Кечир, Рамазон!
Муаллиф: Шайх Холид ар-Рошид
Араб тилидан Муҳаммад Исмоил таржимаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Унга ҳамд айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз. Нафсларимиз ёмонлиги ва амалларимиз ёмонларидан Аллоҳнинг паноҳига ўтамиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, уни ҳеч ким адаштира олмас ва Ул зот адаштириб қўйган кишини бирон кимса ҳидоят қила олмас. Ёлғиз Аллоҳдан бошқа ибодатга ҳақли бирон илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Ул зотнинг қули ва элчиси эканлигига гувоҳлик бераман.
«Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан ҳақиқий қўрқув билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингизда дунёдан ўтинглар!» (Оли-Имрон: 102)
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (яъни Одам алайҳиссаломдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳавво алайҳассаломни) яратган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндошларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатгувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг элчисига итоат этса, улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70,71).
Сўзларнинг энг тўғриси Аллоҳнинг китоби ва йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидир. Ишларнинг энг ёмони динда пайдо қилинган янгиликлардир. Динда пайдо қилинган ҳар бир янгилик бидъат, ҳар бир бидъат залолат ва ҳар бир залолат дўзахдадир.
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Азиз биродарлар, опа-сингиллар!
Улуғ Аршнинг Робби бўлмиш Аллоҳ таолодан барчамизни охират диёрида жаннатлардаги сўриларда бир-бирларига рўбарў ўтирувчи дўст-биродарлардан қилишини, ҳар биримизни зоҳирий ва ботиний фитналардан асрашини ҳамда ҳидоятланган ва ўзгаларнинг ҳидоятига сабаб бўлувчи кишилардан қилишини сўрайман.
Бугунги маърузамизнинг мавзусини «Кечир, Рамазон!» деб номладим ва у қуйидаги бандлардан ташкил топган:
• Нега кечирим сўраймиз?!
• Мавзуга киришишдан олдин бир оз тафаккур;
• Рамазон ойи;
• Сизларга рўза фарз қилинди;
• Сиздан ва мендан талаб қилинган нарса;
• Ғариб бўлиб бошланган ва ғарибликка қайтади;
• Ғариблар ва рўза;
• Опа-сингилларга салафларнинг рўзадор аёллари хабарларидан намуналар;
• Рўзадорларнинг турлари;
• Кечир, Рамазон!;
• Сўнгги нидо.
Нега кечирим сўраймиз?!
Чунки, ҳар йили Рамазонга нисбатан биздан айни хато ва камчиликлар содир бўлади. Ҳар йили Рамазон киришидан бир неча кун олдин ўзимизни унга тайёрлагандек бўламиз, орзу-умидларга бериламиз..
- Бу йил Рамазонда ундай қиламан, бундай қиламан..
- Тунлари шунча намоз ўқийман..
- Қуръонни шунча марта хатм қиламан..
Аммо, Рамазон кириб, бир неча кун ўтмаёқ, ҳамма режаларимиз режа бўйича қолиб кетиши, орзу-умидларимиз хом ҳаёл экани маълум бўлиб қолади.
Хўш, нега шундай бўлади?! Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?!
Сабаб шуки, биз ўзимизга Рамазондан илгари қилиб ўрганмаган ишларни юкламоқчи бўламиз.
Шундай экан, режаларимиз ўлда-жўлда қолиб кетганига асло ажабланмасак бўлаверади.
Ахир биз тунлари туриб намоз ўқишга, Қуръонни хатм қилишга, давомий равишда рўзалар тутишга қачон одатланибмизки, Рамазонда ушбу ишларни бирваракайига амалга оширсак?!
Аммо салафларимиз-чи...
Йилнинг ҳаммаси улар учун гўё Рамазон эди!... Рамазон ойи кирганида эса ҳимматлари яна ҳам баланд бўлиб, ибодатларга яна-да кўпроқ берилар эдилар!
Аввалдан кечир бизни, Рамазон! Чунки, кўпларимиз айни хато ва камчиликларни яна такрорлашимиз аниқ!!
Мавзуга киришишдан олдин бир оз тафаккур
Ўтган йили худди шу кунларда рўза ойига кўз тикаётган, унинг келишини кутаётган эдик. Хўш, кейин нима бўлди?!!
Тўла бир йил – ўн икки ой бирин-кетин биз қилган яхшию ёмон ишларни елкасига ортганча ўтди кетди.
Аллоҳ рост айтади – зеро, Аллоҳдан кўра ростгўйроқ ким бор?! - :
«Биз бу кунларни одамлар орасида айлантириб турамиз» (Оли-Имрон: 140).
«Аллоҳ кеча ва кундузни айлантириб туради. Албатта бунда қалб эгалари учун ибрат бордир» (Нур: 44).
Ибн Касийр раҳимаҳуллоҳ айтади:
«Кунлар бирин-кетин ўтаверади, биз эса кўз кўриб турган ҳолда ажалларимиз сари бораверамиз».
Умримиздан ўтган ҳар бир дақиқа, ҳар бир сония тоғларча олтин-кумуш сарфласак-да, асло ортга қайтмайди.
Эй биродар, эй сингил, унутманг: нафаслар саноқли, ажаллар белгилаб қўйилган!
Билингки, ҳали умримиз борлиги, ушбу улуғ ойга саломат етиб келаётганлигимиз Аллоҳнинг бизга ато этаётган улкан неъматларидан биридир!
Ўлим қанча-қанча ёр-биродарларимизни орамиздан олиб кетди, не-не суйган кишиларимиз тупроқ остига кирдилар!!
Ўйлаб кўринг, ўтган йили биз билан рўза тутган, бирга ҳайит намози ўқиган кишилардан анча-мунчаси бугун орамиздан кетган, бу фано оламидан кўчиб, бақо оламига етган!!
Мана бу ҳадиси шарифдан ўзимизга керакли хулоса чиқаришга шошилайлик:
عن ابن عباس رضي الله عنهما قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : اِغْتَنِمْ خَمْساً قَبْلَ خَمْسٍ : شَبَابَكَ قَبْلَ هَرَمِكَ ، وَصِحَّتَكَ قَبْلَ سَقَمِكَ ، وَغِناكَ قَبْلَ فَقْرِكَ ، وَفَرَاغَكَ قَبْلَ شُغْلِكَ ، وَحَياتَكَ قَبْلَ مَوْتِكَ (راوه الحاكم والبيهقي).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: қариликдан олдин ёшлигингни, бемор бўлишдан олдин соғлигингни, камбағаллашишдан олдин бойлигингни, машғул бўлиб қолишдан олдин бўш вақтингни, ўлимдан олдин ҳаётингни», дедилар (Ҳоким ва Байҳақий ривоятлари).
Одамларнинг яхшиси бўлишга ҳаракат қилайлик! Биласизми, одамларнинг яхшиси ким? Мана бу ҳадисга ҳам бир қулоқ тутинг-а:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ بُسْرٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ أَعْرَابِيًّا قَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ مَنْ خَيْرُ النَّاسِ قَالَ مَنْ طَالَ عُمُرُهُ وَحَسُنَ عَمَلُهُ (رواه الترمذي).
Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир аъробий:
«Ё Расулуллоҳ, одамларнинг энг яхшиси ким?» деб сўраган эди, ул зот:
«Умри узоқ ва амали гўзал бўлган одам», деб жавоб бердилар (Термизий ривояти).
Рамазон ойи
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 185-оятида айтади:
«(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунлари¬нинг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз».
Рамазон ойи кириб келаётганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларини қутлар эдилар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُبَشِّرُ أَصْحَابَهُ قَدْ جَاءَكُمْ شَهْرُ رَمَضَانَ شَهْرٌ مُبَارَكٌ افْتَرَضَ اللَّهُ عَلَيْكُمْ صِيَامَهُ يُفْتَحُ فِيهِ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ وَيُغْلَقُ فِيهِ أَبْوَابُ الْجَحِيمِ وَتُغَلُّ فِيهِ الشَّيَاطِينُ فِيهِ لَيْلَةٌ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ مَنْ حُرِمَ خَيْرَهَا فَقَدْ حُرِمَ (رواه أحمد والنسائي).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини қутлаб шундай дедилар:
«Сизларга муборак ой – Рамазон ойи кириб келди. Аллоҳ сизларга унинг рўзасини фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очиб қўйилади, жаҳаннам қопқалари беркитилади, шайтонлар занжирбанд қилинади. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бўлган бир кеча бор. Ким унинг яхшилигидан маҳрум бўлса, (барча яхшиликдан) маҳрум бўлибди» (Имом Аҳмад ва Имом Насоий ривояти).
Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтади:
«Бу ҳадис одамлар Рамазон ойи муносабати билан бир-бирларини табриклашларига асос бўлади».
Ахир мўмин киши жаннат дарвозалари очиб қўйилиши билан қандай қутланмасин?!
Гуноҳкор банда дўзах қопқалари ёпиб қўйилиши билан қандай хурсанд бўлмасин?!
Оқил одам шайтонлар занжирбанд қилинадиган вақт хабари билан қандай шодланмасин?!
Бу фурсатга ўхшаш бошқа бирон фурсат борми дунёда?!
Муалло ибн Фазл раҳимаҳуллоҳ айтади:
«Салафлар Рамазонга етказишини сўраб олти ой Аллоҳга дуо қилишар ва Рамазондан кейин олти ой рўзаларини қабул қилишини дуо қилиб сўрашар эди».
Яҳё ибн Касийр раҳимаҳуллоҳ айтади:
«Улар «Парвардигоро, мени Рамазонга, Рамазонни менга саломат етказгайсан ва унинг рўзасини мендан қабул қилгайсан, эй оламлар Робби», деб дуо қилардилар».
Хуш келибсан эй пок, муборак ва улуғ ой!!
Рамазон – Қуръон ва самовий китоблар нозил қилинган ой!
Рамазон – рўза ва Қуръон билан шафоатланиш ойи!
Рамазон – таровиҳ ва таҳажжуд ойи!
Рамазон – тавба ойи, гуноҳларнинг каффорати ойи!
Рамазон – шайтонлар кишанланган ой!
Рамазон – жаҳаннам эшиклари беркитилиб, жаннат дарвозалари очилган ой!
Рамазон – хайру саховат, эҳсон ва дўзахдан қутулиш ойи!
Рамазон – сабр, шукр ва дуо-илтижолар ойи!
Рамазон – яхшиликлар бир неча баробар кўпайтириладиган ой, қадр кечаси бўлган ой!
Рамазон – жиҳод ва ғалабалар ойи!
Бу айтилганлар Рамазонда бўлган фазилатларнинг бир қисмигина холос. Шундай экан, мўмин киши бу ой билан қандай шодланмасин?!!
Кечир бизни, Рамазон! Кечир, биз сенинг қадрингга етмадик!!
Сизларга рўза фарз қилинди
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 183-оятида айтади:
«Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди»
Рўзадан бўлган ҳикмат – киши ўзини ейиш-ичишдан ва жинсий яқинликдан тийишигина эмас, балки Аллоҳ таоло айтганидек: «тақволи кишилар бўлишингиз учун» ва пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида ишора қилганларидек:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ لَمْ يَدَعْ قَوْلَ الزُّورِ وَالْعَمَلَ بِهِ وَالْجَهْلَ فَلَيْسَ لِلَّهِ حَاجَةٌ أَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ (رواه البخاري)
«Кимки, ёлғонни, унга амал қилишни ва жоҳиллик (бақир-чақир)ни тарк қилмаса, емоқ-ичмоғини тарк қилишининг Аллоҳга ҳеч қандай ҳожати йўқ» (Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Сиздан ва мендан талаб қилинган нарса
Демак, сиздан ва мендан талаб қилинган нарса – Аллоҳ азза ва жалладан тақво қилишга эришиш...
Аллоҳдан тақво қилиш – бош мақсад ва энг олий ғоядир.
Аллоҳ таоло айтади:
«Биз сизлардан илгари Китоб берилган зотларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳдан қўрқинглар, деб амр қилдик» (Нисо: 131).
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : اتَّقِ اللَّهِ حَيْثُمَا كُنْتَ...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Қаерда бўлсанг-да, Аллоҳдан тақво қил», деганлар (Имом Термизий Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Тақвонинг энг яқин маъноси – буюрилган ишни қилиш ва қайтарилган ишдан тийилишдир.
Нима дейсиз, биз тутаётган рўзамиз билан тақво ҳосил қила оляпмизми?! Ёки бизлар Аллоҳдан кундузи тақво қилиб, кечаси осий бўладиган кимсаларданмизми?!
Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ бир кишига ёзган мактубларида шундай ёзадилар:
«Мен сизни Аллоҳдан тақво қилишга буюраман. Зеро, У Зот тақводан ўзгани қабул қилмас, тақво аҳлидан ўзгага раҳм этмас, тақво билан қилинган амалдан ўзгасига ажру савоб бермас. Тақво ҳақида ваъз айтувчилар кўп, тақвога амал қилувчилар оз.. Аллоҳ мени ва сизни тақводорлардан қилсин».
Аллоҳдан тақво қилиш – кишининг энг улуғ сири, энг зийнатли безаги, энг афзал захираси бўлмоғи лозим. Зеро,
«Охират Парвардигорингиз наздида тақводор зотлар учундир» (Зухруф: 35).
Энди тақводор зотларнинг хабарларидан бир шингилини диққатингизга ҳавола этаман:
Бухорий раҳимаҳуллоҳ айтади:
«Балоғатга етганимдан бошлаб биронта ҳам мусулмонни ғийбат қилмадим».
Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтади:
«Аллоҳ номига бирор марта, на рост, на ёлғон қасам ичмадим. Агар сув одамийлигимга зарар етказишини билсам, уни ичмаган бўлар эдим».
Муҳаммад ибн Восеъ раҳимаҳуллоҳга:
«Нега ҳеч суяниб ўтирмайсиз?» дейилганда:
«Хотиржам одам суяниб ўтиради, мен эса доим хавфдаман», деб икки бор такрорладилар.
Абдуллоҳ ибн Ваҳб раҳимаҳуллоҳга:
«Ўшанда улар дўзах ичра ўзаро тортишарканлар...» ояти (Ғофир: 47) ўқилганда, беҳуш бўлиб йиқилди.
Масруқ раҳимаҳуллоҳ ҳаж қилганида тинимсиз намозда бўлганидан ҳатто уйқусини ҳам саждада ухларди.
Салафлардан бирлари:
«Ёлғон ўз эгасига зарар етказишини билганимдан бошлаб асло ёлғон гапирмадим», дейди.
Абу Сулаймон ад-Дороний раҳимаҳуллоҳ:
«Юзим гуноҳлардан қорайиб кетдимикин деб ҳар куни ойнага қарайман», деди.
Салафларнинг ҳолатлари ана шундай эди. Сиз билан бизнинг ҳолимиз-чи??!!
Эгнимизда янги либос, еганимиз ёғлиқ палов, охират азоби ёдимиздан кўтарилган, орзуларимиз чексиз... Ўзинг раҳм этгил, эй Парвардигор!
Ҳаётнинг нима қизиғи бор?!...
Яшаш нега керак?!...
Агар кўзларимиз Аллоҳдан қўрқиб ёш тўкмаса!!
Агар саҳарларда Аллоҳга ҳамду санолар айтмасак!!
Агар зикр аҳлининг карвонига қўшилмасак!!
Агар жазирама иссиқларда рўза тутмасак, махфий садақалар бермасак!!
Яшаш маъноси шу эмасми, аслида?!!
Дедилар:
«Агар тунларни намоз билан, кундузларни рўза билан ўтказиш қўлингдан келмаса, билгинки, сен ҳақиқий маҳрумсан».
Аллоҳ таоло айтади:
«Албатта тақводор зотлар жаннатларда ва дарёлар (усти)да Қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда бўлурлар» (Қамар: 54, 55).
Ғариб бўлиб бошланган, ғарибликка қайтади
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَدَأَ الْإِسْلَامُ غَرِيبًا وَسَيَعُودُ كَمَا بَدَأَ غَرِيبًا فَطُوبَى لِلْغُرَبَاءِ (رواه مسلم).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «
Ислом ғариб бўлиб бошланган, қандай бошланган бўлса ўшандай, ғариб ҳолига қайтади. Ғарибларга жаннат бўлсин!», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Салафлар ҳақидаги хабарларни ўқиган ва эшитган одам бугунги кунда дин ўз аҳли ичида ғариб ҳолга тушиб қолганини англаб етади.
Уларнинг рўзалари, тунги намозлари ва жиҳодлари ҳақида ўқиган-билган одам бугунги воқеълик нақадар ўзгартиришга муҳтож эканига ишонч ҳосил қилади.
Келинг, энди ғарибларнинг Рамазондаги кўринишларидан баъзилари билан танишиб чиқамиз, шунда беихтиёр тилларимиздан: «Кечир, Рамазон!», деган сўзлар отилиб чиқса ажаб эмас.
Ғариблар ва рўза
Ибн Умар розяллоҳу анҳумо айтади:
«Умар розияллоҳу анҳу дунёдан ўтгунига қадар давомий рўзадор эди».
Яхшилар амири, ёмонлар фитнаси қурбони Усмон розияллоҳу анҳу.. Бу зот ҳақларида Абу Нуайм:
«Кундуздан олган улуши саховат ва рўза, тундан олган улуши сажда ва қиём эди» дейди.
Аёллари Ҳайма айтади:
«Усмон бир умр рўзадор ўтдилар, тунлари кечанинг аввалида бир оз ухлар, қолган қисмини эса намоз билан ўтказардилар».
Уни ўлдиришган пайтда ҳам рўзадор, олдида Қуръон очиқ, кўз ёшлари юзларидан оқиб, соқолларини ҳўл қилган ҳолда эдилар. Ваҳоланки, ул зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳабиби, содиқ вазир, дунёда яшаган яхшиларнинг тўртинчиси эдилар.
Абу Талҳа ал-Ансорий розияллоҳу анҳу... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу саҳобий ҳақларида:
«Лашкар ичида Абу Талҳанинг овози мингта одамдан яхшироқ», деганлар.. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Абу Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ғазотлар туфайли (нафл) рўза тутолмас эди.. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг мен бу кишини Фитр ва Қурбон ҳайити кунларидан бошқа бирон кун рўзасиз кўрмадим».
Ислом умматининг донишманди, қориларнинг саййиди Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлишларидан илгари мен савдогар эдим. Ул зот пайғамбар қилиб юборилгач, ибодат билан тижоратни бирга олиб бормоқчи бўлдим, лекин иккаласининг боши бир жойга қовушмади. Шунда мен ибодатни ушлаб, тижоратни ташладим...» Аёллари бу киши ҳақида:
«Дунёга умуман қизиқмас, тунлари намоз билан бедор, кундузлари рўзадор бўшашиш эса унга ёт эди», дейди.
Суннатга эргашувчиларнинг имоми Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу... У ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:
«Абдуллоҳ нақадар яхши одам...» деб берган гувоҳликлари кифоя... Нофеъ айтади:
«Ибн Умар сафарда рўза тутмас, муқимликда деярли рўзасиз юрмас эдилар».
Саид ибн Жобир айтади:
«Ибн Умарга ўлим соати яқинлашганида дедилар: «Дунёдан уч нарсадан бошқасига қайғурмайман (ачинмайман): жазирама иссиқлардаги ташналик, кечаларда чекилган машаққат ва тажовузкор тоифага – яъни, Ҳажжожга – қарши жанг қилмаганимга..».
Ражо ибн Ҳайва ривоят қилади, Абу Умома розияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жангга лашкар ҳозирлар эканлар, ҳузурларига бориб:
«Ё Расулаллоҳ, дуо қилинг, Аллоҳ менга шаҳидликни насиб этсин» дедим. Шунда у зот:
«Парвардигоро, буларни Ўзинг саломат сақлаб, ўлжалар билан қайтаргин» деб дуо қилдилар. Биз жангдан ғалаба ва ўлжалар билан қайтдик... Шу ҳол уч бор такрорланди.. Тўртинчи маротаба у зот ҳузурларига бориб шундай дедим:
«Ё Расулаллоҳ, мен уч бор ҳузурингизга шаҳидлик орзусида дуо сўраб келдим, сиз: «Парвардигоро, буларни Ўзинг саломат сақлаб, ўлжалар билан қайтаргин» деб дуо қилдингиз. Биз жангдан ғалаба ва ўлжалар билан қайтдик. Ё Расулаллоҳ, энди мени шундай бир амалга буюрингки, мен шу сабабли жаннатга киришга мушарраф бўлай», дедим.
«Рўзага маҳкам бўл, зеро унга тенг келадиган амал йўқ», дедилар...
Ражо ибн Ҳайва айтади:
«Ана шундан бошлаб Абу Умоманинг уйларидан кундуз куни умуман тутун чиқмас, меҳмон келган кунларигина тутун кўриниб қоларди. Агар Абу Умоманинг уйидан кундузи тутун чиқиб қолса одамлар уларникига меҳмон келганини билар эдилар» (Аҳмад, Табароний ва бошқалар ривояти).
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади:
«Бир марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қаттиқ иссиқ кунда сафарга чиқдик. Иссиқнинг зўридан киши қўлини бошига қўйиб олар эди. Ичимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Ибн Равоҳадан бошқа рўзадор йўқ эди..».
Масруқ ибн Абдурраҳмон.. Чуқур илм соҳиби, ибодат ошиғи.. Бу киши ҳақида Шаъбий шундай дейди:
«Жазирама иссиқ кунларнинг бирида Масруқникига бордим.. У Оишанинг қўлларида ўсган бўлиб, Ибн Оиша ҳам дейиларди.. Қизининг гапини ҳеч қайтармас эди.. Қизи унинг ҳузурига кириб: «Эй отажон, рўзангизни очинг, мана бу сувни ичинг», деди. «Бу нима деганинг, эй қизим?!», деди. «Жонингизга бироз раҳм қилинг, дейман, отажон», деди. Шунда у: «Эй қизалоғим, мен миқдори эллик минг йилга тенг бўлган Кунда жонимга раҳм қилиш истагидаман», деди...».
Аллоҳ у зотлар учун нималар ҳозирлаб қўйган, уларни нима мукофотлар кутиб турибди?!!
Аллоҳ таоло айтади:
«Бас, Аллоҳ уларни ўша Куннинг ёмонлигидан сақлади ва улар(нинг юзлари)га жилва-нур, (дилларига) сурур бахш этди. Ва уларни сабр-қаноатлари сабабли жаннат ва (жаннатда эгниларида бўладиган) ипак (либослар) билан мукофотлади. Улар у жойда тахтларга суянган ҳолларида ўтирадилар. Улар у жойда қуёш(нинг қизиғи)ни ҳам, замҳарир (қишнинг совуғи)ни ҳам кўрмаслар. (Жаннат) соялари уларга яқин ва мевалари ҳам (узиб тановул қилиш осон бўлсин учун) эгиб қўйилган бўлур. Уларга кумуш идишлар(да таомлар) ва кумушдан (ясалган) шиша қадаҳлар(да шароблар) айлантирилиб турилур. (Соқийлар улардаги шаробларни бир андозада) ўлчаб-белгилаб қўйгандир. (Жаннат аҳли) у жойда аралашмаси занжабил бўлган косалар — (жаннатлардаги) салсабил деб аталадиган чашма би¬лан суғорилурлар. Уларнинг устида мангу ёш (яъни ҳеч қаримайдиган) болалар (хизмат қилиб) айланиб турурларки, уларни кўрган вақтингизда (гўзалликлари, рангларининг тиниқлиги ва юзларининг нурлилигидан) сочиб юборилган марваридларми, деб ўйлайсиз. У жойда қачон қарасангиз ноз-неъматларни ва катта мулку давлатни кўрурсиз. Уларнинг устларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билагузуклар билан безангандирлар ва Роббилари уларни ниҳоятда покиза шароб-ла суғоргандир. (Уларга айтилурки Албатта бу (жаннат ва ундаги ноз-неъматлар) сизлар учун мукофот бўлди» (Инсон: 11-22).
Охирги хабарим камтар ва шикаста инсон, дунёдан воз кечиб, ўзини жиҳодга бағишлаган, охирати учун пухта тайёргарлик кўрган зот – Ало ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳ ҳақида.. Раббоний, тақводор, ибодатга маҳкам, Аллоҳдан қўрқиб кўз ёш тўкувчи зот эди..
Ҳишом ибн Ҳассон айтади: Ало ибн Зиёднинг бир кунлик таоми бир дона кулча эди.. Кўкариб кетгунча рўза тутар ёки йиқилиб қолгунча намоз ўқир эди.. Бир куни унинг олдига Анас ибн Молик билан Ҳасан кириб:
«Аллоҳ сизни бу қадар ибодатга буюрган эмас», деганларида:
«Мен бир эгадор қулман, хожам учун қулликнинг не кўриниши бўлса барчасини адо этаман», деди..
Бир куни биров унга:
«Тушимда сизни жаннатда кўрдим», деганида: «Қуриб кетгур, шайтон масхаралаш учун мен билан сендан бошқасини топмадими?!», деди.
Салама ибн Саид айтади: Ало ибн Зиёд (тушда) жаннат аҳлидан экани кўрилганда уч кун кўзига уйқу қўнмай, туз тотмай, тинмай йиғлади. Ҳасан (ал-Басрий)га бунинг хабари берилгач, унинг олдига келиб:
«Эй биродар, жаннат хабарини эшитиб, ўзингизни ўзингиз ўлдирасизми?!» деди, бундан Алонинг йиғиси яна зиёда бўлди. Рўзадор эди, Ҳасан кечгача унинг олдида бўлди, шом бўлгач бир оз таом едирди.
Аллоҳ таоло бу зотлар ҳақида шундай марҳамат қилади:
«Албатта Бизнинг томонимиздан гўзал (манзилат-мартаба) берилган зотлар - ана ўшалар (жаҳаннамдан) узоқ қилинадилар. Улар унинг шарпасини ҳам эшитмаслар. Улар ўзлари истаган неъматларда абадий қолувчидирлар. Уларни Буюк даҳшат (яъни қиёмат) маҳзун қилмас. Фаришталар уларни: «Мана шу сизларга ваъда қилинган кундир», деб кутиб олурлар. У кунда Биз осмонни ҳам худди мактуб ёзилган саҳифани ўраган янглиғ ўраб, биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолга) қайтарамиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта Биз (шундай) қилувчидирмиз. Дарҳақиқат Биз (Лавҳул-маҳфузда) зикр қилгандан сўнг Забур (пайғамбарларга туширилган барча китоблар)да: «Албатта (жаннатнинг) ерига менинг солиҳ бандаларим ворис бўлурлар», деб ёзиб қўйгандирмиз. Албатта мана шу (Қуръон)да ибодат қилувчи қавм учун етарли нарса бордир. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик» (Анбиё: 101-107).
Яна шундай марҳамат қилади:
«У – Биз бандаларимиздан тақводор бўлган кишиларга мерос қилиб берадиган жаннатдир» (Марям: 63).
Аллоҳ у зотлардан рози бўлсин, нақадар олийҳиммат эдилар!! Уларнинг васфини тўла ифода этишдан тиллар ожиз қолаверади!!
Опа-сингилларга рўзадор салаф аёллари хабарларидан
Сиддиқа бинти Сиддиқ, Атиқа (дўзахдан озод қилинган) бинти Атиқ, Ҳабибатул Ҳабиб (пайғамбарнинг суюклиси), айблардан пок зот – Оиша розияллоҳу анҳо ва арзоҳо...
Абдурраҳмон ибн Қосим айтади:
«Оиша розияллоҳу анҳо узлуксиз рўза тутар эдилар»..
Урва айтади:
«Оиша розияллоҳу анҳо давомий рўзадор эдилар»..
Қосим айтади:
«Тинимсиз рўза тутар, фақат Қурбон ва Фитр ийди кунлари тутмас эдилар.»..
Бир марта Муовия розияллоҳу анҳу юз минг дирҳам ҳадя юборганларида Оиша розияллоҳу анҳо бир дирҳам ҳам қолдирмай, ҳаммасини садақа қилиб юбордилар. Барира:
«Ўзингиз рўзадорсиз, шунча пулдан атиги бир дирҳамига ифторлик учун гўшт сотиб олсангиз бўларди-ку?» деганида:
«Танбеҳ бермай қўяқол, агар эслатганингда шундай қилган бўлардим», дедилар...
Қаввома (тунлари кўп намоз ўқувчи) ва Саввома (кўп рўза тутувчи) Ҳафса бинти Умар.. Аллоҳ ундан, отасидан, ака-укаларидан ва Умарнинг барча оила аъзоларидан рози бўлсин!!..
Ҳоким ва Табароний Қайс ибн Зайддан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳафсани талоқ қилганларида, тоғалари Қудома ва Усмон ибн Мазъунлар унинг олдига кирдилар. Шунда Ҳафса розияллоҳу анҳо йиғладилар ва:
«Аллоҳга қасамки, мендан тўйиб кетганларидан талоқ қилмадилар», дедилар. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб келдилар, Ҳафса дарҳол ҳижобларини кийдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга:
«Ҳузуримга Жибрил келиб: «Ҳафсани қайтариб олинг, зеро у Саввома ва Қаввома ҳамда сизнинг жаннатдаги жуфтингиздир», деб айтди», дедилар.
Аллоҳнинг ва Жибрил алайҳиссаломнинг Ҳафса розияллоҳу анҳога берган бу гувоҳликларидан ортиқ яна қандай гувоҳлик бўлиши мумкин?!! Уммул мўъминийн Ҳафсани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга жаннатдаги жуфтлари бўлиш мақоми билан қайтишларига сабаб бўлган ибодатга шарафлар бўлсин!!
Нофеъ айтади:
«Ҳафса розияллоҳу анҳо ўлгунларича рўзадор бўлиб ўтдилар».
Яна бир хабар...
Ўқиб кўринг, ичингиздан: «Кечир, Рамазон!» деган ҳайқириқ келса ажаб эмас!!
Саид ибн Абдулазиз айтади: На Шомда, на Ироқда Муовиянинг мавлоси (озод қилган чўриси) обида Раҳматдан афзалроқ ҳеч ким бўлмади.. Уламолардан бир неча нафари унинг ҳузурига кириб, ўзига раҳм-шафқат қилишга чорлаганларида уларга шундай жавоб берди:
«Дам олишга вақт қаёқда?!! Кунлар шошқин ва саноқли бўлса!! Бугунини қўлдан берган одам эртага уни асло қайтариб ололмайди!!
Эй оғалар, Аллоҳга қасамки, аъзоларим яйраб тураркан, Аллоҳ учун намоз ўқийвераман..
— То тирик эканман, У зот учун рўза тутавераман..
— Кўзларимда ёш бор экан, У учун йиғлайвераман..
— Қай бирингиз қулини ишга буюрганида, қули унинг ҳаққида қосирлик қилишини истайди?!!..»
Намоз ўқийверганидан кучсизланиб, ўтқизиб қўйиладиган бўлди..
Рўза тутавериб қорайиб кетди..
Йиғлайвериб кўзларидан айрилди..
Айтар эди:
«Нафсимнинг қандайлигини билишим, дилимни яралади, қалбимни тилка-пора қилди. Аллоҳга қасамки, қанийди Аллоҳ мени яратмаган бўлса-ю, мен тилга олгудек бирон нарса бўлмаган бўлсам!!».
Соҳилга бориб, Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилувчи мужоҳидларнинг кийимларини ювар эди.. Аллоҳ Ўз раҳматига олсин!...
Аллоҳ таоло бу зотларни қуйидаги мақтовли сўзлар билан тилга олган:
«Дарҳақиқат улар яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилувчи эдилар» (Анбиё: 90).
Уларнинг жаннатга киргандаги ҳолатлари Қуръони Каримда мана бундай таърифланади:
«Улар бир-бирларига боқиб, савол-жавоб қилишиб, дейдилар: «Ҳақиқатан бизлар илгари (ҳаёти дунёда) аҳли-оиламиз орасида (бўлган чоғимизда охиратда Аллоҳнинг азобига дучор бўлишдан) қўрқар эдик. Мана, Аллоҳ бизларга марҳамат кўргузди ва бизларни самумдан (яъни баданларни илма-тешик қилиб юборадиган дўзахий шамолдан) сақлади. Дарҳақиқат бизлар илгари (ҳаёти-дунёда) У зотга дуо-илтижо қилар эдик. Албатта Унинг Ўзигина марҳаматли, меҳрибондир» (Ват-Тур: 25-28).
Кечир бизни, Рамазон!
Рўзадорларнинг турлари
Қуйида рўзадорларнинг турлари зикр этиладики, шояд ўз нафсимизни танисак ва узримизни баён қилиб: «Кечир, Рамазон!» десак...
Ким емоқ-ичмоқдан рўза тутса, унинг рўзаси одатдир.
Ким судхўрлик ва ҳаромдан рўза тутса (тийилса) ва ҳалол-пок нарсаларга оғзи очиқ бўлса, унинг рўзаси охиратга тайёргарлик ва ибодатдир.
Ким гуноҳ ва исёндан рўза тутса, Раҳмон таолонинг тоатига оғзи очиқ бўлса, у ризолик рўзадоридир.
Ким қабоҳатлардан рўза тутса ва ғайбларни билувчи Зотга тавба қилишга оғзи очиқ бўлса, у тақволи рўзадордир.
Ким ғийбат, чақимчилик ва бўҳтондан рўза тутса, Қуръон тиловатига оғзи очиқ бўлса, у ҳаққа йўлланган рўзадордир.
Ким бузуқ-мункар ишлардан рўза тутса, тафаккур ва ибратланишга оғзи очиқ бўлса, у бахтли рўзадордир.
Ким риё ва нуқсонлардан рўза тутса, тавозе ва ихлосга оғзи очиқ бўлса, у ақлирасо рўзадордир.
Ким бузуқ нафс ва ҳою-ҳавасдан рўза тутса, шукр ва ризога оғзи очиқ бўлса, у фурсатни ғанимат билган рўзадордир.
Ким ёмон феъллардан рўза тутса, орзу-ҳавасларни камайтиришга оғзи очиқ бўлса, у мушоҳадали рўзадордир.
Ким хомхаёллардан рўза тутса ва ажалини яқин билишга оғзи очиқ бўлса, у зоҳид рўзадордир.
Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади:
«Рўза тақводорларнинг жилови, жангчиларнинг қалқони, оламлар Роббисига яқин бўлган аброрларнинг риёзатидир».
Аллоҳнинг:
«Рўза Мен учун ва унинг мукофотини Ўзим бераман» деган сўзлари кифоя!!
Донолар рўза ҳақида дедилар:
Рўза – маҳрумлик лаззати.
Рўза – ошкора жасорат ва олий ирода.
Рамазон – Аллоҳдан бошқасидан озод бўлиш ойи, озодликда убудият (қуллик, бандалик)нинг тўла кўриниши мужассам, мукаммал озодлик – убудиятни рўёбга чиқаришдадир.
Рамазон - куч-қувват ойи (Ҳақиқий полвон – курашда енгган киши эмас, балки ғазаби келганда ўзини боса олган кишидир).
Рамазон - сабр-бардош, итоат ва интизомдир.
Ушбу сифатларга эга бўлган бирон бир халқни таназзулга юз тутганини кўрганмисиз?!
Сабр-бардош, итоат ва интизом!
Ушбу кучли ахлоқлар соҳиби бўлган ҳеч бир лашкар мағлубият остонасига қадам босади, деб тасаввур қиласизми?!
Рўза тутаркансиз, ҳеч қачон унутмангки, Аллоҳ таоло бизни рўза воситасида куч-қудрат ва омонат соҳиби қилиб тарбиялашни истайди!!
Ҳушёр бўлинг, Рамазон бизларни заиф ва хоинлар бўлган ҳолимизда тарк этмасин!!
Азизлар! Биз юқорида ғарибларнинг рўза хусусидаги ҳолатларидан баъзи намуналар келтирдик.
Ғарибларнинг тунги намоз, Қуръон тиловати борасидаги ҳолларини зикр этишга, уларнинг тавба-тазаррулари, дуо-илтижолари, саховату эҳсонкорликларини бирма-бир айтишга ва уларнинг Рамазон ойида жиҳод майдонларидаги ботирликларини, жасорату қаҳрамонликларини айтиб ўтишга мақом торлик қилади.
Бироқ, уларнинг хабарларидан айтиб ўтганларимиз ибратланишга кифоя қилар. Зеро, оқилга ишора кифоя!
Кечир, Рамазон!
Рамазон – ибодат ва ижтиҳод ойи эди.. Салафларимизнинг ҳолатлари Рамазондан олдин ҳам, кейин ҳам шундай эди, аслида..
Аммо, бизнинг аҳволимиз-чи?!
Бизнинг аҳволимиз ҳақида қуйида айтилажак сўзларга бир кўз югуртириб чиқинг, шояд сизнинг бўғзингиздан ҳам биз айтаётгандек: «Кечир, Рамазон!» нидоси отилиб чиқса!
Жамиятнинг эркак ва аёл, хизматчи ва талаба каби қатламларидан иборат бир гуруҳ кишиларга Рамазонда вақтларини қандай ўтказишлари ҳақида берилган сўровларга келган жавоблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:
«Ислом ғариб бўлиб бошланган ва ғарибликка қайтади» деган сўзларининг нақадар ҳақ эканини, шунингдек бизнинг ҳам ушбу маърузага ном танлашда янглишмаганимизни яна бир бор тасдиқлади.
Кимдир: Тунни улфатларим билан то саҳарлик вақтигача ойнаижаҳон қаршисида фазовий каналларни томоша қилиш билан ўтказаман, деб жавоб берибди.. «Кечир, Рамазон!»
Кимдир: Рамазон кечаларида уюштириладиган мусобақаларни томоша қилиб, вақтимни ўйингоҳ прожекторлари остида ўтказаман, деган.. Яна бир бор: «Кечир, Рамазон!» дейман..
Кимдир: Вақтимни кўча айланиб ёки кўчада дўстларим билан ўтириб ўтказаман, деган. «Кечир бизни, Рамазон!»
Кимдир: Вақтимни баъзан паркларда, баъзан бозорларда ўтказаман, деган.. «Кечир бизни, кечир Рамазон!»
Ишчи хизматчилар тунларни бедор ўтказишади-да, кейин кун бўйи мудраб юришади..
Натижа – раҳбардан гап эшитиш, танбеҳ ва ҳайфсан эълон қилиниши...
Айримлар эса: Бошқалардан кўра менинг аҳволим яхши, чунки идорада ухлаб олиш имконим бор, дейди.
Иш жойида ухлаш – омонатга хиёнатнинг бир тури!
Кимдир биров: Рамазонда кўпинча ишга боролмайман, (маошимдан) чегирмалар ҳам кўпайиб кетади, дейди.
Имомлар билан учрашганимизда баъзилари Рамазонда намозхонлар сонининг ортиши ва одамларнинг тоат-ибодатга юз буришлари ҳақида айтади..
Баъзилари эса ҳатто Рамазонда ҳам ибодатга бепарво қарайдиган одамларнинг ҳолига ачиниш изҳор қилиб гапиришади.
Улардан бирининг айтишича, одамлар бомдод намозида кўпайиб, ҳатто масжид одамга тўлиб кетаркан. Лекин, пешин билан аср намозларида уларнинг қорасини ҳам кўрмайсиз, дейди у афсус билан.. Гўёки, ҳаёт уларнинг наздида алмашиб қолган, кеча кундузга, кундуз кечага айланиб қолган..
Бозорлардаги аҳволни айтиб ўтирмасам ҳам бўлади..
Чойхона ва кафелардаги аҳвол... Кафелардан бирида ишловчи бир хизматчидан уларга нисбатан Рамазондаги ва бошқа ойлардаги ишларнинг фарқи ҳақида сўралганда: «Рамазонда иш анча оғир ва тинкани қуритадиган даражада кўп бўлади. Чунки, бошқа ойларга қараганда Рамазонда мижозлар сони кескин ортиб кетади», деб жавоб берди.
«Кечир, Рамазон!» демасдан бошқа илож йўқ!!
Фарзандлар йўлларда, йўлаклар устида... Шовқин-сурон.. Беҳуда ўйин-кулгилар...
Аёллар тунлари бедор, ошхонада куймаланиб ҳар хил пишириқлар, емак-ичмаклар ҳозирлаш билан банд..
Рамазон шунинг учун фарз қилинганмиди?!
Оналар саҳарлик пайтига тиғиз кириб келадиган фарзандларини кутиб тонггача бедор..
Бозор ва дўконларда иш қизғин, қўл қўлга тегмайди..
Ибодатлар қаерда қолди?! Тоатга берилишлар қаерда қолди?!
Умрлар чекланган эмасми, ахир?!
Биров: Бомдоддан кейин ухлаб, шу бўйи асрдан кейин тураман, дейди.. Уйқу ҳам ибодат-да.., деб қўшиб қўяди. Астағфируллоҳ..
Яна биров эса: Отам мени ифтор пайтида уйғотади, гоҳида хуфтон маҳали туриб ифтор қиламан, дейди.. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиуун..
Қаҳвахоналардан бирининг бир мижози билан қуйидаги савол-жавоб бўлиб ўтди:
- Қачондан бери шу ердасиз?
- Соат ўн иккидан бери.
- Қачонгача ўтирасиз?
- Саҳарлик вақтигача.
- Бирон жойда ишлайсизми?
- Ҳа, давлат идорасида хизматчиман.
- Ухлаб қолиб, ишингиздан кечикмайсизми?
- Оз-моз кечикаман, кейин уйқуни идорада давом эттираман.
Жуда кўпчилик одамларда бугун Рамазондаги аҳвол шу!
Кечир бизни, Рамазон! Сенинг қадрингга етмадик.
Сўнгги нидо
Ҳолимизга вой бўлсин.. Бунчалар алданган бўлмасак!!
Ҳолимизга вой бўлсин.. Бунчалар ғофил бўлмасак!!
Ҳолимизга вой бўлсин.. Бунчалар жоҳил бўлмасак!!
Ҳолимизга вой бўлсин.. Нима учун яратилдик? Жаннат учунми, дўзах учунми??!!!
Эй ғафлат булути, қалблардан сурил..
Эй иймон ва тақво қуёши, нурларингни соч..
Эй яхшиларнинг амал саҳифалари, осмону фалакка кўтарил..
Эй рўзадорларнинг қалблари, хушуъ ва тазарру қил..
Эй тунги намозда турганларнинг оёқлари, Роббингга рукуъ ва саждалар қил..
Эй бедорларнинг кўзлари, ухлаб қолма..
Эй тавба қилувчиларнинг гуноҳлари, қайтиб келмас бўлиб кет..
Эй ҳою-ҳавас ери, сувингни ютгил..
Эй нафс-ҳаволар осмони, ўзингни тутгил..
Эй орифлар кўнглидан кечган фикрлар, ҳаётга кўчгил..
Эй Аллоҳдан ўзгага кўнгил қўйганларнинг мақсади, ҳаргиз ушалма..
Шу кунларда рўзадорлар учун инъом дастурхонлари ёзилган, ҳар бирингиз унга таклиф этилгансиз..
Рамазон сизларга қараб нидо қилмоқда:
«Эй қавмимиз, Аллоҳга даъват қилувчи (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъвати)ни қабул қилинглар ва унга иймон келтиринглар, (шунда Аллоҳ) сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур ва сизларга аламли азобдан паноҳ берур. Ким Аллоҳга даъват қилувчи (даъвати)ни қабул қилмаса, бас, у Ер юзида (бирон жойга) қочиб қутулувчи эмасдир ва унинг учун (Аллоҳдан) ўзга (Унинг азобидан қутқарувчи) «дўстлар» ҳам йўқдир. Ана ўшалар очиқ залолатдадирлар» (Аҳқоф: 31-32).
Бу чорловга ижобат қилиб, саодатга эришганларга жаннат, эшик олдидан қувилганлар ҳолига эса вой бўлсин!
Эй Роббимиз! Сени таниб туриб, Сендан бошқага кўнгил қўйган одамларга хайронман!
Сенга чорлаётган жарчингни эшитиб туриб, Сенга интилмаган кимсаларга хайронман!
Кечир бизни, Рамазон! Кечир, сенинг қадрингга етмадик..
Аллоҳим, ёмонликларимиз сабабли бизни Ўз ҳузурингдаги яхшиликлардан маҳрум қилма..
Аллоҳим, бизни Рамазонга етказ.. Аллоҳим, бизни Рамазонга етказ.. Аллоҳим, бизни Рамазонга етказ..
Бизга унинг рўзасини ва таровеҳ намозларини иймон билан, савоб умидида адо этишни насиб айла, ё зал-жалоли вал-икром..
Аллоҳим, унда бизни тоат-ибодатлар қилишга муваффақ айла..
Унда бизни гуноҳ ва маъсиятларни тарк қилишга муваффақ айла..
Унда бизнинг ўрталаримизни жамла.. Унда сафларимизни бирлаштир..
Унда пешволаримиз ҳолини ислоҳ айла..
Унда мужоҳидларга нусрат бер..
Унда даъват соҳибларини ва раббоний уламоларни тўғриликка йўлла..
Унда ёшу қарини, эркагу аёлни, барча-барчани холис тавба қилишга, ҳақ устида то ўлгунча барқарор ва собитқадам бўлишга муваффақ айла..
Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга зулм қилдик. Агар Сен бизларни мағфират қилмасанг ва бизларга раҳм этмасанг, шубҳасиз, зиёнкорлардан бўламиз.
Улуғ парвардигоримиз Аллоҳ таолога истиғфорлар айтаман..
Ва соллаллоҳу ала Муҳаммад ва ала алиҳи ва соҳбиҳи ажмаийн.