баъзан уйғотганлари ҳолда хоссатан шу кунларда ҳар куни қиёмул лайлга тургизардилар. Зеро, мусулмон киши ўз аҳлига ҳам яхшилик тилайди. Қолаверса, уларга қаттиқ туриш ва уларга яхшилик исташ уларга нисбатан ўз зиммасидаги масъулиятни ҳис қилишдан келиб чиқади. Биз ҳам пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишимиз, мазкур ўн кунликда тоатга бел боғлашимиз, Аллоҳнинг ибодатида астойдил бўлишимиз, шундай қимматли кунларни зое қилмаслигимиз лозим. Билмаймизки, лаззатларни кесувчи ва жамоатларни бўлиб ташловчи ўлим тўсатдан келиб қолар, унда кўп пушаймон бўламиз, лекин пушаймонликдан наф бўлмайди.

Қадр кечасининг фазли

Рамазоннинг охирги ўн кунлиги ғоят улуғ кунлардир. Улар йилнинг мутлақо энг улуғ кунлари саналади, уларда қадр кечаси бор, бу кеча рўза ойи ичидадир:
«Албатта, Биз у (Қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан ҳам билар эдингиз? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир» (Қадр: 1-3).
«Ҳо. Мим. Очиқ-равшан Китобга — Қуръонга қасамки, албатта Биз уни бир муборак-баракотли кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат Биз (инсонларни ушбу Қуръон билан охират азобидан) огоҳлантирувчи бўлдик. У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур (белгиланур). (Бу кечада тақдир қилинадиган барча ишлар) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган Ишдир. Дарҳақиқат Биз (башариятга пайғамбарлар) юборувчи бўлдикки, (Бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган раҳмат-меҳрибонликдир. Албатта Унинг Ўзигина (барча нарсани) эшитувчи, билувчидир» (Духон: 1-6).
Бу кеча муборак кечадир, унда Қуръон нозил бўлган ва
«У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур (белгиланур)» (Духон: 4). Яъни, бандаларнинг йил мобайнидаги тақдирлари шу кечада тақдир қилинади, ҳаётда қолувчилар ва вафот этувчилар, нажот топувчилар ва ҳалок бўлувчилар, бахтлилар ва бахтсизлар, азизлар ва хорлар ким бўлиши битилади, келгуси йилда Аллоҳ ирода қилган ишларнинг ҳаммаси шу кечада китобат этилади, бандаларнинг тақдирлари Лавҳи Маҳфуздан шу тунда кўчирилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Бир киши супир-сидир ва экин-тикин қилиб юргани кўрилади, ваҳоланки у ўликлар қаторида бўлади». Яъни қадр кечасида унинг ўликлар қаторига ўтиши битилган бўлади, фаришталар келгуси йилда бўладиган ишлардан шу кеча бохабар бўладилар, Аллоҳ таоло у ишларни Лавҳи Маҳфуздан уларнинг лавҳларига кўчиради.
Қадр кечасида фаришталар кўплигидан ерга сиғмай кетадилар, бу кеча ерга тушувчи фаришталар сони майда тошлар сонидан ҳам кўп бўлади. У қадри улуғ, мартабаси олий кечадир. Сабаби, унда гуноҳлар кўп кечирилади, айблар яширилади. У мағфират кечасидир: «Ким Қадр кечасида иймон билан, савоб умидида (намозда) қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Бухорий ривояти). Бу кечадаги ибодат минг ойлик, яъни саксон уч йиллик ибодатдан яхшидир. Унда фаришталар тушадилар, Жибрил алайҳиссалом тушадилар, ерга раҳмат нозил бўлади. Бу кеча тинчлик-омонлик кечасидир, яъни унда шайтон ёмонлик қилишга ва бировга озор етказишга қодир бўлмайди, унда мўминларнинг кўп тоат-ибодатлари сабаб жазо ва азобдан қутулиш кўп бўлади.
Бу кеча жуда шарафли кеча, Аллоҳ таоло унда иймон билан ва савоб умидида бедор бўлган кишини мағфират қилади. Аллоҳ таоло бу кечанинг қадри ва шарафини бўрттириб:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан ҳам билар эдингиз?!» (Қадр: 2), деди. Бу билан бандаларни уни қасд қилишга ва унга эришиш учун ҳаракат қилишга тарғиб қилади. Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кечаларида, кўпроқ тоқ кечаларда қасд қилинади. Баъзи уламолар унинг йил сари кечалар орасида кўчиб юришини ва қайси кечада бўлишини Аллоҳгина билишини айтганлар. Лекин аксарият сўзига қараганда у йигирма еттинчи кечада бўлади, баъзан йигирма биринчи кечада, йигирма учинчи кечада, Рамазоннинг сўнгги кечасида ҳам бўлади. Баъзи уламолар, жумладан шайхулислом Ибн Таймия фикрларига кўра, уни Рамазоннинг қолган кунларидан ҳисобланиб, жуфт кечаларда келиши мумкинлиги ҳам айтилган.
Шундай экан, уни охирги ўн кунликнинг ҳаммасида қидириш яхши бўлади, унинг аниқ кунини фақат бизнинг фойдамиз ва манфаатимиз учунгина яшириб қўйилди. Чунки, агар қайси кечалиги аниқ айтиб қўйилса, эҳтимолки ўша кечадан бошқа тунлари қиёмга ва ибодатга у қадар иштиёқ кўрсатмасак керак эди. Махфий қилиб қўйилгани учун ҳам дилларда қандай қилиб бўлмасин, унга етишиш истаги жўш уради, мазкур ўн кун мобайнида давомий бедорлик билан, узоқ чўзилган машаққат билан бўлса ҳам, уни топишга ҳаракат қилинади.
Ундан ташқари, бу кечанинг яшириб қўйилишига сабаб бўлган воқеани, яъни мусулмонлардан икки кишининг ўзаро жанжаллашиб қолишлари воқеасини таҳлил қилиш орқали бошқа бир нуқтага ҳам диққат қаратиш лозимки, мусулмонларнинг ўзаро талашиб-тортишишлари ва хусуматлашишлари ҳаммага шумлиги ва ёмонлиги урадиган хатарли ишдир. «Мен сизларга қадр кечаси ҳақида хабар бериш учун чиққан эдим, фалончи билан фалончи жанжаллашиб қолиб, ёдимдан кўтарилди. Бу эса сизлар учун яхши бўлиши ҳам мумкин. Уни (охирги ўн кунликда) еттинчи, тўққизинчи, бешинчи кунларда талаб қилинглар» (Имом Бухорий ривояти).
Мўмин биродарлар! Бу кечага етган киши жуда катта бахтга эришган бўлади. Нақадар улуғ бахт, нақадар улкан саодат!

Қадр кечасининг аломатлари


Мўмин биродарлар! Ҳадисларда бу кечанинг аломатлари ҳақида айтиб ўтилган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар беришларича, ўша куни, яъни бу кечанинг тонгида қуёш нурсиз бўлиб чиқиб келади. Бу ҳақда Имом Муслим ва бошқалар ривоят қилганлар.

Қадр кечасида ўқиладиган дуо

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Мен: «Ё Расулуллоҳ, қадр кечасига муваффақ қилинсам, нима деб дуо қиламан?», деб сўрадим. «Эй Аллоҳ! Сен авф этувчисан, афвни яхши кўрасан, мени афв этгин», деб дуо қиласан», дедилар (Ибн Можа ривояти, саҳиҳ).

Қадр кечасига етиш учун эътикоф қилиш

Қадр кечасига эришиш учун эътикоф қилиш улуғ амалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги ўн кунликнинг ҳаммасида эътикоф қилардилар. Эътикоф нафсни Аллоҳнинг тоатига мажбурлашдир. У вақтни бекорчи гаплар билан ўтказиш бўлмаслиги, балки зикр, тасбиҳ, тиловат, истиғфор, тафаккур ва тадаббурдан иборат бўлмоғи лозим. У Аллоҳ таоло билан холи қолиш ва дунё зеб-зийнатларидан узилиш учун энг қулай фурсатдир. Шунинг учун ҳам эътикоф қилувчи киши масжидга енгилгина ўрин-кўрпа келтирадики, бу унга дунёнинг ҳақирлигини, ҳақиқий ўлжа Аллоҳнинг тоатига эришиш эканини эслатиб туради.
Одамлар билан кўп аралашиш, ҳар турли аҳволлар ва вазиятларга юзма-юз келиш, керагидан ортиқча уйқу, ортиқча ейиш-ичиш, ортиқча сўзлаш инсоннинг дилини қотиради. Эътикофда қалб учун даво бор, уни юмшатиш бор. Қалбни энг ёмон бузадиган нарса беҳуда ўйин-кулги ва кераксиз гап-сўзлар бўлади. Эътикоф айни шу нарсалардан тўсадиган қалқон вазифасини бажаради.
Мўмин биродарлар! Беҳуда ўйин-кулгилар, Аллоҳнинг зикридан машғул қилиб қўювчи машғулотлар ва ҳатто кўп ҳаром нарсалар бизни ўраб-чулғаб олган. Жуда кўп кўнгилочар тадбирларга ҳаром ишлар аралашган. Булар дилларни қотиради, тошбағирликни келтириб чиқаради. Биз дилимизни юмшатишга муҳтожмиз. Бунинг учун эса шу улкан ибодатдан фойдаланиб қолиш, кундузи рўза тутиш, тунда қиём билан бедор бўлиш, масжидларда эътикоф қилиш, ҳаром ишлардан бутунлай узилиш, дунё машғулотларидан чекиниш, нафснинг айблари ҳақида қайғуриш, Парвардигорнинг Китобини тиловат ва тадаббур қилиш, дунёнинг ҳеч нарсага арзимаслигини ўйлаш, охиратга юзланиш лозим бўлади. Бу улуғ кечаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига ажратилган эътикоф ўринларида биргина рафиқлари билан ўтказардилар, уни у зотнинг ёлғиз ўзлари кўрардилар, атрофлардаги саҳобалар кўрмасдилар. У Жибрил алайҳиссалом бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у зотга Қуръонни ўқиб ўтказардилар. Тасаввур қилсангиз, қандай улуғ бир ҳолат, саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни эътикоф ўринларида кимгадир Қуръон ўқиб ўтказаётганларини кўриб турардилар, лекин ўша кимнидир кўрмасдилар. Бу одамнинг иймонини кучайтириб юборадиган бир ажойиб ҳолатдир. Вафот этган йиллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жибрил алайҳиссалом билан Қуръонни икки бор ўтказгандилар. Эътикоф Қуръонни ўқиб ўтказиш учун энг қулай фурсатдир.
Баъзи уламолар сўзларига кўра, бир кеча, яъни шомдан бамдодгача эътикоф қилиш ҳам кифоя қилади. Баъзи уламолар эса эътикофнинг энг ками бир кеча-кундуз, яъни йигирма тўрт соат бўлишини айтганлар. Яъни, агар бамдоддан кейин кирса, эртаси бамдоддан кейин чиқса, шуниси афзал ва яхшироқ бўлади. Эътикофни куннинг исталган соатида бошлаш ва эртаси куни шу пайтигача ёки имкониятига қараб ундан кўпроқ давом эттириш мумкин. Эътикофдаги киши фақат зарурий эҳтиёжлари учун, масалан ҳожат танг қилса ё масжид ичида овқатланиш имкони бўлмаганда овқатланиб кириш учун ё жунублик етса ғусл қилиб олиш учун ва ҳоказо шу каби заруратлари учун ташқарига чиқади. Чиққанда ҳам ҳожати раво бўлгач, тезликда қайтиб киради. Шунинг учун у касал кўргани ё жанозада иштирок этгани бормайди. Фақат масжидда, Аллоҳ таолонинг тоати билан банд бўлади, қадр кечасини излайди, мубоҳ ишларга ҳам кўп берилмайди.
Мўмин биродарлар! Мана шундай олтинга қиммат фурсатларни ва қимматбаҳо кечаларни телевизор экранлари қаршисида ўтириб олиб, заҳар тарқатувчи, фасод ва ёмонлик ёювчи, бандаларнинг қимматли вақтларини зое қилувчи фазоий телеканалларда бериладиган ҳар хил сериаллар ва кўнгилочар дастурлар томоша қилиш билан ўтказаётган одамларни кўриб, мусулмон кишининг дили аламдан ўртанади. Бу нарса эртага қиёмат куни жуда катта зарар ва ҳасратга айланади, вақтларини шу билан ўтказган кишилар собиқийнлар ва муқаррабийнлар эришган ва ўзи маҳрум бўлиб қолган даражаларни кўриб, нақадар катта зиён қилганини билиб, ҳасрат бармоғини тишлайди. Жаннат аҳллари ҳам фақат Аллоҳ таолонинг зикридан холи ўтказган соатлари учунгина ҳасрат қилар эканлар! Шундай экан, энди узоқ соатларни нафақат Аллоҳнинг зикридан холи, балки ҳаром нарсалар учун ўтказган кишининг ҳасрати қандай бўларкин?!
Мўмин биродарлар! Албатта, эътикоф учун сабр-тоқат керак. Бироқ, Аллоҳга юзланиш ва кўнгил хотиржамлиги лаззатини тотган ва шу дунёнинг жаннатига кириб олган кишига ҳаммаси енгил бўлади. Инсон агар зикр ва ибодат лаззатини топиб олса, ҳар қандай кўнгилочар тадбирлар, сериаллар ва спорт дастурларидан оладиган лаззати бир чақага ҳам арзимайдиган бўлиб қолади. Зеро, Аллоҳнинг зикри ва ибодати билан яшаш лаззати олдида бу паст ва тубан, табиати бузуқ ва Аллоҳнинг йўлидан бурилиб кетган кимсалар топадиган дунёвий лаззатлар қиёс қилиб бўлмас даражада ҳеч бўлиб қолади.
Биродарлар, биз нафсларимизни ҳисоб-китоб қилайлик, уни жиловлайлик. У эркинликни хоҳлайди, жиловланишни суймайди. Ибодат нафсни тийишга муҳтож, нафс эса буни истамайди. Лекин кимки нафси билан курашса, Аллоҳ унга ёрдам беради.
Мўмин биродарлар! Аллоҳга иқбол қилайлик, Унга тавба қилайлик, мана шу соатларда ва мана шу кечаларда гуноҳларимизни ёдга олайлик ва истиғфор айтайлик, Аллоҳга дуо-илтижолар билан ялиниб ёлворайлик!! Шояд У бизни Ўз раҳмати ва мағфирати остига киритса.
Мўмин биродарлар! Кўчаларда ва бозорларда Рамазон ва ҳайит муносабати билан нархлар ҳайратомуз даражада туширилгани ва бу фурсатдан фойдаланиб қолиш ҳақидаги эълонларга кўзингиз тушганда, одамларнинг ур-йиқит ва тиқилинчлик билан бозорларни тўлдириб юришганини кўрганингизда Охират бозорини эсаланг, Ундаги улкан фойдани ёдга олинг. Сизлар ибодатсиз ўтказиб юбораётган мана шу лаҳзаларингиз қайтиб келмаслиги ва унинг ўрнини босадиган нарса бўлмаслини унутманг!

Admin   09-05-2010, 02:46 PM
#68
Қадр кечасини топишга қаттиқ интилиш

Аллоҳ таоло деди:
«Албатта Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан ҳам билар эдингиз?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир» (Қадр: 1-3). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қадр кечасини иймон билан ва савоб умидида намоз ўқиб ўтказган кишининг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қадр кечасини топишга тиришар ва саҳобаларни ҳам бунга буюрар эдилар. Бундан ташқари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳл байтларини рамазоннинг охирги ўн кечасида уйғотар эдилар.
Ҳой, умрини пуч нарсалар билан ўтказган одам, Қадр кечасида йўқотган нарсаларингизни топиб олинг! Чунки у кеча бир умрга тотийди. Унда қилинган амал минг ойда қилинган амалдан кўра яхшироқдир. Унинг яхшиликларидан маҳрум қолган кимса, кўп нарсадан маҳрум бўлади. У кеча рамазоннинг охирги ўн кунидаги тоқ кечаларнинг биридир. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бизга берган хабарларига кўра, у кечанинг тонггида офтоб нурсиз чиқади» - деди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг жомиъус-саҳиҳида ушбу ривоят бор: Оиша розияллоҳу анҳо: «Эй, Расулуллоҳ мен Қадр кечасига тўғри келсам нима дейман» - дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Илоҳим, сен афв қилувчисан, афвни яхши кўрасан мени афв эт – денг», дедилар».

Admin   09-07-2010, 06:17 AM
#69
Рамазон қулай фурсат

رمضان فرصة


Шамсиддин Дарғомий

شمس الدين درغامي


Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Алҳамду лиллаҳ вассолату вассаламу ала ман ла набиййа баъдаҳ.
Аммо баъд:
Биродарларимдан бири келиб менга бир кўрсатувда бўлган воқеани ажабланиб, бор вужуди билан ролга кириб айтиб берди.
Айтишича ҳозирги кунимизда жаҳон бойлари рўйхатининг муҳим поғоналарининг биридан унинг номи жой олган бир бой кўрсатувни олиб бораётган ёш йигитнинг «сиз бундай катта бойликка қандай эришдингиз» деган саволига жавобан чўнтагидан чек дафтарчасини чиқариб, «сенга бир дақиқа вақт истаган маблағингни ёз у сеники бўлади» - деб жавоб қилади. Йигит эса саволим ноўрин бўлди шекилли деган ўй билан, «мен буни назарда тутмаган эдим» - деб сал талвасага тушади. Вақт эса кутиб турмас экан. Бир дақиқа зум ўтмай тугайди. Чек ўз ўрнига қайтади. Шунда бой йигитчага қарата дунёда фурсатлар жуда кўп келади бироқ кишилар фурсатдан фойдаланишни билмайдилар. Мана сен ҳозир миллионер бўлишинг мумкин эди, лекин сенга берилган фурсатдан фойдалана олмадинг. Мен эса ана шундай фурсатларни қўлдан бой бермаганман. Шу сабаб бундай бойликка эришдим дейди.
Қисса ҳақиқатга қанчалик яқин ёки узоқ бўлмасин ундаги айтилган гап ҳақиқат. Фурсатлардан унумли фойдаланишга ундайдиган далиллар жуда кўп.
Ибн Ҳиббон ўзларининг саҳиҳларида ва бошқа муҳаддислар ҳам ривоят қилишларича Абу Мусо ал-Ашъарий айтадилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир аъробий кишининг ҳузурида бўлдилар. У киши Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни икром қилиб кузатди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз томонга ҳам ўтинг дедилар. Аъробий Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга (зиёратга) келди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатингни сўра дедилар: «Минишимизга бир туя бўлса, бола чақам соғиб ичадиган бир эчки бўлса» - деди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Бану Исроилнинг бир кампиричалик бўлолмадингларми» - дедилар. Саҳобалар «Ё Росулуллоҳ ким экан у кампир?» – дедилар. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу қиссани айтиб бердилар: «Мусо бану Исроил билан Мисрдан чиқиб кетганида (улар)йўлни йўқотиб қўйишади. Шунда Мусо бу қанақаси бўлди – деб ажабланади. Уларнинг олимлари «Юсуф алайҳиссалом ўлими олдидан биздан Аллоҳни ўртага қўйиб, агар Мисрдан чиқиб кетадиган бўлсак унинг суякларини бирга олиб кетишлигимиз учун сўз олган» дейишади. Мусо алайҳиссалом «Унинг қабри турган жойни ким билади?» дейдилар. «Бани Исроилдан бир кампир» деб жавоб қилишади. Мусо алайҳиссалом унга одам юборасалар у келади. Шунда Мусо алайҳиссалом
«Юсуфнинг қабрини менга кўрсат»
дейдилар. Кампир: «Тилагимни бажо қилсангиз» - деб жавоб қилади. «Тилагинг нима» десалар, «Жаннатда сиз билан бирга бўлиш» - деб жавоб қилади. Мусо унинг шартини қабул қилишни (унча) ёқтирмайдилар. Шунда Аллоҳ таоло ваҳй қилиб «Тилагини бажаринг» дейди. Сўнгра кампир уларни ботқоқликдаги бир кўлмакка олиб боради-да, «Мана бу сувни чиқариб ташланглар» - дейди. Сувни чиқаришгач, «(Энди) ковланглар» дейди. Кейин Юсуф алайҳиссаломнинг суякларини чиқаришиб ерга қўйишади. Шунда йўллари куппа-кундузидек очилиб кетади» (Саҳиҳ ибн Ҳиббон 2/500, 723-ҳадис).
Тасаввур қилинг агар аъробий Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жаннатда сиз билан бирга бўлишни сўрайман деганда ундан бахтли инсон топилармиди!? Ёки бир туя-ю бир эчкини сўраб тўғри қилганми!? Ачинишга арзийди!
Фурсатларни ғанимат билиш муҳимлиги тўғрисидаги ҳадисларни зикр қилиб тугатиш қийин. Бошқа бир ҳадисда, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Икки неъмат борки, кўпчилик кишилар уни ютқазиб қўядилар. Соғлик ва бекорчилик» деб марҳамат қилганлар (Саҳиҳ Бухорий 6412-ҳадис). Яна бошқа ҳадисда «Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил. Қаришингдан олдин ёшлигингни, хасталигингдан олдин соғлигингни, фақирлигингдан олдин бойлигингни, машғуллигингдан олдин бекорлигингни ва ўлимингдан олдин ҳаётингни» – деб марҳамат қиладилар (Ҳоким Мустадракларида 7846- ҳадис). Ушбу далиллардан яхши хабардор бўлган саҳобалар, улардан кейинга солиҳ бандалар, олимлар бунга жуда қаттиқ эътибор билан амал қилганлар.
Ана шулардан бирлари ибн Масъуд: «Мен бирор нарсага қуёши ботиб, ажалимдан бир кун камайиб, амалимдан бирор нарса ошмаган кунга пушаймон бўлганчалик пушаймон бўлган эмасман» –дейдилар.
Ҳа биз инсонлар жуда кўп фурсатларни қўлдан чиқарамиз бундан ҳам ачинарлиси қўлдан чиққан фурсатларни фурсат эканидан ҳам хабар топмай қоламиз. Фурсатларни кетма-кет қўлдан чиқариб «кўр ҳассасини бир марта йўқотади» деганларидек биз ҳар сафар ҳассамизни йўқотиб кўрдан батар бўлиб юраверамиз.

Энг катта фурсат

Йилнинг энг катта фурсатларининг бири Рамазон ойидур. Қани энди қай биримиз мана шу фурсатни ҳақиқий фурсат эканига чинакам ишонч ҳосил қила олади. Агар ҳосил қила олса албатта ундан унумли фойдаланади. Ундан унумли фойдаланмадими, демак уни ҳақиқий фурсат эканлигини ҳали тушуниб етмаган ҳисобланади.
Рамазон ойи ҳақиқий фурсатдир. Ҳар бир киши ундан унумли фойдаланиши ақл тақозосидур. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло энг буюк, энг саховатли, мулкининг чегараси бўлмаган зот. Жамики башариятга сўраганидан минг чандон кўп берса, унинг мулкидан денгиздан игнага илиниб чиққан сув денгиз сувини камайтирганичалик ҳам камайтира олмайди. Бунинг устига у зот сизга бир дақиқа эмас йиллаб фурсат беради. Қайта-қайта беради. Эсингиздан чиққудай бўлса эсингизга солиб келгуси йилдан яна қайтариб беради. Бераверади, бераверади...
Нақадар ғофилмиз!!!
Рамазон ойи ана шундай катта фазилатли ой экан, келинг унинг нималарга қулай фурсат эканлигини баҳоли қудрат санаб ўтсак фойдадан холи бўлмас.
1. Рамазон тавба қилишга энг қулай фурсат
Рамазон тавба қилишга энг қулай фурсат, чунки бу ойда сизу-бизнинг энг катта душманимиз гуноҳлар билан бахтиқаро бўлишимизга сабаб бўлган шайтонларнинг катталари боғлаб қўйилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар. Айтдиларки: «Рамазон ойидан энг биринчи тун кириши билан жинларнинг катталари катта шайтонлар боғланади. Дўзах эшиклари ёпилиб ундан бирортаси очиқ қолмайди. Жаннат эшиклари очилиб ундан бирортаси ёпиқ қолмайди ва бир нидокаш нидо қилиб «Эй яхшилик толиби хуш келдингиз, эй ёмонлик толиби бас қилинг» дейди. Аллоҳ таолонинг бу кечаларнинг ҳар бирида дўзахдан озод бўладиган бандалари бор» (Имом Байҳақий ва Имом ибн Можа ўзларининг сунанларида ривоят қилганлар. Имом Албоний саҳиҳ деганлар).
2. Рамазон чекиш ёки ичиш каби балоларга гирифтор бўлганлар учун ушбу амалларни бутунлай ҳаётидан юлиб ташлашга яхши фурсатдур
Айтиб ўтганимиздек бу ойда ўзингиз ҳам ундан нафратланадиган амалларни ташлаб юборишда тўсқинлик қиладиган шайтонларнинг босими камроқ бўлади. Бу эса ана шу нокас амалларни ташлашга энг қулай вазият. Эрталабдан кечгача чекмасдан юра олган киши кечқурундан эрталабгача ҳам юра олиши мумкин. Бу амалда фақат мустаҳкам ирода керак бўлади. Аммо кечқурун ифторликдан кейин чекаман деб ният қилса, унинг асаблари ўша ниятга яраша тайёрланади-ю ифтордан кейин гўё «қани энди қилган ваъдангизни бажаринг» дегандай бўлади. Агар киши Рамазон ойида бутунлай чекмаса, у бир умрга бу разолатдан ўзини қутқара олишга қодир эканини исбот қилади. Аллоҳ бу балога чалинган барча бандаларни ўзи унинг кишанидан озод қилсин. Амин.
3. Рамазон ихлосга одатланиш учун фурсат
Рўза амалини банда фақат ихлос билан амалга оширади. Бунинг далили Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси-қудсийдаги Аллоҳ таолонинг ушбу сўзидур: «Рўза мен учунгина бўлиб, ўзим уни ажрини (алоҳида) бераман» (Имом Бухорий 7492 - ҳадисдан парча). Аммо хўжакўрсинга рўза тутиб ҳеч ким йўқ жойда қорнига паққос тушуриб юрган кишилар рўзадор дейилмайди. Рўзамизни ихлос билан тутиб олдикми, демак шу зайлда бошқа амалларни ҳам ихлос билан бажаришга одатланиш учун бу ой муносиб фурсат бўлади.
4. Рамазон иймон зиёда бўлиши ва тақволи бўлиш учун қулай фурсат
Аллоҳ таоло айтадик:
«Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара сураси 183-оят). Ушбу оятда Аллоҳ таоло бизга тақводор бўлишингиз учун деб марҳамат қилди. Барчамизга маълум, инсонлигимизга бориб кўп гуноҳлар қиламиз, йўлдан озамиз, чалғиймиз ва дунёмизга машғул бўламиз. Рамазон ойи эса ўзининг барокотли амалларининг кўплиги билан бошқа ойлардан ажралиб туради, шайтонлар боғланади. Демак, Рамазон ойида иймонимизни янгилаб уни яна ўстириб кучайтиришга уриниб, Рамазон ойидан кейин ҳам шундай давом этишлигимиз лозим. Оз бўлса ҳам озуқа олган иймон бу ой чиқиши билан яна ўз изига қайтиб олиши яхшилик аломати эмаслигини эсимизда тутмоғимиз керак.
5. Рамазон садақа қилишга ва унга одатланишга қулай фурсат
Имом Шофиий айтган эканлар «Киши Рамазон ойида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашиб кўпроқ садақа қилгани маъқул. Чунки инсонлар бу ойда рўза ва намоз каби ибодатлар билан касбларидан машғул бўладилар». Имомнинг ушбу гапларидан кўриниб турибдики аввалги мусулмонлар ушбу мавсумда дунё юмушларини камайтириб, Аллоҳ таолони рози қиладиган барча солиҳ амалларга шошилишган. Шунинг учун уларга бу ҳолатда садақалар беришлик муносиб бўлган. Биз ҳам бу ойда садақаларимизни бериб камбағал биродарларимизни ушбу муборак ойда ризқ талабидан қутқариб ибодат билан машғул бўлишига сабаб бўлсак. Зора Аллоҳ таоло молимизга шу туфайли барака берса ажабмас.
6. Рамазон ойи саховат қилишга ва унга одатланишга фурсат
Бу ўринда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ойдаги саховатларини баён қилиб, Имом Бухорий ривоят қилган Ибн Аббоснинг ушбу ҳадисларини келтирсак арзийди.
Ибн Аббос айтадилар: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг сахий киши эдилар, Рамазонда Жаброил алайҳиссалом келиб у кишига йўлиққанда ундан-да саховатлари ошиб кетар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазоннинг ҳар кечасида у кишига учраб турар эдиларда, Қуръонни ўзаро мудораса қилар эдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эсаётган шабададан ҳам саховтлироқ эдилар» (Бухорий ривояти).
Саховат бу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асосий, ажралмас сифатларидан бири. У киши ҳар доим саховат борасида ўзгалардан ортиқ бўлиб келганлар. Ҳатто бир ҳовуч мева кўтариб келган саҳобийя аёлга бир ҳовуч тилло тақинчоқлар бериб юборганлар, водий-водий чорволарни бир кишига бериб юборганлар... Ҳадисда у кишининг саховатлари эсаётган шабадага ўхшатилмоқда, зеро шабада олдидан чиққан нарсанинг барчасига баробар саховат қилиб, ўзининг майин ҳавосини таратади.
7. Бу муборак ой Қуръонни мунтазам ўқишни йўлга қўйишга энг яхши фурсат
Рамазон ойининг номларидан бири барчамизга маълум бўлган «Қуръон ойи» деган номдир. Бу исм ҳақиқатда ўз ўрнини топган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойда Жаброил алайҳиссаломга Қуръонни икки марта ўқиб ўтказганлар. Салафларимиз эса қай-бирлари Рамазон ойида Қуръонни ҳар куни бир марта хатм қилсалар бошқа бирлари эса, бир кунда икки марта, кундузи бир ва тунда бир хатм қилиб ўқиб чиққанлар. Сизу-биз салафларимизга эргашар эканмиз Қуръони каримни мунтазам ўқишдек бурчимизни мана шу ойдан фойдаланиб йўлга қўйиб олиб, Рамазон ойи чиққач унга амал қилишда давом этсак.
8. Қуръон ёдлашга фурсат
Қуръони каримни ёдлаш ҳар биримиз учун шараф. Рамазон ойи ўзининг баракаларга бойлиги билан бошқа ойлардан ажралиб туради. Қуръон ёдлаш ва уни такрорлашга йилнинг ўн икки ойи ичида энг муносиброғи ҳам шу ойдир. Зеро ушбу китоб мана шу ойда нозил қилингандур. Имом Шофеий Рамазон ойи кириши билан бошқа дарсларини тўхтатиб фақат Қуръон билан шуғулланар эканлар. Бунинг мисоли салафларимизда кўп топилади. Шуни ҳам айтиб ўтишимиз лозимки бу ойда киши ўзининг энг мусаффо кунларини кечиради, гуноҳлардан узоқ бўлади. Бу эса Қуръон ёдлашга муваффақ бўлишнинг энг катта омилларидан бири ҳисобланади. Гуноҳ банданинг илмини эсидан чиқаради. Қуръондай бир покиза, олий, мўътабар калом гуноҳларни фикрлаган, ёки унга тўлиб тошган идишдан узоқ кетади. Имом Шофеъий айтадилар:
Ваъкега зеҳним пастилигин шикоят,
Қисам деди гуноҳдин бўлса шояд.
Илм Аллоҳ таоло нуридандур,
Гуноҳкорга берилмайди у албат.
Аллоҳ таоло барчамизни жамики гуноҳларимиздан озод қилсин ва ёдлаган илмларимизни унутишдан сақлаб унга амал қиладиганлардан қилсин.
9. Фақиру бечораларни эслаш ва неъматларга шукр қилишга фурсат
«Инсон калимасининг асл маъноси нисён бўлиб унинг маъноси унутмоқ демакдир» деб баъзи луғавий олимлар марҳамат қилганлар. Бу фикр қанчалик ҳақиқатга яқинлигини билмадим-ку, бироқ биз инсонлар амалга оширишимиз муҳим бўлган амалларни доимий равишда эсдан чиқариб туришлигимиз ҳақиқат. Атрофимизда фақиру ночор инсонларни борлигини билиб, уларни эсдан чиқариб қўйишлигимиз бунга мисол бўла олади. Рамазон ойи кириши билан кишилар уларни эсга оладилар, хайри эҳсонлар қиладилар. Инсонларнинг рўза тутиш туфайли очлик ва чанқоқликни синаб кўришлари бунга асосий сабаб бўлмасада, уларга қисман бу бечораларнинг ҳолини кўрсатади. Бу эса ўз-ўзидан иймон соҳибларига неъмат қадрига етиб, унга шукр қилиш фарз эканлигини эслатади ва унга одатлантиради.
10. Улкан савоблар йиғиб олишга фурсат
Узоқ сафарга чиқаётган киши албатта йўл ғамини қилади. Етарли равишда тайёрланади. Каттаю-кичик ҳожатларини барчасини кўздан кечиради. Ҳожатларини бартараф қилиб бўлса сафарга хотиржам йўл олади. Биз инсонлар барчамиз узоқ охират сафарига борар эканмиз кўпчилигимиз бу сафарда қандай нарсаларга ҳожатимиз тушишини синчиклаш у ёқда турсин, қаёққа бораётганимизни, сафаримиз йўналишини ҳам билмаймиз. Ушбу узоқ сафаримиз ҳам бошқа сафарлар қатори тайёргарликка муҳтож. Савобларни зодроҳ қилиб, гуноҳларни ювиш билан сафаримизда ортиқчалик қиладиган юкларни енгиллатишга муҳтожмиз. Рамазон эса бундай амалга айни муддао бўлади. Вақт баракаси, гуноҳлар ювилиши, савоблар оширилиши, садақотлар, лайлатул-қадр, раҳмат ойи...
11. Таҳажжуд намозларни йўлга қўйишга фурсат
Бир хайрли ишга мунтазам равишда киришиб кетиш, ёки уни ўзига одат қилиб олиш ҳаммага ҳам осон эмас. Аммо қандайдир бир сабаб туфайли у иш одат тусига кирадиган бўлса унда давом этиш осонроқ бўлади. Шу ўринда биз бунга Рамазон ойида кўпчиликка осон бўлиб қолиб, ҳайит кунининг эртасига эсимиздан чиқиб қоладиган қиём (таҳажжуд) намозини мисол қилиб келтирмоқчимиз. Рамазон ойи бизга бундай буюк амални ўргатар экан, нақадар ажойиб фурсат. Салафларимиздан бирлари Ҳасан ал-Басрий «Қиём намозини ўқий олмасанг, кундузи (нафл) рўза тута олмасанг, билгинки сен маҳрум банда экансан. Сени гуноҳу-хато ишлар кишанлаб қўйибди» деган эканлар. Аллоҳ таолодан бизларни Рамазон ойида одатланган бу амалимизни мунтазам равишда келгуси рамазонгача бир маромда олиб борадиган бандалардан қилишлигини, таҳажжуд намозини ўқийдиган бахтли инсонлар сафидан жой беришлигини сўраб қоламиз.
12. Ғийбатдан тийилишга фурсат
Ғийбат бу тил деган жонивор қиладиган гуноҳларнинг энг катталаридан бири ҳисобланади. Ғийбатга таъриф бериш мақомида бўлмаганимиз учун таъриф ўрнида уни «мусулмон биродарингни гўштини ейиш» дейиш билан чекланамиз. Рамазон ойида кўпчилигимиз рўза очилиб қолишидан қўрқибми, ёки бошқа ўзига хос сабаби борми, ғийбатдан ўзимизни нисбий тия оламиз. Йилнинг қолган 11 ойида эса афсуски бундай гўштни баъзиларимиз тўйиб-тўйиб, баъзилар эса танлаб-танлаб ҳар ким таъби тортганича еб юраверамиз. Ажабмас Рамазон ойи бундай балога йўлиққанларга яхши фурсат бўлиб, улар чин қалбидан тавба қилиб ғийбат балосига иккинчи марта қайтмайдиган бахтли инсонлар сафидан бўлса.
13. Ёлғон сўзлашни тарк қилишга фурсат
Ёлғон айтиш бу касалликка ўхшаш нарса унинг ўзига хос лаззати бор. У умумий равишда иймонга салбий таъсири, балки уни тубдан ўзгартириб юбориши мумкин бўлишлиги билан бирга рўза амалини савобсизлантириб уни бузиб ҳабата қилиб қўйиши ҳам мумкин. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимки ёлғонни, унга амал қилишни ва жоҳилликни тарк қилмаса, емоқ-ичмоғини тарк қилишининг Аллоҳга ҳеч қандай ҳожати йўқ» (Бухорий). Эътибор берсангиз ҳадисда рўза тутишини дейилмади, балки емоқ-ичмоғини тарк қилиши дейилмади. Бунда унинг қилган амали рўза эмас шунчаки оч юриш деган маъно бор. Аллоҳ ҳеч бир мўминни бундай балога йўлиқтирмасин.
14. Жаҳлни қолибга солишга фурсат
Росулуллоҳ саллоҳу алайҳи ва салламнинг рўзадор кишини агар бирор шахс сўкиб қоладиган бўлса «Мен рўзадорман» (Имом Бухорий ривояти) деб жавоб қилсин деган маънодаги ҳадисларидан билдикки,
Quote:Ҳадиснинг матни қуйидагича: «Рўза қалқондир. (Қай бирингиз рўза тутган бўлса,) фаҳш сўзларни сўзламасин ва жоҳиллик қилмасин. Агар биров у билан уришса ё ҳақорат қилса: «Мен рўзадорман, мен рўзадорман», десин. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келувчи ҳид Аллоҳ наздида мушкдан кўра яхшироқдир. (Аллоҳ айтади: Рўзадор) емоқ-ичмоғини ва шаҳватини Мен учун тарк қилади. Рўза Мен учун, мукофотини ҳам Ўзим бераман».
бу ой ана шундай равишда инсонлар орасида учраб турадиган тортишуву-можароларни ийжобий ҳал қилишга қулай фурсат экан. Рўзадор одам можаро қилмас экан. Одам рўза туфайли жаҳл қилиб ўзини йўқотиб қўйишдан сақлана билса, демак бошқа ойларда ҳам буни бемалол амалга оширса бўлади. Демак рамазон ойи бунга одатланишга яхши имконият яратади.
15. Ўз ўзини ўзгартиришга фурсат
Ҳаётда барчамиз хатоларга йўл қўямиз. Хатога йўл қўйиш бу инсонларнинг ажралмас сифатларидан бири. Имом Муслим ўзларининг саҳиҳларида Абу Айюб ал-Ансорийдан ривоят қилинган ҳадисни келтирадилар. Абу Айюб вафот қилаётганларида сизлардан бир ҳадисни яширган эдим, ҳозир айтаман, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни «Агар сизлар гуноҳ қилмаганларингизда Аллоҳ таоло бошқа гуноҳ қиладиган қавмни яратиб, уларнинг гуноҳларини кечирган бўларди» деганларини эшитганман дедилар. Ажабо! Бизга мағфират қилишни хоҳлайдиган, гуноҳларимиз тоғдан буюк бўлсада кечиришни яхши кўрадиган, тунларда дунё осмонига тушиб «Қани ким мағфират сўрайди - тавба қилади тавбасини қабул қилсам» деб турадиган буюк роббимиз Аллоҳ нақадар буюк!
Ёмон хулқ, одобсизлик, қўполлик, қўрслик, чақимчилик ёки қандайдир киши ўзини ўзгартиришга ҳожати бўлган нарсалардан қутилишга рамазон ойи қулай фурсат бўлади. Чунки инсонларни табиатларига, тарбиясига таъсир қиладиган энг катта нарсалардан бири, «Дўстинг кимлигини айт, кимлигингни айтаман» деганларидек муҳит ҳисобланади. Рамазон ойида эса бу муҳит бутунлай йўқолмасада, кескин чекланади. Бу ойда жамиятнинг барча поғонасида ва барча синфида, боғланган шайтонларнинг ўринбосарларини ҳисобга олмаганда, ўзгариш ҳосил бўлади. Гуноҳлар камаяди муҳит ўзгаради ва бизга бу муҳитда ўз-ўзимизни ўзгартириб яхши хулқларга одатланиш осон бўлади.
16. Сабрга қийинчиликларни бартараф этишни ўрганишга қулай вазият
Аллоҳ таоло қудсий ҳадисда: «Рўза (фақат) мен учун, (бандам) шаҳватини, таомини мен учунгина тарк қилади, ўзим унинг ажрини бераман» деб марҳамат қилган. Бу эса фақат сабр билан амалга ошади. Сабр бу диндаги энг буюк амаллардан бири, балки у диннинг ярми бўлиб қолган ярми шукрдир. Гуноҳлардан тийилиш учун сабр, тоатларни қилиш учун сабр, қазою-қадар учун сабр ва машаққатларни бартараф қилиш учун ҳам сабрга муҳтож бўламиз. Демак сабрга ҳар лаҳзада муҳтожмиз. Сабрни моҳиятига етишдек неъматга эга бўлган киши ҳар қанча шукр қилса оз бўлади. Рамазон ойи бизни ана ўша сабрга ўргатади. Сабр деганда фақат мусибат тушганда йиғламаслик, пушаймон бўлмаслик тушунилмайди. Гуноҳларга сабр қилиш, тоатларга сабр қилиш, Аллоҳ таолонинг тақдирига сабр қилиш бор. Рамазон ойида киши бу сабрнинг барчасига муҳтож бўлади. Шунинг учун ҳам бу ой сабр ойи ҳам деб аталади.
17. Минг ойдан яхши бўлган тунни қўлга киритишга фурсат
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бу умматга бўлган лутфи карами нақадар олий даражада эканлигини кўпчилигимиз эсимиздан чиқариб қўямиз, баъзиларимиз балки билмаймиз ҳам. Ўтмишдаги умматлар Аллоҳ таолога юз йиллаб, балки минг йиллаб ибодат қилишган. Одам алайҳиссаломга 1000 йил умр берилмадими?! Нуҳ алайҳиссалом қавмларини 950 йил даъват қилганлари у кишининг 1000 йил атрофида умр кечирганликларига далил эмасми?! Аллоҳ таолонинг бу умматга 60-70 йил атрофида умр беришлиги унинг бу умматга бўлган раҳматидур. Чунки ақл соҳиби бораётган манзилига етиш учун бекатда ортиқ кутиб ўтирмайди. Учраган биринчи транспортга миниб манзилга шошилади. Биз эса Отамизни шайтон ундан чиқарган, ана ўша манзилга етиш учун бу дунё бекатида, зерикарли дамларга сабр қилиб, атрофда ҳар хил одамларни кўриб кутиб ўтирган кимсалармиз. Аллоҳ ўзининг раҳмати билан бизни бу бекатда кўп куттирмади. Бунинг устига ўтган қавмларнинг минг йиллик ибодатларини қоплаб кетадиган, бир кеча бўлса ҳам минг кечадан афзал бўладиган кунлар, битта намоз 500-1000 балки 100000 та намоздан афзал бўлган масжидлар, бир кунда миллионларча кишига мағфират улашиб, шайтонни жонини бўғзига келтирадиган арофот кунларини, муборак жой, муборак вақтларни ато қилди. Нақадар улуғ зот! Нақадар меҳрибон! Нақадар саховат! Умримизни олдинги қавмларнинг умрларидан қисқароқ қилсада ажримизни уларникидан кам қилмасликка фурсат берди. Аллоҳу акбар. Бу фурсатларни қўлдан чиқарган инсонни нима деб аташ мумкин.
18. Болалар тарбиясига яхши фурсат
Рамазон ойининг рўзаси бу диннинг бешдан бири демакдур. Болаларга рўза тутишликни ўргатиш учун бу ойдан кўра қулай вазият бўлмаса керак. Ундан ташқари бу ой турли ибодатлар бажариладиган ой. Бу амалларнинг ҳар бирини болалар кўз олдида бажариш уларнинг тарбияларига катта ҳисса қўшади. Демак, болаларга бу ойда қандай қилиб садақа қилиш, уни кимларга бериш, таҳажжуд, таровиҳ, рўза, ифторлик, меҳмонлик одоблари, мезбонлик одоблари ва ҳокозо амалларни ўргатса бўлади. Яна кўпчилик мусулмонлар рамазон охирида фитр закотини фақат ўзлари чиқариб қўядилар. Фарзандлар бундан бехабар. Ана шундай ўринларда ҳар бир фарзанд ўзининг фитр закотини чиқаришда ҳеч бўлмаганда уни чиқарилганини билиб қўйиш, ёки миқдорини кўриш, хуллас қайсидир бир томондан бўлса ҳам бу амалда иштирок этгани мақсадга мувофиқ бўлади. Шунда болалар «соъ» нима, «муд» нима, улар қанақа ўлчов бирлиги, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу идишларда қандай ўлчаганлар ва ҳокозо нарсалар уларнинг кўз олдида тарих сифатида, ҳамда ибрат бўлиб гавдаланади. Бу билан болалар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларини амалий равишда кўргандай бўлади, тасаввур қилади. Билимлари назарий маълумот бўлиб қотиб қолмайди. Валлоҳу аълам.
19. Сийлайи раҳм қилишга фурсат
Имом ибн Можа, Термизий, Абу Довуд ва бошқалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтиладики: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Жаннат эшиклари ҳар душанба ва пайшанба кунлари очилади. (Ўша кунда) ўзаро ораларида адоват бўлган икки кишидан бошқа Аллоҳ таолога бирор нарсани шерик қилмаган ҳар бир бандага мағфират қилинади. Ва бу иккалисини то келишиб олгунга қадар кутиб туринглар дейилади» (Имом Муслим ривояти, 6709-ҳадис).
Рамазон ойи шунчалик катта ажрлар мавсуми бўладию, ораларида хилоф бўлган мусулмон биродарлар бу ойдан олдинги ойларда бундай мағфират инъомларидан қуруқ қолишгани етмаганидай, хилофларида давом этиб, Рамазон ойининг ҳам савобларидан қуруқ қоладиларми. Йўқ, асло бундай қилиш мўмин биродарларга лойиқ эмас. Рамазон бизнинг орамиздаги барча адоватларни бартараф қилишга яхши фурсат. Келинг, Рамазон ажрини баркамол равишда қўлга киритишга бирдам бўлайлик. Ораларидан бирор гап ўтган биродарлар ўзаро сулҳ қилиб бир-бирларини кечириб бу ойга тоза ва покиза қалб билан кирсинлар. Бошқаларга ҳам буни эслатсинлар. Оддий биродарлар орасидаги бундай хилофлар бизга шундай қаттиқ салбий таъсир кўрсатар экан, бу хилоф оға-ини, қариндошлар орасида бўлсачи. Аллоҳ асрасин!
20. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳаж қилишдек ажр олишга фурсат
Саҳиҳ манбаларда Бухорий ва бошқа муҳаддис олимларимиз ривоят қилган ҳадисларда айтилишича, Рамазон ойида умра қилиш Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳаж қилишга баробар келишлиги кўпчилигимизга янгилик бўлмаса керак. Шундай экан бу ой Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳаж қилишдек шарафга муяссар бўлиш учун фурсат эмасми. Аллоҳ таоло барчамизга буни насиб этсин.
21. Жаннатнинг Райён эшигидан кирувчилардан бўлишга фурсат
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни келтирадилар: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Жаннатнинг саккиз эшиги бўлиб, уларнинг бири Райён деб аталади. Ундан фақат рўзадорлар киради»». Аллоҳ барчамизни ўша эшик остонасидан ҳатлайдиганлардан қилсин. Амин.
22. Дуолар қабул бўладиган вақтларга тўғри келишга фурсат
Дуолар қабул бўлишининг кўп сабаблари бор. Ҳар доим ҳам унга муваффақ бўлавермаймиз. Рамазон ойида эса бу сабабларнинг аксари мавжуд. Гуноҳлар камайиши, иймон зиёда бўлиши, ифтор вақтлари, рўзадорларга ифторлик қилиб уларнинг дуоларини айни ижобат соатида олиш, қиём намози, саҳар вақти...
Шунинг учун ҳам бўлса керак ким агар Рамазон ойини идрок қилсаю уни гуноҳи кечирилмаса унинг ҳолига вой бўлсин деб айтилгани.
Бир куни Росулуллоҳ минбарга кўтарилиб: «Омин... Омин... Омин...» дедилар. Саҳобалар бундай дейишларининг сабабини сўрашганда: «Ҳузуримга Жаброил келиб: «Ким Рамазон ойига етса-ю, гуноҳлари мағфират қилинмаган бўлса, хор бўлсин, «Омин» денг» деди, мен «Омин» дедим. «Ким ота-онасини ёки улардан бирини (кексалик пайтларида) топган бўлса-ю, (уларни норози қилиб) гуноҳлари кечирилмаган бўлса, хор бўлсин «Омин» денг», деди, мен «Омин» дедим. «Ким сизнинг номингиз зикр этилганда сизга салавот айтмаса, хор бўлсин, «Омин» денг», деди, мен «Омин» дедим» дедилар (Табароний, Байҳақий, Ибн Ҳиббон ривоятлари).
23. Эътикоф амалига энг муносиб фурсат
Рамазон ойи яна бир ҳақиқий иймонтарбия омили бўлган амалнинг мавсуми ҳисобланади. Киши йил бўйи одамларга аралашиб дунё ташвишию ҳаётнинг баланд пастлари билан бўлиб Аллоҳ таолонинг фақат ўзигагина барча вақтини ажратиши қийин бўлади. Бу эса қалбларга ҳар кимнинг иймони қувватига яраша салбий таъсир қилади. Эътикоф амали қалблардан ана шундай ғуборларни кўтариб ташлайди. Эътикоф амалини фазилатини зикр қилар эканмиз унинг битта фазлини айтсак кифоя қилади. Бу амалнинг фазилати шундаки юқорида айтилган фазилатларнинг барчасини қалбимиз, жасадимиз, фикримиз ва бутун вужудимиз фақатгина Аллоҳ таолога қаратилган вақтда эътикоф вақтида амалга ошади.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчамизни ушбу ойда ва ҳаётимизда дунёю охиратимизга фойдаси бўладиган фурсатлардан унумли фойдаланадиган илғорлардан қилсин. Амин!

تحرير: الفريق الأوزبكي
Нашрга тайёрловчи: Дорул Ислом ижодий гуруҳи

Admin   09-08-2010, 02:38 AM
#70
Сафарда рўза тутиш афзалми ёки тутмасликми?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Уламолар бу масалада 3 хил қавлга бўлинишди:
Биринчи қавл: Жумҳур уламолар сафарда рўза тутишга қийналмайдиган инсон рўза тутгани афзал дедилар.
Иккинчи қавл: Имом Аҳмад рухсатни олиб рўза тутмаслик афзал дедилар.
Учинчи қавл: Баъзи уламолар инсон қай бир йўлни истаса шуни қилиши мумкин: хоҳласа рўза тутсин, хоҳламаса тумасин, иккала ҳолат ҳам бир хил дедилар.
Quote:Қаранг: «Бидаяту ал-мужтаҳид» 1/296.
Биринчи қавл: Жумҳур уламоларнинг мазҳабидир.
Quote:Улардан имом Молик, Шофиий ва Абу Ҳанифа, Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин!
Уларнинг фикрича сафарда рўза тутишга қийналмаганлар рўза тутганлари афзалдир.
Quote:Қаранг: «Фатҳул Борий» 4/216.
Уларнинг далиллари имом Бухорий ва Муслимнинг Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдир: «Биз Рамазонда қаттиқ иссиқда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарга чиқдик. Баъзиларимиз иссиқнинг зўридан қўлини бошига қўйиб олар эди. Ичимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ва Абдуллоҳ ибн Равоҳадан бошқа рўзадор йўқ эди».
Бу ҳадисдаги далил шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам иссиқнинг зўрида рўза тутганликларидир. Бу сафарда рўза тутишнинг фазилатига далолат қилади. Агар рўза тутмаслик афзал бўлганида эди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилган бўлардилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи сафарларида рўза тутмаганларига сабаб, умматларига қийинлаштирмаслик ва сафарда рўза тутишга қийналганларга рўза тутмаслик мумкин эканлигини кўрсатиш учун бўлган эди. Рўза тутишга қийналмаганлар учун эса рўза тутишлари афзалдир.
Иккинчи қавл: Кўпгина уламолар рўза тутмасдан рухсатни олишлик афзал дейишди. Бу ал-Авзоий, Аҳмад, Исҳоқ ибн Равоҳайҳнинг мазҳабидир. Улар далил сифатида имом Муслимнинг Ҳамза ибн Амр ал-Асламийдан ривоят қилган ҳадисни келтирдилар. У киши сўради: «Эй Расулуллоҳ, мен ўзимда сафарда рўза тутишга куч топаябман. Бу ишда менга гуноҳ борми?» Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: «Бу рухсат Аллоҳдандир (яъни Аллоҳ сафарда рўза тутмасликка рухсат берган). Ким бу рухсатни олса яхши бўлади. Ким рўза тутса бунда унга гуноҳ йўқдир».
Ушбу ҳадисдаги далил ҳақида ибн Таймийя айтганлар: «Ҳамза Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга сафарда рўза тутишга қодир эканлиги ва бу у учун осон эканлиги ҳақида айтди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: «Бу рухсат Аллоҳдандир. Ким бу рухсатни олса яхши бўлади» дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «яхши бўлади», яъни мақсадга мувофиқ бўлади дедилар. Агар кимки рўза тутишни истаса унга гуноҳ йўқдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «гуноҳ йўқдир» сўзлари фақатгина рўза тутишга рухсат эканлигини кўрсатмоқда. Тафаккур қилганлар учун бу тушунарли бўлиши керак».
Quote:Фатава, китабу ас-сиям, 216.
Ибн Таймийя ва унинг фикрига эътироз: Ҳамза ибн Амр ал-Асламийдан «Хоҳласанг, рўза тут, хоҳламасанг тутма» ривояти рухсат ҳақидаги ривоятдан саҳиҳроқ ровийлар орқали етиб келган. Улар Абдуллоҳ ибн Вағба Амр ибн ал-Хорисадан, Абул-Асваддан, Урва ибн Зубайрдан, ал-Марваҳдан, Ҳамзадан етиб келган.
Имом Насоий «ас-Суғра» (4/186) да: «Хоҳласанг, рўза тут, хоҳламасанг тутма» жумласини Убайдуллоҳ ибн Саиддан келтириб айтади: «Амаким ушбу матнни отамдан, у эса Абу Мирваҳадан, у эса Ҳамзадан ривоят қилди».
Шунингдек имом Аҳмад (3/494), Таҳовий «Маани ал-асар» (2/69) нинг шарҳида, Табароний «ал-Кабир»да Саид ибн Аби Урвадан, Қатодадан, Сулаймон ибн Ясирадан, Ҳамза ибн Ясирадан «Хоҳласанг, рўза тут, хоҳламасанг тутма» жумласини ривоят қилишган.
Шунингдек яна бошқа кўпгина ривоятлар мавжуд. Улардан баъзилари заифдир.
Буларнинг барчаси зоҳиран қаралганда Ҳамза билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам орасидаги ҳодиса бир мартагина содир бўлганлигини кўрсатмоқда. Демак, икки ҳолатдан бирини ихтиёр қилишимиз керак. Шубҳасиз ровийлар силсиласи саҳиҳроқ матнни ихтиёр қиламиз.
Quote: яъни «Хоҳласанг, рўза тут, хоҳламасанг тутма» ривояти назарда тутилаябти.
Ибн ал-Арабий айтади: «Тўғриси шуки, умумий оят сабабли сафарда рўза тутишлик афзалдир:
«Агар билсангиз, рўза тутишингиз ўзингиз учун яхшироқдир» (Бақара: 184). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда рўза тутмаганликларига келсак, (ҳадисда келишича) одамлар рўза тутишга қийналдилар ва улар (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рўзаларидан воз кечишларини кутдилар. (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рўзаларидан воз кечдилар (яъни очиб юбордилар). Рўзани тутишда қийналган рўзасини очиб юборишида ихтилоф йўқдир».
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисида айтилишича: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан рамазонда жиҳодга чиқар эдик. Орамизда рўза тутганлар ҳам, рўза тутмаганлар ҳам бор эди».
Ибн Ҳажар айтади: «Бошқалар: бунда ихтиёр бор, хоҳласа рўза тутади, хоҳламаса рўза тутмайди дедилар».
Quote:Фатҳул Борий, 4/216.
Яна бир гуруҳ уламолар инсонга нима қулай бўлса ўшани қилиши афзал дедилар. Аллоҳ айтади:
«Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди» (Бақара: 185). Агар унга рўзасини очиб юбориш яхши бўлса, демак бу унинг ҳаққи. Агарда у учун рўза тутгани енгилроқ бўлса, масалан, кейин қазосини тутиб беришликка қийналса, унда у учун рўза тутгани афзалдир.
Умар ибн Абдулазиз ва ибн Мунзир шу фикрда бўлишган.
Хулоса қилиб айтганда, жумҳур уламоларнинг қавли қуйидагичадир:
Ким рўза тута олса рўза тутгани афзал. Ким рўза тута олмаса ёки рухсатни олишга ҳаё қилса, рўза тутмасин. Кимга фарқи бўлмаса (ҳар қандай ҳолатда ҳам қийналмаса), рўза тутиш ва уни тутмасликдан бирини танлайди.
Аллоҳ билгувчироқдир!

Pages (13):    1 5 6 7 8 9 13   
  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.